Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 50-қисм

Олмаларни  дорилаш,  уларга  баҳорги  ишлов  беришга  бир  кун  вақти  кетди.  У  қишлоқдан чаққон бир йигитни топди. У ҳақ эвазига ҳаммасини тез қилиб берадиган бўлди. Бўстон унга ўзининг қора қўйларидан битта қўзи ваъда қилди.

Ишларни тугатиб, Бўстон Кенжашга янги ўйинчоқ сотиб олгиси келди. Ўғилчани хурсанд қилишни  истади:  шундай  ажойиб  бола  уйни  тўлдириб  чопиб  юрибди,  бир  ойлардан  сўнг  у иккига чиқади. Шўх, ширин болакай ўзининг турли ғалати қилиқлари билан қариб бораётган Бўстонга эрмак, овунчоқ эди. Кичкинтойнинг ҳар бир янги сўзидан Бўстоннинг боши осмонга етар, хурсандчилигини ичига сиғдиролмасди. Бўстон болакай воситасида ҳаётнинг теран, сирли маъносига, фарзанд ҳамда унинг онасига нисбатан меҳру муҳаббатнинг туб маъносига етгандай бўларди. Бу Бўстонга ато этилмиш такдирнинг энг олий ва энг сўнгги туҳфаси эди. У хотини ва фарзандини  чин  дилдан  суяр,  ҳаётдан  шундан  ортиқ  ҳеч  нарса  тиламас  ва  талаб  қилмасди.

Ахир,  бизга ато этилган шундан ортиқ неъмат борми? Бу ҳақда у ҳеч қачон оғиз очмаган, лекин бунинг  аслида  шундай  эканлигини  аниқ  билади.  У  хотиним  ҳам  шундай  ҳис  қилади,  деб ишонарди.

Бўстон «Маданият»  раймаги  олдида  отдан  тушди,  ичкарига  кириб,  кўзи  чақчайган, одамнинг кулгисини қистатадиган, калит билан бураса, юрадиган қурбақа сотиб олди. Болакай роса  қувонадиган  бўлди-да!  У  кўчага  чиқиб,  отига  минмоқчи  бўлиб  турди-да,  шу  пайт очқаганини  сезди  ва  эрталабдан  бери  туз  тотмаганлигини  эслади.  Ошхона  раймагнинг шундоққина яқинида эди, бахтга қарши, шу ерга кириб овқатланмоқчи бўлди. Бўстон кўпроқ ҳайдовчилар  қўниб  ўтадиган,  ҳамма  ёқдан  арзон  овқатлар  ҳиди  анқиган  ярим  қоронғу  залга кириб,  эшик  яқинига  ўтирган  заҳоти  орқа  томонда  Бозорбойнинг  товушини  эшитди.  Бўстон орқасига  қарамади — Бозорбой  улфатлари  билан  бу  ерда  кайф  қилиб  ўтиргани  шундоқ  ҳам равшан эди. «Куппа-кундуз куни гушналар билан ичишиб юради, на ор-номус бор, на виждон бу занғарда»,— дили ғаш бўлиб ўйлади Бўстон. Бир кўнгли ўрнидан туриб нари кетмоқни ҳам кўзлади,  ҳар  қалай,  қора  қозондан  йироқроқ,  лекин  кейин,  нега  энди  овқат  емай  туриб  кетар эканман,  нима  сабабдан,  деб  ўйлаб  қолди.  У  карам  шўрва  билан  котлет  сўради.  Бу  орада Бозорбойга  ҳам  бу  ерда  Бўстон  ўтирганини,  чамаси,  хабар  қилишди.  Дарҳол  орқа  томондан келаётган товушлар шовқини ўчиб, шум жимлик чўкди, сўнг яна ғала-ғовур қайтадан авж олди. Кўп  ўтмай  Бўстоннинг  қошига  Бозорбойнинг  улфатларидан  шу  ерлик  эррайим  ва ғийбатчилардан бири Кўр Самад деган кимса келди. Кўр Самаднинг кўзини ёшлигидаёқ уриб чиқаришган эди.

— Салом, Бўстон, салом!— Самад маънодор иршайиб қўлини Бўстонга чўзди, унинг қўлини қисмоқдан бошқа илож қолмади.— Э, нега бу ерда ёлғиз ўтирибсан?— Гапга солмоқчи бўлди у Бўстонни.—  Биз  анов  ерда  Бозорбой  билан  ўтирибмиз.  Анчадан  бери  кўришмаган  эдик,  бир йиғилишайлик дедик. Юр, биз билан ўтир, Бозорбойнинг ўзи чақиряпти.

—  Унга  айт,  вақтим  йўқ,—  деб  жавоб  берди  Бўстон  иложи  борича  босиқлик  билан. — Овқатланаману тоққа чиқиб кетаман.

— Э, ҳали вақт эрта, улгурасан. Тоғ қочиб кетармиди?

— Раҳмат, боролмайман. Иш кўп.

— Майли унда, шу, бекор қиляпсан-да,— хафа бўлгандай деди Кўр Самад кета туриб.

Унинг орқасидан Бозорбойнинг ўзи келди, анчагина кайфи тароқ эди. Бозорбойнинг изидан шериклари ёпирилишди.

— Менга қара, ҳой, нега биздан ҳазар қиласан? Сени ҳурмат қилиб, одам деб чақиришса, сен бурнингни  жийирасан.  Нима,  бошқалардан  сенинг  ортиқ  жойинг  борми?—  дарҳол  тирғила кетди Бозор-бой.

—  Мен  айтдим-ку,  вақтим  йўқ  деб,—  хотиржам  жавоб  қилди  Бўстон  ва  карам  шўрвани хўриллатиб ича бошлади. Бошқа пайт бўлса, у биринчи қошиқдан кейиноқ тамом оғзига олмас эди.

— Сенда ишим бор эди,— деди Бозорбой ва Бўстоннинг рўпарасига сурбетлик билан ўтириб олди.

Бошқалар қани, нима бўларкин, дегандай томоша қилиб туришарди.

— Сен билан бизнинг қандай ишимиз бўлиши мумкин?— деди Бўстон.

—  Балки  сен  билан  анов  бўричалар  тўғрисида  гаплашиб  олсакмикин,  Бўстон,—  деб Бозорбой қовоғини уюб, бошини силкиди.

— Сен билан буни гаплашиб бўлганмиз. Чўзишнинг нима кераги бор?

— Менимча, керакмас. Менга халал берма. Овқатимни ейману чиқиб кетаман.

— Қаерга шошяпсан, итвачча?— Бозорбой шаҳд туриб, энгашди-да, ғазабдан ўзгариб кетган бетини Бўстонга яқинлаштирди.— Қаерга шошяпсан, аблаҳ? Сен билан ҳали бўрилар тўгрисида гаплашиб олмадик. Сен ахир директорнинг кабинетидаги мажлисда ҳамманинг ўртасида мени иғвогар  дебсан,  мен  туфайли  бўрилар  қутуриб  қўйларни  бўғизлаётган  эмиш.  Иғвогар  нима дегани, мени билмайди деб ўйлайсанми? Сенингча, мен фашист, фақат сен ичимизда виждонли, ҳалол экансан-да?

Бўстон ҳам ўрнидан сакраб турди. Энди икков юзма-юз келдилар.

—  Тилингни  тийиброқ  юр,—  бўш  келмай  деди  Бўстон.—  Сени  фашист  деганим  йўқ. Билганимда айтардим. Сен иғвогар, аҳмоқ, ичи қора одамсан, бу — тўғри. Буни сенга илгариям айтганман, ҳозир ҳам айтаман. Лекин менга осилмай, жойингга қайтсанг, ўзингга яхши бўлади.

— Сен менга ақл ўргатма, қаерда бўлишим, нима қилишимни ўзим яхши биламан!— ҳаддан ташқари қаҳрга минди Бозорбой.— Менга хўжайин эмассан. Тупурдим сенга. Майли, сенингча иғвогар бўлай, сен-чи, сен ўзинг кимсан? Одамлар сенинг кимлигингни билмайди дейсанми? Эрназарни ўлдирдинг. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверди, деб юрибсанми ҳали? Сен, аблаҳ, Эрназар  тириклигида  унинг  хотини  билан  дон  олишгансан,  хотининг  ўлишини  билгансан. Ўшандан кейин Эрназарни тоғдан итариб юборгансан унинг хотини, анов қанжиқ Гулимхонга уйланаман  деб.  Мард  бўлсанг,  қани  айт,  шундай  эмас,  де!  Нега  сен  йиқилмадинг,  Эрназар йиқилди?  Битта  йўлдан  бораётган  эдинглар-ку?  Ҳеч  ким  ҳеч  нарса  билмайди  дейсан-да,  а? Лекин  у  ўлиб  кетди,  сен  эса  юрибсан.  Шундан  сўнг  ким  бўлдинглар,  сен  ҳам,  анов  қанжиқ Гулимхон ҳам? Эрназар довонда музлаб ётибди, бекафан кетди худди итнинг боласидай,  сен ярамас  гўсхўр  бўлсанг,  унинг  шарманда  хотинини,  сотқин  қанжиқни  қучоқлаб  ётибсан,  ялло қилиб  яшаяпсан!  Яна  партия  аъзоси  эмиш!  Сени  партиядан  бўйнингга  уриб  ҳайдаш  керак. Ўргилдим сендақа илғор, стахановчидан! Сени суд қилиш керак!

Бўстон  Бозорга  мушт  кўтариб  ташланишдан,  унинг  жирканч  афт-башарасига  боплаб туширишдан  ўзини  базўр  тутди.  Бозорбой  очиқдан-очиқ  жанжал  чиқармоқчи,  Бўстон  билан ёқалашиб итдек уришмоқчи эди. Лекин Бўстон ўзини босди, тишларини қаттиқ қисди, аччикдан бўғилиб кетган Бозорбойга деди:

—  Сен  билан  гаплашадиган  гапим  йўқ.  Сенинг  сўзларингни  ҳеч  нарсага  олмайман.  Сен билан тенглашиб ҳам ўтирмайман. Мен ҳақимда нима десанг, нима ўйласанг, ўйлайвер. Энди қани,  йўлдан  қоч.  Ҳей,  йигит,—  деб  чақирди у  официантни,—  ма,  пулингни  ол.—  Унга  беш сўмликни тутқизиб, индамай нари ўтди.

Бозорбой унинг енгидан тутди:

—  Қани,  тўхта-чи!  Қанжиғингнинг  олдига  шошиб  нима  қиласан!  Балки  сен  йўғингда биронта чўпон билан донлашаётгандир. Халақит бериб ўтирасанми!

Бўстон қўшни стол устида турган шампандан бўшаган шишани кўтарди.

—  Қўлингни  торт!—  секин  тишининг  орасидан  деди  у  кўзларини  ранги  қум  ўчиб  кетган Бозорбойдан узмасдан.— Қўлингни торт, бошқа қайтармай! Эшитдингми?— деди у каттакон қора шишани аста силкитиб.

Бўстон шу алпозда шампан шишасини қўлида маҳкам қисганча эшикка чиқди. Эгарга сакраб мингандан кейингина ҳуши ўзига келиб шишани йўл четидаги ариққа ташлади, Дўнкўликнинг ихтиёрини ўзига бериб, жиловни қўйиб юборди. У анча замонлардан бери ҳали бунчалик қаттиқ от  чоптирмаган  эди.  От  бошини  шунчалар  қаттиқ  қўйдики,  у  кўп  ўтмай  ўзига  келиб,  ҳушёр тортди ва шунда бирдан юрагига ваҳма тушди: одам ўлдириб қўйишига оз эмас, кўп эмас, бир баҳя қолибди-я, тағинам Худо сақлади, бўлмаса, шиша билан бир уриб Бозорбойнинг миясини пўла  қиларди.  Йўлда  прицепли  тракторда  кетаётган  одамлар  кўзларига  ишонмай  анқайиб қарашар, унинг орқасидан узоқ тикилиб қолишарди: бу Бўстонга нима бўлди, шундай кап-катта киши  худди  ўйинқарок  ўспиринлардай  ўпкасини  қўлтиқлаб  от  чоптириб  юрибди.  Бўстон анчагача  ўзига  келолмади.  Шўх  оқиб  ётган  жилғанинг  муздек  сувидан  ичгандан  кейингина нафасини  ростлади.  Шунда  у  жаҳлдан  тушди,  отга  ўтирди,  лекин  Дўнкўликни  бошқа чоптирмади. Отни аста йўрттириб кетди. У одам ўлдиришдан қутулганига суюнарди.

Лекин,  йўлда  ҳаммаси  қандай  бўлганлигини  ўйлаб  бораркан,  яна  кўнгли  ғаш  тортди, қовоғини  солди.  Кенжашга  совғага  олган,  кўзлари  бакрайган,  жағлари  катта  очилган  ғалати ўйинчоқ қурбақани ошхонанинг деразаси четида унутиб қолдиргани бирдан эсига тушдию дили баттар хуфтон бўлди. Тўғри, унчалар қиммат ўйинчоқ ҳам эмасди, кичкинтойга совғани янаги сафар олса ҳам мумкин эди, яна ўша «Маданият» раймагининг ўзидан. Лекин, негадир шу тобда унинг назарида бу ёмон аломат бўлиб кўринди. Кичкинтойга аталган нарсани ҳеч қачон унутиб қолдирилмайди, ҳеч қачон. Унинг эса эсидан чиқибди…

Бундай  нарсаларга  ишониб  ўтирганидан  ғаши  келди,  қандай  бўлмасин,  хосиятсиз воқеаларнинг олдини олишга унда азму қарор уйғонди.

Бўриларга қандай пистирма қўйиши, лаънати йиртқичларни битта қолдирмай отиб ташлаши, бу яқин орада улардан ном-нишон қолдирмаслиги ҳақида ўйлаганда, қаҳрининг чеки йўқ эди. Қаердан  чиқди  ўзи  бу  фалокат,  деб  ўйларди  у,  мана  сал  бўлмаса  ошхонада  Бозорбойни ўлдириб қўяй деди, ахир, шу жанжалнинг боши ҳам бўрилар туфайли чиқмадими.

Бўстон  ўйлаган  рочасини  эртага  амалга  оширмоқчи  бўлди.  Кечаси  билан  режасини  ҳар томонлама пишитиб, пухталаб чиқди. Бош қўшиб бирга яшаётганларидан бери биринчи марта хотинига  кўнглига  туккан  ниятини  очмади.  Бўстон  Бозорбой  билан  ўртада  жанжалга  сабаб бўлган  бўрилару  бўри  болалари  тўғрисида  гап  очишни  истамас,  довонда  Эрназарнинг ҳалокатини эслатадиган нарсаларни ўзидан нари қуварди. Шунинг учун уйда камроқ гапириб, кўпроқ  кичкинтойни  ўйнатар,  Гулимхоннинг  саволларига  ҳам  ҳа-йўқ  деб  қисқа  жавоб  қила қоларди.  Индамай  юрса,  хотини  бундан  ташвишга  тушиши,  ажабланишини  у  билар,  лекин ўзини  бундан  бошқача  ҳам  тутолмасди.  Бозорбой  билан  бўлган  жанжал,  бошларига  дўлдек ёғилган  ифлос  маломатлар,  эртами-кеч,  албатта  хотинига  ҳам  етиб  келишини  у  жуда  яхши тушунарди. Бироқ барибир ҳозир оғзини чурқ этиб очмас — бадбахт, ғаламус Бозорбой айтган ифтироларни  оғизга  олиб  такрорлашни  хоҳламас,  тилга  олиб  бўлмайдиган  жирканч  мағзава гаплар эди улар.

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 24-қисм

24 Қаҳрим қўзигандан қўзиди. Тарлонни Самад чавандозга бердим. Ўзим Самаднинг чеккагир кўк саманини миндим. Тўда гирдини пойлаб юрдим. Бир бойсунлик улоққа яна чилвир солди. ...

От кишнаган оқшом (қисса) 36-қисм

36 Роса ўн кунда озод бўлдим. Йўлда кўнглимга ҳадик тушди. Ҳадик танамга-да ёйилди. Уйим қолиб, Обширга йўл олдим. Адирга ўрладим. Камар олдида серрайиб қолдим. Кетимга ...

“мусулмон” давлатлари халқлари—мусулмонларга       

МУРОЖААТНОМА!!       “Бисмиллоху рахмону рахим”, Деб бошлайман МУРОЖААТИМНИ.. Фарғонадан ёзяпман хатим, Нотинч қалбим бермай рохатни.. Азизларим, биродарларим, Мен ҳам Сиздай ...