ЧАҚИМЧИЛИҚ  

12. ЧАҚИМЧИЛИҚ

— Бу кун етти кун… Отабек қутидорнинг қизиға уйланди.
Ул бу хабарни Қўқондан қайтишда эшиткан эди. Ўзининг қиёфасига яраша қўрқунч йўллар излар экан, қулоқлари тегида «…қизиға уйланди» жумласи такрорланиб турғандек бўлар эди.
Унинг Қўқондан қайтиши иккала хотини учун ҳам улуғ бир фалокат бўлди. Чунки арзимаган бир сабаб билан иккаласи ҳам яхшиғина таёқ еб олди. Шунинг учун икки кундаш унинг олдиға киришдан қўрқиб, яна тўғриси — унинг совуқ афтини кўришдан жирканиб ҳавлининг чет-четида юрарлар, икки кундаш билиттифоқ унга ўлим сўрарлар: «Қўқонда ўлса, ўлигини итлар еса биз ачинарми эди», деярлар эди.
Ул ўлтурган кўйи нима тўғрисида бўлса ҳам жуда бош оғритиб ўйлар эди. Шу чоқда унинг тусидан йиртқичлиқ, бир гуноҳсизнинг устига ҳужумга ҳозирланған ваҳшийлик белгулари кўрилур эди. Ҳар ҳолда ул яхшилиққа эмас, қандоғ ҳам бўлса бир ваҳшийликка йўллар, режалар излар эди. Охири унинг юзида истеҳзолик бир илжайиш кўрилди-да, бир нарсага қарор қўйғандек бир ҳаракат ясади ва ўрнидан сакраб туриб қозиқдағи кирлаб кеткан салласини қўлиға олди ва ҳавлига чиқди. Ташқарисида беш дўконлаб иш тўқиб турған халфа шогирдларига баъзи таълимотларни бергач, бир улуғ дарбоза орқалиқ кўчага юрди. Ўралиб битмаган салласини тузата-тузата тор, кирди-чиқдилик кўчалар билан шаҳарнинг кунботар томониға, беклар маҳалласига қараб кетди.
Беклар маҳалласининг бошланишида, жанубга қаратиб қурилған улуғ бир дарбозанинг ёнида икки нафар милтиқ ва қиличлик йигит сўзлашиб турар эдилар. Буларнинг ёниға бизга маълум киши келиб тўхтади ва улардан сўради:
— Бек уйдамилар?

Сўзнинг белига тепкани учун йигитнинг бириси ўшшайиб сўрағучиға қаради, иккинчиси қўллари ора-сидағи милтиғи билан ичкарига ишорат қилиб жавоб берди:
— Бор!
Дарбозадан ичкарига кирилгач, сарой каби бир ҳавли, айвонда ўн бешка яқин яроғлиқ йигитлар тўнкалардан гулхан солиб, исиниб ўлтурмакда эдилар. Ул тўрдаги айвон орқалиқ юриладирган уйнинг эшигида турғучи йигит оғасининг ёниға борди ва қўрбоши билан учрашмак орзусида бўлғанлиғини айтиб ундан киришка ижозат сўради. Йигит оғасининг раҳбарлиги билан ичкарига кирди: бошиға кўк салла чулғаған, эгнига Ўратепанинг босмасидан чакман, белига кумуш камар боғлаб кумуш қинлик қиличини тизасига босқан, қора танлик бўлса ҳам кўкнорими, тарякми истеъмолидан юзи сарғайған қирқ-елли ёшлар чамалиқ бир киши ёрлиқсумон бир ёзувни ўқуб ўлтурмоқда эди. Қўрбоши келгучининг саломига эътиборсизғина жавобланған бўлди-да, руҳсиз бир товуш билан:
— Нима қилиб юрибсиз? — деб сўради.
— Тақсир, сизга арз бор.
Йигит оғаси келгучини қолдириб чиқди. Келгучи эшик ёнида оёғ устида қўл боғлаб турар эди.
— Қандай арзинг бор?
— Тақсир… ижозат берсангиз ўлтурсам…
— Хўб, ўлтур.
Келгучи кўп тутулиб туси ўнгған гилам устидан юриб бориб, қўрбоши қаршисиға тавозиъ билан ўлтурди. Қўрбоши қўлидағи ёзувни буклаб қўйниға тиқди-да, келгучини ер остидан кузатди:
— Қаерликсан?
— Тақсир… шу ерлик, марғилонлик.
— Отинг нима?
— Тақсир… Ҳомид.
— Нима касб қиласан?
— Устакорлик.
— Яхши, арзингни гапир?
Ҳомид ўзининг товшиға ясама бир оҳанг бериб арзини бошлади.
— Жаноби падари арус шаҳаншоҳи Мусулмонқул баҳодир замони адолатларида ҳам, — деди Ҳомид, — қора чопонлиқлар ҳануз тинч ётмай юртни қипчоқ оғалариға қарши оёғландирмоқчи бўладирлар, ишни яна тадбирсиз қора чопонлар қўлиға олиб мамлакатни бузғунлиққа солмоқчи бўладирлар… Биз бундай бузу-қилар ёлғиз Тошканддаги Азизбек билан унинг йўлбошчиси бўлған Юсуфбек ҳожи, деб билган эдик. Бироқ уларнинг уруғи бизнинг Марғилонға ҳам сочилған экан.
Қўрбошининг кўзи ола-кула келди:
— Нима дейсан? У ким экан Марғилонда?!
— Биттаси машҳур бузуқи тошкандлик Юсуфбекнинг ҳозирда Марғилонда турғучи ўғли — Отабек исмлик бир йигит, иккинчиси унинг ҳаммаслаки ва қайин отаси бўлған Мирзакарим қутидор.
— Ҳали-я?
— Шундоғ, тақсир.
— Сен бу гапни қаёғдан билдинг?
— Шу кунларда уларнинг бир мажлисларида бўлған эдим, тақсир…
— Хўш, хўш, мажлисда?
— Мажлисда кўб гаплар ўтди, тақсир, — деди Ҳомид,— мажлиснинг бошлуғи бўлған Отабек қипчоқларнинг зулм ва таъаддисини, қипчоқларидан ишни олмоқ учун Тошкандда Азизбек ва ўз отаси бошлиқ билфеъл иш бошлағанларини сўзлаб, Марғилоннинг ҳам мундан сўнг оёққа қалқиши кераклигини айтди… Мажлис аҳли, айниқса Мирзакарим унинг сўзини кучлаб тушди.
Агар бу ишнинг олдини олинмаса, ҳукумат ва мамлакат учун натижа қўрқунчдир, тақсир.
— Мажлис кимникида эди?
Ҳомид тарафидан кутилмаган бир савол. Ҳомид ўзига берилган бу савол қаршисида тараддудланиб қолди. Чунки мажлис ўрнини айтса поччаси билан жияни Раҳматнинг ҳам қўлға тушишлари аниқ ва бунинг билан ул ўз оёғига болта қўйган бўлар эди. Шу мулоҳаза юзасидан ул тутилиқди:
— Мажлис ўрни ёдимда йўқ, тақсир.
Мантиқсиз бу жавобга қарши қўрбоши аччиғи билан бақирди:
— Ёдимда йўқ?!
Ҳомид гарангсиди ва бир хил синиқ товушда:
— Эсимда бўлса ҳам нозик бир жой эди, тақсир, — деди.
— Нозик бир жой эдими! — деб қўрбоши заҳарханда қилди. — Агар айтмасанг ўша муттаҳамлар тиқиладир-ған чуқурға сен ҳам ташланасан.
— Кечирингиз, тақсир.
Қўрбоши йиртқичлардек бўкирди:
— Кечириш йўқ!
Ҳомид учун энг кейинги чорадан бошқа илож йўқ эди — чўнтак кавлашка тутинди ва юз машаққат билан ёнчиғини чиқарди. Ёнчиқдан ўнга яқин олтинларни саноқсизча олиб, қўрбошиға узатди:
— Тақсир… сизга атаған назримиз эди…
Ҳомид кавлана бошлағанданоқ қўрбошининг устидан совуқ сув сепилган эди. Ул олтинларни ёниға солиб жойлағач, товуш ҳам эски ҳолига қайтиб, сўзлар ҳам мулойим тортди.
— Демак, нозик жой эди, дегин Ҳомидбой.
— Тақсир…
— Бадбахтлар шундай маслаҳат қилдиларми ҳали?
— Тақсир… Бу ишнинг олдини олинмаса натижа ёмон албатта.
— Албатта, биз ўша бузуқиларнинг жазоларини берармиз… Мен ҳозир бориб бекка арз қилай, шу кечадан қолдирмай қўлға оламиз муттаҳамларни, — деди қўрбоши.
Ҳомиднинг чеҳраси очилиб кеткан эди. Қўрбоши ўзининг имо ва ишорасига ўтканликдан унинг кўзида ўч олиш қувончлари ва ундан кейинги Ҳомиднинг ўзига маълум бўлған бир бахт умидлари ўйнар эдилар. Қўрбоши токчадан давот, қалам олиб олдиға қўйди-да, ёзувға ҳозирланиб сўради:
— Айт-чи, Ҳомидбой, муттаҳамлар кимлар эди?
— Биттаси тошкандлик Юсуфбек ҳожининг ўғли — Отабек.
Қўрбоши ёзди:
— Ҳа-ҳа! Ҳали Юсуфбек ҳожининг ўғли дегин. Бизнинг Марғилонни ҳам қонға ботирмоқчи экан-да, муттаҳамлар, иккинчиси?
— Шу кунларда Отабекка қизини берган марғилонлик Мирзакарим.
— Пес-песни қоронғида топқан экан, учинчиси?
— Отабекнинг қули — Ҳасанали.
— Тўртинчиси?
Ҳомид бир оз ўйлаб жавоб берди:
— Билмадим… Ҳозир Марғилондами, йўқми, андижонлик Акрам ҳожи.
Қўрбоши ёзди:
— Иш катта экан, тағин?
— Энди йўқ, тақсир, — деди Ҳомид ва сўзига шуни ҳам қўшди, — Отабек билан Мирзакарим қўлға олинсалар илоннинг боши янчилган ҳисобланиб, ўзгаларнинг қўлидан иш келадирган одамлар эмас, тақсир.

Қўрбоши ёзувни битириб қўйнига тиқди — «Бўл-маса иш битди, эртага эрта билан можарони эшитарсан», — деди. Ҳомид ўрнидан туриб қўрбошиға қуллиқ қилиб чиқди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-очиқ хат

Шом  намозини  ўқуб  қайтқан  махдум  меҳмонхонанинг  эшигини  очиқ  кўрди.  Унинг келганлигини фаҳмлаб, тўғри ичкарига ўтди. Бир оздан кейин товоқда ош кўтариб Нигор ойим ...

Чингиз айтматов:қиёмат 48-қисм

Эртасига  пешинга  яқин  қутқарувчилар  бирин-кетин  тизилишиб  Ола  Мўнгу  довони  томон кўтарилиб борардилар. Бўстонни қўшиб ҳисоблаганда, улар олти киши эдилар. Машина ...

Мeҳробдан чаён-адрас тўн ва иссиғ нон “фожиъаси”

 Ёрлиғ  олишнинг  иккинчи  соатларида  бутун  шаҳарга  бу  хабар  тарқалиб  кетди.  Ўрда жарчиси бозор ва уруниш жойларда тўхтаб:  — Айюҳаннос! Билмаган билсин – эшитмаган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400