Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 52-қисм

VI

Баҳор  кунлари  ўтиб,  ёз  яқинлашмоқда  эди.  Чорвадорлар  ёзги  яйловларга  кўчадиган  пайт келди. Тоғ ёнларида қишлаган қўйбоқарлар тоғ ичкарисидаги водий ва дараларга — янги тоғ ўтлоқларига  кўчишар,  бу  ерлардан  аста-секин  довонларга  ёвуқлаб  боришарди.  Қир-далада қишлаганлар эса ҳали мол-ҳол ораламаган, сақлаб қўйилган ўтлоқларга чиқишарди. Чўпоннинг иши  қайнаган  палла:  мол  ҳайдайди,  кўч-кўронини  ташийди  ва  ҳаммасидан  оғирроғи, қўйларнинг жунини қирқади; буларнинг ҳаммаси қўшилиб, бош қашигани қўл тегмай қолади. Бунинг  устига  ҳар  ким  ёзги  манзилга  тезроқ  чиқиб  кета  қолсам,  дейди,  серўтлоқ  ерларга жойлашсам, дейди. Хуллас, иш деган қизиб ётади… Ҳар кимнинг ташвиши ўзига етиб ортади…

Ҳамма  ҳамма  билан,  лекин  ёлғиз  Акбарагина  дунёдан  ноумид  эди.  Атрофда  қайнаган ҳаётнинг  фақат  унгагина  дахли  йўқ  эди.  Одамлар  ҳам  энди  уни  унутган  эдилар:  Тошчайнар ўлгандан  сўнг  Акбара  қорасини  кўрсатмас,  ҳатто  Бўстоннинг  қишловида  ҳам  тунлари  ув тортмасди.

Оғир, чорасиз дард Акбарани эзарди. У бўшашиб, эринчоқ, лоқайд бўлиб қолди. Дуч келган майда-чуйда  дарранда-паррандаларни  овлаб  юрди.  Кўп  маҳал  вақтини  кўздан  йироқ  овлоқ масканларда  маъюс  ўтказарди.  Тоғлардан  минг-минглаб  қўй-қўзилар  пода-пода  бўлиб  ўтиб борарди.  Ана  шу  тўполон,  шовқин-сурон  ичида  битта-яримта  адашган-улоққан  қўй-қўзини ўмариб кетишдан осони йўқ эди. Лекин Акбара булар билан иши бўлмас, барига бепарво эди.

Акбара  учун  дунё  ўз  қимматини  йўқотиб  қўйди.  Унга  ўтган  умри  ҳақида  хотираларгина қолган эди. Акбара калласини дастпанжаларига қўйиб куни бўйи Мўйинқум чўлларида, Алдаш дала-тузларида, бу ерда, Иссиқкўл бўйларида кечирган қувонч ва қайғуларга тўлган кунларини эсларди.  Унинг  кўз  ўнгидан  Тошчайнар  билан  бирга  ўтказган  кунлари  кунма-кун,  ойма-ой, соат-басоат ўтар, ва ҳар сафар Акбара ҳасратини аламли жонига сиғдиролмай ўрнидан туриб кетар, атрофларда шўридаҳол санғир, сўнг яна қайғули қартайган бошини панжаларига ташлаб ерга  чўзилар,  яна  болалари  эсига  тушарди.  Дам  яқинда  ўғрлаб  кетишган  тўрт  боласини,  дам Мўйинқум қирғинида ҳалок бўлганларини, дам Алдаш бўйида қамишзорда ёниб кетганларини хотирларди.  Лекин,  ҳаммадан  ҳам  кўпроқ  у  ўзининг  Тошчайнари — алп  келбат,  садоқатли эркагини эсга оларди. Гоҳо,нашазор ичра учратган ўша ғалати тайлоқ киши ёдига тушарди. Кўз ўнгига унинг болалари билан яланғоч, ҳимоясиз ҳолда ўйнашмоқчи бўлгани келарди. Акбара кекирдгини  узиб  ташлаш  учун  унга  ҳамла  қилганда,  азбаройи  қўрқиб  кетганидан  бошини қўллари билан чангаллаганча, ерга чўккалаб қолган, сўнг шилингпоча бўлиб тирақайлаб қочган эди…  Кейин  уни  қиш  бошланганда  Мўйинқумда  тонг  қоронғусида  саксовулга  осилган  ҳолда учратишди. Ўшанда унинг таниш юзига тикилиб-тикилиб, термулиб-термулиб қаради, сўнг у қовоқларини сал-палгина кўтарди, унга оҳиста нимадир деб шивирлади ва жим бўлди…

Эндиликда  ўтган  ҳаёт  унга  туш,  такрорланмас  туш  каби  туюларди.  Лекин,  шуларнинг барига  басма-бас  ҳали  умид  ўлмаган  эди,  умид  Акбаранинг  юрагида  яшарди — гоҳо-гоҳо назарида  охирги  жигарпораси  ҳали  албатта  топиладигандай  эди.  Шунинг  учун  ҳам,  Акбара кечалари Бўстон қўраси атрофларида ўғринча изғар, лекин энди ёқасини чок этиб, юракларга ваҳима солиб увламас, фақат узоқдан туриб қулоғи динг тингларди: шояд шамол бўйига бўй қўшилиб қолган бултуруқларининг акиллаганларини олиб келса, шояд, уларнинг таниш ва не фароғатли бўй-исларини димоғига уфурса… Ў, шундай мўъжиза рўй бера қўйсайди! Акбара ҳеч нарсага  қарамасди,  на  одамлар  ва  на  итлардан  қўрқиб  ўтирмасди,  ўзини  лазиз  болалари  сари отарди, уларни асоратдан халос этарди, қанот-қуйруқ чиқариб бу ерлардан йироқ-йироқларга, ўзга диёрларга бошлаб кетарди, бўриларга хос ҳур ва қийин-қаттиқ ҳаёт кечирарди. Бўриларга ўзга не керак…

 

Шу кунлари Бўстоннинг югур-югури кўпайиб кетди. Кўчиш ташвишлари етмагандай бунга яна қандайдир аҳмоқона идора ишлари ҳам қўшилди. Қўчқорбоев ҳар қалай пўписа қилгандай юқори ташкилотларга Бўстон Ўркунчиев устидан шикоят ёзиб жўнатди ва у ердан ким ҳақ, ким ноҳақ  аниқлаш  учун  комиссия  юборилди,  лекин  комиссия  бир  фикрга  келолмади. Комиссиянинг айрим аъзолари чўпон Бўстон Ўркунчиевни партиядан ўчириш керак, чунки у парторг  шахсиятига  тегиб,  уни  ҳақорат  қилган  ва  шунинг  баробарида  партиянинг  ўзига маънавий  зиён  етказган  деса,  бошқа  аъзолар  бундай  қилишнинг  ҳожати  йўқ,  чунки  чўпон Бўстон Ўркунчиев иш юзасидан гапирган ва унинг танқидидан мақсад меҳнат унумдорлигини кўтариш  бўлган,  дерди.  Комиссияга  Бозорбой  Нўйғутовни  ҳам  чақиришди.  Ундан  Бўстон Ўркунчиев инига қайтаришни талаб қилган бўри болалари ҳақида ёзма равишда тушунтириш олишди… Хуллас, ҳамма қоидаларга риоя қилинган қоғозбозлик бошланди…

Кейинги  икки  марта  чақирганларида  Бўстон  бормади.  Сурувни  тоғларга  ҳайдашим, хонадоним билан ёзги яйловга кўчишим керак, вақт зиқ, шунинг учун менсиз ўзларингиз ҳал қилаверинглар, мен комиссия лозим топса, ҳар қандай жазога розиман, деб айттириб юборди. Бўстоннинг бундай хатти-ҳаракати Қўчқорбоевга ғоятда қўл келиб, хурсанд бўлди.

Лекин,  чўпоннинг  шундан  ўзга  чораси  ҳам  йўқ  эди.  Ёзги  яйловларга  кўчиш  бошланган, бунақа пайтда Бўстон ишни орқага суриш, кечикишга сира йўл қўймасди. Кейинги йилларда сурувни  бир  кун  олдин  йўлга  ҳайдашар,  кейин  то  машина  ўтиб  борадиган  жойларгача хонадонларнинг  ёзлик  кўч-кўронларини  ташиб  элтишар,  ундан  у  ёғига  ота-боболар  усулида юкларни от-эшакларга ортиб жўнар эдилар. Ҳатто шу нарсанинг ўзи ҳам сурувни кўчиришни бир томондан енгиллаштирса, иккинчи томондан тезлаштирар эди. Мана, Бўстон ҳам сурувни аввал ёзлик манзилга етказиб борди, ўтарда ўз ёрдамчиларини қолдириб кетди, сўнг кечаси йўл юриб орқасига қайтди, эртасига кўч-кўронларини машинага ортиб, бутун хонадон бир бўлиб, то куз тушгунча тоғларга чиқиб кетишлари керак эди.

 

Охири ўша кун келди…

Лекин, шундан бир кун бурун кечаси Акбара эски уясига қайтиб борди. Тошчайнар ҳалок бўлгандан бери биринчи марта бу ерга келиши эди. Сўққабош бўри қоя тагидаги инига йўламас эди — унинг ҳувиллаб ётгани, ўзини у ерда ҳеч ким кутмаслигини биларди. Шунга қарамасдан, кунларнинг бирида афтода бўри таниш йўллар, чангалзор оралари, камарлардан ўтгиси келди, қадрдон  жойларини  соғинди — баногоҳ  у  ерда  болалари  келиб,  уни  орзиқиб  кутаётган бўлсалар-чи. У ич-ичидан хуруж қилиб келган васвасани енголмади, рўё ортидан чопди.

Акбара  йўл  танламай,  сув  кечиб,  тош  босиб,  ёзги  яйловларда  ёнган  тунги  гулханлар, баджаҳл итлар яқинидан телбараб югурар, унинг ортидан милтиқ товушлари варангларди…

У  осмонда  юксалган  ой  шуъласига  кўмилган  тоғларда  эс-ҳушини  йўқотиб,  якка-ёлғиз чопарди…  Атрофини  янги  ўт-ўлан  ва  зирк  ниҳоллари  чирмаган,  таниб  бўлмас  ҳолга  келган уясигача  етиб  боргач,  у  сағир  ва  не  замонлардан  бери  унутилган  уясига  юрак  бетлаб киролмади… Лекин, орқага қайтиш, ўзини енгиш учун ҳам мажол қолмаган эди… Шунда Акбара яна қашқирлар илоҳаси Бўри Онага нола қилди, акиллаб, увлаб, узоқ йиғлади, бадбахт толеидан тўхтовсиз  арз  этди,  илоҳадан  ўзини  ойга  олиб  кетишни,  одамлар  йўқ  ерга  элтишни  ёлвориб сўради.

Бўстон ўша кеча йўлда эди. Сурувни ёзлик манзилга етказиб боргач, орқага қайтмоқда эди. Албатта, кечани ўша ерда ўтказиб, эрталаб қайтаверса ҳам бўларди. Лекин, унда қўшга кечки пайт  етиб  келарди-ю  кун  бўйи  кутиб,  сўнг  кўчларни  юклаб  сурув  кетидан  йўлга  тушишига тўғри  келарди.  Бунча  вақтни  йўқотишни  у  ҳеч  истамас  эди.  Устига-устак,  қўрада  ёш  боласи билан  Гулимхон  ва  яна  бошқа  бир  оиладан  бўлак  ҳеч  ким  қолмаган,  улар  ёзлик  яйловларга кўчиш учун тайёр бўлиб ўтирар эдилар, эркаклар бари пода ҳайдаб кетишган эди.

Бўстон ўша кеча мана шунинг учун ҳам жадал орқага қайтмоқда эди. Не бахтки, Дўнкўлик ҳам одатдагидай шаҳдам, шеркелбат йўртиб борарди. Унинг юришига одамнинг завқи келарди. Чаққон от-да, бу Дўнкўлик. Олтин тусли зотдор Дон отининг ёллари ҳамда қулоқлари ойнинг нурида товланар, бақувват тўшларида тун чоғи сув жилвалангандай пайлари ялтираб ўйнарди. Ҳаво иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам, мўътадил. Ўт-ўланлар ҳиди гуркирайди. Бўстон милтиғини ҳар эҳтимолга қарши елкасига осиб олган — тоғда кечаси нималар бўлмайди. Уйга боргач, Бўстон милтиқни қозиққа илади ва бешала ўқи бўшатилмаган кўйи шу ерда осиғлиқ туради.

Бўстон  қўшга  тонг  азонда,  соат  бешларда  етиб  боришни  мўлжаллаган,  чамаси,  ҳисобдан адашмаган  эди.  Шу  кеча  у  хотини  билан  фарзандига  қанчалик  қаттиқ  боғланганлигига  аниқ ишонч ҳосил қилди: бир кун ўтар-ўтмас уларни соғиниб қолди ва мана энди шитоб билан уй томон еларди. Йўлда ҳаммадан кўра ҳам, ишқилиб, Акбара яна қўра атрофида изғиб, Гулимхон билан  Кенжашнинг  ўтакасини  ёриб  қўрқинчли  увиллаб  юрмасин-да,  деб  хавотир  оларди. Тошчайнар ўлгандан сўнг Акбара кўринмай кетган — ҳар нечук овози чиқмай қолди-ку, деб Бўстон ўзига-ўзи таскин берарди.

Ўша кеча Бўстон бекор хавотирланган эди.

Ўша кеча Акбара Бошат дарасида эски қўналғаси олдида Бўри Онага арз-шикоят қиларди. Мабодо, Акбара Бўстонларнинг қўраси атрофида пайдо бўлганда ҳам, у ҳеч кимни қўрқитиб, безовта  қилмасди — Тошчайнарнинг  ҳалокатидан  сўнг,  у.одамлар  манзилгоҳидан  келаётган товушларга ҳасрат билан қулоқ соларди, холос… Ва охири ўша кун келди…

Ўша  куни  эрталаб  Бўстон  уйқудан  кўзини  очганда,  қуёш  азот  чиққан  эди.  У  тонг қоронғусида қўшга етиб келиб,  тўрт соатлар чамаси ухлаган эди.  Эрталаб Гулимхон отасини безовта  қилмасин  деб,  Кенжашни  қанча  ушламасин,  кўчиш  ташвишлари  билан  овора  бўлиб кетиб, кичкинтойни андак кўздан қочириб қўйди. Болакай алланималарнидир чулдираб, ҳадеб отасининг юзларини силаб, шапатилай бошлади. Бўстон кўзини очди, кулиб кичкинани бағрига босди,  бутун  жисми-жони  унга  ажиб  бир  меҳр-муҳаббат  билан  тўлқинланди.  Унинг  пушти-камаридан дунёга келган кичкина, соғлом, ҳаракатчан бўлиб ўсаётган, ҳали иккини тўлдирмаган эса-да,  зийраклиги,  ота-онасини  севиши,  юзи,  сумбати,  қилиқлари  қуйиб  қўйгандай  ўзига ўхшаши,  фақат  қора  олхўридай  порлаган  кўзларигина  онасини  эслатиб  туриши  билан  беҳад қувонч бағишларди. Бир сўз билан айтганда, боламисан бола эди ва унга қараб туриб, Бўстон шундай ажойиб ўғилчаси борлигидан ғурурланарди.

— Нима дейсан, ўғлим? Ўрнимдан турайми? Қани, қўлимдан тортиб юборчи? Торт, торт, ана, баракалла! Ўҳў, полвон-эй! Ана энди қани, қани, отасининг бўйнидан бир ачомласинчи, оҳ-оҳ!

Гулимхон бу орада унни қовуриб, сут ва туз солиб қуюқ қалмоқ чой ҳозирлади. Қалмоқчой эрининг  жону  тани  эди.  Ўтарларгина  эмас,  ҳатто  итлар  ҳам  узоқ  тоғларга  чиқиб  кетган, Ўркунчиевлар хонадони жилла қурса, шу тобда бемалол, хотиржам ўтириб чой ичсалар мумкин эди.  Кўплар  чўпон  хонадонига  бу  фароғат  камдан-кам  пайтлар  муяссар  бўлишини  яхши билмайдилар. Чорвага йил бўйи кеча-кундуз тинмай кўз-қулоқ бўлиб туриш керак, агар сурувни минг  бош  деб  ҳисобласак,  қўзиси  билан  бир  ярим  минг  деяверинг,  мана  бунақа  ўтириб  чой ичишга  қўл  тегадими.  Чўпон  хонадонлари  буни  фақат  орзу  қиладилар.  Улар  кўчиш  олдидан бамайлихотир ўтириб чой ичишарди. Сўнг ёз бўйи тоғларга чиқиб кетишади. Машина пешинга етиб  келадиган  эди.  Ўшангача  ҳаммасини  йиғиштириб,  саранжом-саришта  қилиб  қўйишлари керак.

— Вой, ҳеч кўзимга, ишонмайман,— дерди нуқул Гулимхон,— қандай, яхши, жонинг роҳат қилади,  тинчликни  қаранг!  Сизни  билмайману  мен  ҳеч  кетгим  келмаяпти.  Келинг,  уйда  қола қолайлик. Кенжашжон, отангга айт, ҳеч ёққа бормайлик.

Кенжашжон нималарнидир бидирлар, дам отаси, дам онасининг тиззасига чиқар, Бўстон эса кўнгилчанлик билан хотинининг гапини маъқулларди:

— Шундайми? Майли, нима қипти, ёз бўйи бу ерда яшасак?

— Хўп, айтдингиз-да,— куларди Гулимхон,— икки кун ўтмай сурув қайдасан деб, ҳайё-ҳайт жўнаб қолардингиз, кейин сизга Дўнкўликда қувиб ҳам етиб бўлмасди!

— Рост, Дўнкўликни миниб ҳам етолмайсан! — тасдиқларди ийиб кетган Бўстон ва сўнг дикрайган мўйлабини силаб қўярди. Бу унинг кўнгли тўлганлигини билдирарди.

Улар  хонтахта  атрофида  ерда  ўтириб  шундай  нонушта  қилишар,  болакай  атрофларида гирдикапалак бўлиб юрарди. Ота-онаси унга овқат едирмоқчи бўлиб уринишар, лекин болакай бугун шўхликни авжига чиқарган, ўйнар, чопар, тинчлик бермасди. Ҳеч жойда ўтиришни, овқат ейишни истамасди. Эшикни ҳаво дим бўлиб кетмасин деб, ланг очиб қўйишган, шунинг учун Кенжаш  дам  сайин  ташқарига  югуриб  чиқар,  галдираб  ҳовли  айланар,  она  товуқ  атрофида пилдирашиб юрган кичкина, хурпайган жўжаларни томоша қиларди. Бу қоровул Қудурматнинг товуғи  эди.  Қудурматнинг  ўзи  яйловга  чиқиб  кетган,  унинг  хотини  Асилгул  Ўркунчиевлар билан  бирга  машинада  борадиган  эди.  Асилгул  боя  уларникига  кириб  чиққан,  юкларни йиғиштириб  қўйдим,  товуқни  жўжалари  билан  саватга  солсам  бас,  буни  машина  келганда қилсам ҳам бўлар, ҳозир кирларимни ювиб, қуритиб олай, деган эди.

 

Ўша  куни  эрталаб  шундай  ўтмоқда  эди.  Қуёш  кўтарилиб,  тузуккина  қиздира  бошлади. Ҳамма ўз иши билан овора. Бўстон хотини билан юклар, тугун, бўхчаларни боғларди. Асилгул кир ювар, ора-чора унинг ташқарига мағзава тўккани эшитиларди. Кичкинтой Кенжаш эса ўз ҳолига ўйнаб юрар, дам уйга чопиб кирар, дам чопиб чиқар, жўжалар атрофида ўралашарди.

Бу орада меҳрибон курк товуқ жўжаларни ҳовлининг нариги чеккасига ер титгани бошлаб кетди.  Кичкинтой  жўжалар  орқасидан  дўмбиллаб  чопди,  шу  тариқа  улар  саройнинг  баланд девори орқасига ўтиб қолдилар. Бу ерда қариқизлар ва отқулоқлар ўсиб ётар, ёз бўлгани учун осойишта, жимжит эди. Жўжалар чип-чип қилиб, гўнг титишар, Кенжаш эса тинмай жўжалар билан  гаплашар,  қиқирлаб  кулар, уларни ушлаб,  кафти  билан  силамоқчи  бўларди.  Она  товуқ Кенжашдан чўчимас, бироқ бу ерда бирдан сассиз қадам ташлаб жуда катта кулранг ит пайдо бўлгач,  товуқ хавотирга  тушиб,  хавфсираб  қақағлай  бошлади  ва  жўжаларини  балодан  нарига олиб кетишни маъқул кўрди. Кўзлари ажойиб кўм-кўк, каттакон бўз итдан Кенжаш сира ҳам тап тортгани йўқ. У кичкинага думини дўстона ликиллатиб муштипар боқарди. Бу Акбара эди. У анчадан бери қишлоқ-қўра атрофида изғиб юрган эди.

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Охирги қисми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-45

ҲИНДИКУШ, КОБУЛ ЎЛИМ БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ Хиротдан узоқлашганлари сари гўзаллик ва нафосат нурига йўғрилган илиқ туйғулар ўрнини Ҳиндикуш тоғининг баҳайбат қоятошлари ва унинг совуқ ...

Кундаш — кундашдир

12. КУНДАШ — КУНДАШДИР Кумуш қайин отаси билан қайин онасига уч-тўрт куннинг ичидаёқ ўзини кўрсатиб қўйди, ширин ва ақллик муомалалари билан уларни ўзига мафтун қилди. ...

От кишнаган оқшом (қисса) 37-қисм

37 Биродарлар, неча-неча қорабайирлар кетига қараб-қараб кетди. Неча-неча жайронлар кишнаб-кишнаб кетди. Неча-неча саманлар гўшт бўлиб кетди! Қишлоқда отлар кишнамай қолди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400