Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 53-қисм

Ўтган  кечадан  эътиборан  ҳовлилар  бўшаб,  ҳувиллаб  қолган,  на  одамлар  ва  на  итларнинг овозлари эшитилар, ана шунинг учун ҳам Акбара одамлар қароргоҳига бунчалар яқин келишга ботинган  эди.  Кўксида  ўлмаган  оналик  соғинч,  армони  билан,  ўлмаган  умид  билан  у  ғоятда эҳтиёткорона барча қўтонлар, саройларни айланиб чиққан, ҳеч қайда йўқотган бултуруқларидан номнишон топмаган ва шунда боши оғиб одам манзилига жуда яқин келиб қолган эди. Шундай қилиб,  Акбара кичкинтойимиз ёнида турарди. Ҳеч англаб бўлмайдики, у бу бола эканлигини қайдан билди? Одам сиёқи демаса, у ўз болаларининг баайни ўзгинаси. Болакай ушбу каттакон яхши итнинг бошини силамоқчи бўлиб, қўлини чўзганда, Акбаранинг аламдан ўртанган юраги патирлаб  кетди.  У  болакай  олдига  келиб,  унинг  юзини  ялади.  Кичкина  унинг  эркалашидан хурсанд бўлиб, қиқир-қиқир кулди-да, бўрининг бўйнидан қучди. Ана шуна Акбара тамомила ийиб  кетди,  бола  оёғи  тагига  чўзилди  у  билан  ўйнаша  бошлади — унга  жудаям  эмдиргиси келди, лекин болакай эмиш ўрнига унинг устига миниб олди. Кейин сакраб тушиб орқасидан эргаштириб чақиришга тушди: «Юр! юр!» — деб қичқирарди у қиқирлаб маза қилиб кулганча. Аммо  Акбара  нари  қадам  ташлашга  юрак  бетламас,  у  ёқда  одамлар  бор  эди.  Бўри  ўрнидан қимирламай  маъюс  кўзлари  билан  болага  термулиб  ётар,  шунда  бола  яна  орқасига  қайтиб, унинг бошини силаб-силаб қўяр, Акбара эса уни ялаб-юлқар, бу болага бениҳоя хуш ёқарди.Бўри  юрагида  йиғилиб  қолган  барча  меҳрини  унга  тўкиб  солмоқчи,  унинг  бола  ҳидларини кўксини тўлдириб-тўлдириб искамоқда эди. Бу бола менинг қоя тагидаги уямда яшаса, қандай соз  бўларди-я,  деган  ўй  ўтди  бўри  калласидан.  Шунда  бўри  боланинг  нозик  бўйнини  тирнаб қўймаслик  учун  оҳиста  унинг  камзули  ёқасидан  тишлади-да,  кескин  бир  ҳаракат  билан  ёли устига  отди — бўрилар  пода  ичидан  қўзиларни  шундай  йўл  билан  олиб  қочадилар.  Болакай худди  яраланган  қуён  каби  қисқа  чинқирди.  Саройга  кир  ёяман  деб  келаётган  Асилгул Кенжашнинг бақирганини эшитиб, шошилиб, бурчакка ўтиб қаради ва шу заҳоти Бўстоннинг эшигига югурди.

— Бўри! Бўри болани олиб қочди! Тезроқ, тезроқ!

Бўстон  эс-ҳушини  йўқотиб,  девордан  милтиқни  юлқиб  олди  ва  Гулимхоннинг  орқасидан уйдан чопиб чиқди.

— Ана! Ана! Ана, Кенжаш! Ана, бўри олиб кетяпти! — деб фарёд соларди Асилгул бошини қўллари билан чангаллаб.

Энди Бўстон ҳам бўрини кўрди — у бақириб йиғлаётган болани бўйнига ортганча лўкиллаб кетиб борарди.

—  Тўхта!  Тўхта,  Акбара!  Тўхта  деяпман! — бор  овози  билан  бўкирди  Бўстон  ва  бўри ортидан қувиб кетди.

Акбара қочди. Бўстон унинг изидан милтиқ кўтарганча чопар ва ғайритабиий товуш билан ўкирарди:

— Тўхта, Акбара! Ўғлимга тегма! Сенга ҳеч қачон ёмонлик қилмайман! Болани қўй, тегма унга! Акбара! Қулоқ солсанг-чи, Акбара!

Бўри  унинг  сўзларига  мутлақо  тушунмаслигини  шу  тобда  у  унутганди.  Бақириб-чақириб, қувиш баттар қўрқитиб юборган бўри энди тезроқ қочишга тушди.

Бўстон эса жавраганча-жавраб уни қувишдан тўхтамасди.

— Акбара! Ўғлимга тегма, Акбара! — деб ёлворарди у.

Ундан сал орқароқда Гулимхон билан Асилгул дод солиб югуришарди.

— Отинг! Тезроқ отинг! — деб қичқирди Гулимхон бола кўтариб кетаётган бўрини Бўстон отолмаслигини унутиб.

Қичқириқ,  қув-қув  бўрининг  қонини  жўштирди,  унда  бўри  ваҳшати  уйғонди,  у  ўлжасини қўлдан  чиқармасликка  қарор  қилди.  Болакайнинг  ёқасидан  маҳкам  тишлаганча,  бўри  шиддат билан тоғларга қочиб тобора узоқлашиб борарди, орқасидан милтиқ отилиб, ўқ боши устидан чийиллаб  ўтганда  ҳам  ўлжасини  ташламади.  Болакай  дод  солиб  чинқирар,  отаси,  онасини чақирарди. Бўстон бўрини нима билан қўрқитиш-ҳни билмай яна осмонга ўқ узди, лекин бўри бу  сафар  ҳам  қўрқмади.  Акбара  тошлоқ  тепалар  сари  жадал  югурар,  у  ерга  етиб  олса,  бас, бирпасда изни чалкаштириб, кўздан ғойиб бўлишини ўзи биларди. Бўстоннинг юраги орқасига тортиб кетди: қандай қилса болани қутқариш мумкин? Нима қилсин? Бу даҳшатли офат қайдан чиқди? Қайси гуноҳи учун?

— Болани ташла, Акбара! Ташла, ташла дейман, тегма боламизга! — ҳансираган от каби оғир-оғир нафас олиб, ҳирқираб дерди Бўстон. У бўрига илтижо қиларди.

Бўстон  учинчи  марта  осмонга  ўқ  узди,  ўқ  яна  ваҳшнинг  боши  устидан  визиллаб  учди. Тошлоқ тепа-ўнгирлар яқин қолди. Ўқдонда иккита ўқ қолди. Яна бир сониядан сўнг ҳаммаси кўлдан кетишини сезиб, Бўстон бўрини отишга қарор қилди. Чопиб кетаркан, дарҳол тиззалаб ўтирди ва мўлжал ола бошлади, бўрининг оёқларини мўлжаллади, лекин ҳеч мўлжал ололмасди кўкраги ҳарс-ҳарс кўтарилиб тушар, қўли қалтирар, унга бўйсунмасди. У бутун кучи, иродасини йиғди,  кўзини  титраб  турган  милдан  узмасди,  бўри  худди  асов  тўлқинлар  узра  сузиб кетаётгандек эди, шунда у тепкини босди. Тегмади. Ўқ бўри ёнидан тупроқни тўзғитиб учди.Бўстон  милтиқни  қайтадан  ўқлади,  охирги  ўқ  қолди.  Яна  мўлжал  олди,  энди  у  ўқ  овозини эшитмади, фақат бўри бир сакраб ёнига ўмбалоқ ошиб тушди.

Милтиқни  елкасига  осганча,  Бўстон  худди  туш  кўраётгандай  йиқилган  бўри  сари  чопиб кетди. Назарида оёғи ерга ёпишиб қолгандай, ҳеч чопиб етиб бўлмайдигандай, худди бўм-бўш ҳувилдоқда сузиб кетаётгандай эди…

Ҳаво бирдан совиб кетган каби у зум ичида муздай бўлиб қолди, ва бир алфозда йиқилган бўри  устига  етиб  келди.  Унинг  қадди  бирдан  етти  букилди,  гунг  фарёд  кўтариб  ўзидан-ўзи чайқала бошлади. Акбара ҳали тирик эди. Унинг ёнгинасида кўкрагини ўқ тешиб ўтган бола ўлиб ётарди…

Гунг эди дунё, гунгсираб ётарди. Дунё ғойиб бўлди, унинг ўрнида фақат олов вошиллаган зулумот қолди. Бўстон кўзларига ишонмай букчайди ва ердан қонга беланган ўғлини кўтарди ва бағрига босганча орқасига тисарилди, шунда у нима учундир жон бераётган бўрининг кўзлари кўк  эканлигига  ажабланди.  Сўнг  орқасига  ўгирилиб  ғам-аламдан  тилини  йўқотиб,  ҳаллослаб келаётган хотинларга қараб юрди.

Назарида хотинининг бўйи осмон қадар чўзилиб кетгандай туюлди. Мана, унга томон бўйи кўкка  қадар  чўзилган,  ҳайҳотдай  юзи  онтарилган,  ҳайҳотдай  қўллари  буралиб  унга  узалган хотин чўзила келмоқда.

Бўстон ўзи ўлдириб қўйган кичкинтойни қучоғига босганча худди кўзи кўр бўлгандай қадам ташларди. Унинг орқасидан нола кўтариб, уввос солиб, Гулимхон судралар, унинг қўлтиғидан вой-войлаган Асилгул тутган эди.

Аламдан  кар  бўлиб  қолган  Бўстон  ҳеч  нарсани  эшитмади.  Лекин  бирдан  худди  қудратли шаршара  юксакдан  отилиб  тушгандай  қулоғи  шанғиллаб  очилди  ва  дунё  шовқинга  тўлди,  у нима бўлганлигини тушинди ва кўзларини осмонга тикиб, даҳшат билан бақирди:

— Нимага, нимага ахир менга бу жазо?

Уйда у кичкинанинг жасадини кўчишга тайёрлаб қўйишган каравотчасига ётқизди. Шунда Гулимхон жасад пойига тиз чўкди ва худди Акбара тунлари ув тортган каби увиллай бошлади. Унинг ёнига ерга Асилгул чўкди…

Бўстон эса милтиғини кўтариб уйдан чиқди. У худди жангга бораётгандай бир даста ўқни милтиққа жойлади, бир дастасини чўнтагига солди. Сўнг Дўнкўликка эгар урди ва отига сакраб минди. На хотини ва на Асилгулга бир сўз демай уйдан чиқди…

 

Қўрадан  пича  нари  боргач,  Дўнкўликнинг  бошини  қўйиб  берди.  Олтин  тусли  саман  от Таман қишлови томон учиб кетди. Бу йўлдан у қиш чиққанда ўтган эди.

У истаб борган одам жойида экан, акс ҳолда ернинг тагидан бўлса ҳам, уни топар эди.

Ўша куни Бозорбой Нўйғутовнинг ҳовлисида ҳам машинага юк ортишмоқда — кўч-кўронни ёзлик  яйловларга  жўнатишмоқда  эди.  Ўз  юмушлари  билан  овора  одамлар  қўра  орқасидан Бўстон  келгани,  отдан  тушиб,  милтиғини  қайта  ўқлагани,  сўнг  яна  елкасига  осиб  олганини пайқашмади.

Машинага  юк  ортилаётган  жойга  келгандагина,  унга  кўзлари  тушди.  Бозорбой  машина тепасидан сакраб тушиб, унга бақрайиб қаради.

— Нима дейсан? — деди у Бўстоннинг ёниб битган ғўладай куйган юзига тикилиб, энсасини қарт-қарт қаширкан.— Нима қилиб юрибсан? Нега бундай қараяпсан? — саросимага тушди у ёмон бир нарсани сезиб.— Яна бўри деб келдингми? Бошқа ишинг йўқми? Мендан сўрашган эди, ёзиб бердим, шу.

—  Тупурдим  нима  ёзган  бўлсанг  ҳам,—  қаҳр  билан  деди  Бўстон  унга  ўқдай  нигоҳини қадаганча.— Ишим йўқ. Сен ёруғ дунёда яшашга нолойиқсан. Сенга шуни айтмоқчийдим. Етар энди!

Бозорбой ҳатто ўзини тўсиб улгурмади. Бўстон милтиқни унга тўғрилаб, мўлжалга ҳам олиб ўтирмай тепкини босди. Бозорбой чайқалиб кетди, юк машинасининг орқасига яширинмоқчи бўлди, лекин иккинчи ўқ унинг нақ елкасига тегди, Бозорбой уч марта тўнтарилиб, сўнг боши кузовга  урилди,  ерпарчин  бўлиб  қулади  ва  титроқ  панжалари  билан  қора  ерни  тирнади. Ҳаммаси шунчалар тез рўй бердики, олдинига ҳеч ким ўрнидан қимир этмади. Ниҳоят, шўрлик Кўк  Турсун  дод  солиб  ўзини  эрининг  устига  ташлади.  Ана  шундагина  ҳамма  қий-чув  қилиб отилган кишининг тепасига баравар ёпирилдилар.

—  Қимирламанглар! — баланд  овоз  билан  деди  Бўстон  атрофга  аланглаб.—  Ҳеч  ким жойидан қимирламасин! — деб иддао қилди ҳар бирига милтиқни бир-бир тўғрилаб.— Керакли жойга ўзим бораман. Шунинг учун ҳеч ким жойидан қимирламасин! Акс ҳолда ўқим етарли! — У чўнтагига уриб қўйди.

Ҳамма  яшин  ургандай  таққа  тўхтади,  ҳеч  ким  нима  гаплигини  тушунмас,  нима  дейишни билмас,  тили  калимага  келмас  эди.  Ёлғиз  бечора  Кўк  Турсунгина  бадбахт  эрининг  жасади тепасида йиғлаб-сиқтарди.

—  Билардим  итдай  ўлиб  кетишингни,  итдан  фарқинг  йўқ  эди!  Ўлдир,  мени  ҳам  ўлдир, қотил! — паррихта, шўрида Кўк Турсун ўзини Бўстонга отди.— Мени ҳам итдай ўлдир. Кўзим ёруғ  дунёни  ҳеч  кўрмади,  нимага  керак  менга  бундай  ҳаёт! — У  яна  нималарнидир  бақириб айтишга уринди: Бозорбойга айтдим, бўри болаларига тегма, дедим. Яхшиликка олиб бормайди, дедим. Лекин баттол қулоқ солмади, ҳатто бўри болаларини ҳам сотиб ичди.

Кейин икки чўпон унинг оғзини юмиб, нарига олиб кетишди.

Шунда Бўстон атрофда каловланиб турганларга қаҳрли нигоҳ югуртириб, овозини кўтармай, лекин кескин қилиб деди:

—  Бас,  ўзим  керак  ерга  бораман,  ўзим  ҳаммасини  айтаман.  Ҳа,  ўзим  айтаман!  Ҳа,  ўзим айтаман! Сизлар шу ердан қимирламанглар. Эшитдингларми?

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Ҳамма бўлган ишдан анг-танг эди. Одамлар чеҳраларига бир-бир қараркан,  Бўстон  шу  дақиқадан  эътиборан  ўзининг  аллақандай  чизиқдан  ўтганлиги  ва  ўзини бошқалардан  ажратганлигини  англаб  етди:  шу  дақиқагача  унинг  атрофини  яқин  одамлар қуршаган,  улар  билан  биргаликда  ойлар,  йиллар  ёнма-ён  нафас  олган,  ризқ-рўз  топаман  деб уринган,  кун  кечирган  эди.  Уларнинг  ҳар  бирини  билар,  улар  ҳам  уни  яхши  билишар,  ҳар бирлари билан муомала қилган, лекин мана энди улар бутунлай бегонасираб қарашарди, мана энди улардан мутлақо айрилди, улар билан ҳаётини боғлаган иплар бари узилди, ўртада энди гўё  ҳеч  нарса  ва  ҳеч  вақо  қолмади,  гўё  у  ўлиб-тирилгандай  ва  шунинг  учун  уларга  янада қўрқинчлидай туюларди. У шуларни тушунди.

Бўстон  отини  етаклаб  кетди.  У  орқасига  қайрилиб  қарамас,  кўл  томонга,  ўзи  жавоб берадиган  томонга  йўл  олганди.  Унинг  боши  қуйи  солинган,  орқасидан  бир  оз  оқсоқланиб, жилов-жабдуқлари ширқиллаб вафодор Дўнкўлик одимларди.

Ҳаёт шоми бошланган эди…

— Мана, дунё ҳам охир бўлди,— ўз-ўзига деди Бўстон ва шунда унга бир даҳшатли ҳақиқат очилди: шу дамгача бор ёруғ дунё унинг ўзида жамлашган экан, мана энди шу дунё битди. У осмон  эди,  у  ер  эди,  у  тоғлар  эди,  борлик,  тирикликнинг  буюк  онаси  бўри  Акбара  эди,  Ола Мўнгу музликларида абадиян қолиб кетган Эрназар эди, пушти камаридан бўлган охирги бир парча эт, ўз қўли билан отган Кенжаш эди, лаънатланган ва ўлдирилган Бозорбой эди ва то шу тобгача нима кўрган, бошидан нимаики кечирган бўлса — буларнинг бари у, унинг ўз жаҳони эди, у учун яшарди, уни деб яшарди, мана энди, гарчи булар ҳаммаси азалдан қандай эса, худди шундай яна боқий қолаверади, лекин фақат энди булар ичида у бўлмайди — у энди бутунлай ўзга одам бўлади, унинг дўнмас, қайталанмас дунёси эса энди йўқолди ва у ҳеч қачон ҳеч кимда такрорланмагай. У буюк ҳалокатига етиб келди, унинг учун дунё охир бўлди…

Кўл бўйига элтадиган кимсасиз дала йўлида Бўстон бирдан шаҳд билан орқасига ўгирилди, отининг бўйнидан қучоқлаб осилди ва алам билан ҳўнграб йиғлаб юборди.

— Ў, Дўнкўлик, нима қилиб қўйганимни фақат сен тушунасан! — деб ўкириб йиғларди у бутун жуссаси силкиниб.— Мен нима қилай?

Ўғлимни  ўз  қўлим  билан  ўлдирдим,  уни  ерга  қўймай  кетяпман,  севган  аёлим  ҳам  ёлғиз қолди.

Кейин  чилвир-чумбурни  ўради,  тизгин-жиловни  Дўнкўликнинг  юганига  ўраб  тугди, узангилар отнинг биқинини уриб ташламасин деб, эгарнинг қошига маҳкамлади.

—  Бор,  бор,  уйга  бор,  жонивор,  майли,  қайга  десанг,  ўша  ерга  бор! — видолашди  у Дўнкўлик билан.— Энди бошқа дийдор кўришмоқ йўқ!

Отнинг  сағрига  кафти  билан  урди,  уни  чув  деб  ҳайдади,  от  бўшаганига  таажжуби  ортиб, қўра томон юриб кетди.

Бўстон йўлга тушди…

Иссиқкўлнинг мовий ошиёнаси дам сайин яқинларди, худди мана шу дам ғойиб бўлиб, дам яна ўз бағридан ўзи қайта яралиб, дўнгалакланиб чопаётган тўлқинлар каби кўл бағрида бадар йўқ бўлиб кетсам дерди, асло яшаб-яшагиси келмасди…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Тамом!

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ҳасаналининг ҳийласи

10. ҲАСАНАЛИНИНГ ҲИЙЛАСИ Киши ортиқча қўрққанда гангиб аъзоси ҳаракатсиз ва оғриқ ҳолга тушадирким, албатта буни биз қаттиғ қўрққандан деб биламиз. Дарҳақиқат, бизнинг ...

Чингиз айтматов:қиёмат 53-қисм

Ўтган  кечадан  эътиборан  ҳовлилар  бўшаб,  ҳувиллаб  қолган,  на  одамлар  ва  на  итларнинг овозлари эшитилар, ана шунинг учун ҳам Акбара одамлар қароргоҳига бунчалар яқин ...

Юлдузли тунлар-19

2 Қиш чилласи авжида. Изғиринли еллар эсади. Қўл-оёқларига кишан солинган, кийимлари йиртиқ маҳбуслар Самарқанднинг Регистон майдонида совуқдан қалтираб, шаҳар қозисининг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400