НАЖОТ ИСТАБ ТОШКАНДГА

14. НАЖОТ ИСТАБ ТОШКАНДГА

Бу кун саккиз кундан берига — «кутилмаган бир бахт» эгаси бўлиб олған Кумушбиби учун бу ҳол кутилмаган бир бахтсизлик, кутилмаган бир фалокат эди. Эндигина «Бекни уйлантирдим, суйганига қўшиб қувонтирдим», деб бу уйлантиришнинг ҳусни ва қубҳини тузукраккина ўйлай олмаған Ҳасанали учун ҳам бу воқиъа кичкина гап, озғина қайғу эмас эди. Кўзининг оқу қароси, ёлғиз қизини махтовлик куявга бериб, қизи билан куявининг бир дақиқа ҳам бир-бирларидан ажраша олмағанларини кўриб кўйнагига сиғмай юрган Офтоб ойим учун куявигина эмас, ҳатто эрининг ҳам бу вартага тушмоғи чидай оларлиқ бир ҳол эмас эди. Кумушбиби ўзининг «кутилмаган бир бахти» учун ишонмағандай бўлиб юрар эди. Чиндан ҳам мундан кейин қайтадан қовишмоғига ишонмай қўйди. Ҳасанали «қутилдим» деган эди, яна тоғдек қайғуға тутилди. Офтоб ойимнинг сўйингани ичига тушди.
Кумушбиби билан Офтоб ойимнинг бу фалокатка қарши топқан-тутқанлари ёлғиз кўз ёши тўкишкина бўлди. Бу фалокатнинг оғирлиғи яна ўзининг тоғдек катталиги билан Ҳасаналининг устига тушди. Кумушбиби эри билан отасининг нажотларини кимдан кутишни билмас эди-да, қора кўзларини жиқ ёшға тўлатиб — «енди нима қиламиз?» дегандек Ҳасаналига термулар эди. Қутидор оиласида бошқа эр зоти бўлмағанлиқдан Офтоб ойим қариндошларидан «жонкуяр» деб танилған киши Кумушнинг тоғаси Аҳмадбек бўлиб, ул ҳам умрининг кўпини Қўқондами, Хўжанддами ўткарар, шунинг учун ундан ҳам ёри кутиш узоқ гап эди. Мана бу жиҳатдан ҳам Кумуш ва онасининг бирдан-бир ишон-ғанлари яна Ҳасаналининг ўзи эди.
Барча оғирлиқ Ҳасаналининг устида. Ўзингнинг туғилиб ўсқан ерингда оға-иниларинг,
билиш-танишларинг бўлиб ҳар нучикда улардан шунингдек оғир кунларда сўз билан, иш билан бир ёрдам ола биласан. Аммо биз-нинг Ҳасанали Тошкандда эмас — Марғилонда, мусофаратда, кишиларини танимаған бир шаҳарда. Бошда Ҳасанали Зиё шоҳичи билан унинг ўғли Раҳматдан яхшиғина умид туткан, ҳар ҳолда улардан бошқа таянарлиқ кишим йўқ, деб ўйлаған эди. Бахтка қарши бу фикрдан ҳам тезда қўл ювди: Зиё ака билан Раҳмат ҳам қўлға олиндилар ва Ҳасаналининг ўзи ҳам қидирила бошланди. Ҳасанали ва Кумушбибиларнинг қайғулари яна бир қат ошти, қўрқунчи устига қўрқунч қўшилди. Ҳасанали ҳам Отабеклар билан бирликда биринчи кун қўшилиб қамалған бўлар эди, бироқ унинг саройда бўлиши улардан ажралиб қолишиға сабаб бўлған эди. Қўрбоши йигитлари томонидан Ҳасанали ҳам қидирилиб бошланғач, улардаги «балки бу кун, эрта бўшатиб юборарлар» деган умид ҳам бўшға чиқди. Бошда Ҳасанали ўз эрки билан ҳукуматка топширилиб, маҳбусларга жазо келса бирликда тортиб, қутилиш муяссар бўлса бирга қутилишға ўйлаб қараған эди. Унинг бу фикрига Кумуш билан онаси қарши тушдилар: «Сизнинг озод юришингиз маҳбуслар учун балки фойдали бўлар», дедилар. Ҳасаналининг ўзи ҳам уларнинг раъйини мувофиқ топди. Бироқ унинг ташвиши икки қат ошди: ҳар дақиқа ҳадукда, қўрбоши йигитларидан қочиб яширинишға, ҳар соат жой янгилашка мажбур эди.
Ҳасанали кунларини томоқсиз, тунларини уйқусиз кечира бошлади: Отабеклар нега қамалдилар, қандай гуноҳлари бор экан? Отабекнинг ипидан-нинасига бўлған сирри унга маълум эмасмиди? — Бу жиҳат билан ўйлағанда «Қутидорларнинг бирар ишлари балосига қолди-ёв», деб фикр қилар эди. Бу фалокатни умумийроқ текшириб бошласа, халқ оғзида мақол ўрнида истеъмол қи-линған «Ажалингнинг етиши қилған ёзиғингдан эмас— бек
акангнинг қонсираши» деган гап кўнглига тушар эдида, беихтиёр уфлаб юборар эди.
Орадан беш кунлаб ўтди, маҳбуслар зиндон балосидан қутила олмағанларидек, уларнинг қамалиш сирлари ҳам ҳеч кимга билинмади. Ҳасанали шу беш кун ичида маҳбусларнинг нажотлари йўлида қора пуллик иш чиқара олмағанидек, бундан кейин ҳам бир иш қила олишиға кўзи етмай қолди. Чунки қўрбоши йигитларидан сақлана олишнинг ўзи ҳам унга катта вазифа даража-сида эди.
Ниҳоят, Марғилонда туриш фикридан қайтиб, Тошканд жўнаш хаёлига тушди. Бу кунларда ҳам Тошканд тинчсизлиги бир тарафлик бўлмаған, ҳануз Тошканд Қўқон сипоҳлари томонидан муҳосара ҳолатида эканлиги тўғрисидаги хабарлар келиб турмоқда эди. Ҳасанали бу гаплардан хабарсиз эмас, Тошкандга кириб олишнинг қай даража қўрқунч бўлғанлиғи ҳам унинг кўз ўнгида эди. Иш шундоғ бўлса ҳам ул Тошканд жўнаш учун ўзида бир мажбурият ҳис этар, нажот йўлларини энди Тошканддан изламаса бошқа чора йўқ эди. Қарорни шунга бериб, бу фикрини Кумуш билан Офтоб ойимға сўзлади. Уларда эпақалик бир мия, Ҳа-саналига йўл кўрсатадирған ихтиёр қолмаған, топқанлари фақат йиғи эди. Ҳасаналининг «Сиз билан маним қўлларимиздан бир иш чиқадирған ўхшамайдир. Нима бўлса ҳам мен Тошканд бориб, нажотни ўша ердан изламасам бўлмас», дейишига қарши Кумушбиби бир хил синиқ товушда:
— Марғилондан топилмаған нажот Тошканддан топилсинми? — деди.
— Биз энди шунга мажбурмиз, қизим, — деди Ҳасанали, — қайин отангиз эҳтимол бунинг бирар чорасини топар.
— Биз энди шундай қолаберамизми, агар золимлар…— деди-да Кумуш сўзининг охирини айталмай ўкраб юборди. Ҳасанали ҳам ўзини куч ҳол билан йиғидан босар экан, Кумушни юпатди:
— Ундай бўлмағир хаёлларга тушманг, қизим, — деди, — қушбеги бошқаларға қарағанда инсофлик ҳокимдир. Худо хоҳласа, мен Тошканддан қайтқунча улар ҳам зиндондан қутилурлар.
Бу кун кечаси ул йўл тайёрлиқларини кўрди. Миниб кетиши учун қутидорнинг саман йўрғасини белгулади. Эртаси эрталаб Марғилоннинг Қўқон дарбозасидан би-ринчи галда чиқғучи Ҳасанали бўлди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 83-қисм

83 Қош қорайди. Одам одамни танимайдиган бўлди. Бир амаллаб чап ёнбош бўлдим. Тарлон оёғини қучоқладим. Тиззасига пешонамни қўйдим. Узалиб, олд қопқоғига шапатиладим. Тарлон ...

Юлдузли тунлар-71

* * * Деҳлида тўп-тўп бўлиб айланиб юрган ғолиблар орасида ёғли ўлжа излаётганлари ҳам бор эди. Синд дарёсининг бўйидан Бобур аскарларига қўшилиб келган Ёр Ҳусайнбек илгари ...

Чингиз айтматов:қиёмат 5-қисм

Кун оғди. Ботиб бораётган қуёшдан оташин ҳарорат ёғилар, унга кун бўйи қизиб ётган ердан кўтарилаётган  тоқат  қилиб  бўлмайдиган иссиқ  ҳовур  қўшилар  эди.  Қуёш  ва  чўл  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400