ИНҚИЛОБ

21. ИНҚИЛОБ

Юсуфбек ҳожи устида бояғи кимхоб тўни билан Шайхантаҳурнинг Занжирлиғига етиб, гузарда йиғилиб ўлтурган ва ўзига салом бериш учун ўринларидан турган халққа хитоб қилди:
— Уйинг куйсин, мусулмонлар! Яхши деб йўлида жон берганинг Азизбек, бу кун сенларга яхшилиғингни ўттуз икки танга солиқ билан қайтармоқчи бўлди. Ҳозир сенларга икки йўл: ўғул, қизингни сотиб бўлса ҳам ўттуз икки тангани Азизбек хазинасига тўлаш ёки эс борида этакни ёпиб Азизбекни орадан кўтариш… Уйинг куйди, мусулмонлар!
— Ўттуз икки танга!
Халқ Юсуфбек ҳожидан бир зарра ёмонлиқ ёки бўлмағир бир кенгаш эшитмаган ва шунинг учун ул қаёққа юрса, шу ёққа боришқа ҳозир турар эди. Айниқса ўттуз икки танга довруғи гузар аҳлининг юракларини уюшдириб, буни эшитиш биланоқ исёнга қўл қўйдилар.
Бошлаб Занжирлиқ халқи кўчаларга чип ташлаш, Азизбекка қарши уруш ҳозирлиги кўриш хаёлига тушди. Юсуфбек ҳожи то Эски Жўвага еткунча ўзининг юқоридағи сўзини кўй, гузар халқиға такрорлаб келмакда эди. Эски Жўвада азим бир жамоат йиғиб, Азизбек билан бўлган можаросини сўзлади ва устидаги кимхобни кўрсатиб истеҳзо тариқасида:
— Солиқни бермангиз демайман, чунки сизнинг итоатингиз менга бундоғ тўнлар берар! — деди.
Халқ ниҳоятда қизишди. Гўё бириси қувраған тўқайға ўт туртди. Ҳўлу қуруқ деганларидек катта-кичик баробар ёнмоққа олди.
— Яхшилиғимизни унутди, дўнғиз! Ўттуз икки тан-гани яхшилаб берайлик биз унга! Ози бир ой ўтмас-данми, андишасиз?! — деган сўзлар эшитила бошлади. Дарров уч кишини Себзор, Кўкча ва Бешёғоч даҳаларига хабар учун жўнатилди. Ё қирилиб битиш ва ё Азизбекни орадан кўтаришка фотиҳа ўқилди.
Орада бир соат ҳам ўтмади, бутун дўконлар ёпилиб, Тошканд кўчалари чиплар билан тўлди.
Барча яроғланган, урушка ҳозир эди. Шаҳарнинг олаланиш хабари ўрдага ҳам эшитилди. Ишни кичкина деб ўйлаған Азизбек шаҳардан аҳвол олиш учун Райимбек дотқони элли чоғлиқ йигит билан буюрди. Аҳвол олғучилар Занжирлиққа етиш билан нақ ишнинг қай даражага етканини пайқадилар: кўчалар чип билан тўлған, чип орқалари шашвар, милтиқ, ханжар, найза ушлаган оломон билан лиқ эди. Райимбек дотқонинг «Чипларни йиғиштирингиз, ўзларингиз тарқалишингиз!» деб айткан яхши сўзига қулоқ солғучи бўлмади. Дотқо дағаллик қилган эди, оломондан биттаси милтиқ отиб, икки сипоҳни йиқиб ҳам қўйди.
Кечки соат тўртлар, асрдан бир оз эртароқ ҳукумат аскари билан халқ орасида уруш бошланди. Ярим соатлик отиш, чопишдан сўнг сипоҳлар Занжирлиқ оломонларини қочириб, Баланд масжид чипига етдилар. Жон аччиғиға учраган Азизбек ўрдага бир мунча сипоҳ қолдириб, бутун кучини йиғиштирған ҳолда Райимбек дотқо кўмагига етишди. Бунинг ила сипоҳлар тағин ҳам кучайиб, оломонни Хадрага қараб суришка муваффақ бўлдилар. Хадра чипида қонлиқ урушлар бошланди. Ўттуз икки танга солиқ хавфида оломон ҳам Бешёғоч, Себзор, Кўкча даҳаларидан ўзига ҳар замон яроғлиқ ёрдамлар олиб турмоқда эди.
Бу кун кечаси Тошканд қон ичида, маҳаллаларда бўлған ҳукумат кишилари халқ томонидан ўлди-риладирлар, уйларига ўт қўйилиб моллари талонға тушадир. Шаҳарнинг юраклик йигитлари Хадра чипига қараб чопадирлар, юраксиз ва кексалар гузар ва маҳаллаларга тўнкалардан гулхан солиб, «ўттуз икки танга» қайғусида оломонға музаффарият тилайдирлар.
Ярим кечалар вақти оломон Хадрадан Эски Мис-карликка қараб сурилишка мажбур бўлди. Кутилмаган бу сурилишлар Юсуфбек ҳожини катта ташвишка солиб қўйди. Мундан сўнг халқнинг ўзига ишониб туролмай Тошкандни ололмай қайтқан Нормуҳаммад қушбегига ёрдамга етиб келиш учун чопар югуртирди.
Eски мискарликда икки тараф ҳам тонг отдирдилар. Эрталаб яна қонли урушлар бошланди. Аммо халқ энди ўзини анча тутиб қолган ва ҳар дақиқа тўрт тарафдан янги кучлар олиб турар эди. Шунинг учун сипоҳлар бир адим илгари босолмай қолдилар. Аммо халқ сипоҳларни босса босқундек товранар эди. Бу ҳолдан ниҳоятда бўғилған Райимбек дотқо қилич яланглаб, сипоҳлар олдида оломонға қараб югурди. Бироқ унинг бу ғайрати ўзи учун ҳалокат билан натижаланиб, Уста Мўминжон исмлик бир милтиқ устасининг отқан ўқи билан кўкрагидан яраланиб йиқилди.
Райимбек дотқо Азизбек ҳокимиятининг тираги эди. Унинг қатлидан сўнг сипоҳлардан руҳ тушти. Ҳатто Азизбекнинг буйруғиға ҳам қулоқ солмай тўстўска қочиб бошладилар. Ниҳоят Азизбек ҳам ёнидағи қирқ, эллик содиқ кишилари билан қочиб, ўрдага қамалишға мажбур бўлди. Юсуфбек ҳожи бошлиқ ер ва кўкка сиғмаған музаффар халқ ўрда теварагини қуршаб тушди. Азизбек тезда берилмагани учун минглаб халқ ўрда атрофидан силжимай, ҳатто ошсувларини ҳам шунда еб хотиржамъ ётиб олдилар.
Азизбек учун кутилмаган фалокатлар юз берган эди. Қочиб қутилиш мумкин бўлғани ҳолда тузоққа туш—кандек ўрдага ҳам қамалиб берган эди. Нима қилсин, қаноти йўқки учиб қутилса… Қамалишининг иккинчи куни ўрда томига чиқти, энг кейинги, ҳам энг пастарин чорани кўрмакчи эди бу хоқон. Бошлаб фуқароға салом берди, сўнгра синиқ ва ожиз қолган бир товуш билан халққа узр айтди:
— Энди ўзимнинг қилмишларимдан пушаймон бўлдим… Мен сизларнинг қилған яхшилиқларингизни унутқан эканман… Сизлар ўзларингизнинг бу ишларингиз билан маним кеткан ақлимни яна миямга ўрнатдингиз… Раҳмат фуқаро… Гуноҳимни кечирингиз, қилмишларимдан пушаймон бўлдим, фуқаро!
Аммо халқ бундай ёлборишларға, тавба-тазарруъ-ларга қулоқ солмади, чунки иш ўткан, ғишт қолипдан кўчкан эди:
— Энди эсинг кирдими, ўғри? Бурундан ўйлаб иш қилсанг бошингда бу балолар йўқ эди! Сен бизларга нима ишларни қилмадинг? Кун сайин неча гуноҳсизларни осдирған, кесдирган, болаларимизни ятим, оналаримизни қон йиғлатқан сен эмасмисан? Ханжарингни хайф кўриб маҳалларга чаён солиғи солған, оғаларимизни чаён заҳри билан ўлдирган ким эди? Кет тўнғиз, кет, тавба қилиш замони ўтди, тақдирингга сен ҳам тан бер! — дер эди халқ.
Халқ шунингдек гаплар билан юз ёқдан унга ҳужум қилиб, ҳатто адабсиз сўзлар билан ҳам сўкар эди. Азизбек ҳамон «Тавба қилдим, фуқаро!» жумласи билан узрини айтиб турар эди:

— Сиз яхшиларим, бу қисқа ўйлашингиз билан ўз оёғингизға ўзингиз болта уриб, яна қипчоқлар қўлига қарам бўласиз! Маним тавбамни лоақал ўзларингиз учун қабул қилингиз!
Азизбекнинг бу сўзларидан кейин оломон тағи қизишиб, қуйидаги сўзлари билан кўкни кўтарди:
— Икки қайта алданиш йўқ! Сендек итдан бизга қипчоқ яхши!
Халқнинг бу жавоби ишнинг не даражага етканини онглатарлиқ эди. Шу гапдан кейин Азизбек тамом умидсизланиб, дунёларча маъюсият ичида томдан тушиб кетди.
Юсуфбек ҳожининг Нормуҳаммад қушбегига юборған чопари Кировчи яқинида унга еткан ва қушбегини тамоми сипоҳлари билан Тошкандга қайтарған эди. Аламзада қушбеги бу сўйинч хабардан учиб-қўниб Азизбекнинг ўрдага қамалишининг учунчи куни карнай-сурнай билан етиб келди. Оломон ёниға қипчоқ сипоҳлари келиб қўшилғандан кейин ўрдага босиб кирдиларда, Азизбекни ушлаб ҳам олдилар.
Етмиш кун бир муддат овора қилиб, минглаб киши қонини тўкишка сабаб бўлған Азизбекни Қўқонға олиб бориб топшириш Нормуҳаммад қушбеги учун қийматли эди. Ул ўрдада ўлтурар экан, бундай улуғ душманни қўлға туширишнинг бош омили бўлған Юсуфбек ҳожига ўз миннатдорчилиғини айтиб тугата олмас, унинг бу хизматини хон билан Мусулмонқулға сўзлаб, унга катта бир мартаба олиб беришка ваъдалар берар эди. Албатта Юсуфбек ҳожига бу ваъдаларнинг ҳеч аҳамияти йўқ, фақат ул ўғлининг соғлиғини билса ва Марғилон зиндонидан унинг қутқарилишиға ваъда олса, унинг учун дунёларча мартаба ва ҳурмат эди. Қушбегининг ваъдасига илтифотсиз қулоқ бериб турди-да:
— Илтифотингиз учун раҳмат, қушбеги, — деди. — Мен энди дунёдан ўтаётган бир киши; эндиги ман-саб-ларға унча қизиқа олмайман. Агар маним қилған хизматим шундай илтифотларга лойиқ кўриладиган бўлса, жон жанобидан сўрайдирған бир неча тилакларим бор.
— Сўрангиз ҳожи, хон бермаганда ҳам олиб беришка мен кафил.
— Маним биринчи холис тилагим, албатта мазлум халқ тилидан бўладир: мундан сўнг Тошканд ҳокимлиғига ҳар қандай бўлмағир одам қўйилмасин.
— Жон жанобининг ҳамма мақсади ҳам шунда. Чунки, биз Азизбек кабилардан халқниғина эмас, балки, ўзимизни ҳам қийнатдирмоқдамиз.
Тошканд беклиги тўғрисида кўб музокара ва му-солаҳадан кейин Юсуфбек ҳожи ўз яраси устида тўхталди. Ул биринчи мартаба ўлароқ ўзининг ички касалини ҳозиқ деб Нормуҳаммад қушбегига очди. Сўзлар экан, юраги машъум бир эҳтимолнинг даҳшатидан титрар, тили ҳам осонлиқ билан ҳаракатланмас эди. Зеро ўзининг бу ўтинчини қуш учкан сўнг отилмоқчи бўлған сопқон қабилидан ҳисоблар ва фойдасиз бир илтимос деб чўчир эди.
— Агар маним бу хизматим жон жанобининг марҳаматига лойиқ кўрилур экан, — деди ҳожи, — менга энг манзур бўлған мукофот — ўғлимнинг озод қили-нишидир. Дунё можаросидан қўл ювмоқчи бўлған бир отаға кексайган кунларида фарзанд доғини кўрмас-ликнинг ўзи ҳам улуғ мукофотдир, — деди ва кўзига ёш олди. Бундан қушбеги ҳам насибасиз қолмай му-таассир Юсуфбек ҳожига тасалло берди:
— Қўрқмангиз ҳожи, — деди, — Марғилон ҳокими ўринсиз қон тўкувчи киши эмасдир. Қўқонга борғач, биринчи ишим ўғлингизни қутқариш бўлсин, жойсиз қайғуланмангиз, ҳожи.
— Қуллуқ, қушбеги, агар бу хизматни ўз зимман-гизга олур экансиз, устимга катта миннат қўйған бўласиз… Бироқ мен қўрқаманким, сиз Қўқонға бориб еткунча иш вақтидан ўтсин…
Қушбеги ҳам бу тўғрида ўйлаб қолди ва ҳожининг эҳтимолидан чўчиб, шу соатда бир мактуб билан Қўқонға чопар юбормоқчи бўлдилар, бу ишнинг мувофиқ кишиси албатта Ҳасанали бўлғанлиқдан чопар бўлиб белгуланди. Ўн беш кунлардан берига шундай хизматни кутиб ётқан Ҳасанали отнинг бошини Қўқон томонға қараб қўйди-да, дақиқа ичида кўзларга кўринмас бўлиб кетди.

Бир кун кейин Нормуҳаммад қушбеги ҳам бир мунча сипоҳни Тошкандда қолдириб, Қўқонға жўнаш ҳаракатига тушди. Тошканд оломонининг та-лаблари билан Азизбекнинг икки оёғидан арқон билан боғлаб отнинг човиға судратма қилдилар.
Сипоҳлар Қўқонға қараб ҳаракат қилар экан, Қўқон дарбозасига тўлған халқ Азизбекнинг от оёқлари остида судралиб кетишига ҳузурланиб томоша қилар эди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«бир ғариби бeчора»

22. «БИР ҒАРИБИ БEЧОРА» Бу тарихдаги хон ўрдаси Қўқоннинг бу кунда Хода бозор аталған ўрнида эди. Рўмоннинг ўн учунчи фаслида Марғилон ўрдасининг таърифи ёзилғанлиқдан ва бу ...

От кишнаган оқшом (қисса) 72-қисм

72 Киприк қоқмай, алп-алп одим отиб, Жўра бобонинг оти олдига бордим. Чап қўлим билан эгар қошидан олиб отландим. Шунда, ўнг қўлим ёмон оғриди... Жиловни чап қўллаб ушлаб, ...

Акс-садо: фарёд

Мусофирлик йўлларида умринг толди, Ўт балоси жонгинангни қамраб олди, Яқинларинг сочин юлиб, фарёд солди, Орзулари армон бўлган юртдошим-а!   Қанча-қанча диллар чекди ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400