УНУТМАЙСИЗМИ?..

2. УНУТМАЙСИЗМИ?..

Унинг бу галги Марғилон йўлига қўзғалиши ортиқча бир оғирлиқ билан, иккиланиш билан ўралған эди. Кумушбиби учун дунёга сиғмаслиқ бир шодлиқнинг, кўргучи кўзларига ишона олмаслиқ бир бахтнинг бу гал кўтариб бўлмайтурған бир қайғу, чидаб бўлмайтурған бир ҳасрат бўлиб боришини ул яхши тушунар эди. Ҳар бир гал Марғилон борғанида олиб боратурған нафис совғалари бу гал жуда заҳарлик, ортиқча аламлик бир совғаға айланган, Кумушбиби бу совуқ кундаш сов-ғасини кўрганда эҳтимол… нималар бўлар ва қандоғ ҳолларга тушар эди. Бу мудҳиш совғани эҳтимолки, унинг ота-оналари ҳам қабул қилмаслар: бирдан-бир ёлғиз қизлари учун бундай гапнинг ярашмасини айтиб: «Совғанг ҳам керак эмас, ўзинг ҳам» деган жавоб билан юзига ҳам урарлар. Мана, унинг бу галги оғир ҳаракати ва қўзғалишиға нималар сабаб эди.
Бу оғриққа орзу эгаларининг қистоқлари ниҳоят берди. Яъни чор-ночор бу тутуриқсиз совғани кўтариб йўлға тушишка мажбур бўлди.
Отнинг бошини ўз ихтиёрига қўйған, илгаригидек юрак ошиқишлари ичида отни тез юришка қистамай сувга тушкан нондек бўкиб-бўшашиб, юз хил совуқ, ярамас хаёллар қўлида эзилиб, ўзининг дунёда борми-йўқмилиғиға ҳам тушунмай кета берадир.
Ҳозир кўклам кунлари: қирлар, тоғлар, сойлар; кўк-қизил, оқ-қора, сариқ-зангор, пушти-гўлас ва тағин аллақанча ранглик чечаклар билан устларини бежаб, қиши билан тўнггиб аранг етишкан ошиқлариға янги ҳаёт, янги умид берадилар. Қиш бўйи алла қайси гўр остларида жунжиб чиқған қуш зотлари: чумчуқлар, читтаклар, тўрғайлар, саъвалар ва бошқа аллақанча қуш дуркумлари ўз тўплари билан вижир-вижир, чуғур-чуғур сайраб куладирлар, ер юзини туткан чечак гиламлари устини ўпиб ялайдирлар, ётиб чўқийдирлар, сапчиб учадирлар… узоқ-узоқдан какку қуш ҳам арзи вужуд қиладир: «какку-какку».
Поёнсиз қирларнинг ниҳоятсиз бижир-бижир кўриб тўймаслиқ кўк гиламлари ва уларнинг димоғларға мажбурий искаткан даво ислари, ёқимлиқ ҳидлари ҳар қандоғ ишдан чиқаёзған ҳаёт эгасини озғина бўлса ҳам эпка ола биладирлар. Шунингдек, бу чечак қирлари ўз бағрида сузиб борған Отабекни ҳам ўзига қаратмай қўймайдир. Унинг фикри анув қоронғулиқлар ичида сузма ҳам кўзи чечак ва сабзалар томошасида, димоғи ҳидлар истишмомида, қулоғи қушлар нағмасида бўладир. Нима бўлса ҳам теварагидаги кўклам бежакларини кўздан кечира борадир.
Бора-бора фикри ҳам шу кўринишлардан ҳисса олмоққа бошлайдир.
— Ҳов ана бир қалдирғоч, тўғриға қараб ўқдек отилиб борадир, учкан йўлида вижир-вижир сайраб ҳам қўядир. Қалдирғочнинг қайғуси йўқ, суйганининг олдиға тезроқ етиш учун шошадирғандир: сайроғи ҳам суйганининг кўриш шодлиғи учундир… Бахтлик қалдирғоч: олған совғаси ҳам қўрқунч эмасдир, ота-онасининг ҳам орзу-ҳаваслари йўқдир. Уларнинг турмуш қонунлари жуда енгил, икав-икав, суйган-суйганни оладирлар-да тоғларда, ерларда, кўкларда учиб юруйберадирлар. Мен ҳам шу қалдирғочдек унинг сари отилиб, вижир-вижир сайраб учар эдим.
Унинг қалдирғочлиқ қаноти ота-она мукофоти билан қайрилған. Унга учкали эрк бермайдир-лар. Лекин ҳайвон унинг қайрилған қанотиға қарамасдан ўзининг эски адим ташлашида қирлар, тоғлар ошиб сувлар кечадир; етти-саккиз қайта бориб келган таниш шаҳарига интилгандан интила берадир. Бу ошишлар, бу кечишлар ўзга вақтларда Отабек учун ҳузур ва ошиқиш бағишлаған бўлсалар, бу гал уни нафратландирадирлар, бормай қайтиш фикри ҳалидан-ҳали кўнглига келиб турадир.
Узоқда қўш ҳайдаб юрган йигитнинг ашуласи эшитиладир: «Икки ёрни ажратувчи бу фалакнинг гардиши!» Руҳлик, кучлик кўкракдан чиқған бу ашула теваракни зир-р этдириб юборғандек, Отабекка ҳам бошқача бир таъсир берадир. Гўё бу деҳқон унинг истиқболидан ҳикоя қилғандек бўладир. Бу байт деҳқоннинг оғзидан яна такрорланиб тағин теваракни ёнғиратадир. Энди Отабекнинг кўнглидан бир гап ҳам ўтиб кетадир: «Икки ёрни ажратқучи бу фалакнинг гардиши эмас, ота-онанинг орзуси!» Ўзининг сирлик маъносиға Отабекнинг истиқболини олиб кўринган бу байт ниҳоят уни йиғлатадир. Кўз ёшлари юзи орқалиқ эгарининг қошиға ва отининг ёлиға тома бошлайдир…

* * *

Марғилонға тўрт қўниб кирар эди, бу гал олтинчи қўнишда етди. Теваракдан аср азони эшитилган вақтда отдан қўнди. Отини қутидорнинг йўлагига етаклар экан, негадир юраги ўйнаб кетди. Бу гал ўз одатидан ўн кунлар чамаси кечиккани учун «балки кутиб ўлтур-ғандир» деб ўйлаб ҳалиги юрак ўйноғиси тағин ҳам кучайди ва йўлакдан меҳмонхона ҳавлисиға чиқғач, ихтиёрсиз отининг бўйниға суялиб тўхта-моқ-қа мажбур бўлди.
Чиндан ҳам ул айвоннинг олдида кутиб ўлтурган эди. Хаёлот ичида Отабекнинг келиб кирганини сезмай ҳам қолди. Ниҳоят, қора оҳу кўзларни тўлдириб бунга қаратиб олғач, ўрнидан турди-да, ичкари ҳавлисиға бурилиб кета берди. Бу бурилиш маъносиға Отабек аллақачон тушуниб қолған, бу ўзининг кечикиб уни зориқдирғани учун… Кечикиш учун бунчалик араз қилған бу гўзалнинг кундаш учун қандоғ ҳолга тушмоғи маълум эди. Отабек тамом бир эсанкирашда қолди. Отини ахтахонаға боғлаб, совға-салом тўлдириб келган ипак хуржинни кўтариб ичкарига кирди. Суюкли куявни йўлакда кўрган Офтоб ойим қилиб турған юмишини улоқтириб Отабекнинг олдиға югурди, жонини минг тасаддуқ қилиб кўришкач, кечиккани учун нечоғлиқ ташвишлар тортиб ва қандоғ тушлар кўрганини лаби-лабига тегмай сўзлай кетди.
Аллақаёқларда юрган Тўйбека ҳам югура келиб сўрашмоққа уялса ҳам, аммо «чиройлик йигит»нинг қўлидағи хуржинни олди.
Офтоб ойим югура-югура қат-қат кўрпачалар солиб, куявни ўлтуришка таклиф қилди ва қаршилашни ҳар галгидан ҳам ошириб юборди. Лекин Отабек бу қарши олинишларға жуда ишончсиз қарар, бу кун бўлмаса эртага «ота-она орзуси» билан бу сийланишларни бирдан ўзгариб кетмагига имон келтуриб, қайси йўсунда ўлтуриб олғанини ҳам пайқамас эди. Офтоб ойимнинг бир қанча яхши тилаклар билан бўлған дуосига ҳам ишончсиз қўл кўтарди ва машъум «орзу»нинг бундоғ яхши дуоларни ост-уст қилишини ўйлади. Фотиҳадан кейин Офтоб ойим товоқни хурмага, хурмани товоққа урушдириб куявга қатиқ олиб чиқди ва Отабекнинг ичмаганига ҳам қўймай «ичингиз, йўл ғуборини оладир» деб қистай бошлади. Сўнгра Тўйбекани чой қайнатишға буюриб ўзи куяви билан сўрашди:
— Отангиз, онангиз саломатларми?
— Шукур, сизга салом айтдилар.
— Ҳасанали отам соғми, нега сиз билан келмади?
— Шукур, соғ, баъзи ишлар билан бўлиб келолмади,— бу жавобни бериш ҳомоно кўнглидан кечди: «Нега ёлғон гапирасан, Ҳасанали тўй ҳаракатлари билан машғул эмасми…»
Отабекнинг кириб ўлтурганига бир неча дақиқа фурсат ўткан бўлса ҳам ҳамон Кумуш уйдан чиқмадида, аразини қаттиғ ушлаганча ўлтуриб олди. Офтоб ойим куяви юзида кўрилган ўйчанлиқни Кумушнинг уйдан чиқмағанлиғиға йўйиб қизини чақирди:
— Кумуш! Қаллиғинг келдила-я, чиқиб сўрашишни ҳам билмайсан!
Офтоб ойимнинг шу йўсун чақириши уч-тўрт қайталаб бўлса-да, Кумуш эшитмаганга солиниб арзимаган нарсалар билан шуғулланған бўлиб чиқа бермади. Отабекнинг юзидаги ўйчанлиққа разм қўйған сайин Офтоб ойимнинг ҳалиги шубҳаси улғая борди, куявнинг кўзини шамғалат қилиб қизининг олдиға кирди ва шивирлаб Кумушни уриша бошлади: «Eсингни едингми қизим, эринг сани деб Тошканд деган шаҳардан келсаю, сан ким келди деб олдиға чиқмасанг. Тур, чиқиб сўраш, аразлаб кетиб қолса нима қиласан?» Офтоб ойимнинг бу кейинги сўзи чиндан ҳам Кумушни ўйлатиб қўйди: «…Кетиб қолса нима қиламан?» деган жумлани кўнглидан кечирди-да, онасидан илгарироқ гўёки, айвон тоқчасидан бир нарса оладирғандек бўлиб, ўзига термулиб турған Отабекка ер остидан секингина бир кулиб боқди ва тоқчадағи кераксиз бўлған бир пиёлани олиб, яна уйга кириб кетди.
Ўзбек ойимнинг сиҳирчи-жодучи деб қарғаши ҳам ҳикматсиз бир гап эмас. Кумушбибининг бу кулиб қараши Отабекка ажиб бир инқилоб ясаған эди. Ундаги оний бу ўзгариш жуда қизиқ ва сира ишонмаслиқ эди. Ул бу ер тегидан бир кулиб боқиш таъсири билан устидаги тоғдек босиб ётқан «орзу»ни ағдариб солған ва қушдек енгил тортқан эди. Унинг оний бу ўзгариши шундан иборат эди: «Уларнинг орзу ва ризолиқлари, бу ризолиқ шарофати билан топиладирған савоб, юртнинг юқори-қуйи гаплари — барчаси ҳам Кумушнинг ёлғиз шу биргина кулиб қараши олдидан ўтаберсин!»
Оний бу ўзгаришдан сўнг тараддудсиз шу қарорни кўнглидан кечирди: «Уларнинг орзуларини буларга сўзламайман-да, Тошкандларига ҳам бормайман».
Ундаги бу ўзгариш оний бўлғанидек жуда жиддий ҳам эди. Кўнглига неча кунлардан бери узала тушиб ётқан бу чигил «бир кулиб боқиш» сиҳри билан ешилган ва Марғилонда доимий турғунлиққа деб тугилган эди… Бу ўзгаришдан кейин онадан туғма бўлиб енгил тортди, гўёки мундан сўнг ўзиники бўлғандек қилиб ишонч ва сокит кўзлари билан уйга қаради. Шу вақт уй ичидаги ситамгар пари ўзининг сиҳирлик кўзлари билан Отабекка яна кулиб қараб турар эди-да, гўёки шу ку-лиш билан ўз сиҳрининг қайси даражаларда кучлик бўлғанини сўзлаб фахрланар эди.

* * *

Ўртадан ўн беш кунлар вақт ўтди. Кумушнинг қайталаб сўрашиға:
— Чиндан-чиндан: мундан сўнг Тошканд бормайман, — деган жавобни берар эди. Кумуш бу гапка ажабланар, тўғриси, шодланар эди.

* * *

Марғилон келганнинг йигирманчи куни. Отабек ҳозирғина қаёққадир чиқиб кеткан эди.
Қутидор одатиға қарши бозордан кундуз соат учларда қайтиб келдида, Отабекни сўради, йўқлиғини билгандан сўнг хотинини меҳмонхонаға бошлаб чиқди.
— Тинчликми? — деб сўрағучи Офтоб ойимға сўйинч ва ё қувончлиғи билинмаган бир вазият билан жавоб берди:
— Тинчлик.
Меҳмонхонада эру хотин ёнма-ён ўлтуришдилар. Офтоб ойим бу боши-оёғи йўқ ишдан ёрилар даражасига етаёзган эди.
— Отабекдан ҳеч бир сўз эшитдингми? — деб сўради қутидор.
— Қандай сўз эшитай, ҳар қачон сўзлайдир, албатта мен эшитаман.
— Тошканд тўғрисида ҳеч гап айтмайдими?
— Тошкандга бир гап бўлғанми?
— Тошкандга ҳеч гап бўлмаған, — деб кулимсиради қутидор. — Маним муддаом бошқа тўғриларда. Қизингдан ҳам ҳеч гап эшитмадингми?
— Ҳеч гап… Ҳа, айткандек кеча, эрининг мундан кейин Тошканд бормаслиғини сўзлағандек бўлған эди.
Қутидор бир ишка тушунгандек кўзини ўйнатиб олди ва сўради:
— Энди Тошканд бормас эмишми?
— Билмадим; чинми, чин эмасми, ҳайтовур қизингиздан эшиткандек бўлған эдим. Нима, ота-онаси билан уришиб келганми?
— Йўқ, — деди қутидор ва чўнтагидан бир нарсани ола-ола айтди, — мен бу кун Тошканддан қизиқ бир хат олдим.
— Кимдан?
— Қудангдан, — деди қутидор ва хатни оча-оча,— шуни санга ўқуб бермакчиман, — деди.
— Ахир ўзи нима гап? — деб сўради Офтоб ойим.
— Эшитсанг биласан.
«Қудамиз Мирзакарим қутидорға ва қудачамиз хо-нимға етуб маълум бўлғайким, бизлар мунда соғ-саломатдирмиз ва ул жонибдаги сиз ҳурматлик ва иззатликларни парвардигори оламдин сиҳҳатларингизни салоти хамса олдида сўраб турмоқдамиз. Баъда махфий қолмағайким, куяв ўғлингиз хизматларига юборилған эди. Иншооллоҳ, саломат еткан бўлса керак. Аммо сиз ҳурматлуларга маълумдир, бизнинг шул Отабекдан ўзга фарзандимиз бўлмай, дун-ёда ўзимиздан кейин қолдиратурған туёқимиз ва кўз тиккан орзу-ҳавасимиз, умид ҳадафимиз фақат шул Отабекдир. Муҳтарам сиз буродаримизнинг шул ягона ўғлимизни фарзандликка қабул қилиб, аммо бизнинг келин боламизни Тошкандга юбормағанлари бизнинг жанобла-ридин бўлған миннатдорлиғимизни ва яна ўғлимизға бўлған марҳаматларини бир оз тугаллай олмадилар. Аммо каминалари бу хусусдаги айбни сизнинг устингизга бутунлай юклай олмаймиз, зероки, бизнинг бошимизда бўлған «ёлғиз туёқлиқ» савдоси сизнинг ҳам бошингизда бордир. Начукким, Отабекнинг кўп умри Марғилонда ўтиб, бизларни ҳам сиз ўйлаған оғирлиққа солмоқдадир. Биродари азиз, сиз маним бу сўзларимдин хафа бўла кўрмангиз, зероки, фақирингиз бу сўзларни бир йўсин келиш важҳидин ёзиб ўтдимиз. Дунё орзу-ҳавас уйи дерлар. Юқорида баён қилинғанидек ва ўзлари билганларидек, айниқса қудачаларининг дунёга келиб куткани шу ёлғиз ўғулнинг орзу-ҳавасидир. Жаноблари бул ишка ҳақ берурларми, йўқми, аммо азизларнинг рухсатларини олмасданоқ Отабекни Тошканддан ҳам тааллуқдор қилмоқчи бўлиб, бул маънига баъзи ҳаракатларини қилиб қўйган эрдик. Аммо бизларнинг бул раъйимизга ўғлингиз қарши тушиб ҳарчанд рад қилса ҳам ниҳоятида онасининг сўзини ерда қолдирмаслиқ учун қабул қилған эрди. Аммо бул тўғрисидағи сиз жанобларининг рухсатларингиз баъдида жавоб бермакчи бўлиб, хизматларига кеткан эрди. Сиз ҳурматлулар бул маънини савоб топарсизларми-йўқми, бу жиҳати яна марҳаматларингизга боғлиқдир. Бу мактубни ёзишдан қасдимиз шулким, Отабекнинг у иккинчи тааллуққа асло раъйи бўлмай ва яна сизларга айтмай бул тарафда бизларни хижолат чекдириб қўярми, деб ўйладиқ. Буродари кироми, сиз дунё кўрган бир кишисиз, онасининг бу талабини хўб мулоҳаза қилиб кўрингиз, бу тўғридағи раъйи ўғлингизга қарағанда ҳам фақирларича сизларда бўлғани важҳидин албатта кўндиришка саъй ва кўшиш қилурсиз, деб ишонамиз. Отабекнинг иккинчи тааллуқи тўғрисида келин боламизға билдирилмаса хўб эрди. Бизларнинг хурсандчиликларимиз йўлида Отабек билан бирга Тошканд тушиб, ўз қўллари билан тўйимизни ўтказишингизга ишониб Юсуфбек ҳожи ва қудачалари. 17-нчи савр ойида 1265-инчи ҳижрияда ёзилди».
Қутидор хатни ўқуб битирдида, хотиниға қаради. Офтоб ойимға бу хат музлик сувга шўнғутиб олиш таъсирини берган ва ўлтурган ерида сирра бўлиб қотиб қолған эди. Оталар учун бундоғ гаплар унчалик ёмон таъсир бермаса-да, хотинларға қандай асар қилиши билгулукдир. Офтоб ойим учун гўёки қизининг бирар айби учун бу ишка мажбур бўлинғандек, Кумуш эса энди эрига суюмсиз, ишдан чиқған ва бурчакка тиқилған увададек бўлиб кўрина бошлаған эди. Мактубни эшит-кан қулоқлари янглиш эшиткандек бўлар эди.
— Тағин ўқуб кўрингиз-чи…
Қутидор хотинининг сўзидан кулди:
— Қайтариб ўқишнинг фойдаси йўқ, хатнинг мақсади сан онглағандек, — деди.
Офтоб ойим боши янчилған илондек тўлғанди:
— Қизим устига кундаш?!
Қутидор қафаска янги солинған қушдек уринмакка олған хотинини босмоқ бўлди:
— Ортиқча уринма, илгари ҳақиқатка тушун-чи…
— Ҳақиқати нимаси?
— Бунда гап бор.
— Нима гап бор?
— Агар бу ишда куявингнинг ҳам изи сезилганда эди, сан эмас ман ҳам бу гапка чидамас ва қизим устига тушкан бу оғир масалани тинчлик билан қарши олмас эдим. Аммо бунда куявингнинг иштироки кўрилмай, шунинг ила маним дамим кесилиб қолди. Ҳали унинг қизингға: «Мундан кейин Тошканд бормайман», деб айтканини сўзлаб эдинг-а?
— Ёлғонми, чинми, — деди Офтоб ойим тилар-тиламас, — эшиткандек бўлған эдим.
— Эшиткандек бўлған бўлсанг ҳам бу сўз чиндир, — деди қутидор, — нега десанг, хатининг мазмунидан ҳам онглашиладирким, бу иккинчи уйланишка Отабек бутунлай қарши бўлиб, фақат бу гап қудала-рингнинггина ишларидир. Шунинг учун куявингнинг уйланишини қизинг устига чин маъноси билан кундаш деб бўлмайдир.
Офтоб ойим кутмаган жойда қутидор тамоман Отабекни иккинчи уйлантириш тарафида туриб сўзлар ва ўлганнинг устига чиқиб тепар эди.
— Агар Отабек бу иккинчи уйланишка ризо бўлса эди, биринчидан рухсат олиш учун Марғилонға келиб юрмас…
— Шошманг-чи, — деди Офтоб ойим, — ўзингизча нимани сўзлай ётибсиз?
— Бу иккинчи уйланишда Отабекнинг ризосизлигини.
— Куявингизнинг ризолиғи бўлмаса худо хайрини берсин, вассалом.
— Гап унда эмас-да, — деди кулиб қутидор.
— Нимада? — деди қизишиб Офтоб ойим. — Қизингиз устига кундаш балосини ўз қўлингиз билан юкламакчи бўласиз шекиллик!
Қутидор совуқина қилиб кулиб қўйди:
— Тушунмай ётибсан, хотин.
— Ҳамма гапка тушуниб турибман.
— Тушунган бўлсанг бу хатка нима деб жавоб берамиз?
— Бизга маъқул эмас, денг.
— Маъқул эмас, дейиш билан иш битмайдир, бирарта далил кўрсатиш керак.
— Топарсиз, ахир далилни.
Қутидор тамоман тўнни тескари кийиб олған хотиниға қараб бошини қашиб олди:
— Хатда иккинчи уйлантириш учун бўлған сабабни қизимизни Тошканд юбормағанлиғимизда кўрсатила-дир, — деди қутидор. — Сан айтканча куявинг Тошканддан иккинчи уйланмасин-да, Кумушни қудаларинг олдиға турғун қилиб юборайлиқ, тузикми?
— Нега мен ёлғиз қизимни Тошкандга юборай, — деди кўзини олаландириб, — биз қизимизни беришда Марғилондан ташқариға олиб кетмас ваъдаси билан берганмиз.
— Бу гапинг тўғри-я, — деди қутидор, — мен ҳам Кумушни Тошканд юбормоққа қаршиман.
Гап бу ерда: биз Отабекдан бу ваъдани олған чоқда, «Ота-онанғдан кечасан, иккинчи уйланмайсан» деган ваъдани ҳам олғанми эдик?
— Бундай ваъдани берган бўлсин-бўлмасин, — деди энтикиб, — суюб олғандан сўнг иккинчи уйланиш сўзини ҳам оғзиға олмасин.
— Ким айтди санга, оғзиға олди, деб?
— Ҳеч ким айтмаган бўлса ҳам сиз ораға тушманг дейман, ўз оёғингизга ўзингиз болта қўйманг, дейман.
— Пичоқни ўзингга ур, оғримаса бошқаға, деган бир гап бор, — деди жиддий вазиятда, — мендан ҳам сан яхшироқ тушуниб турибсанки, агарда бизнинг ризолигимиз бўлмас экан, Отабек сира ҳам иккинчи уйланмайдир. Масалан, биз икав — қудаларнинг ўрнида бўлиб, ёлғиз ўғлимиз бошқа бир шаҳарда, биз танимаған бир қизға уйланиб қолғанда — ўйлаб қара, чидай олурми эдик. Ўғлимиз кўнмаганда ҳам ўз шаҳримиздан иккинчи уйлантиришка киришмасми эдик. Бу тилагимизга қарши тушиб ўғлимизни ўз шаҳри ва ўз уйида олиб ўлтурғучи қудаларимизға лаънат ўқуб ўлим тиламасми эдик?
Бу сўз Офтоб ойимни бир оз ўйлатиб қўйди. Лекин ҳали ҳам оёқ узатмаған эди.
— Энди нима қилмоқчисиз?
— Нима қилар эдим, — деди қутидор, энди ҳамма ихтиёрни ўз қўлиға олиб қўйған эди, — Отабек кўнмаганда ҳам кўндириб, ўзим биргалашиб Тошканд тушаман…
— Қизингиз бечорага…
— Қизимга ҳеч гап йўқ. Ҳали ҳам иззати, ҳурмати ўз қўлида.
— Қуриб кетсин шу дунёнинг ишлари!
— Қизингни Тошканд жўнатишка кўн бўлмаса.
Офтоб ойим жавоб бериш ўрнига ўкраб-ўкраб йиғлади.

* * *

Қайин ота, қайин она, куяв… Бу уч бурчаклик ўлтурмишдан Отабек кўнглида неча турлук шубҳа туғилмоқда эди. Бу одатдан ташқари чақириқ нега ме-ҳмонхонаға бўлди? Нега Кумуш бу ўлтуришка чақирилмади? Қайин онаси нега унга термулиб боқадир? Қутидор томонидан шу орада ул кутмаган бир савол ҳам ташланиб қўйилди.
— Отабек, уялмай, тортинмай жавоб берингиз; бу гал Тошканддан чиқишингиздаги асл мақсадингиз нимага эди?
Отабек тарафидан кутилмаган бу савол уни шоширди ва нима деб жавоб беришни билмай қолди.
— Ўзим… сизларни кўриш учун.
— Тўғрисини сўзлангиз, бек, — қутидор бу гапни ярим жиддий қилиб кулиб айтди. Чунки Отабекни шу йўсун баъзи ёқлардан таъмин этмакчи ва унга бу тўғрида жасорат бермакчи эди.
— Айтдим-ку.
— Тўғри айтмадингиз…
Отабек шошқан ҳолда эди:
— Тошканддан чиқғанимдаги мақсадни сўзлаш сизларга бир беҳузурлик берганидек ўзимга ҳам оғир… У тўғрида қатъий бир қарорға келганим учун сизларга сўзлаб ўлтуриш ҳам фойдасиз, — деди.
Офтоб ойим эрига қараб олди, қутидор ёвошқина бир товуш билан сўради:
— Сўзлаш оғирми?
— Менгагина эмас, ҳаммамизга ҳам оғир…
— Агарда биз ризолиқ берсамиз-чи?
Eрининг бу жасоратига қарши Офтоб ойимнинг юзига ризосизлиқ белгуси чиқди. Отабек эрса сесканиб уйқудан уйғонғандек бўлди ва иккиланиб сўради:
— Сиз нимага ризолиқ берасиз?
— Бу гал Тошканддан нима мақсадда чиқған бўлсангиз — ўшанга.
Отабек хижолат билан тер чиқарди:
— Тошканддан нима мақсадда келганимни биласизми?
— Биламиз, — деб кулди қутидор.
— Сизни бундай ишка ризолиқ учун ким ва нима мажбур этадир?
— Ҳеч ким мажбур қилмайдир, — деди кулиб қутидор,— мажбур қилған нарса: шундай кунлар учун ўғул ўсдирған ота-онанинг ризолиқлариғина, балки сизни ҳам шу гап мажбур қилар.
— Отам билан онамнинг ризолиқлари учун шундан бошқа сабаб қуриб қолғаниға нима дейишимни ҳам билмайман. Гарчи Тошкандда экан чоғимда бу ризолиқ йўлиға бел боғланған бўлсам ҳам, энди бу бел боғлашни бутунлай ўринсиз бўлғаниға тушундим…
Офтоб ойим оз қолдики, «тўғри!» деб қичқирсин. Аммо қутидор хотиниға хўмрайиб қаради.
— Қисқароқ ўйлайсиз, Отабек, — деди, — отангиз бизга мурожаат қилмағанда эди, биз бу ишда бетараф қолсақ бўлар эди. Ҳозирда биз ҳам сизнинг сўзингизга қўшилсақ сиз эмас, ёмон отлиқ биз бўламиз.
— Унинг мулоҳазасини қилманг.
— Нега қилмайлиқ?
— Ҳамма айбни маним устимга юклаб жавоб ёзингиз.
Қутидор кулди ва сўради:
— Тошкандда экан чоғингизда отангизнинг таклифини қабул қилған эдингизми?
— Қабул қилған эдим.
— Бизнинг рухсатимизни олғали Марғилонға ҳам келган эдингиз, шундоғми?
— Шундоғ…
— Баракалла, Марғилонға келиб бу гапдан айнадингиз-а?
— Айнадим…
— Энди Тошкандга Марғилондан айнаб борасиз?
— …
— Мана кўрдингизми, фақат бу ишда бизгина ёмон отлиқ бўламиз. Ўзингизнинг шу хатонгиз учун ҳам бу гапни қабул қилмоққа мажбурсиз.
Отабек нима деб айтишдан ожиз қолди ва ўзининг болалиқ ҳаракатидан сесканди ва хижолат орасида сўради:
— Отам сизга қачон хат ёзған эди?
— Кеча олдим. Демак, кўндингиз?
— Мен бу гапка дурустлаб ўйламасдан жавоб бералмайман.
— Қанча ўйласангиз ҳам жавобингиз биргина бўлиши керак; яъни ризолиқ.
Қутидорнинг бу сўзи жуда ҳам қатъий эди. Бу қатъи-ятни онглағучи кўнгилдан чиқараёзған бу масалани чинлаб ўйламоққа мажбур эди. Нима бўлғанда ҳам кўнглининг бир чеккасини кирлатиб ётқан бу «ота-она орзуси» бир томондан қаралғанда жуда енгил кўчкан эди. Аммо иккинчи томондан масаланинг ешилмаган ўринлари ҳам бор эди.
— Яхши, — деди, — мен сизнинг таклифингизга кўнайин, аммо кўнишнинг ва ризолиқнинг зарури қизингизда эмасми?
Шу чоққача мунгғайиб ўлтурган Офтоб ойим ялт этиб эрига боқди, яна чексиз бир меҳрибончилиқ назари билан Отабекка қаради.
— Сиз қизимизнинг андишасини қилиб ўлтурмангиз, бек, — деди қутидор, — бу ишни энг яхшиси унга билдирмасликдир, кейинроқ ўзи кўникиб кетар, бу тарафлардан ташвиш лозим эмас.
— Йўқ, — деди бек, — мен бу ишка башарти кўнганимда ҳам қизингиздан яширмайман.
— Нега?
— Негаки унинг ризолиғини олмасдан туриб, бу ишка оёғ қўйишим мумкин эмас.
— Агар кўнмаса-чи?
— Кўнмаса, мен ҳам кўнмасликка мажбурман.
Бу узил-кесил сўздан қутидор ўйлаб қолди. Офтоб ойим бўлса, қизининг қадрини бунчалик аршларгача кўтармакда бўлған йигитка ўзида чексиз муҳаббат, поёнсиз эҳтиром сезмакда ва нима учундир йиғлағуси ва куяви юзидан ўпкуси келмакда эди.
— Тузик, — деди қутидор, — унинг ризолиғини ўзингиз олмоқчимисиз?
— Йўқ, негаки қизингиз учун ҳақорат бўлған бу сўзни айтиш маним қўлимдан келадирган иш эмас, — деди. Эру хотин бир-бирларига қарашиб қўйдилар. Кейинги сўзни айтиб битиргач, Отабекнинг кўзига ёш келган эди. Ўзининг ҳолидан уялди шекиллик, уларнинг олдидан туриб ташқариға чиқди. Ул чиқғандан сўнг эру хотин яна ярим соатча жанжаллашиб ўлтурдилар.

* * *

Хуфтан намозидан сўнг янгиланган ташвишларни бир оз унутдирар умиди ила пойчироғ ёниға ўлтуриб, Фузулий девонини варақлар эди. Аммо Фузулийнинг ранг-баранг шеърлари устида қаноатланиб тўхтамас, ҳамон варақлағандан-варақлар эди. Шоирнинг нафис шеърлари ҳозир унинг учун тузсиз сўзлар йиғиндисидан бошқа бир нарса ҳам эмас эдилар. Ул шу вақт тўсиндан китобни ёпди-да, айвонға қулоқ солди. Чунки ҳозиргина сўзлашиб ўлтурган Кумуш билан онасининг товушлари ўчкан эди. Ул бу ҳолдан шаклланди. Айвондан она-боланинг қаёққадир йўқолғанларини пайқағач, тусида ўзгариш бўлғани ҳолда қайтиб келиб ўлтурди.
Нима учундир ҳозир унда бирар фожиъага тушкучининг ҳолати бор эди. Киши изтиробка тушкан кезларда тилаб эмас, ихтиёрсиз баъзи бир йўсунсиз ишларга уринадир. Шунингдек, ул ҳам жиддий бир равишда Фузулий мутолаасига берилди.
Ул ўзининг шубҳасидаги гапка қониъ, орадан ярим соатлаб эмас, бир соатлаб вақт ўтиб борған бўлса ҳам бу унга зерикарлик эмас, тез келгандан келмагани яхши; яхшилиқми, ёмонлиқми ҳайтовур бўладирған кўнгилсиз гапни кечиккани яхши… Фузулийни яхшилаб ўқуш керак. Шунинг учун ҳам маънолик шеърлардан бошини кўтармайдир-да, гўёки айтарсиз китобка михланган…
Кумушнинг уйга келиб киргани ҳам унга сезилмай қолди. Ул қушлар каби латиф товуш чиқармаслиқ қилиб гилам устидан юриб келди-да, секингина шамъ ёниға — Отабек қаршисиға ўлтурди. Унинг кўйнагининг чиқарған енгилгина шамоли билан ёниб турған шамъ «лоп» этди-да, кўришкандек, ўйнашқандек бўлди. Бу ҳолдан китоб устига муккадан кетиб ўлтурғучи чўчиб кўтарилиб қаради. Қаршисида: Фузулий таъбирича себи занахдони негадир қизариб, новаки мижгони кўз ёшлари билан жуфтланган ҳалиги пари эди… Биринчи қарашдаёқ куткан ишининг тўғрилиғиға инонди ва осийлар каби кўзини ерга тикди. Ул Кумушдан итобомиз сўзлар, аччиғ хитоблар кутар; биринчи итобдаёқ ота-она гуноҳига тавба қилишға ҳозирланар эди. Аммо иш ул куткунча чиқмади. Кутилмаган жойда, гўёки уни бу оғир ҳолдан қутқармоқчи бўлғандек:
— Фузулий яхши китоб, — деди Кумуш, — мен ҳам ёлғиз қолған кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим, сизамми?
Бу олийжаноб гўзалга нима дейишни билмас, қаердан сўз бошлашқа ҳайрон эди:
— Ким йиғлатди сизни?
— Йиғлабманми?
— Кўзингиз, кипракингиз…
— Ўзи шунақа…
— Йиғлатған мен эмасми?
— Китобни нега ёпдингиз? Очиб ўқунг, мен эшитай.
— Ота-она ризолиғини бир томчи кўз ёшингизга арзитдимми?
— Мен рози, мен кўндим, — деди дафъатан Кумуш, бу сўзни нимадандир қўрқғандек шошиб айтди.
— Кўндингиз… нега, а?
Отабек ҳайрат ва таажжуб ичида эди.
— Негаки, — деди Кумуш, — мен сизга ишонаман…
— Шунинг учун…
— Шунинг учун кўндим…
— Кўнглингиз фаришталар кўнглидек.
— Сизнинг ҳам кўнглингиз…
Икки жон, икки юрак гўёки биттадек бир-бирисини онглар, бирисидан-бирисига ўтиб юрар эди шу вақт.
— Бўлмаса нега йиғладингиз?
Бу саволдан Кумуш бир мунча ўнгғайсизланиб, уят аралаш бир табассум билан:
— Ўзим… — деди ва кейинидан ўзининг ҳамма тилак ва шартлари маъносини жамъи бўлған, — меним унутмайсизми? — деган сўроғини берди. Ул нима деб айтишка сўз тополмай қолди.
Чунки юрак сирини ифода қиларлиқ жумла топиш мумкин эмас эди. Жавоб бериш ўрнига ўзича сўзланди:
«Ота-она орзуси…»
— Биламан, — деди овутқучи товуш билан Кумуш.
— Маним орзумни ҳам биласизми?
Кумуш Отабек яқиниға сурилди ва тирсаклари билан унинг тиззасига ёнбошлаб эркаланди…

* * * 

Қутидор тарафидан эртага Тошканд жўнаш эълони берилди. Иккисининг ҳамма вақтлари
шамъ ёнида сўзлашиб кечди…

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 59-қисм

59 Эртаси эрталаб участка милитсионеримиз келди. Салом йўқ, алик йўқ, остонада туриб сиёсат қилди: — Совет органи сизга ўйинчоқми? — деди. — Эб-ей, биз нима қилдик? — дедим. ...

От кишнаган оқшом (қисса) 40-қисм

40 Бир сафаргисида мени-да эргаштириб жўнади. — Бошингдан ўтган савдони ўз тилинг билан ўзинг айтиб берасан, — деди. — Ўзи, қаерга бораяпмиз? — дедим. Ботир мироб шаҳодат ...

Юлдузли тунлар-79

4 Аграда сершамол ёмғир фасли бошланган саратон кунларининг бирида Тоҳир саройга — Бобурнинг ҳузурига келди. Девони хоснинг мармар айвонида ўтирган Бобур уни зўрға таниди — ...