ЖОДУГАР ҲИНДИ

4. ЖОДУГАР ҲИНДИ

Қайин отасининг оғриған касалидан тузала олмай ва ё тезроқ ўлиб тирикларни қутултирмай «чарлар» балоси билан ўзини ипсиз боғланғани учун сўнг чекда си-қилған, шунга кўра онасиға ачитиб сўзламакда эди:
— Ўйлаб-боқинг онажон! Бир бечора сизнинг орзуингизни деб, қизи устига кундаш юклади ва биргалашиб тўйингизни ўтқузишди. Иш кучидан қолиб, ўн кунлаб Тошкандда юрди. Нима бўлғанда ҳам биравнинг яхшилиғини билиш керак эди.
Ўзбек ойим ўзининг бир ҳафталик сўзини такрорлар эди:
— Энди нима қил дейсан болам, ўтқузмай кетишинг уят.
— Уят дейсиз-да, уятка ўзингиз тушунмайсиз.
Ўзбек ойим ўғлининг терс сўзидан қизишди.
— Жуда ҳовлиқа берма, ўғлим. Чарлар ҳам ўтар, андининг юзини ҳам кўрарсан!..
— Онажон, — деди Отабек, — сизнинг заҳарлик сўзларингизга нима дейишка ҳам ҳайронман… Биллоки, манинг ҳовлиқишим сиз айтканча бўлса… хоти-нимниғина эмас, унинг ота-оналарини андишасида шошаман. Уларнинг кўнгилларига гап келмасин деган мулоҳазада ҳовлиқаман. Мен сизнинг орзунгизга бутунлай қарши тушиб, Тошкандингизни тилга олмаслиққача борғанимда ўша бечоралар сизнинг риоянгиз билан мени бу ерга судрағандек қилиб олиб келдилар… Уятни билсангиз, энг ози шунинг андишаси керак эмасми?
— Бўлмаса чарларни кутмагин-да, югира қол, — деди Ўзбек ойим, — марғилонлиқнинг ўкчангдан урғанлиғи аниқ экан.
Отабек камоли бўғилғанидан сукут қилишға мажбур бўлди, чунки бу орзу ҳавас онаси ярани ҳар замон каттароқ оча боришға жуда ҳам уста ва бу усталиқ унинг барча кутканларининг кундан-кунга бўшка чиқа борғанлиғидан эди. Айниқса унга ҳозир бутун маъноси билан сир онглашилиб, марғилонлиқнинг жодусини жуда ҳам кучлик эканига имон келтирди. Ўғлининг орзу-ҳавасини кўрди — кўриш бўлса — орзулағандан ортиқ. Бироқ бу орзу-ҳавас орқасидан кутилган марғилонлиқ балосидан ўғлини қутқариш масаласи унинг тилагича бўлиб чиқмади-да, яна марғилонлиқнинг сиҳри ўткирлик қилди… Никоҳ куни Отабекнинг кийимларини жуҳуд домладан ўқутишлар, марғилонлиқдан совитиб тошкандликка иситишлар — барчаси ҳам ҳозир ўз ажзларини унга иқрор қилар эдилар. Кейинги «бешбош» домланинг берган тутатқи, эзиб ички, дуо ва туморлари ҳам негадир таъсир асарини сездирмадилар…
Ўзбек ойим марғилонлиқнинг домласини кучлик эканида шубҳа қилмаса ҳам, аммо бир ишка жуда ҳайрон эди: жуҳуднинг қилған жодусини — жуҳуд, мусулмон домланикини — мусулмон дафъ қила олур эди; нега булар асар қилмайди сира? — Ҳозир Ўзбек ойим бунинг сиррини ўйлаб тополмас эди. Бу боши берк кўчада ул узоқ қамалиб қолмади — бунинг сиррини дафъатан топди, ҳам жуда тўғри топди: «Марғилонлиқнинг домласи жуҳуд ҳам эмас, мусулмон ҳам эмас — ҳинди! Ҳиндиларнинг ҳам ҳанноси: бас, ҳанносининг сиҳрини на мусулмон домласи қайтарсину, на жуҳуд. Ўшал ҳиндининг ўзи қайтармаса, ўзга илож йўқ!»
Нима қилмоқ керак? Тошкандда бирарта ҳинди дом-ласи йўқки, иложини қилиб берса…
Энди хотин боши билан марғилонға мурожаат қилсунми?
Бошқа тушканни кўз кўрар, деган сўз бор. Ўзбек ойим ҳам бошиға тушкан бу кулфатни кўришка мажбур эди: «Шу галдан қолдирмай Отабекнинг ёниға Ҳасаналини қўшиб Марғилонға юбораман, Ҳасанали у ердаги ҳинди домлаға учрашиб, Отабек устидаги сиҳр-жодуларни ешдирсин… Ҳинди ҳар қанча олса ҳам майли, бисотдан у-буни сотиб пул қилиб бераман».
Отабек онасининг қаршисида бояғи сукутка кетканича жим ўлтурар эди. Ўзбек ойим ҳалиги кашфи-ётдан қутилиб бу тўғрида сўнгғи қарорини ҳам бериб бўлғач, Отабекка деди:
— Ўғлим… янги уйланган отинг бор. Маним олдимда ўлтуриб нима қиласан? Бечора ёлғиз ўлтурибдир.
Отабек онасиға бир қараб олди-да, жавоб бермади.
— Бор, болам, бор. Яхши эмас бу ишинг… — Ўзбек ойим сўзини бўлиб дарича ёниға келиб тўхтаған Ойбодоққа қаради.
— Сутчой тайёр бўлди, сузиб кирайми?
— Икки косани келинлик уйга бер, мен билан Ҳасан-алиникини шу ерга келтир.
Ойбодоқ кета бошлаған эди, Отабек уни тўхтатди:
— Маникини ҳам шу ерга олиб кир, — деди. Ойбодоқ Ўзбек ойимға қаради. Ўзбек ойим ўғлиға хўмрайди. Отабек хўмрайишға илтифот қилмай, Ойбодоққа «шундоқ қил» ишорасини берди.
— Бўлмаса келинникини ҳам шу ерга бериб, ўзини чақир. Ҳасанали уйида ичсин, — деди
Ўзбек ойим. Ойбодоқ кеткач, ўғлидан сўради: — бу нима қилиқ, болам?
— Қилиқ эмас.
— Келин билан бирга ичсанг нима бўлар эди? Биравнинг боласини мунчалик хорлаш яхши эмас.
— Бундан хорлағанлиқ чиқмайдир. Ўзини шу ерга чақирдингиз — иш битди.
Ўзбек ойим тағин нимадир айтмакчи эди, Ойбодоқ дастурхон кўтариб кириб қолди.
— Келинга айтдингми? Ўткан кунлар (роман).
— Айтдим.
Дастурхон ёзилиб, тушлик чой келди. Ўзбек ойим косасига нон ташлаб кўзи эшикда, яъни келинни кутар эди. Келин эшикдан кўрингач, ўғлиға «қарши ол» дегандек қилиб қараб қўйди. Ўн етти ёшлар чамалиқ, кулчалик юзлик, оппоққина, ўртача ҳуснлик Зайнаб қайин онасининг тилак ва шаънига лойиқ тавозиъ — одоблар билан битта-битта босиб дастурхон ёниға келди. Қайин она томонидан «ўлтуринг» рухсати берилганидан сўнг, қисилиб-қимтиниб товуш чиқармайғина ўлтурди. Ўзбек ойимнинг кўзи ўғлида. Ўғли бўлса чойга нон ҳўллаб емоқда эди. Бир-икки қайта хўмрайиб-хўмрайиб ўғлиға қаради-да, унинг кўзини учрашдира олмағандан кейин, унга сўз қотишға мажбур бўлди:
— Чарларинг ҳам бўла қолмадики, қайин отангни бориб кўрсанг. Ёки чарларсиз ҳам кўра қоласанми?
Зайнаб кўзини эрига тикиб қолди. Отабек салқинғина онасиға жавоб берди:
— Кўрсам бўладир… — деди ва кулимсирагансумон Зайнабка қаради. Зайнаб ҳам кулган бўлди. Шу кич-кинагина кулимсираш Ўзбек ойимни анча тинчитди. Аммо мусоҳаба шунинг билан тўхталиб, ораға яна бояғи жимжитлик кирди. Ўғлининг миридан сирини ажратиб ўлтурғучи она яна олазарак оғриғиға йўлиқди. Зайнабнинг кўзи тез-тез Отабекка тушар, у бўлса хўр-хўр чойни ичар эди. Бу ҳолдан Ўзбек ойим ич-етини еб, юткан луқмасининг мазасини ҳам билмас, қисқаси ўлтуриш сўзсиз, гўё тузсиз ва маъносиз эди. Бу маъносизлик тадбирини кўриш яна Ўзбек ойим устида:
— Келин пошшоға тилла узук буюрдингми?
— Буюрдим. Эрта-индин битиб қолар. — Отабек сўзни чўзмоққа йўл қўймади. Аммо онаси гапдан гап чиқариб, сўзга сўз уламоқчи эди:
— Тилла чочпопугингиз бор эдими?
Зайнаб эрига қаради ва ийманибгина жавоб берди:
— Йўқ.
— Йўқ бўлса олиб бераман, — деди Отабек. Ўзбек ойим анчагина жонланиб олди. Тағин ундан-мундан сўз уринтирмоқчи бўлған эди, унча муваффақиятлик чиқмай бошлади. Сутчойдан сўнг қумғонда чой келди. Зайнаб биринчи пиёлага қуйиб ўрнидан турди ва қайин онасиға икки қўллаб узатди, иккинчи пиёлани тўл-дириб ўрнидан турмоқчи бўлған эди, уни Отабек тўхтатди.
— Мундан кейин чой беришда ўрнингиздан туриб ўлтурманг, — деди. — Ўлтурган ерингиздан берсангиз ҳам бўладир.
Лекин бу гап қайин онаға ёқмади, эътироз қилди:
— Нега ундоғ дейсан, бола. Ўриндан туриб чой бериш одамзоднинг зийнатидир, келинларнинг бор-йўғи келинлиги ҳам шунда-ку!
— Сизнинг учун ҳам ўлтуриб чой берсин, демайман; аммо бу такаллуфнинг менга кераги йўқ, — деди ва қўлидағи чойни тез-тез ичиб бўшатди. Фотиҳа ўқуб ўрнидан турар экан: — Албатта, сизга ўрнидан туриб чой бериши лозим… — деди ва чиқди. Бу гапни Зайнаб чинга ҳисоблағани учун бошқа нарса пайқамаған, аммо Ўзбек ойим бўзариб қолиб дарав эсига ҳиндининг жодуси келиб тушкан эди.
Шу ўлтуришдан бир соатча кейин Ўзбек ойим уйни холилатиб Ҳасаналини ўз олдиға чақиртириб кирди. Ҳасанали бу чақиртириқдан бир нарса ҳам сезмаган, чунки, хўжабекасининг ички сиррига унча ошно эмас; чарлар маслаҳатидир, деб ўйламоқда эди. Ўзбек ойим уйнинг эшигини беклаб келди-да, Ҳасаналининг яқин-роғиға ўлтурди ва ярим товуш билан муддаони оча бошлади.
— Энди иш Тошканд домлалари билан битатурғанга ўхшамайди… Ўйлаб қарасам, Марғилонлиқнинг домласи ҳинди экан. Шунинг учун ноилож сани олдимға чақиртирдим. Сан ҳам одамсумон гапимга тушуниб, бу тўғрида ақлинг етканча зеҳнингни югиртиргин… Ўзингга маълумки, кундан-кунга марғилонлиқни унутиш ўрнига ҳар соат унга эси борадир. Бу ҳолларнинг барчаси ўша ҳиндининг жодусидан бўлиб, муаккиллар Отабекнинг бўйнидан сиртмоқ солиб Марғилонға тортадирлар…
Ҳасанали хўжабекасининг кўбдан бери домлахўжа билан саргардон бўлиб юришини билса-да, аммо унинг «ҳинди, сиртмоқ солиб тортиш» каби сўзларига тушунмади. Бекасининг феъли хўйини яхши билгани учун, яъни унинг қарғашидан қўрқиб тушунмаганлигини билдирмади-да, «қани гапнинг теги қаерға борар экан», деб жим, қулоқ солған бўлиб ўлтура беди. Аммо Ўзбек ойим сўзини ҳалиги ерда тўхтатиб: «Сан шунга нима кенгаш берасан?» деган саволни берди.
— Мен нима дер эдим… Сиз нимани маъқул кўрсангиз шуда, — деди. Ҳасаналининг тушунмаслик орқасида берган бу жавоби Ўзбек ойимға ниҳоятда ётишиб келди:
— Баракалла, Ҳасан. Ана шунинг иложини ўзинг қиласан.
— Яхши…
— Эрта-индин чарлар бўлиб ўтса, албатта Отабек Марғилонға югирадир. Шу вақтда сан ҳам бир нарсани баҳона қилиб бирга Марғилон борасан-да, қаердан бўлса ҳам ўша ҳиндини топасан ва назрини бериб яхшилаб қайтартириқ қилдирасан…
— Кимни?
— Кимни бўлар эди, Отабекни-да.
— Нега?
— Тушунмадингми?
— Тушуниш бўлса — тушундим… Шунчаки аниқлаб олмоқчиман-да.
— Марғилонлиқ-ку Отабекни ҳинди домладан ўзига боғлатиб қўйибдир. Ана шуни сан ҳам пайқаб юргандирсан-ку?
— Пайқамаған бўлсам ҳам аммо мақсадингизга энди тушундим, — деди кулиб Ҳасанали. —
Ниятингиз Отабекни марғилонлиқ келиндан совитиш.
— Баракалла, — деди Ўзбек ойим, — совитишгина эмас, унинг чангалидан Отабекни узил-кесил қутқариш.
Ҳасанали ҳайрон бўлди. Чунки хўжабекасининг марғилонлиққа мунчалик адовати бор деб ўйламас эди.
— Нега энди?
— Ўғлимни марғилонлиқларнинг қўлиға бериб қўй-майман-да, ахир. Бурун Тошкандда хотини бўлмаған бўлса — энди бор, мундан кейин анди келинга бизнинг муҳтожлигимиз йўқ…
— Хайр, энди нима қилмоқчисиз?
— Нима қилишим кундан ҳам равшан, — деди Ўзбек ойим ва тамом қаноат ва ишонч билан бояғи мақсадни такрорлади: — ўзингга айтканимдек, Мар-ғилондағи ҳинди домланинг ўзидан бир мартаба қайтариқ қилдирсақ марғилонлиқнинг сир-жодулари ботил бўлиб, Отабек ўз-ўзидан андини талоқ қилиб юборадир…
— Сиз марғилонлиқ ҳинди домланинг ўғлингизга қилган жодусини қаердан билдингиз?
Ўзбек ойим бу савол билан ўзининг кашфидан бир оз шубҳаланди-да, ишончсизроқ қилиб:
— Ўзим билдим, — деди.
— Ўзингиз қаёқдан биласиз, ахир бирав айткандир сизга?
— Ўз ақлим билан топдим.
Ҳасанали ўзини тутолмай кулиб юборди:
— Лекин шунга қолғанда ақлингиз бир оз янглишибдир…
— Нега?
— Негаки икки ўртада сиҳирчи ҳинди ҳам йўқ, сиҳир қилдирғучи марғилонлиқ ҳам, Отабек ҳам сиҳирланган эмас.
— Нега бўлмаса Отабек ҳадеб уйланса ҳам Мар-ғилонга ошиқаберадир?
— Бунинг сабабини ҳали ҳам билмайсизми?
— Биламан, сиҳир-жоду қуввати.
— Жодуни ким қилдирадир?
— Қайин отаси, қайин онаси, қолаберса хотини.
— Янглишасиз, ойи.
— Нега янглишаман?
— Сиҳир-жоду қилишдан уларнинг мақсади нима, деб биласиз?
— Калвак ўғлимнинг ақлини ўғирлаб, пулини емакчилар.
— Пулини емакчилар? — деб кулди Ҳасанали. — Марғилонлик қудаларингизнинг давлати олдида бизникини йўқ, деса бўладир. Ундан кейин мен яхши биламанки, улар Отабекка уч пуллик ҳам рўзғор қилдирмайдирлар. Буни ўзим яхши билганимдек ўғлингизнинг ўзидан ҳам «уларнинг рўзғор қилдирмағанларидан жуда сиқиламан» деган сўзини неча қайта эшитдим. Шуни ҳам яхши билмоқ керакким, ўша жодугор қудаларингиз ёмон кишилар бўлғанларида Отабекни Тошканддан уйлантириш сиз ўйлағанча қулай иш бўлмас эди. Ўғлингизнинг Марғилон борғандан сўнг ваъдасидан айнаганини албатта ҳожидан эшиткан бўлсангиз керак…
Ўзбек ойим енгилаёзган бўлса ҳам, айниқса Ҳасаналидан тил қисиб қолғуси келмас эди. Гўёки шунча ўткан гапларга қиймат бермагандек:
— Мен бунинг сиррини энди хўб билиб олдим, — деб қўйди.
Ҳасанали кулди.
— Билсангиз ҳам янглиш онглабсиз, чунки бунинг сирри сиз ўйлағанча эмас.
— Қандоғ?
— Ўғлингизнинг ҳар замон Марғилонға ошиқмоғи… айниқса бу гал қайин ота, қайин оналаридан андиша қилибдир. Ундан кейин…
— Ундан кейин?
— Ундан кейин катта келинингиз ўғлингизнинг кўз очиб кўргани.
— Кўз очиб кўргани? — деди Ўзбек ойим ва истеҳ-золаниб кулди. — Зайнаб ўша марғилонлиқча бўлмапти, дегин?
— Мен қаёғдан билай… Эҳтимол ўғлингизча шундайдир…
— Ўзинг уларнинг иккисини ҳам кўргансан, индалло сўзла: улардан қайси бирисининг ҳусни ортиқ?
Ҳасанали бу савол қаршисида нима деб айтишка билмай қолди…
— Муҳаббат деган нарса ҳуснга қарамайдир.
— Қарайдирми, йўқми, сандан уни сўраётқаним йўқ. Қайси бириси кўҳликрак деб сўрайман?
Ҳасанали қийналди ва гапни бошқаға чалғитиш учун:
— Энди маслаҳат нима бўлди? — деб сўради.
— Олдин сўзимга жавоб бер-чи, ер юткур!
— Саволингиз қизиқ, нима деб жавоб беришга ҳайронман… Тўғрисини айтайми?
— Тўғрисини!
— Тўғрисини индалло сўзласам, — деди ва қийналиб тўхтади, — ҳар бир гулнинг иси ўз йўлиға.
— Тўғрисини дейман!
— Анув келинингизнинг ўлса ўлиги ортиқ…
— Гапирма-гапирма, — деди Ўзбек ойим, — бошда шу марғилонлиқ балосига ўзинг сабабчи бўлғанмисан, ҳали ҳам ўшанинг томонини олиб сўзлайсан! Сандек соқоли узун, ақли қисқадан кенгаш сўраб ўлтурған мен ҳам аҳмоқ!
Ҳасаналининг чалғитиши ва ҳайрон бўлиши Ўзбек ойимнинг табиъатини яхши билгани учун эди. Ул ўз хоҳишига тескари келган ҳақиқатни кўрмайдирган қизиқ бир табиъатка молик эди.
— Ўзингиз тўғрисини сўзлатиб, тағин нега мендан хафа бўласиз, ойи, — деб муқобала қила бошлаған эди, Ўзбек ойим яна гуруллаб кетди:
— Бўлди-бўлди… тузингни ичиб, тузлиғингга тупурганни худой кўтарсин, — деди.
Ҳасанали хўжабекасининг қарғиш ва койиши остида кула-кула уйдан чиқди.
Бу мусоҳаба кўринишда Ўзбек ойимға унча ўзгариш бермагандек сезилса ҳам, лекин руҳан
уни анча бўшашдирған эди.

* * *

Шу гапдан бир ҳафта чамаси кейин ва чарлар кутишнинг ўн бешинчи кунлари эди. Отабек меҳ-монхонада тоқчадағи китоблар орасидан қандайдир бир китобни ахтарар экан, Ҳасанали унинг ёниға кирди.
— Панжшанба кун чарлар эмиш, хабарини бериб кетди.
Отабек китоблардан бирини суғуриб олди ва варақлар экан, «чарлари ҳам қурсин», деб қўйди. Кўнглидан кечирди: — «Бу кун душанба бўлса, тағин орада тўрт кун бор».
— Мана бу хат ҳам сизга эмиш, — деди-да, Ҳасанали унга бир мактуб узатди, — боя бирав бериб кеткан эди, — деди ва шошиб-пишиб қазо бўлаёзған аср намозини ўқуш учун жойнамоз ёзди. Отабек мактубнинг унвонига кўз ташлади: «Тошкандда… маҳалласида турғучи Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлиға тегсин». Ким томондан ёзилғанлиги унга маълум бўлиб, қўлидағи китобни тоқчаға қўйди ва шоша-пиша хатни очди.
Катта қоғозда туссизроқ сиёҳ билан ёзилған узун бир хат. Унинг кўзи ёзув устида сузди.
Сузган сайин негадир унинг тусида улуғ бир ўзгариш, вужудида бир титроқ воқиъ эди. Бу хат унга сўйинч берар эдими, даҳшатми ўзидан бошқаға мажҳул эди. Шу мажҳул ўзгаришларнинг сўнг чекига бориб еткандан кейин хатдан кўзини олди ва ихтиёрликми, ихтиёрсизми, ҳайтовур бор товшича «қўрқутмоқчи!» деб юборди. Бу сўз билан Ҳасанали ҳам нари-бери намозини
битирдида, жойнамоздан бурилиб қаради:
— Нима гап?
— Ҳеч гап йўқ, — деди Отабек ва эсанкираш вазиятида унга қаради:
— Қўртқутмоқчи, дедингиз-ку, хат кимдан?
— Хатми? — деди ва шунинг ила бир оз эсини ўзига йиғиб олғандек бўлди, — хат келинингиздан… Қўр-қутмоқчи бўлиб баъзи бир кинояларни ёзибдир…
Бу гапни айткандан сўнг хатни буклай берди. Ҳа-санали фотиҳа ўқуб Отабек ёниға келди.
— Киноялар ёзиши кечикканингиз учундир, — деди. Отабек тасдиқ ишорасини бергандек бош силкиб қўйди.
— Айниқса шу гал кечикишингиз бечора келинга оғир тушиб киноялар ёзишға мажбур бўлған, — деди Ҳасанали: — Аниғи ҳам бечорага жуда оғир, «кундаш— хотин зотининг ўлуми» деганлар. Энди, нима бўлғанда ҳам орангизда оз қолди, чарларни ўтказа жўнайсиз-да. Отабек жавоб бермади, чунки Ҳасаналининг кейинги сўзидан ризо бўлмаған эди.
Ҳасанали уни тинчитиш учун: — Агар кўнглингиз тинчимаса, — деди кулиб, — сиз ҳам киноялик бир хат ёзиб берингиз. Хат келтиргучи эртага хабар олиб ўтишини билдирган эди.
Отабек бу сўздан бир оз жонланғандек бўлди. Чунки унинг кўнглига бу киноялик мактубни жўрттага ёзилған бўлғанлиғи келиб тушган эди.
— Бу гап тўғрими? — деб сўради.
— Тўғри. Эртага эрта билан келиб, хат бўлса олиб кетмакчи эди.
— Яхши, — деб кулимсиради Отабек, — эрталаб келса хат бераман.
Ҳасанали меҳмонхонадан чиқғач, ўзини тўхта-тиб олғани ҳолда иккинчи қайта хатни кўздан кечирди:
«Вафосизга. Мен ўзимнинг бу мактубимни кўз ёшларим билан ёзаман. Негаки ҳозирда маним ёлғиз кўз ёшларимгина эмас, бутун борлиғим сиёҳдир. Мен энди оғизлардағи «вафо» сўзига ишонмайман. Чунки мен ўзимнинг вафосига ишонғаним бир йигитдан улуғ вафосизлик кўрдим.
Уятимдан кўзларимни очолмайман. Негаки еру кўклар, тоғу тошлар ва дунёдаги барча нарсалар маним алданғаним учун кулиб масхара қилғандек қарайдирлар… Бу кунимдан, бу ҳасратимдан қутилиш учун ўзимга ажал чақираман. Лекин ажал ҳам мен шўрликдан нафратлангандек, гўё ул ҳам менга вафосизлик қиладир. 
Бегим, гарчи аччиғлансангиз ҳам айтишка мажбурман: сизда виждон, инсоф, раҳм, ваъда, вафо, яхшилиқни билиш, боринг-чи, одамгарчиликдан ҳеч гап йўқ эмиш. Билъакс сиз: ҳийлакор бир тулки, оғзи қон бир бўри, раҳмсиз бир жаллод, уятсиз бир йигит!
Сизни ҳийлакор дедим: эсингизда борми, содда отамни, гўл онамни қандоғлар қилиб алдадингиз? Ёдингизда борми, шамъ ёнида мени алдаб айткан сўзларингиз, берган ваъдаларингиз, «маним орзум» деб қилған хитоб-ларингиз, тўккан кўз ёшларингиз?.. Бас, бу ҳийлалар, бу макрлар сиздан бошқа кимда топилсин?
Сизни оғзи қон бир бўри дедим: чунки сизда раҳм йўқ. Сиз ўзингизнинг заҳарлик тишларингиз билан мазлумлар кўксини, баёвлар бағрини чок этасиз; янги очилған гулларни, энди бош тортқан лолаларни вақтсиз сўлдирасиз, очилиб битмай ўлдирасиз!
Сизни уятсиз дедим: илгариги ваҳшатингиз билан ўзингизнинг ҳаққингиз битканлигини билатуриб ҳам яна уялмай-қизармай виждонсизлар амрини берасиз ва уятсизлиғингизни яна бир қат ортдирасиз!
Мен сизнинг баъзи бир даъволарингизга ҳайрон қоламан: отам Тошкандда экан чоғда бу гапни айтишка уялған эмишсиз… Гўё бунинг ила номуслик бўлиб кўринмакчисиз шекиллик?!
Онам баъзи вақтларда:

Янги ёр топқанда дўстлар, эскидан кечмоқ керак,
Eскини ўлган санаб, латта кафан бичмоқ керак

байтини ўқуб қўяр, мен бўлсам ул вақтларда бунинг маъносига тушунмас эдим. Аммо… энди бу байтни кимга айтилганига ва унинг маъноларига хўб тушунмакдаман. Ташландиқлиқнинг сўнг ўтинчи қилиб сиздан шуни сўрайман: учунчи ёр топқанда иккинчи бечорага ҳам шундай уятсизлик қилинмаса эди. Бу тилагим учун ажабланмангиз, чунки, «пичоқни ўзингга ур, оғримаса ўзгага сол», дейдирлар.
Сизга янги ёр, менга уятсизликнинг қурбони бўлиш муборак. Кумуш эмас, Тупроқбиби ёздим. 17-жавзо, 1265-инчи йил Марғилон».

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-зулм ўчоғи

Худоёрхонға 1283-нчи  йилда  учунчу  мартаба  тахтка  чиқиш  насиб  бўлди.  Унинг  охирға салтанати  хонлиқ  истибдодининг  аччиғ  зулм  ва  таъаддиларининг  жонсўз  қора  ...

Юлдузли тунлар-23

2 Чўқмор зарбидан жароҳатланган билаги қаттиқ оғриётганини мавлоно Фазлиддин қоронғи бир ҳибсхонада ёлғиз ўзи қолганда сезди. Уни Андижоннинг Чақаридаги тош истеҳком ичига, ...

Ираклий абашидзе

АБАШИДЗЕ Ираклий Виссарионович (1909.10.11, Кутаиси губерняси Хони қишлоғи — 1992) — грузин шоири ва жамоат арбоби. Грузия ФА академияси (1960). Шоирлар:Расул Ҳамзатов, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400