ЖОНСЎЗ БИР ХАБАР ВА ҚЎРҚУНЧ БИР КEЧ

12. ЖОНСЎЗ БИР ХАБАР ВА ҚЎРҚУНЧ БИР КEЧ

Агар олған ҳисобимиз тўғри чиқса, бу гал унинг Марғилонға қуруқ қатнаб юришининг еттинчи қайтаси эди. 1267-инчи йилнинг кузи — бу воқиъаға ўн саккиз, ўн тўққуз ойлар ўтиб кеткан эди.
Eрталабки чойдан сўнг, уста Алим ўзининг қайниси билан ошхонаси ёниға янгигина қурған тўқув дўконлари ёнида ипакка оҳор бериш ила овора эди. Аммо ул бўлса, дўконхонанинг устунига суялган кўйи қандайдир бир ўй билан машғулдек кўринар, устанинг Тошканд тўғриларида берган саволларига «шундоқ, ҳа, йўқ, албатта» каби қисқа жавоблар билан қарши турар эди. Ул шу кўйи ярим соатлар чамаси сўзсизлик сўнггида, сўзсизгина кўча эшик томонға чиқиб кета бошлади, уста Алим кўзини ишидан узиб сўради:
— Йўл бўлсин, Шокирбек?
Отабек йўлак ёнидан жавоб берди:
— Шаҳарни бир айланиб келмакчиман.
— Жуда яхши, — деди уста ва: — аммо пешиндан кечка қолманг, мен ошни дамлаб сизни кутиб ўлтураман, тузикми?
— Тузик, — деди Отабек ва йўлакдан ўтиб эшик олдиға — кўчага чиқди. Чиқиши билан нариги эшикдан Содиқ ҳам кўриниб қолди-да, Отабек билан тўқнаш келди. Содиқ илтифотсизгина унга қараб олғач, шоша-шоша ўнгдаги тор кўчага юриб кетди. А Отабек тўғриға, катта кўчага қараб юрди. Ҳаво булут эди.Оқ булутлар бўлғанлиқдан қуёшнинг нури унча кесилмаган, қуёш тўр рўймол ичида ўлтурған келинлар каби ер юзига сузилиб қарар эди. Булутларнинг оҳистагина сай-ридан сезилар-сезилмас ҳафиф бир шамол юриб, енгилгина бир изғириқ ҳам юзга келиб тўқунар, бу изғириқ кишига унча роҳатсизлик бермаса-да, лекин қаердадир доғ қи-лин–моқда бўлған зиғир мойининг аччиғ исини димоғқа келтуриб уришидан кишига бир беҳузурлик ҳосил бўлар эди. Отабек йўлнинг айрилишиға бориб тўхтаған эди. Юзидан иккиланиш ҳолати сезилар эди. Бу ҳолат икки йўл устида воқиъ бўлғанлиқдан онгланмоғи енгил, чунки бир томонда пояфзал растасининг йўли, иккинчи ёқда тўғри кўча эди. Узоқ тўхтаб турмай собит ва кучлик адимлар билан пояфзал растасига юрди. Гарчи бу кўча унинг юзига қизариб-оқариш ва бўзариб-сар-ғайиш туслари берар эди, яна ҳар ҳолда ул собитқадам эди, ўша воқиъадан сўнг, оналар таъбирича, «илон чиқған» бу кўчага биринчи кириши, биринчи жасорати эди. Кўчанинг бурилишида яна бир оз унинг адимлари секинлашса ҳам, лекин олдинлашини қўймай бораверди. Узоқдан қутидорнинг тилсимлик дарбозаси кўриниб турар эди… Дарбоза ёнидағи машъум тол дарахти ҳам номуборак бир ишка гувоҳлик берган каби бўлар эди. Борлиқ кучини асабият марказига йиғиб, тағин бир қайта дарбозага қараб олди. Бу қарашида бутун ўткан кунла-рини яна бир қайта хотирлағандек бўлди ва иҳтизозот орасида уфлаб юборди. Кўринган гилос ёғочларининг остида бир вақтларда кимдир бирав уни кутиб олар эди, энди-чи… Энди кимни кутар экан?— деган савол миясини шипириб кетди… Ул Кумушни тамоман ўз муҳаббатида боқий деб билар ва отасининг зулмига маҳкум, деб тушунар эди. Шунинг учун кўринган гилос ёғочи-нинг куз билан сарғайған баргидек Кумушнинг заъфарон юзини кўрди, ўзи учун эмас, унинг қалби парчаланғандек бўлди. Ҳозир ул кутилмаган бир жасоратка молик бўлған каби эди. Кирайми, деб ўйлади, бевосита ўзи билан онглашайми, деб жасоратланди… Лекин… лекин дарбозанинг қаршисидағи машъум тол ёғочи унга қараб кулгандек бўлар эди: «Борингиз, эшигим ёнида тўхтамангиз, орсиз…»
Ул дарбозага яқинлашаёзган эди, нимадандир чўчиб четка бурилди. Чунки дарбозадан чиқиб қолған икки кишини кўриб, буларнинг бирини қайин отаси бўлиб чиқмоғидан ҳурккан эди. Ҳайтовур чиқғучилар бегона одамлар бўлиб, олдинга тоба юрий бошладилар. Бояғи «…орсиз» жумласи билан унинг кириш фикри тамоман сўнган эди. Аммо «биравлар» тўғрисида нима бўлганда ҳам бир гап эшитмак ҳаваси туғилған эди. Бу чиқғучилар гарчи қутидорнинг ити ҳақида бўлса-да, бир маълумот бералар-ку, деб ўйлади ва уларга етиб олиш учун адимларини кенгайтирди. Улардан уч-тўрт адим берида борар эди. Бахтка қарши улар чурқ этмайгина кетар эдилар. Ниҳоят, юз адимча боргандан сўнг, улардан сўз эшитишка тўғри келди; бириси иккинчисига деди:
— Тўй билан никоҳни бу кунга қилғанимиз яхши бўлди.
— Нима, жувонга ҳам тўй бошқа, никоҳ бошқа бўлармиди? Борди-келди битта жувон қизи бор-ку, мунга тўйни бошқа, никоҳни бошқа қиламиз деганига ҳайронман.
— Ахир қутидор ҳам бообрў одам-да, — деди би-ринчи киши.
Жонсўз бу хабарни эшиткан Отабекнниг ҳуши бошидан учкан каби бўлди-да, адим узган жойида михлангандек қотиб қолди. Гўё устидан бир челак қайнаған сувни ағдарған эдилар-да, бутун териси оёғига сидирилиб тушкан эди… Беш дақиқалаб йўл устида эсанкираган, ҳушсизланган кўйи қотиб турғач, мошинавори бирдан юриб кетди… «Кишининг хотинини талоқсиз чиқариб ол-да, бу кун эрга бер», деди ва телбаларча нима учундир кулиб қўйди, ўз-ўзига сўзланиб Марғилон кўчаларида тентакларча югура бошлади. Унинг бу кунги ҳолиға қараш юракларни ёрғанидек тасвирга ҳам қалам кучи ожиздир…

* * *

Ойнинг ўн бешлари бўлса-да, ҳавонинг булутлиғи билан ой кўринмас, чин маъноси билан қоронғи кузнинг қоронғи бир туни эди. Бир неча юз йиллардан бери яшаб фавқулодда зўрайиб кеткан «Хўжа Маъоз» мозорининг чакалаги бу қоронғилиққа бир манбаъ каби эди. Кучлик бир ел турған, қандайдир бир ишка ҳозирланған каби тўрт томонға югуриб юрар эди. Мозор чакалагининг бир бурчагида тутаб ётған тўнка ёнида сочлари ўсиб соқолиға қўшилиб кеткан бир девона бу мудҳиш қоронғилиққа қарши курашкан каби гулханни ёндиришға тиришар, гулхан таварагидан айланиб қўлидағи касави билан тўрт томонидан ковлар эди. Ел борған сайин кучлана борди, чакалак тартибсиз ҳолға кириб кетди, битта-яримта тўкилмай қолған япроқлар шитир-шитир тўкилишка олдилар, қарға ва зоғчалар айни уйқу замонида тинчсизлагани учун елга қарши на-мойиш қилғандек ғо-ғу билан чакалак устидан айлана бошладилар. Ел кучайгандан кучайиб борар ва шу нусбатда мозор ичи ҳам яна бир қат қўрқунч ҳолға кирар эди, ел кетма-кет бўкурар, бунга чидай олмаған шох-шаббалар қарс-қурс синар, кекса ёғочлар ғийқ-ғийқ этиб ёлбориш товши чиқарар эдилар. Ел ортиқча бир ғазаб устида эди, ер юзидаги тиккайган нарсани букиб-янчиб ташламоқчи бўлғандек пишқирар эди. Чинорлардан бирисини ерни титратиб йиқитди, девонанинг гулханини ҳам тўнка-пўнкаси билан кўтариб чакалакнинг ичига отди. Бутун мозор ичини ўт учқуни ила тўлдириб, яна кўринишка бошқача бир тус берди. Мозорни бу ҳолға солғандан сўнг гўё шунинг учун ғайратлангандек бир оз пасая тушди, оч қолған шер каби пишқириб бўкиришлари босилғандек бўлди. Ярим соат чамаси жонсаракка учраб учиб юришка мажбур бўлған қарғалар елнинг ғазаби босилғанини бир-бирларига хабар бергандек ғо-ғу билан эски ўринларига қўна бошладилар. Кўкни ўраб олған қора булутлар ҳам тўс-тўска бўлиниб, ой ҳам қора парда ичидан ярим юзини очиб ер юзига мўралаб қўйди. Гумбазнинг қаршисидағи икки туп кекса чинорнинг искелет каби қуруқ шохлариға ел билан аллақаёқларға учуб кеткан бойқушлар тўпи ҳам келиб қўна бошладилар. Ой парчаланған қора булутлар билан бекинмачоқ ўйнаған каби ҳали кўриниб, ҳали яширинар эди. Ул ер юзига кулиб қарағанда мозорнинг чакалак қисмига айтарлик ўзгариш бера олмаса-да гўристон қисмидаги дўмбоқ қабрларни ва уларнинг устидаги мармар қабр тошларини чуқур бир сукут ичида экан, тақдим қилар эди. Бойқушлар уяси бўлған икки туп чинорнинг қаршисида гунбазга рўбарў қилиб со-линған айвон-зиёратхона бор, аммо ой тик кўтарилганликдан зиёратхона ичи қоп-қоронғи эди. Чинор шохлари тасбеҳ каби чизилған бойқушлар билан тўлған. Улар ой нуридан унча хурсанд эмаслар, чунки ой ер юзига кулиб қарай бошласа, улар бошларини кафтлари ичига оладирларда, дум-думалоқ бўлиб сиқилиб кетадирлар. Ой булутлар остиға кирса, улар роҳатланған каби чиғ-чиғ-чиғ, ки-ки-ки қилиб сайраб ҳам юборадирлар. Бу вақт шу бойқушлар сайроғи ичидан инграниш каби бир товиш ҳам эшитилгандек бўладир.
Масжид манорасидан руҳонийят ёғдириб мунглик азон товши эшитилди-да, уйқу қучоғида ётқан табиъат уйғониб жавоб берган каби жонғираб кетди. «Оллоҳу акбар»нинг сўнгғи такрорида Отабек зиёратхона айвонидан тушди-да, шилдираб оқиб турған ариқ ёнида таҳорат олишка ўлтурди…

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-35

6 Кечаси ёққан қалин қор ҳар бир томни, деворни, ҳар бир дарахт ва гумбазни майин оқ ҳошия билан безаб чиққан. Бобур Бўстонсаройнинг юқориги қаватидан шаҳарга қараб турибди. ...

Қасида (шеър)

Тун дедим, ярашди бу исм, мен сени бир сўздан яратдим. Кийдирдим ярқироқ кўйлакни, ҳуснингга оламни қаратдим. Сен марол кўзидан чиройли, оҳанглар таралар исмингдан, сен гўзал ...

Бўтакўз (иккинчи боб)

Эртаси куни одатдагидан барвақтроқ, тонготарда турдим. Кеча ўтовда ётиб ўзимча шундай аҳд қилган эдим: бор кучимни ишга солиб шундай ишлайинки, бирон киши койишигина эмас, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400