ЎЗНИ ТАНИТИШ

16. ЎЗНИ ТАНИТИШ

Eртаси кун бутун Марғилон деярлик Маликбойнинг майдонида воқиъ бўлған ишка жуда ҳайрон эди:
— Мутал билан Содиқ бўлса шаҳарнинг томтешар йигитларидан, улар қутидорникига ўғрилиқ учун борған бўлсалар борғандирлар… Лекин шаҳарнинг катта бойларидан ҳисобланған Ҳомиднинг иши қизиқ. Хайр, Ҳомиднинг ўғрилиқ ҳунари ҳам бор бўлсин, буларни ким ўлдирган? Қутидор бўлса эрталаб уйқудан турғач, бу ҳангамани билибдир, жуда ажойиб!

* * *

Куч чошкоҳга етканда Отабек сарой дарбозасидан чиқди. Ул ўзининг сўл қўлини дока билан ўраб боғлаған ва кўкрагига кўтариб ушлаган эди. Кеча Ҳомид ханжарлик қўлини силтаб тортқанда, ханжар унинг бош бармоғи орасини суякка еткунча шипириб кеткан эди. Унинг оёғ олишида ҳам бир оз оқсоқланиш сезилар эди.
Саройдан анча узоқлашқан эди, қаршидан ўзига қараб келгучи Раҳматни кўрди ва чор-ночор сўраш-моққа тўғри келди:
— Ҳа, мулла Раҳмат, саломатмисиз?
Раҳмат ошиқибғина унинг билан кўришди:
— Қачон келдингиз, бек ака?
— Келганимга бир-икки кун бўлди… Нега хафа кўринасиз, мулла Раҳмат?
Раҳмат уфлаб олди:
— Эййй, бек ака, бизнинг бошка тушканни душманингизга ҳам кўрсатмасин!
Отабек ажабсиниш туси кўрсатиб сўради:
— Нима бўлди, уй-ичингиз билан саломатмисиз?
— Ўзингиз биласиз, бултур падар марҳум бўлған эдилар, бу кун яна бошимизға ўлим тушатурған бўлиб қолди, тоғам Ҳомидни аллакимлар чавоғлаб кетибдирлар.
Отабек кўзини олалантирған бўлди:
— Қаерда, кимлар, яраси қўрқунч эмасми?
Раҳмат воқиъани қаерда бўлғанлиғини сўзлаб турмади:
— Яраси ёмон, ҳушсиз ҳолда ҳиқиллаб ётибдир. Қорнини тикдирмакчи бўлған эдим, жарроҳ бўлмайдир, деди.
—Чавоғлағучини айтмадими?
— Тил бўлса айтади-да, — деди Раҳмат, — ул йиқи-либ ётқан жойда яна икки йигитнинг ўлуги бор экан… Шулардан зарб олғанми деб ўйлайман.
— Худо шифо берсин! — деди Отабек.
Ажралишдилар.
Отабек уста Алимнинг кўчасига бурилғач, Содиқ эшигида уч-тўртта бел боғлаған кишиларни тобут ясаш билан машғул кўриб тинчсизланиб кетди. Уста Алимнинг йўлагига кирар экан, Жаннат опа билан яна бир хотиннинг йиғи товушларини эшитди…
Жанозага таҳорат олиш учун обдаста ёниға ўлтурган уста Алим Тошканд жўнаб кеткан Шокирбекни орадан уч-тўрт кун ўтмай қайтиб келишига ажабсинган эди:
— Келинг-келинг, Шокирбек… Тошканд жўна-мағанми эдингиз?!
Отабек айвоннинг олдиға ўлтурар экан, кулди:
— Тошкандга бориб келдим…
Уста Алим унинг ҳазилини фаҳмлади-да, таҳорат ола-ола қизиқ воқиъадан сўз очди:
— Марғилондан кетмаган бўлсангиз, ўзингиз ҳам эшиткандирсиз Шокирбек, сиз билан менга таржимаи ҳоллари маълум бўлған Ҳомид билан Содиқни ва тағин Мутал деган яна бир йигитни Мирзакарим аканинг ҳавлиси орқасида ўлдириб кетибдирлар. Ёмонлар ўз жазаларини топибдирлар.
— Эшитдим, — деди Отабек ва тағин кулиб қўйди.
Уста Алим унинг бу кулгисига эътибор қилмаған эди, сўзида давом этиб сўради:
— Сиз буларни ким ўлдирган деб ўйлайсиз?
— Сиз-чи? — деди Отабек ва тағин илжайиб қўйди.
— Менга қолса, — деди уста Алим, — ўлдиргучи албатта Мирзакарим аканинг куяви Отабекдир… зап иш қилған-да, мен унга қойилман. Мен унинг Ўтаббой қушбегига қилған муомаласини эшитиб, юрагига бали деган эдим… зап йигит экан-да!
Отабек ўнғайсизланиб кетди. Уста Алим юз-кўзини артиб Отабекнинг қўлини олиб кўришмакчи бўлған эди, кўзи ўралған докага тушди:
— Қўлингизга нима қилди, Шокирбек?
— Пичақ кесиб кетди…
— Ёмон кесдими?
— Сал.
Уста Алим Отабекнинг ёниға ўлтурди ва:
— Нега Тошканд жўнамадингиз, бирарта монеъ чиқиб қолдими? — деб сўради.
— Монеъ чиқиб қолди…
— Қандай монеъ? — деди уста.
— Монеъми? — деди Отабек ва кулимсираб: — Мен сизга бир катта гуноҳ қилиб кеткан эдим… Йўлда боратуриб гуноҳимдан ўкиндим-да, сизга тавба қилғали Қўқондан қайтдим… Агар сиз гуноҳимни кечирсангиз, мен шу дақиқада Тошканд жўнайман.
Уста Алим ажабланиб Отабекка қаради:
— Ҳазиллашасиз…
— Ҳазиллашмайман, агар сиз кечиратурган бўлсангиз, гуноҳимни ҳам ҳозир иқрор қиламан.
Уста Алим кулимсираб сўради:
— Қани иқрор қилингиз бўлмаса.
— Илгари кечиришка ваъда бериб қўйингиз.
— Менга қолса сизнинг ҳеч гуноҳингиз йўқ… Менга номаълум гуноҳингиз бўлса кечирдим.
— Раҳмат, — деди Отабек ва сўради: — мен ким?
— Сизми, сиз Шокирбек!
Отабек уят аралаш кулиб қўйиб деди:
— Ана уста, маним борлиқ гуноҳим сизнинг шу кунгача мени Шокирбек, деб билишингиздагина!
— Бўлмаса, сиз ким?
— Гуноҳимни кечиргансиз-а?
— Кечирганман.
— Мен сиз билган Шокирбек эмас, тошкандлик Юсуфбек ҳожининг ўғли ва марғилонлиқ Мирзакарим аканинг куяви — Отабек!
Уста Алим бир оз ўзини кейинга ташлади ва кўзига жиқ ёш чиқарди.
— Сиз-а? — деди. Келиб Отабекни қучоқлади… Бу фавқулодда ҳолға тушуна олмай қолған Сайфи ишини тўхтатиб дўконхонадан қараб турар эди. Уста йиғлаған ҳолда Отабекни қучоқлаб ўпди-да, айвонга кўрпача сола бошлади.
— Нима қилмоқчи бўласиз, уста? — деб Отабек сўради.
— Мен ўзимнинг янги меҳмонимни кўрпачага ўтқузмоқчи бўламан, — деди кулиб уста Алим.
— Мен сизнинг кўрпачангизга кўб ўлтурганман, энди менга ортиқча такаллуфингизнинг ҳожати йўқ.
— Тўғри сўзламайсиз, Отабек, бу кунгача маним кўрпачамда ўлтуриб юрган Шокирбек отлиқ бир йигит эди. Энди мен ўзимнинг янги меҳмоним бўлған Отабекни сийламоқчи бўламан… Қани, Отабек, кўрпачага чиқингиз!
Отабек устанинг латифасига кулди-да, кўрпачага чиқиб ўлтурди. Бу вақт Жаннат опанинг «шаҳид ўлган болам» деб йиғлаған товуши эшитилди-да, Отабек гуноҳкор бир юз билан уста Алимга қаради. Ул эса Отабекнинг бу қарашидағи маънони сезган эди:
— Зап қилғансиз, Отабек, — деди уста, — ёмонларнинг жазоси шундай бўладир… Ёнингизда кишиларингиз бор эдими?
— Йўқ.
Уста Алим Отабекка тушуна олмай қараб турғач, сўради:
— Уч душманга қарши ёлғиз ўзингиз?
— Ёлғиз ўзим! Худо ёмонға жазо бературган бўлса, шундоқ бўлар экан.
Уста Алим тамом ажабда қолған эди:
— Субҳоноллоҳ! Қандай юрагингиз бор экан, Отабек! Қўлингиздан бошқа ерингизда жароҳат йўқми?
— Йўқ. Бўксам устига бир оз ханжар учи тегиб ўткан бўлса ҳам аҳамиятсиз.
— Худога шукур, Отабек! Сизнинг бу ишингиздан қайин отангизнинг хабари бор эдими?
— Йўқ эди. Бу ишни ҳозирғача бир ўзим ва бир тангри билди. Энди бу сирни билгучиларнинг учунчиси сиз бўлдингиз!
— Астағфируллоҳ! — деб қўйди уста Алим, — рақибингиз Ҳомидни биринчи мартаба уста Фарфи орқалиқ таниғанингизми?
— Биринчи мартаба танишим, — деди уфлаб олиб Отабек, — бунга ҳам сизнинг билан бўлған ошналиғим кўмак берганликдан сизга миннатдорлик қилишдан ожиздирман.
— Сизнинг ақллар ишонмаслик қаҳрамонлиғингизға юрагим қинидан чиқиш даражасига етди! Отабек, Ҳомиднинг бу кейинги режасини қаердан билдингиз?
Отабек кулди.
— Худоға шукурлар бўлсунки, маним тортқан оҳларимни қуриққа юбормай, кутмаган ердан сирни билдирди. Мен сизга ҳикоямни бошидан сўзлаб берайми ва ё Ҳомиднинг режасини билишимнигинами?
— Бошидан сўзлангиз, Отабек! — деди ҳовлиқиб уста Алим ва иш тўқиш ила машғул Сайфини савзи тўғрашқа буюрди.
Уста Алимни ҳикоя тингламак учун ҳозирланған кўргач, Отабек деди:
— Таҳоратнинг сабаби ёдингиздан кўтарилди шекиллик!
— Кўтарилгани йўқ, Отабек, ёмоннинг жанозасидан яхшининг ҳикояси фойдалик кўринадир… Қани, сўздан келинг!
Отабек ўзининг чин дўстиға биринчи марта Марғи-лон келишидан тортиб ҳикоясини сўзлаб кетди. Унинг уч йил ичида бошидан ўтканларини бир соатлик вақтга чўзилиб, Сайфи ошни сузиб келганда йўлда учрашқан Раҳмат билан ҳикоясини тугатди. Уста Алим Отабекнинг елкасига қоқиб дер эрди: — Сизда чин юрак бор, дўстим. Бу юракингиз билан ҳеч вақт дард қолмайсиз, Отабек! Аммо мендан чин исмингизни яшириб келганингиз учун сизни айблай олмайман. Бироқ жумъа кун кечаси Ҳомид изидан маним ҳавлимга кириб, менга ўзингизни билдирмай кетканингизга хафа бўламан, худой кўрсатмасин бир фалокат юз берганда нима бўлар эди?
Ошдан сўнг уста Алим шундай фотиҳа ўқуди:
— Душманларингизнинг йўқ бўлғанлари чин бўл-син, суйганингиз билан энди масъуд яшанг!
Отабек ташаккур этди. Тағин бир оз чой ичиб сўз-лашқандан сўнг, Отабек дафтаридан иккита хат чиқариб деди:
— Сизга оғир келмаса, бир хизмат топширмоқчи-ман, уста!
— Буюрингиз!
Отабек қўлидағи хатларни узатиб:
— Мен шу соатнинг ичида Тошканд жўнашға мажбурман. Шунинг учун сиз бу хатларни қайин отамникига ўз қўлингиз билан элтиб берасиз.
Уста унинг бу гапига тушунолмай қолди:
— Нега энди Тошканд жўнайсиз, ўзингиз…
— Ўзимга мумкин эмас, чунки… икки томонға ҳам ўнгғайсиз. Мен ҳозир кетишка мажбурман, балки ўзингиз ҳам онгларсиз.
— Онгладим, — деди уста ва: — гап-сўз босила-ёзғач, келмакчимисиз?
— Балки… — деб тўхтади Отабек, — хатларнинг бириси қайин отамға, иккинчиси унга, — деди.
— Хўб.
— Қайин отамға ёзғаним қисқа бўлғани учун сиз унга мендан эшитканларингизни сўзлаб қондирарсиз. Қутидор билан ишингизни тугатиб қайтишингизда унинг хатини берарсиз, тузикми?
— Маъқул.
— Учрашқанингиз тўғрисида менга маълумот ёзсангиз, тағин миннатдор қилар эдингиз…
— Бош устига.
Шундан сўнг иккиси қучоқлашиб кўришкач, видолашдилар.
Отабек эшикдан чиқғанда Содиқни кўмиб келган кишилар қуръон ўқуб тарқалмоқда эдилар.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 45-қисм

Совхозни ҳам туб ерлик одамлари Берик сув жилғаси номи билан «Берик» деб аташга ўрганган эдилар.  Очиғи,  бунақа  баланд,  хатарли  тоққа  чиқишни  хоҳловчиларнинг  ўзи  ...

Юлдузли тунлар-30

САМАРҚАНД ҲАЛ ҚИЛУВЧИ ОЛИШУВ 1 Бўстонсаройнинг бир четида ранг-баранг тошлар билан сангфарш* қилинган мармар ҳовузли ҳаммом бор эди. Кечки пайт шу ҳаммомга Султон Али ...

Қашқойилар

Эронда хилма-хил халқлар яшайди. Ана шундай халқлардан бири қашқойилардир. Ушбу кўчманчи турк элати Исфаҳон атрофида (Форс вилояти) ва қисман Хузистонда яшайди. Уларнинг энг ...