ЎЗИНГИЗ ИСЛОҲ ҚИЛГАН ДХХга ЎЗИНГИЗНИНГ КУЧИНГИЗ ЕТМАЙДИМИ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга

Ҳурматли Шавкат Миромонович, яқинда Туркияда чоп этиладиган етакчи иқтисодий нашрлардан бири “Derin Ekonomi” журнали Сизни мамлакатимиз ва минтақадаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган жаҳоннинг биринчи ўн нафар етакчиси рўйхатига киритди. Бундан,  шубҳасиз, ўзингиз ҳам хабардор бўлсангиз керак. Каминани ҳам мазкур хабар беҳад қувонтирди, хурсандчиликдан юрагим қалқиди. Эътироф этиш керакки, Сиз Ислом Каримов ғафлат уйқусига тамомила ботирган кўп соҳаларни уйғотдингиз. Бундай соҳаларни уйғотиш Сизга осон кечмаганини реал ҳаётда кўриб турибмиз. Сизнинг эзгу саъй-ҳаракатларингиз, ҳақиқатни юзага чиқариш, адолатни қарор топтириш, белигача коррупцияга, порахўрликка ботган давлатни ботқоқликдан олиб чиқишга уринишларингиз ноҳақ йўллар билан бойиган ва бойишда давом этаётган, ўзаро бўлиб олиб ҳукмронлик қилаётган, шу пайтгача ҳеч ким мушугини пишт демаган коррупциянерларга, Каримовнинг атрофига чирмовуқдай чирмашиб ёпишиб олиб халқни зулукдай сўраётган амалдорларга, уларнинг авлодларию қариндош-уруғларига, ҳамтовоқларига ёқмаса-да, мазлум халқ Сизни қўллади, Сизга ишонди, яхши кунлар кела бошлаганидан, қатоғонлик даври ортда қолаётганидан бағоят шод бўлди. Сиз мамлакатимиздаги бир неча нуфузли ташкилотлар, органлар фаолиятини кескин ва ўринли танқид қилиб халқнинг йиллар давомида дилида қолиб моғорланаётган арз-додларини, ҳасрату нолаларини тилингиз орқали фош қилиб халқ ҳурматига мушарраф бўлдингиз. Сизнинг ўткир нигоҳингиздан Бош Прокуратура ҳам, собиқ МХХ ҳам, Солиқ қўмитаси ҳам, Ички ишлар вазирлиги ҳам, молия, таълим, соғлиқни сақлаш тизими ҳам четда қолмади. Биз Сизнинг танқидларингиз орқали мамлакатимиздаги барча соҳаларни коррупция, порахўрлик, таъмагирлик эгаллаб олганига тўла-тўкис иқрор бўлдик. Лекин шу пайтгача нигоҳингизга тушган, танқидларингизга дучор бўлган ташкилотлар ҳамон ғўддайишда давом этаётгани айни ҳақиқат. Айниқса, ўзингиз ислоҳ қилган Давлат хавфсизлиги хизмати ғўддайишда карвонбошилик қилмоқда. Бундан эса, мен каби жабрдийдалар Сизнинг  нуфузингиз, мавқеингиз ДХХ ташкилоти олдида паст, Президентнинг ҳайқириқлари, ташаббуслари, топшириқлари ДХХга тегишли эмас, деган хулоса чиқаришимизга олиб келмоқда.

Жаноб Президент, айтингчи, нега ДХХ Сизнинг йўриғингизга юрмаяпди? ДХХчилар Сизнинг ислоҳотларингизни тилда тасдиқласалар ҳам нега дилда зимдан тўсқинлик қилмоқда? Ёки Сиз 2017 йил 22-декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномангизни, ундаги

“ИИВ, прокурор, солиқ, МХХ икки қулоғига қуйиб олсин! Ваколат доирасидан чиқиб барча соҳаларга аралашиш вақти ўтди. “Идора” номини рўкач қилиб ғўддайиб юриш вақти ўтди. Халқ шу бешта тизимдан (ИИВ, солиқ, прокурор, ҳоким, МХХ) норози”, деган гапларингизни хўжакўрсинга айтдингизми? ДХХ нега ҳамон халқ дардига бепарво?

ДХХнинг ҳаддан ташқари бепарволигига мен бугун, яъни 2019 йил 7-январь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир Зиёевга учрашганимда яна бир карра амин бўлдим.

Нодир Зиёевнинг изоҳ беришича менинг Сизнинг номингизга ёзган Фуқароликка қабул қилиш бўйича Илтимосномамга ДХХдан ҳали ҳам тегишли жавоб келмаётган экан. Ҳар сафар ички ишлар органига Илтимосномам тақдири бўйича  борганимда бир хил гапни эшитишга мажбур бўляпман, яъни ДХХдан жавоб йўқ. Нодир Зиёевнинг изоҳ беришича Сизнинг номингизга ёзган Илтимосномам ўзим яшайдиган туман ички ишлар бўлими текширувидан ўтгач туман Давлат хавфсизлиги хизмати бўлимига, туман ДХХ бўлими хулосасидан кейин эса Тошкент шаҳар ИИББга, сўнгра камчиликлар бўлса тузатилиб, ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармасига юбориларкан. Шаҳар ДХХ чиғириғидан ўтгач эса Илтимосномам Ўзбекистон ИИВнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармасига, мазкур бошқарма эса ЎзР ДХХга юбораркан. Нодир Зиёевнинг айтишича, айни пайтда менинг ҳужжатларим Республика ДХХ томонидан текширилаётган экан. Яна қанча вақт текширилиши эса ҳеч кимга аён эмас. ДХХ касридан одамлар ички ишлар органи ходимларидан ноўрин хафа бўлмоқда.

Чунки ДХХнинг тегишли жавоби мурожаатчиларга айнан ички ишлар органи ходимлари томонидан айтилади. Шу тариқа сансоларлик қусури айбсиз айбдор ИИВ зиммасига тушиши натижасида юқорида айтганимдек одамлар ички ишлар органларининг мутасадди ходимларидан нафратланмоқда. Сиз ислоҳ қилган ДХХ эса ҳамон бир чеккада фариштадай беғубор кўйда қолмоқда. Кузатишларим натижасида аён бўлмоқдаки, улар Сизнинг “халқ сарсон-саргардон бўлмасин”, деган гапларингизга асло парво қилмаяпди. Шунинг натижасида биз яна сарсон бўляпмиз. Бунга 2018 йил 28-декабрда учрашганимда 2019 йил 5-январга чақирган Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари Нодир Зиёевнинг келгуси учрашув учун 2019 йилнинг 10-январь кунини белгилагани мисол бўла олади. Менинг Нодир Зиёевдан Президент номига ёзган Илтимосномам ДХХ текширувида деган мазмундаги тушунтириш хати ёзиб беришларига доир илтимосим ҳам сабабсиз бажарилмади. Бу эса орган ходимларининг фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг хоҳиш-иродаларига қулоқ тутмаётганидан, уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлаётганидан далолатдир.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, шахсан мен ҳозирги ДХХ фаолиятида  олдинги МХХ фаолиятидан айро хусусиятларни кўролмаяпман. Рустам Иноятов бошчилигидаги собиқ МХХнинг манаман деган мансабдорлари ва уларнинг ҳамтовоқлари эса, айниқса, сўнги 20 йил ичида зўравонлик, фирибгарлик, товламачилик, ўғирлик, юлғичлик, шантаж,  золимлик, такаббурлик, хиёнат, ёвузлик, қонхўрлик,  гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа жирканчли ишлар билан шуғулланди. Буни ўзингиз мардона тарзда фош қилдингиз. Суд ҳукми ўқилди. Биз янги ДХХ ташкилоти инсон шаънига нолойиқ бундай қусурларга ёт бўлишини сидқидилдан хоҳлаймиз. Сизга мурожаатимнинг сўнгида икки йилдан бери ДХХ чангалида ётган Фуқароликка қабул қилиш бўйича ёзган Илтимосномамни ўз қўлингизга олишингизни ва фуқаролик қабул қилишимни тезлаштиришингизни сўрайман.

Ҳурмат билан

Рўзибой Азимий,

Тошкент шаҳри, Миробод тумани

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бмт қорақалпоғистондаги хунрезликни мустақил тергов қилишга чақирди

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари чоғида камида 18 киши ҳалок бўлганини мустақил тергов қилишга чақирди. ...

Миграция заруриятданми ёки ношукурликданми?

2018 йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида содир бўлган мудҳиш воқеа барча ватандошларимизни чуқур ларзага солди. Табиийки, ҳаммамиз сабабни қидирмоқдамиз, ...

18 нафар ўзбекистон фуқароси қулликдан озод этилди

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси 18 нафар Ўзбекистон фуқароларини қулликда ушлаб туришда гумонланувчи шахслар Москва вилояти полицияси томонидан қўлга олингани тўғрисида ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400