МУСУЛМОНҚУЛ ИСТИБДОДИГА ХОТИМА

Учинчи бўлим
1. МУСУЛМОНҚУЛ ИСТИБДОДИГА ХОТИМА

Мусулмонқулнинг аҳоли устига бўлған жабру зулми ҳаддан ташқари кетди. Унинг истибдоди ўзга шаҳар-ларга унча сезилмаса ҳам, аммо марказ — Қўқон одамларини жуда тўйдирди. Унинг ўз кайфича ойда эмас, ҳафтада солиб турған солиқлари фуқаронинг терисини шилса, арзимаган сабаблар билан қора чопон бекларини осдириб, кесдириб туриши хосни (хавосни) ҳам эсанкиратди. Отиғағина хон бўлиб ўлтурғучи Худоёр ҳам осдириш, кесдириш ва ёрлақаш ўз ихтиёрида бўлған Мусулмонқул майдондан олинмаган фурсатда ўзининг қўғирчоқ сифат юраберишини тушунди. Кўбдан бери унга юрагида кек сақлаб келиб, аммо не тариқада нажотка чиқишини билмади. Чунки ул суянадирған Қўқон бекларини «мана» деганлари Мусулмонқул ва кишилари (қипчоқлар) томонидан осилиб кесилганлар, қолғанлари товуш чиқаришға мажолсиз эдилар. Атроф шаҳар ва қишлоқ беклари ҳам аксар қипчоқлардан, яъни Мусулмонқулнинг ўз одамларидан, улардан бир иш кутиш яна мумкин эмас.
Шаҳар халқининг ҳар бир табақаси деярлик Мусул-монқул даккисини еб келган, магар уламо халқи ундан жуда рози, зероки Мусулмонқулнинг биринчи истинодгоҳи ўзининг қипчоқлари бўлса, иккинчиси уламолар эди. Ул уламо орқалиқ ўз зулмини машруъ бир туска қўйған, ўзи учун зарарлик унсурларни йўқотишда шу уламолардан «улуламирга боғийлиқ» деган фатвони олишни унутмаған эди. Уламонинг бу янглиғ истибдодни «боғийлиқ» ранги билан бўяб бериши мукофоти учун Қўқон ва Андижон каби шаҳарларга маълум мадрасаларни бино қилған ва бу мадрасаларга хизмати билан танилған уламодан мударрислар таъйинлаған эди. Аммо Мусулмонқулға яқинлаша олмаған, яъни унинг хизмат ва марҳаматидан четда қолған «нимча» уламолар ҳам йўқ эмас эдилар.
Азтаҳидил Мусулмонқулнинг оталиғидан қутилишни ва мустақил равишда ҳукмрон бўлишни орзу эткан Худоёр, ниҳоят кейин қайин отаси билан курашда ўзига биринчи истинодгоҳ қилиб шу кейинги синф уламони олди. Мусулмонқул балосидан қутилғандан сўнг Худо-ёрнинг уларга қиладирған инъом ва эҳсонлари, берадирган мансабларининг нақддек ваъдаси баракасида бу кейинги табақа — Қўқон муллалари ҳаракатка келдилар.
Мусулмонқул тарафдори уламолар унинг сиёсатини шариъатқа қанча мутобиқ кўрсатиб келган бўлсалар, бу кейингилар ҳам ўшанча хилофи шаръий эканлигини исботка киришдилар.
Бошда бу ҳаракат албатта «енг ичида» бўлди ва бу ҳаракатнинг бошида Худоёрнинг ўзи турди. Биринчи галда яширин равишда Тошканд, Андижон, Марғилон ва ўзга шаҳарларнинг ишончлик уламо ва бекларига Мусулмонқул истибдодидан қутулишда кўмак бериш учун мурожаатномалар йўлланилди. Бу мурожаатнома-ларда Мусулмонқулнинг номашруъ ишлари, Қўқон одамларига қилған жабру зулмлари саналган, кейинги вақтларда хоннинг ўзи ҳам бу зулмлар қаршисида чидаб тура олмаслиқ ҳолға келганлиги сўзланилған, агарда бошқа шаҳар уламо ва ашрофидан кўмак бўлған тақдирда билфеъл Мусулмонқулға қарши кўтарилишка ҳозир турилғанлиғи айтилган эди. Иккинчи галда Қўқон сипоҳларининг қипчоқдан бошқа қисмиға яширин ра-вишда, умуман ановиларға қарши ташвиқот юргизилиб бошланған эди.
Андижон, Марғилон, Наманган каби шаҳарлардан «хон бу ишни маслаҳат кўрсалар, биз ёрдамга ҳозирмиз» деган қуруқ ваъдалар келиб, аммо Тошканддаги Юсуфбек ҳожи тўдасидан амалий чораларини ҳам кўрсатилиб ёзилған жавоб мактуби олинған эди.
Мактубда айтилар эди:

«Сиз Хўқанд уламойи киромларининг Мусулмонқул хунхўрлиғидан фарёдга келиб ва шариъати мустафони ораға восита қилиб ёзған махфий хатларини олдиқ. Биз Тошканд уламо ва ашрофидин домла Солиҳбек охунд, мулла Юсуфбек ҳожи, саркардалардин Қосим ва Ниёз қушбегилар, Каримқул ва Муҳаммадражаб қўрбоши ҳам Қамбар шарбатдорлар бир ораға ўлтуришиб воқиъан Мусулмонқулнинг зулм ва тааддаси Хўқанд фуқароси ва айни замонда бўлак шаҳар ва қишлоқ, кент аҳолиси устига ҳам бағоят ошиб борғанлиғини музокара ва муколама қилишдиқ. Биз фақирлари ҳам Мусулмонқул ҳаракати беҳудасини шариъатга хилоф, юрт ва эл учун музир, хало-йиқнинг осойиш ва умр гузаронлиғи важҳига халалдир деб билдик. Бул маънига ул тождор амиралмўъминин мувофақат кўрсатсалар ул бепарҳез ғосиби тахту салтанатнинг ҳайдалмоғи беҳроқдир ва яна Тошканд мардумлари бул тўғрида ҳақиқат томонида собит қадам бўлмоққа тил беришурмиз. Башарти сиз киромлар ул бепарҳез золимнинг мингбошилиқ вазифасидин тард этишка аздилу жон бел боғлаған бўлсаларингиз, биз фақирларнинг ақли қосиримизға бир андиша келадир. Андоғки, Тошканд Хўқанд ҳукуматидин юз ўгирган бўлиб худнафсига0 мустақиллик эълон қилсин. Бу тақдирда итоатдин бош тўлғаған Тошканд устига албатта Мусулмонқул золим қўшин тортар. Ушбу қўшин орасиға сиз киромлар ўз одамларингизни кўброқ киргузишка кўшиш қилиб ва яна жаноби тождор ҳам бирга келсинлар. Қўшин Тошкандга еткан баъдида бизлар ташқаридин ва сизлар ичкаридин бўлиб Мусулмонқулни орадин кўтаргаймиз. Бул маслаҳат фақирларнинг ақли қосирларимизға кўб тафаккурлар баъдида келиб, яна раъйи савоб ўзларида бўлғай. Аммо бул тақдирда қон тўкилмасдин муддао ҳусулға келурму деб ўйлаймиз. Боз махфий қол-мағайким, Тошканд беги бўлған зот борасида андиша лозим эрмас, зеро ул одам фуқаронинг осойиши йўлида жонбозлиқ қилғучи кишидир. Бизлар лимаслаҳатан нима десак, ул бўйин тўлғамас. Иншооллоҳ, бу андишамиз киромларга маъқул тушкан тақдирда жаноби тождорнинг ҳамрайъларини олмоқ ва имкони бўлса ул жанобнинг исми шарифларидин бизларга писанднома ёзмоқ маржудир. Токи бизлар ишонч бирлан муддаоға шуруъ қилайлиқ».

Бу хат Худоёрнинг қўлиға теккандан кейин хатда кўрсатилган тадбирни жуда маъқул топди ва тезликда ўз исмидан ташаккур ва писанднома йўллади. Ижобатни олғандан сўнг юқорида мазкур Тошканд ашрофлари бир мажлис қуриб ўлтуришка Нормуҳаммад қушбеги (Тошканд ҳокими)ни ҳам чақирдилар. Мажлисда хондан ва уламодан олинған мурожаатномани ўқуб Нормуҳаммад қушбегига эшитдирдилар. Мажлиска йиғил-ғанлардан Юсуфбек ҳожи ва домла Солиҳбек охундлар қушбегининг пир, деб инобат қилған одамлари бўлғанлари учун элнинг осойиши ва мамлакатнинг ободлиғи номига бу таклифни, яъни Қўқонға қарши исён эткан бўлиб туришни ул ўз бўйниға олди. Бундан онглашиладирким, Нормуҳаммад қушбеги ҳам ўзининг валинеъмати бўлған Мусулмонқулнинг туткан сиёсатини юрт манфаатига хилоф деб билибдир.
Узоқламай Нормуҳаммад қушбеги Қўқондан бош тоблаб ўз олдиға мустақил ҳукумат эълон қилған бўлди ва Юсуфбек ҳожиларнинг ўйлаған тадбирлари айни куткан натижаларни бера бошлади. Итоатдан бош тортқан Тошкандга қарши Мусулмонқулнинг тепа сочи тик туриб, адаб бериш ниятида сафар жабдуғини тузди. Тошкандга қарши айниқса ғазабланган бўлиб кўрингучи Худоёр ҳам бу сафарнинг тадорикини баробар кўришди ва Мусулмонқул билан бирликда Тошканд устига чиқдилар. Йўл устида ҳам Тошканд билан яширинча сўз олишиб, хатти-ҳаракат чизишиб туришдилар.
Мусулмонқул илғори Чирчиқ бўйига келиб етканда, қушбеги бошлуқ Тошканд йигитлари ҳам сувнинг бериги юзида ёв кутиб турған эдилар. Туш чоғида икки ёв бир-бирлариға қарши келишдилар. Қўқонлиқлар дам бермайино Тошканд қўшуни милтиқларға ўт берди.
Мусулмонқул кутмаган жойда қўшунидан бир дуркуми ўз устига ҳужум бошлаб ва бир фирқаси Тошканд йигитлари томонига қочиб ўтди. Мусулмонқулнинг ўз йигитлари (қипчоқлар) саросималикда қолиб, Мусулмонқулнинг мудофаасини-да ва қочишни-да билмай қолдилар. Ўз устига чуғирчиқдек ёпирилиб келмакда бўлған қўқонлиқ ва тошкандликларга қарши ўзида куч йўқлиғини билган Мусулмонқул бир от ва бир қамчи аранг қўшундан чиқиб қочди ва бир қанча йўлғача қувланди. Бошлуқ орқасидан қочмоқчи бўлған қипчоқ йигитларига муноди нидо қилди:
— Қипчоқ оғайнилар! Бизнинг ҳамма адоватимиз Мусулмонқулға эди! Сиз оғайнилар илгари хон ёнида қандоғ хизматда бўлған бўлсаларингиз, энди ҳам ўша вазифада қолаберасизлар ва лекин Мусулмонқулға тарафдорларингиз бўлса, тинчликча қўшиндан чиқиб кетсин! Қипчоқ йигитлари ҳам бир ерга уюшиб, ўз тарафлари-дан муноди қўйдилар.
— Биз Мусулмонқулни танимаймиз! Бизнинг бошлуғимиз Худоёрхондир!
Шундан сўнг қипчоқ ва ўзбек бирга аралашиб кетди, гўё ҳамма адоват Мусулмонқул билан бирга кеткандек бўлиб, икки халқ бир-бири билан кўришди. Ўн минглаб халқ янгидан Худоёрға итоат изҳор этиб, чин хонлик билан уни муборакбод қилишдилар. Тошканд халқи иззат-икром остида хонни ва Қўқон сипоҳини шаҳарга тушуриб, ўрдада уч кун зиёфат бердилар. Зиёфат асно-сида иттифоқнинг фойдалари, тарқоқлиқнинг зарарлари сўзланилди. Қушбеги ва Юсуфбек ҳожиларнинг таклифи билан Мусулмонқул ўрнига Ўттабой қушбеги (Марғи-лон ҳокими) мингбоши белгуланиб, тўртинчи кун Худоёрхон қўшуни билан Қўқонға қайтди.

* * *

Қиш чиқар олди. Мусулмонқул воқиъасидан йигирма кунлар чамаси кейин эди. Муҳаммад Ражаб қўрбошининг уйидан икки-уч қайталаб киши келабергандан кейин, Юсуфбек ҳожи иложсиз қолиб боришға мажбур бўлди.
Йиғинда Муҳаммадниёз қушбеги, Қосим мингбоши, Қамбар шарбатдор, Каримқул понсадлардан тор-тиб Тошканднинг етуклик ашроф ва аъёнидан ўн бешлаб одам бор эди. Меҳмонлар учун мева-чева, қуюқ-суюқ тортилди. Зиёфат тўкун эди. Емак асносида Ниёз қушбеги сўзлаб йиғиннинг мақсади билан аҳли мажлисни танишдира борди:
— Оғалар, инилар! Билиндики, оғайнилар бир тан, бир жон бўлсалар қипчоқ касофатидан қутилиш унча қийин тушмас экан. Мундан бир ой илгари биз қандай ҳолда эдик? Мусулмонқулнинг омонсиз қиличи оғайнининг бўғзида эди. Худо ҳожи акамизнинг умрини узун қилиб, бола-чақасининг эгалигини кўрсатсинки, аввало унинг ақллик тадбири, ундан кейин оғайнининг бир ёқадан бош чиқариши соясида Мусулмонқул балосидан енгилгина қутилдик. Аммо бу қутилишни чин қутилиш деб бўлмайди. Нега десаларингиз, оқ ит бўлмаса, қора ит товоқ-қошиққа тегмакда. Ҳали биз саҳройи қипчоқ элидан узил-кесил қутилғанимиз йўқ. Анови Мусулмонқул бўлмаса, бошқа Алимқулнинг бош кўтариши аниқ, — деди қушбеги ва дастурхондан чўқиниб давом этди. — Нормуҳаммаднинг раъйини деб, ҳамма ихтиёр ўз қўлимизда бўлгани ҳолда, Ўтаббойни мингбоши белгулаб юбордуқ… Бу ҳам ўзимизнинг энг катта хатоларимиздин. Мен ўша кундан бери ўз-ўзимдан бўғилиб юрийман: Мусулмонқулнинг ити бўлмаса, ўзимиздан мингбоши бўларлиқ одам қуриб қолувдими, дейман. Йўқ, оғалар, темирни қизиғида суқиб қолиш керак! Қачонғача биз бу саҳройи итлар билан сану манга боришиб юрамиз? Яхшиси шулки, бу бош оғриғларни бир варакай орадан кўтариб тинчишайлик. Биз шу ердаги оғайнилар билан кенгашиб бир гапка тўхтаб қўйдиқ. Аммо бу маслаҳатнинг ҳожи акамизга ҳам маъқул тушмоғида шубҳа қилмаймиз. Бу ўйимизга хон ҳам бир нарса демаса керак. Қўқон, Марғилон, Андижон, Ўш ва бошқа ерларнинг оғайнилари ҳам бу гапдан бош тўлғамаслар. Нега десангиз, қипчоқ деган ифлос барчани ҳам жонидан тўйдирди, — деди ва носқовоғини қоқа-қоқа бир отимини тилининг тегига ташлади.
Юсуфбек ҳожи ҳалиги гап сўзланғанда қўлидағи пиё-ласини чайқатиб оғир бир ҳолат кечирган ва чуқур бир сукутка кеткан эди. Бошқалар бўлса Ниёз қушбеги-нинг сўзидан кейин бир кўздан деярлик ҳожининг юзига ти-килган эдилар. Ҳожи миқ этмай ўлтура бергач, Қамбар шарбатдор ўзининг хипча товши билан қушбегининг гапини кучлаб тушди:
— Сўзингиз жуда тўғри, қушбеги, — деди, — сиз айткандек, бизга икки йўл бор: қипчоқни қириб йўйиш ва ёки бутунлай қипчоқ қўлида қолиб кетиш.
Юсуфбек ҳожи кўтарилиб Қамбар шарбатдорга қаради ва мажлисни ер остидан кузатиб чиқиб, яна жим қолди.
Каримқулпонсад ҳожини туртмак мақсадида:
— Кенгашлик иш тарқамас, деганлар. Ҳожи акамиз ўйлашиб жавоб берсинлар-чи, ахир, — деб қўйди.
— Билмадим… — деди ниҳоят ҳожи, — сизларнинг муддаонгларга тушунмадимми ёки тушунсам ҳам ўзимга ётишиб келмадими, ҳайронман.
Ниёз қушбеги бошини қашиб олди:
— Нимасига ҳайронсиз, ҳожи!
— Мақсадларингиз Қамбарбекнинг айтканидек қипчоқни кесишми?
Қушбеги иккиланмай жавоб берди:
— Кесиш!
— Сизларни, — деб истеҳзоланиб кулди ҳожи, — бу ишка нима ва ким мажбур қиладур?
Қушбеги ёронлариға қараб олди:
— Саволингиз қизиқ, — деди, — сабаби бизлардан ҳам кўра сизга маълум бўлса керак-ку.
— Дуруст айтасиз, — деди ҳожи бошидаги салласини олиб, — Мусулмонқулни ҳайдамоққа мажбур бўлған эдик — ҳайдадиқ. Барча ёмонлиқ ўшанинг боши билан бирга кеткандек қипчоқ оғайнилар ила тотуклашдик, қипчоқларнинг эски адоватлари битди… Бас, бизга тағин нима керак?
Ҳожининг бу гапи мажлисни бир-бирисига аланглатиб қўйди. Аммо қушбеги сирни бой бермас учун тиришкандек қилиб кулди:
— Мусулмонқул энди тинч ётар, деб ўйлайсизми?
— Албатта, ўйламайман, лекин Мусулмонқулни тин-чимайдир деб ҳўлу қуруқ қипчоққа тиғ тортиш ҳеч бир ақлға сиғадирған гап эмас. Ўзингиз қушбеги ай-тинг-чи, биз бу кунгача ёмонлиқни кимдан кўрдик? Қипчоқ отлиғ халқданми ёки унинг саноғлиқ бўлған бир неча кишилариданми?
— Нафсиламрни айтканда, биз қипчоқ деганнинг ҳар бирисидан ҳам дакки еб келамиз.
— Сўнгизда янглишлиқ бор, қушбеги! Агар сиз наф-силамрга қарасангиз икки халқни бир-бирисига совуқ кўрсатиб, адоват тухумини сочиб келгучи бир нечагина одам бор… Менга қолса мамлакатни тинчитиш учун шулар тўғрисида ўйлаш керак. Наинки, тўртта муттаҳамни деб бутун бир халққа ҳужум қилиш!
— Сиз айткандек, ёмон тўрттагина эмас, ҳожи! Саҳродан келган ҳар бир қипчоқ бизнинг елкамизга минмакчи. Бизнинг товоғимизга тумшуғини тиқмоқ-чи— бунга қолганда ишни бир оз енгил ўйлаб турибсиз, ҳожи ака!
Қосим мингбоши:
— Ҳожи акамнинг ҳамма гаплари фақат раҳмдилликдан айтиладир, — деди, — аммо ўйлаш керакки, қипчоқ бу кунгача озғина оғайнининг қонини тўкдими? Анови кун Маражаббек билан ҳисоблашиб кўрсак, Қўқоннинг ўзидан икки йилнинг ичида етмиш саккиз бек ўлдирилибдир.
Ҳали бу ҳисобка фуқародан ўлдирилган бечоралар кирмайдир.
— Мен бу ҳақиқатлардан тониб турғаним йўқ, мингбоши. Аммо биз сенга сен, деб жавоб бермасак, бизники ақл ва инсоф доирасидан чиқмаса дейман…
Орадан бирав ҳожининг сўзини бўлди:
— Ақл, инсоф билан иш қила-қила энди жуда тўйдик.
Ҳожи сукут қилди, ўзининг шунчалик гапларини ҳавоға кетиб турғанини, мажлиснинг Ниёз қушбеги руҳида борганлиғини яхши сезди. Мундан бошқа Ниёз қушбегининг бундай бир фикрга келиши учун уни нима мажбур қилған — буни ҳам очиқ онглади. Ниёз қушбегининг барча кинаси Ўтаббойнинг мингбоши белгуланган кунидан бошланғанини, «мен турған ерда, қипчоқ мингбоши бўлсинми!» деган кек орасида бу фикр фақат унинг томонидан майдонга чиқарилғанлиғи Юсуфбек ҳожининг мулоҳазасидан ўтди. Мажлиснинг бошқа аъзолариға бўлса, иш йўғидан юмиш чиқа-ришқа талабгор бекорчилар, деб қаради.
Албатта, эл фойдасидан кўра ўз манфаатини олдинға сурғучи бу чўталчи бекларга қарши ҳожининг совуққонлиқ сақлай олиши ва асабийлашмаслиги мумкин эмасди.
— Беклар, — деди, — маним ҳамма мулоҳазам юрт, эл манфаати нуқтасидан туриб айтиладир. Мен ҳеч бир вақт инкор қилаолмайманким, ёлғиз ўз ғарази йўлида иш қилғучи палид кишилар қипчоқлар орасида бор бўлғанидек, бизда ҳам йўқ эмас… Балки ановиларда ўнлаб бўлса, бизда юзлаб бор. Ўзи бизнинг кўзимизга итдек совуқ кўринган қипчоқ бачча Нормуҳам-маднинг эл учун қилиб турған тўғри хизматини мен ўз умримдаги Тошканд беклари орасида биринчи мартаба кўраман. Буни сиз, яхшилар ҳам инкор қила олмассиз. Бас, айб қипчоқда эмас, балки унинг манфаати шахсияси йўлида иш кўргучи бошлиқларида ва қипчоқлар ўйлағандек гуноҳ қора чопонлиларда бўлмай, балки унинг уч-тўрт маънисиз бекларида!.. Буродарлар! Ўрус ўз ичимиздан чиқадирған фитна-фасодни кутиб, дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир. Шундай машҳар каби бир кунда биз чин ёвға берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак, сен фалон деб қирилишсақ ҳолимиз нима бўладир. Бу тўғрида ҳам фикр қилғучимиз борми? Кунимизнинг кофир қўлиға қолиши тўғрисида ҳам ўйлаймизми ёки бунга қарши ҳозирлик кўриб қўйғанмизми?!
Ҳожи ўзини тутолмай кўз ёшисини оқ соқолиға қуйиб давом этти:
— Мана, буродарлар! Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиған фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадир. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдир. Сиз дунёда ўзингизнинг ягона душманингиз қилиб қипчоқни кўрсангиз, мен бошқа ёвни ҳар замон ўз яқинимға еткан кўраман! — деди ва рўймоли билан кўз ёшисини артиб ўрнидан турди. — Агарда дунёдан ўтаёзған бир кексангизнинг маслаҳатига қулоқ берсаларингиз бу фикрингиздан қайтинг, буродарлар! Илло Юсуфбекни ўлдиға чиқариб, бу шум ишингиздан мени ташқарида ҳисоблангиз! — деди ва мажлиснинг ўлтуринг, тўхтанг сўзига қулоқ солмай, ўлтуришни ташлаб чиқди.
Ҳожи дарбозадан чиқмаған ҳам эди, Ниёз қушбеги хахолаб кулиб юборди:
— Вой ваҳманг қурғир, ҳожи! Бу кун кўкнори ичкан экан, шекиллик! — деди.
Бошлиқдан кулгига рухсат берилгач, бошқалар ҳам кулишиб, орада ола-ғовир бошланди.
— Йўқ, — деди Қамбар шарбатдор, — ҳожи аканинг ёши қайтиб, кўнгли жуда ҳам бўшашиб кетибдир!
— Вой хўвари ҳожи, — деди Ниёз қушбеги, — олдидағи овни кўрмай, узоқдаги ёвни кўрадир!
— Худда-худда!
Муҳаммад Ражаб қўрбоши бошини чайқаб Ниёз қушбегига қаради:
— Мен сизга айтиб эдим-а, қушбеги, — деди, — ҳожини ҳар нарсага кўндирсангиз ҳам бу гапка кўнди-ролмассиз, деб.
— Мен уни кела бермай овора қилғанидан ҳам пайқаған эдим.
— Кеча бир оз хомсиган эди, — деди Каримқул понсад.
— Иш бузилди-да, — деб қўйди Муҳаммад Ражаб қўрбоши.
— Нега бузиладир? — деб сўради қушбеги.
— Сирримиз очилди, албатта ҳожи тинч ётмайдир.
— Сирримиз ҳали очилған эмас, — деди ишонч билан қушбеги, — агар биз шу ўлтурган оғайнилар бояғи гапда собит қолсақ, сирримизни яна яшириб кетиш мумкин.
— Масалан? — деб сўради Қамбар шарбатдор.
— Ўша сўзимиз — сўз, иттифоқимиз — иттифоқми?
Мажлис тасдиқ ишорасини бериб:
— Албатта-албатта! — дейишди.
— Сўз битта бўладирган бўлса, — деди қушбеги, — ҳожининг иши жуда осон, биз ҳозир сўзни бир жойга еткузамиз-да, биримиз ҳожининг олдиға бориб, масла-ҳатингизни мувофиқ кўрдик, биз янглишқан эканмиз, деймиз. Албатта, ҳожи ишонадир-да, ҳеч кимга сўзламай қўядир. Биз бўлсак, енг ичида ҳозирлик кўра берамиз, ана холос.
— Маъқул гап, тўғри маслаҳат!
— Маъқулликка маъқул, — деди қушбеги, — аммо гап бу ердаки, биз аниқ ишка бел боғлаймизми?
— Боғлаймиз, боғлаймиз!
— Баракалла, — деди қушбеги, — маълум бўла-дирки, ҳаммамиз ҳам якдил эканмиз, энди бошқа гапка ўтсақ ҳам бўладир.
— Хонни кўндириб бўлармикин? — деб сўради Қосим мингбоши.
Қушбеги кулди:
— Хон кўнган ҳисоб, — деди.
Бу гап мажлиска унча онглашилмади шекиллик, ажабланиб бир-бирларига қарашдилар.
— Изоҳ, қушбеги, изоҳ!
Қушбеги изоҳ берди:
— Мен хонни Тошканддан жўнатиш олдида унинг холи вақтини топиб, бу фикримни бир даража арз қилиб ўткан эдим, — деди, — бу фикрим хонга жуда маъқул тушкан бўлса керак, сўзимни эътибор билан тинглаб турди ва жавобида: «Яхши. Ўйлашиб, тадбирлари билан менга фикрингизни ёзинг, мен ҳам ўйлаб кўрарман», деди. Менга қолса бу тўғрида биздан хабар кутиб хоннинг уйқуси ҳам келмай ётқандир: бизга фақат ишнинг ўнақайини топиб хондан тасдиқ этдиришгина қолган.
— Хон тайёр экан бўлмаса, — деди кулимсираб Қамбар шарбатдор.
— Тайёр экан, тайёр экан!
Шундан кейин ишнинг ўнақайи тўғрисида музокара ва мубоҳаса бошланди. Ҳар ким бир турлик фикр баён қилиб, узоқ бош оғритдилар ва натижада хонга қуйидаги нома ёзилди:
«Тождори мусулмонон, хоқон ибни хоқон шаҳан-шоҳи навжувон, тожи сари хушбахтон ҳузури ҳумоюн олийларига арзи убудият адосидан сўнгра биз фақирул-ҳақир садоқатпешаи беназир қулларидин арзи бандалик шулдурким, навкарлари доимулавқот ул жанобга қипчоқ халойиқи бепархезидин бирар осиби етарму деб ҳаросидадирмиз. Ва яна ул ҳаромзода саҳройиларнинг рўйи заминдин тарошламай туриб, ул жаноби олийнинг таъмини амниятлари ҳам биз қулларича кўб хавфу хатар остида бўлғандек тахмин қилинадир. Шул мулоҳаза ва андишалар баъдида биз Тошканд қулларидин бир нечаларимиз бир ерга жамъ бўлишиб, дуру-дароз тафаккур ва таҳайюрлар сўнгғида азбаройи ул шаҳаншоҳнинг кўб замонлар бошимиз соябон бўлмоқлари умидида бар тақдир ул тождорнинг хотири отир дарё муқотирларига писанд тушиб ижобат оғоз қилсалар, бир маънини хўб ва садоқат мақосидиға маҳбуб деб билдик. Андоғки, ул халойиқи ғассобларни ўн беш синни солидин болиғ ва етмиш ёшидин қуйи ҳар бир эркак зотини билотараҳҳум қатли ом қулларича сазовордир ва илло ул муртаддин бадтар жобир0 ва бехирадлардин жаноби тождорға харрўз балки ҳар соат хавф бордир. Аммо бул тақрирни ўшал муайян қатли ом соати етмағунча ҳар бир бехират ва боғий бўлмоғи яқин мажҳул одамлардин пўшида тутилмоғи маржудир. Ва лекин ул тождор бир соати саъиди музаффарни муайян айлаб қаламравларидаги барча шаҳар ва кўйлар, қишлоқ ва кентларнинг садоқати зоҳир ва қалби тоҳир қуллариға махфий номалар кўндириб, сакбаччаларнинг қатли омиға амри олийларини дариғ тутмағайлар. Аммо Хўқанди фирдавс монанднинг ўзида ул шақоватпешалар беҳад ва беҳисоб нуфуска молик бўлғанлари важҳидин биз Тошканд навкарларининг иъонати бешакку шубҳа вожибдур. Сиз шаҳаншоҳи, ўшал соати музаффарни таъйин айлаб, биз қуллариға хабар юборсалар, бунда лозим бўлған одамимизни қолдириб ва яна ҳар қаюсимизға тегишлик бир юз, икки юз ва беш юз йигитимизни олиб, халойиқ кўзида гўё жаноби тождорнинг Мусулмонқул фалокатидин озодлиқға чиқиб мустақил соҳиби тож бўлғанларини муборакбод қилмоқ учун юрган бўлиб, иъонатларига етармиз ва дарбозадин киришимиз он фажъатан ул галаи сакларга0 ҳужум бошлаб, қатли омга қилич тортармиз. Ва яна махфий қолмағайким, Тошканднинг алҳол беклик мансабида ўлтурғучи қипчоқ Нормуҳаммад борасида қандоғ фармон бер-ғайлар, бул маънида ҳам ишоратини дариғ тутмасалар қулларини андишадан озод қилған бўлғайлар. Ушбу болода мазкур маҳзи самарайи садоқат ақли қосирлари-миз хусули натижасини биз қуллариға ушбу номани қосиди қўлидин савоб ва хато, рад ва ижобат, писанд ва нописанд жавобини ирсо қилсалар ва яна ўз фикри босавобларини изофа қилиб, қусур ва хатоларимизни танбеҳ этсалар, биз навкари бежавҳар ва босадоқати бефаросатларни дунё-дунё шоду хуррам қилиб, ул соябони марҳамат ва меҳрибони бошафқатнинг хизматларига камари хизматни берк боғлатқан бўлур эдилар, ҳувал-лоҳул-мустаъин.
Садоқатингиз мажлисига жамъ бўлғучи навкарларингиз (имзолар)”.
Бу нома эртаси кун хонга юбориладирған бўлиб, бунга махсус киши белгуланди. Мажлиснинг қўрқунчи Юсуфбек ҳожидан бўлған учун унга сохта қарорни эшитдирмак тўғрисиға Муҳаммад Ниёз қушбегининг ўзи бевосита мажлисдан чиқиб кетди. Шунинг ила бу мажлис тарқалди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-83

* * * Лекин Бобур сўнгги йилларда кўп касал бўлиб, жуда озиб кетган, жуссаси хийла кичрайиб қолган эди. Хондамир унинг ўзини қанчалик олдириб қўйганини Секри тоғига сайрга ...

Чингиз айтматов:қиёмат 23-қисм

Понтий Пилат Арк айвонидан қандай шаҳдам чиқиб кетган бўлса, шундай шаҳдам қадамлар ташлаб қайтиб келди. Посбонлар дарҳол кўздан ғойиб бўлдилар ва икковлари яна айвонда ёлғиз ...

Устозим рауф парфи – ўрисча сўз айтганга  жарима

  Рауф Парфи Давраларда ва сафарларда Рауф ака бир нималарни ўйлаб, топиб юрардилар.1989 йили ўзбек тилимизга давлат тили мақоми берилгач, ўрисча сўз айтган кишига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400