ҚОРОНҒИ КУНЛАР

2. ҚОРОНҒИ КУНЛАР

Отабек Марғилондан қайтиб келгандан кейин ўн кунлар ўтказиб уста Алимдан бир хат олған эди. Уста Алим хатида қутидорға учрашқанини ҳамма майда-чуйдаларигача ёзиб келиб айтар эди: «Сиз хиёнатни пайқағунча қайин отангизға қандоғ кина сақлаб келган бўлсангиз, ул ҳам сизга ўшандоғ киналик экан. Мени ва оиламни таҳқир этди деб, бу ҳақоратни умр бўйи унута олмаслигини тушуниб, ўт ичида юрар экан. Мендан ҳақиқати ҳолни онглаб жуда шошиб қолди, ҳатто ҳуши бошидан учди. Ичкаридан аниқ маълумот бера олмасам ҳам, аммо уларнинг ҳам қайин отангиз ҳолиға тушканларини мулоҳаза қилдим. Қайин отангиз сизнинг ўткан ҳолингизнинг оғирлигини тасаввур қилолмағанидек, душманларингизга берган жавобингизни тақдир этиш учун ҳам сўз тополмас эди. Ҳар ҳолда орангиздағи кинанинг душманингиз билан бирга супирилғанига шубҳа йўқ”.
Мактубнинг яна бир ўрнида: «Сизнинг қаерда бўлғанлиғингизни сўраған эди, мен билганимни айтдим. Келармикин деган эди, бунга ҳам ўзингизнинг ўшал муҳмал жавобингизни бердим. Фикримча, қишда бўлмағанда ҳам, кўкламга чиқиб ўзлари Тошканд тушарлар, деб ўйлайман”.
Хатнинг охирида: «Сиздан бир кун сўнг Ҳомид ўлди. Ҳайтовур бир оғиз сўзсиз тўнғиз қўпибди. Мен ўлар чоғида ҳам сизга бир туҳмат тўқирми, деб қўрққан эдим. Қутидорға ҳеч бир жарима ортмабдирлар. Мақтулларнинг эгалари ҳеч кимни тутиб кўрсатолмағанлари учун маҳкамалар ҳам ишни текширмай қўйдилар. Ўйлашимча, ҳеч ким билмаганда ҳам, сирни ўлган Содиқнинг онаси билса керак эди. Аммо унинг ҳам дами ичида, сўрағанларға худодан кўрдим, деб жавоб берар эмиш. Бул хотиннинг қўлидан ҳар бир иш келадир деб ўйлаб, ўткан кун қайин отангизға айтдим: бегона хотинни уйингизга йўлатмасинлар ва четдан келган таомни емасинлар деб. Ҳар ҳолда ёмондан хазар лозимдир”, деб ёзар эди.
Бу хатдан кейин Марғилондан тиқ эткан хабар бўлмади ва орадан икки ойлаб фурсат ўтиб кетди. Шунинг учун Отабекнинг кунлари қуёш ботиб чиқған сайин бир онглашилмовчилиқға, қоронғулиқға кира бориб, ҳар соат аччиғ ва ё чучуклиғи номаълум бир ҳол кечириб бошлади.Баъзи кезларда ул умид қучоғида шошиб қолар эди ва иккинчи вақтда ярамас — қора хаёллар билан энтикар эди.
Умидланган кезларда:
— Ой туйнукдан тубанроқда, бу кун бўлмаса эрта— чиммати қўлида, паранжиси устида, сариғми, қорами атлас кўйнаги эгнида дарбозадан кириб келгандек ва ўпкалангандек…
Иккинчи бир вақтда кимнингдир қуйидаги гапини эшитар эди:
— Ул ўзининг душманларини ўлдириш учунгина Марғилонға қатнаб юрған экан, ҳисобини тугатди-да, бедарак кетди, қолди. Тузукроқ жойи чиқса бериб қолайлиқ Кумушни… умри ҳам ўтиб борадир.
Ана шу қора хаёл уни чиндан ёниб турған бир ўт ичига ташлар ва шу чоқ ўзини мувохазага бошлар эди: «Мен нега икки йил сарсон бўлиб юрдим-да, бу сарсонлиғнинг натижасига бориб чиқғанда шундай аҳмоқ-лиққа тушдим?” дер ва Марғилон йўлини кўзлар эди. Аммо энди унга Марғилон бориш ўнақайи сира келмас: «Мен нега келдим-да, энди нега бораман ва нима деб  бораман? Қизингизни Тошканд олиб тушарсиз деб кеткан эдим… Сиз олиб туша бермаганигиздан кейин ўзим қайтиб келдим деяйми?” Отабек мана шундай чучмал азоблар ичида кейинги кунларини кечира бошлади.
Ой тўлмасдан Марғилон қатнаб турғучи ўғлини энди уч ойлаб қўзғалмай қолиши учун Ўзбек ойим эскича яна қувониб кетди. «Кейинги қилдирған иссиғ-совуғим кор қилди шекиллик, биратўласиға Марғилонни тилига олмаёқ қўйди. Энди хотиниға исиб, меҳмонхо-нада ётишни ҳам барҳам берса… ҳар нучукда дуодан қолмайлиқ”, деб Зайнабни домланикига қистар эди.
Отабек кейинги вақтларда савдога юришни тарк қилиб қўйғани учун Ҳасанали ишсиз қолған, узун кун уйда бекор зерикканликдан ҳожига айтиб бир мунча дастмоя билан гузардан баққоллиқ дўкон очган эди. Отабек кўпинча меҳмонхонасидаги кутубхонадан уни-буни ўқуб ўлтурар, ўқушдан зериккан кезларида Ҳасан-алининг дўконига чиқар ва гузардан ҳам зериккандан кейин боши оғқан ёқларға, Салор бўйлариғача кетар ва гоҳи Чуқур қишлоқ томонлариға ҳам тушар эди. Аммо тушкани билан бурунғича ичмас, икки-уч, ортиб кетканда тўрт оёқ ила кифояланар, кўз ўнглари оз-оз жимирлашкан, турлик хаёллари бир мунча тарқалған ҳолда қайтар ва лекин Ҳасанали ҳам унинг бу кайфини жуда сийрак сеза олур эди.
Ўткан кун Чуқур қишлоққа тушкан эди. Аср вақтларида қайтиб гузарга келди-да, хаёлат билан Ҳасанали дўконига ўлтурди. Отлиқ, яёв ўткинчилар тўрт томонға қатнаб турардилар, унинг бу кунги кайфи ўтачароқ кеткан бўлса керак, уларни ғира-шира кўзга илгандек қарайдир.
Ҳасанали бир-икки уни кузаткандан кейин сўради:
— Марғилонға нега кетмай юрибсиз?
Бу саволдан унинг кайфи тарқалғандек бўлиб, кўзлари мошдек очилди.
— Ҳавсала йўқ…
— Қайин отангиз кўнса, кўчингизни олиб келсангиз ҳам маъқул эди қатнаб юрғандан…
— Қайдам…
Илгари шундай савол чоғларида ўзининг ёлғон жавобларидан жуда хафаланар, Ҳасаналига ўткан гапларни бирин-бирин айтиб бергуси ва «маним уйланишимга сен сабаб бўлған эдинг, энди уни мендан ажратдилар”, деб ундан ўз дардига даво истагуси келар эди. Ҳозир ўзидан хафалик, ўнғайсизлиқ сезмаган бўлса ҳам бошиға «ўзим боролмасам-да, Ҳасаналини юборишим ва кезини топиб ўткан гапларни отаға ҳикоя қилишим керак эди”, деган фикр келди. Бора-бора бу фикр унинг бошиға жиддий ўринлашиб олди, шу тўғрида чинлаб ўйлаб кетиб кайфи ҳам тарқалаёзди. Дўконни ёпиб, Ҳасанали билан бирга кетди — йўлда, меҳмонхонада бирга ўлтуриб ош еди, дастурхон устида унинг ўйлағани фақат шу бўлиб қолди. Бироқ бу фикр қарор тусига кириб кета олмади, дақиқа сайин тарқалиб борған кайфидек турлик монеъларға учрай бошлади:
— Ҳали Марғилонда ишлар қалайикин? Улар яна айнаб қолмағанмикинлар? Марғилондан бир нарса пай-қамай туриб, кишини овора қилишға арзирмикин?..

Бу кун қуёш очиқ ҳавода кезиши учун жим-жим товланиб, ер юзига кулиб қаради. Икки кундан бери қуёш бетини қоплаб, турлик ерларга жон суви сепиш ила чарчаған баҳор булутлари бурчак-бурчакка тарқалиб борар эдилар. Уяларидан чиқиш биланоқ чумчуқлар чирқиллашиб, мусичалар кукулашдилар. Анови ар-ар те-ракка уя қўйишға ўйлаған бир жуфт карруклар ҳам вижир-вижир қилишиб кенгаш очдилар. Подачининг товшини эшитиб, далага ошиқған онасиға эргашиб қашқа бузоқ ҳам мағраб юборди. Модасига тегишкани учун томдаги каптар ҳам бўқоғини чиқариб рақибининг теварагида яғрин бера бошлади… Қисқаси бу кун уйғонишданоқ бутун коинотнинг яхши туш кўриб турғанлиғи сезилар эди.
Баҳорнинг бу кунги сиҳирлик куни Отабекни ҳам қитиқлади. Чойини наридан-бери тугатиб, Ҳасанали кетидан гузарга чиқди. Ул гузарга чиқғанда Ҳасаналининг қўшниси бўлған Али эринибкина дўкон тахтасини туширмакда эди. Отабекни кўриш билан дўкон очишни тўхтатди:
— Бу кун бўшмисиз, бек ака?
— Бўшман.
— Бўш бўлсангиз, Минг ўрукка — қимизга борар эдик, — деди Али. — Тўла қозоқ бияларини яйлоққа солибдир.
— Дўконингиз-чи?
Али туширган тахтасини қайтадан жойиға қўяберди:
— Дунёнинг иши битар эмишми, бек ака. Хўб десангиз, дўконни ёпаман.
Отабек ярқираб чиқиб келган қуёшға қаради:
— Ёпинг бўлмаса, — деди.
Отабек Ҳасаналининг дўкони воситасида Али билан яқинда танишқан эди. Ул ичи кирсиз, серкулки, очиқ-қина бир йигит бўлуб, бек билан гўё кўб йиллардан бери бўлған танишларча муомала қилар эди.
Бекга бу тасодиф жуда қулай келди. Чунки уйдан чиқишданоқ унинг қасди бу кунни далада ўткизмак эди. Эт олдилар-да, яёвлашиб Минг ўрукка кетдилар.
«Минг ўрук» мавзиъи отидан ҳам маълум, бунда минг чоғлиқ ўрук дарахти ўсқан учун бўлиб, Шиблининг сувидан бошлаб то Салор ариғиғача қатор-қатор ўруклар эди. Салорнинг нариги ёғи бийдек қир, эндигина кўм-кўк ўт гилами униб чиқған эди. Минг ўрукнинг этаги бўлған Салор бўйича уч-тўртта қозоқ ўтовлари тикилган эдилар. Иккиси Салор бўйиға етиб, Тўла қозоқнинг келинчагига этни шўрва қилиш учун бердилар.
Али ўтовдан кийгиз олиб, Салор бўйига ёзди. Келинчак ёстиқ, кўрпача ташлаб берди, Отабек ҳордиқ чиқариб ясланди.
Қуёш озорсизғина қиздирар эди. Енгилгина эскан шамол димоғқа турлик ўлан исларини келтуриб урар эди. Бир неча қалдирғоч Салорнинг оқиши бўйлаб учар ва учкан кўйи «валфажри» ўқур эдилар. Поёнсиз қирнинг юқори-қуйи ўринлари якранг кўкат ва кўз илғамайдирған узоқлиқлари туманлангансумон кўриниш берар эдилар. Қушлар, қуртлар сайраши табиий бир соз хизматини ўтаб кишига ифодаси қийин бўлған бир сезги солар эдилар.
Отабек табиъатнинг шу кўркам ва латиф кўринишига мафтун бўлиб, бир оз ётқандан кейин «ул ҳам бўлса эди”, деб ўйлади ва узоқ тин олиб қўйди.
Бу куннинг кўркамлигидан олған таассуротини Али ичига сиғдиролмади:
— Зап яхши кунми! — деди.
Отабек ҳам шу гўзалликни ўзига татитмай турған дардидан шикоятланди:
— Шундай кунларда кам-кўстинг бўлмаса…
— Сизнинг ҳам кам-кўстингиз борми? — деб Али кулимсиради.
— Йўқ, деб ўйлайсизми?
— Ҳаммада бўлғанда ҳам, сизда йўқ деб биламан.
— Масалан?
— Масаланми, — деди кулиб Али, — сизнинг билан отангизнинг обрўси қушбегида ҳам йўқ, давлат тўғри-сида бўлса, очиқарлик ерда эмассиз… Иккита тўтидек хотинингиз бек акам учун сочини тараб ўлтурадир… тағин қанақа каму кўст?
Кишининг бахтини юзакигина кўриб ҳукм қилғучи Али унга қизиқ кўринди ва кулиб:
— Тўғри айтдингиз! — деди.
— Шукур қилиш керак, бек ака, — деди Али ва ўзи-нинг бахтсизлигидан, топқанини рўзғордан ортдиролмай, шу кунгача уйланалмай келишидан ҳасрат қилиб кетди. Отабек унинг ҳасратини диққат билан эшитди, ҳаётнинг зарбаси ҳар кимнинг ўз даражасига қараб ва лекин истисносиз бўлғанлиғини тушунди.
— Дунёнинг иши шунақа экан, мулла Али, — деб уни юпатиб қўйди. Иккиси ҳам бир неча вақт жим қолдилар.
— Марғилонлиқ хотинингиздан болангиз бордир?
— Йўқ…
— Бўлса ҳам турмадими, уйланганингизга анча йил бўлған шекиллик?
— Турмади.
Али Отабекнинг ками кўстини шу боласизлиқдан деб ўйлаған эди:
— Боласизлиқ учун хафа бўлиш керак эмас, ҳали ёшсиз, бек ака!
Отабек жавоб бермади. Корсонда қимиз келди. Бек бир-икки зарангни ичкандан кейин, ямланиб кўкка қараб ётиб олди. Али бор товшини қўйиб ашула қилди:

Кўзларим йўл устида, келмади ёр,
Ушбу кенг дунё кўзимга бўлди тор.
Қай қароқчи олди ёримнинг йўлин,
Мундаги бахтсиз йигит йўл узра зор… 

— Қўшилишмайсизми, бек ака?
— Ўзингиз яхши айтасиз, тўхтаманг!
Али борлиқ овози ила ҳамма ҳунарини ишлатиб, ғазал тугалгунча ашулани айтиб борди.
— Тузикми, бек ака?
— Яхши ашулачи экансиз!
— Ундоғ бўлса устидан буни ичиб юборинг, — деди кулиб, бир заранг қимиз узатди. Бек қимизни бир симиришда бўшатди-да, энтикиб узоқ қирға қаради, узоқ қараб турди-да, юқоридағи байтни ўқуб оғиз ичидан минғиллади.

Кўзларим йўл устида, келмади ёр,
Қай қароқчи тўсди ёримнинг йўлин…

— Қўқонға кеткан сипоҳлардан дарак эшитдингизми, бек ака?
Отабекнинг хаёли бўлиниб, Алига қаради:
— Эшитмадим.
— Маним акам ҳам кеткан эди… Ой бориб, омон келишсунлар-да!
— Акангиз йигитмиди?
— Йўқ, мерган эди. Қўқон кетаётган ўртоқлариға қизиқиб, борма деганга кўнмади. Уруш эҳтимоли йўқ-ми, шунчаки фотиҳа учун кетишкандирлар-а?
— Ким билсин, — деди бек ва бир оз ўйлаб қолған-дан кейин, — бўлмас, — деб қўйди.
Корсондаги қимиз тугаб, шўрва ҳам ичилди. Дастурхонни йиғқувчи келинчакка ўғул тилаб дуо қилин-ғандан кейин, қўлиға ўттуз чақа сурма пули бердилар ва қирни айланиш, бинафша териш учун туриб кетдилар.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-4

Иккинчи боб Кулги хонасига у уч марта кирди. Мириқиб кулиб, ўзини тўхтатиб олгач, яна қийшиқ ва мўжизакор ойналар олдига борарди. Ана башара, ана сенга найранг! Бир умр ...

Мeҳробдан чаён-бирикиш

Далв ойи1, қаттиғ қиш. Девоннинг ҳар икки хонасига бир нечадан сандал қўйилған эди. Ҳар бир сандалга тўрттадан мирзо жойлашиб, дафтар таҳрири, ёрлиғ иншоси билан машғул ...

От кишнаган оқшом (қисса) 76-қисм

76 Биродарлар, участка милитсионеримиз одам бўлиб қолди! Ҳа, одам бўлиб муомала қилди, одам бўлиб гапирди. — Қандай, жиянлар катта бўлаяптими, суяклар енгилми, ака?... — ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400