ҚИПЧОҚҚА ҚИРҒИН

3. ҚИПЧОҚҚА ҚИРҒИН

Кечки соат тўртларда Қоймас дарбозасидан қайтиб шаҳарга кирдилар-да, дарбозадан ўн адим нарида боши танидан олинған уч кишининг гавдасига йўлиқдилар. Отабек бу ҳолга тушунмади, чунки аҳёнда осиладирғон гуноҳкор Эски намозгоҳ дорига элитилар эди. Шунга кўра дарбозабонни ҳужрасидан чақириб сў-ради:
— Булар қандай гуноҳкорлар экан?
Дарбозабон бекни таниб қўл қовиштирди:
— Тақсир, қипчоқлар.
— Гуноҳлари нима экан?
Дарбозабон ётган гавдаларга қараб олди ва бекнинг яқиниға келди:
— Ўзлари биларлар-ку, тақсиримнинг… бегимга айткулуги йўқ…
— Гуноҳлари нима, ахир?
— Ахир қипчоқлар-да, тўрам.
Отабек диққатланди:
— Қипчоқлар эканини билдим, аммо гуноҳлари нима деб сиздан сўраяпман!
Дарбозабон қўл қовиштирғанча Отабекка ажабланиб қаради:
— Аниқ хабарлари йўқми тақсиримнинг? — деб яна сўради.
— Йўқ!
— Вой-боёв тақсир, бу кун эрталабдан бери кўрин-ган қипчоқни сўйиб юрдилар-ку. Гуноҳлари суриштирилмади, тақсир, — деди ва ўлукларнинг ёниға юриб келиб изоҳ берди, — мановисини уйидан олиб чиқиб сўйдилар, мановиси маним ёнимда турған дарбозабон эди — раҳматлик. Мановисини танимайман ва лекин ўзи қипчоқ бўлса керак. Отабек даҳшатланиб ёнидағи Алига қаради, Али эса ётқан жонсиз гавдаларга қараб лабини тишлаб турар эди.
— Кимлар ўлдирди? — деб Отабек даҳшат ичида дарбозабондан сўради.
— Бу ерга келгучилар йигирма чоғлиқ эдилар, ўзимизнинг Тошканд йигитларидан ҳам бор, қўқонлиқлар ҳам кўринадилар. Ўзлари ҳам қипчоқни қидирабериб ҳамма ёқни тозаям ғалвир қилиб юбордилар-да, тақ-сир… Қўқонга кеткан бекларданми, хонданми, ишқилиб, шунақа буйруқ кепти-да, тақсир… Бизлар хизматкор одам — нимани билайлик, тўрам!
Отабек масалага тушунгандек бўлди ва даҳшат ичида Али билан йўлға тушди. Ўттиз қадам босмай тағин икки ўлукка учрадилар. Ўн адимда бир жонсиз гавда…
Eнди Али сўрамай чидамади:
— Наузанбиллоҳ, бу нима деган гап, бек ака?!
— Сўраманг!
— Йўғ-а, — деди Али, — ахир ҳаммаси ҳам гуноҳ-кормикин?
— Гуноҳкор!.. — деб заҳарханда қилди бек, — Мусулмонқулни биларсиз, албатта?
— Нега билмай, икки ой илгари қочиғини ҳам кўрдим…
— Билсангиз, — деди бек, — буларнинг ҳаммаси ўшанинг гуноҳига ўлдирилған ўхшайдир!
— Шу ҳам гапми, худоё тавба!
Адим сайин бир ўлукка учрар эдилар. Али санаб келар эди, гузарга етканда саноқ етмишдан ортди. Ҳали бу биргина тўғри кўчанинг ҳисоби бўлиб, кенг Тош-канднинг ўзга кўчаларини ҳам ҳисобга олғанда фажиъ бир адад ташкил этиши маълум. Гузарнинг ичига кирганда қатор чизилған қирқ чоғлиқ ўлукларни кўрдилар…
Кун асрдан оғиб шомга яқин, шунинг учун гузардаги дўконлардан очуғи уч-тўртта, жумладан, Ҳасанали ҳам ярим очиқ дўконни олдида ўлтурар эди.
— Соғ келдингизми, бек! Биз бу ерда юз хил васвасага тушиб ташвиш тортдиқ, — деди Ҳасанали.
Отабек бошқа хаёлда эди. Ҳасаналининг сўзини гўё эшитмагандек сўради:
— Бу кун дадам қаерда эди?
— Сиздан кейин ўрдага кеткан эдилар. Бир соатдан кейин шошқаннамо қайтиб келдилар-да, сизни сўрадилар, шундан сўнг қаёққа кетканларини билолмадим.
— Қачондан бошлаб қипчоқни сўйдилар?
— Отангизни келиши биланоқ, — деди Ҳасанали ва энтикиб фожиъани ҳикоя қилди. — Эй… бек, раҳмсизлик бунақа бўлар экан… Худда қиёмат бўлди! Бечоралар нима гуноҳ қилдиларкин? Уйида ҳалол касбини қилиб ўтурғанларғача тутиб сўйдилар… Эй бечоралар, қандай гуноҳлари бор экан?! Йигитлар тутиб келтуриб турадилар, жаллод бош кесиб борадир. Бу ногаҳоний қазодан эслари чиқиб кеткан бечоралар йиғлашадилар… Айниқса бир бўёқчи… худда хум ёнидан тутиб келганлар — қўли бўёқ… Эй худо, мен нима гуноҳ қилдим, деб йиғлайдир… Чидаб бўлмади, дўконини ёпиб қочдим, кўплар ҳам қочдилар… тағин бир…
— Бас, — деди Отабек. Ҳасанали ҳикоядан тўхтади, чунки бекнинг юраги эзилиб оқиш даражасига етиб, Али Ота билан хайрлашмасданоқ қочқан эди…
Уйга бориб кечки ошни ҳам емади ва отасиға ҳам учрашмади, гўё шу йиртқичлар дунёсидан яши-ринғандек оқ кундаёқ тўшагига ётиб, кўрпасига бурканиб олди. Унинг бу ҳолига уй ичи тушунганлари учун, нима қилди, деб сўрамадилар ва ёниға ҳам келмадилар…
Юсуфбек ҳожи эрталаб чойни Отабек билан бирга ичиш учун меҳмонхонаға чиқди. Отабек терсайганча келиб чойға ўлтурди, отасига салом бермади. Чунки ул ўз отасини қипчоқ қирғинининг бош омилла-ридан деб қарор қўйған эди. Чой яримлай ёзди. Орадан чурқ эткан сўз чиқмади.
Ниҳоят, ўғлиға енгиллик бериш ниятида ҳожи тилга келди:
— Хафа бўлма, ўғлим.
— Сизларга ўхшаб, — деди истеҳзоланиб, — қуво-найми?
Ҳожи ўғлининг қандоғ фикрда ва нима учун терсайганини билди.
— Янглишасан, ўғлим.
— Ражаббекникидаги мажлисда, — деди заҳарханда билан, — бу йиртқичларнинг режачиси ким эди?
Ҳожи энтикди ва:
— Ражаббекникида бўлған мажлисни сен биласанми?..— деб сўради.
— Биламан.
— Билсанг, — деди ҳожи, — маним устимга мундоғ туҳмат орттиришдан уял, бола!
— Ражаббекникида бу кенгаш бўлмағанмиди?
— Бўлған эди.
— Бўлған бўлса, тағин нега ўзингизни қуруққа оласиз?
Юсуфбек ҳожи боладан кулгандек қилиб илжайди.
— Баъзи енгил муҳокамаларинг онангникидан қо-лишмайдир, Отабек! — деди. —
Мажлисдан хабаринг бўл-ған бўлса, ким қайси фикрда қолғанини ҳам биларсан?
— Йўқ.
— Мажлисда нимадан баҳс қилинғанини-чи?
— Мажлисда нима музокараси бўлғанини ҳам билмайман ва лекин ўша мажлис фақат қипчоқларга қатли ом учун йиғилган экан, деб кеча ишондим. Мажлисингиз аъзоларининг сиздан бошқаси нега йигит тўплаб, Қўқонға кетдилар ва улар Қўқонға етмаслариданоқ нега бу ваҳшат бошланди?
— Бу муҳокаманг тўғри. Аммо отангни ҳам шу жониворлар орасиға қўшиб ўлтиришинг қисқалиғингдир,— деди. Кўзига ёш олди. — Ўзинг ўйлаб кўр ўғлим, ўз қўлимиз билан ўзимизникини кесишимиздан мамлакат учун қандай фойда бор? Башарти мен бу ваҳшатка иштирок қилған бўлсам, қайси ақл ва қандай манфаатни кузатиб қўшилишқан бўламан? Агарда маним юрт сўрамоққа ва шу восита билан бойлик орттирмоққа орзум бўлса, бошқалардан ҳам кўра ўз ўғлимға — сенга маълум бўлмасмиди? Нега ҳар бир нарсага еткан ақлинг шунга қолғанда оқсайдир. Нега ёнған юракимга яна сен ҳам заҳар сочасан?!
Титралиб ва тўлқинланиб айтилган бу сўзлар Отабекни ўкинтирди, ўлганнинг устига чиқиб тепиш қабилидан бўлған ўз ҳужумининг ҳақсиз эканига тушунди.
Юсуфбек ҳожи битта-битта ётиғи билан мажлис ҳақида баён қилиб, ўзининг қарши тушканини ва уларга уқдира олмағандан кейин, мажлисни ташлаб чиқиб кетканини сўзлаб келиб деди:
— Бирор соатлар сўнг орқамдан Ниёз қушбеги келиб мендан афу сўради ва мажлиснинг у фикрдан қайтқанини, ўзларининг хатоға кетканларини айтди. Мен хурсанд бўлиб, бу ишнинг зарарини яна исбот қилиб чиқдим. Ниёз мен билан хайрлашар чоғида: «Жон ҳожи ака, энди гап шу ерда қолсин, битта-яримта эшитгудек бўлса, биз ерга қарарлиқ бўлмайлиқ, ўлтуришнинг катта илтимоси сиздан шул”, деди. Мен бу иблисона алдовга учиб, бу тўғрида на сенга ва на Нормуҳаммад қушбегига оғиз очмадим ва уларнинг Қўқонға фотиҳа учун қўзғалишларидан ҳеч бир шубҳаланмадим… Эҳ, шайтонлар!
Ҳожи бир оз тўхтаб давом этди:
— Кеча эрталаб ўрдага борған эдим. Саҳн юзида уч-тўрт юз мусаллаҳ йигитларни биравини куткан ҳолда кўрдим ва илтифотсиз қушбеги маҳкамасига кирдим. Кирсам, Қўқонға кеткан Қаюм понсад уч-тўртта йигити билан қушбегининг қаршисида турибдир. Қушбеги қўлида бир қоғоз ушлаб, гўё эс-ҳушидан айрилган каби қотиб ўлтирибдир. Мени эшикдан кўриб, сўзсиз-несиз қўлидағи қоғозни менга чўзди ва бошини тебратиб қўйди. Мен бир нарсага ҳам тушунмаган ҳолда бориб қоғозни олдим… Ўқудим-ўқудимда, маним ҳушим бошимдан учиб, қушбеги ҳолига тушдим. Бу қоғоз хоннинг ёрлиғи эди ва бунда тахминан шундай гаплар бор эди:

«Биз Туркистон мамлакатининг хони ўз қаламравимиз ва салтанатимиз учун қипчоқ тоифасини музир деб билдик. Бу янглиғ ҳукмимизни ўз қаламравимизда бўлған барча бекларимизга, ҳоким ва қўрбоши ва даҳбошилари-мизга билдириб буюрамизким, ушбу фармонимизни олған он дарҳол ўн беш ёшдан то етмиш ёшғача бўлған қипчоқ эр зотини қиличдан кечиргайлар ва ҳеч бир силаи раҳмни восита қилмағайлар. Ушбу ҳукмимизни ерига еткузишда сустлик қилған мансабдор бизға итоатдан бош тортқан ҳисобланиб, энг қаттиғ жазоимизға маҳкум қили-нур. Бу ҳукмимизни ижро эткучи Тошканд ҳокими Нор-муҳаммад қушбегига марҳамати шоҳонамиз шулдурким, гарчи сизнинг қипчоқ қавмиға мансубиятингиз бўлса ҳам, Мусулмонқулни ҳайдашда бизга унутилмаслиқ хайрихоҳлиқлар ва хизматлар кўрсатдингиз, биноан алайҳи сиз бу жазодан маъфудирсиз ва садоқатингизда боқий қолиб амримизни ижро этишингизда шубҳа қилмаймиз!»

Қушбегига қарадим, ул ҳам маним оғзимға қараб турар эди. «Буйруқни қачон олдингиз?» деб сўрадим. Ул жавоб ўрнига Қаюм понсадга имлади.
«— Мен олиб келдим», — деди Қаюм понсад.
«— Сиз Қўқондан олиб келдингизми?» — деб сў-радим. Чунки сен айткандек беш-олти кунда Қўқонға бориб-келиш сира ақлға сиғмас эди.
«— Биз беклар билан Қўқон йўлида эдик, — деди Қаюм, — йўл устида хондан ушбу ёрлиқ келиб қолди. Ниёз қушбеги менга йигит қўшиб бу ҳукмномани ижро қилишда ёрдам бермак учун жўнатди».
Бу сўз менга ҳамма шайтанатни очиб берди ва ўзимнинг иблислар томонидан алданғанимни билдим:
«— Эртадан бошлаб ҳукмни ижро қилсақ қалай бўларкан?» — деб қушбегига қарадим.
«— Мен ҳам шуни ўйлаб туриб эдим…» — деди қушбеги ва Қаюмга қаради.
Қаюмнинг устодлари ишни кейинга силташимизни илгаридан кўриб қўйған эканлар:
«— Эртага қўйиб бўлмас!» — деди Қаюм.
«— Нега?», — дедим.
«— Негаки эртагача қипчоқлар қочиб битадирлар».
Мен Қаюмнинг сўзига қулоқ солмадим-да, қушбегидан эртанинг кенгашини сўраған бўлдим.
Бу ҳолдан аччиғланған Қаюм ёнимға келиб ўлтурди.
«— Овора бўлмангиз, ҳожи ака», — деди.
Унинг бу ҳаракатидан аччиғим қистади:
«— Сизнинг билан маним бу ишка аралашмоққа ҳаққимиз йўқ!» — дедим.
«— Сизники бўлмаса тўғри, аммо меники бор!» — деди Қаюм.
«— Буйруқ кимнинг отиға?» — дедим.
«— Қушбегининг!»
«— Бас, сиз билан мен фақат у ёрдам сў-рағандағина кетман кўтарамиз, бошқа дахлимиз йўқ!» — дедим.
Қаюм заҳарханда билан ёнини кавлаб иккинчи бир буйруқ чиқарди ва менга бериб:
«Ўқунгиз!” — деди. Ўқудим.
«— Бас, биринчи буйруқни сиз олған экансиз, нега яна қушбегидан фотиҳа кутиб ўлтурибсиз?!» — дедим ўт ичида.
«—Ҳар нарса бўлғанда ҳам улуғимиз, деб сийлаб турған эдим…» — деди Қаюм.
«— Эгасини сийлаган итига суяк ташлар, қилмоқчи-сиз-да, баракалла!» — дедим. «— Борингиз, устодларингизнинг васиятини бажарингиз!»
«— Хафа бўлмангиз, ҳожи ака!» — деди Қаюм ва қўлимдан қоғозни олиб қушбегидан сўради: «— Нима дейсиз энди, бек?»
«— Маним кенгашимга кирсангиз, эртадан бошлайлиқ!» — деди қушбеги,
«— Сира илож йўқ, қушбеги! Чунки барча шаҳар ва куйларга ҳам фақат шу — бу кунга, деб буюрған экан!»— деди Қаюм.
Қушбеги билан мен гўё тоғ остида босириқ бўлған эдик. Бошимизға ҳеч бир гап келмас эди. Қаюм ўрнидан турған ҳолда қушбегидан жавоб кутар эди. Қушбеги кўб фурсат қотиб ўлтурғандан кейин, Қаюмга қўли билан чиқишға ишорат қилиб: «— Бил-ганингизни қилаберингиз», — деди. Қаюм ёнидағи йи-гитлари билан маҳкамадан чиқди. Унинг чиқиши билан қушбегига дедим:
«— Энди нима қиламиз?»
«— Нима қилар эдик?»
«— Ахир қараб қолаберамизми, вақт танг! Қаршиға биз ҳам йигит чиқарайлиқ!»
«— Қўяберингиз, ҳожи!»
«— Бечора гуноҳсизлар кесилаберсинларми?!»
«— Кесилаберсинлар!» — деди қушбеги. Мен изтироб ичида унга тушунолмай қолған эдим.
Ул йиғи ичида тилга келди:
«— Мамлакатнинг тинчлиғи қипчоқларни кесиш билан ҳосил бўлса, майли, кессинлар! Юртнинг ободлиғи гуноҳсиз қипчоқнинг қизил қониға қолған бўлса майли, ўлдирсинлар!
Агарда нажотимиз қипчоқ тухумини қуритишда бўл-са— мени ҳам оссинлар!
Бу палидларнинг марҳаматига мен ҳам муҳтож эмасман!»
Ҳозир иноднинг ўрни эмаслигини ҳарчанд уқдир-моқчи бўлдим, кўнмади. Ноилож, ёлғиз ўзим чиқиб қўлимдан келганча қипчоқларни қочиришга ҳаракат қилдим, теваракка кишилар йўлладим. Аммо тўрт юз жаллоднинг қаршисиға чиқған бир кишининг уҳдаси албатта бир кишича эди. Муттаҳамлар кўб бечоранинг ёстиғини қуритишға муваффақ бўлдилар, — деди ҳожи.— Мана, Отабек, ҳақиқат шул, киши тушунмасдан туриб биравга туҳмат тўқимайдир.
Отабек ўзининг ўринсиз гапидан уялғаннамо ерга қаради ва бир мунча вақт фикрга кетиб ўлтурғандан сўнг сўради:
— Йиртқичларнинг бу қирғиндан қандай муддаолари ҳосил бўларкин?
— Мақсадлари жуда очиқ, — деди ҳожи, — биттаси мингбоши бўлмоқчи, иккинчиси Нормуҳаммад ўрниға минмакчи, учинчиси яна бир шаҳарни ўзига қарам қилмоқчи. Хон эрса Мусулмонқулға бўлған адоватини қипчоқни қириб аламдан чиқмоқчи. Менга қолса ўртада шундан бошқа ҳеч гап йўқ, ўғлим. — деди ва бир оз тўхтаб давом этди: — Мен кўб умримни шу юртнинг тинчлиғи ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим. Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан ман-сабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширқучи — биз кўр ва ақлсиз оталарға худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишиға ҳозирланған биз итлар яратгучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта тангрининг қаҳриға сазовордир, ўғлим! Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болалар ятимхоналарини вайрон қилғучи золимлар — қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған ги-ёҳлар қарғишиға нишонадир, ўғлим!..

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эврил турон: эллигинчи йиллар манзараси

(Давоми) Эл-улус қатори Гулистон кентини қиялаб ўтган йўлдан юришга мажбур бўлдик. Декабрь эшик  қоқаётганига қарамай, сўқоқнинг икки ёғида теримчилар учлари кўринар-кўринмас ...

Мeҳробдан чаён-йигит!

Маълумки,  кеча  Султонали  мирзо  қул  болаға  Гулшанни  чақиришни  таъйинлаб,  ўрдадан чиққан эди. Шу чиқишда ўрда атрофидан силжимай, кечгача Гулшанни кутди. Аср намозидан ...

От кишнаган оқшом (қисса) 82-қисм

82 Шунда... шунда, от кишнади. Умрим от билан ўтди. Ҳай бир отларни кўрдим, ҳай бир кишнашларни эшитдим. От сувсаб кишнади, от очқаб кишнади. Шунда от кўнглини сув бериб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400