Юлдузли тунлар-13

3

Бобур мирзо отдан тушганда бўйи ўсиб, катта йигитларга тенглашиб қолгани билинди. Қадам олиши ҳам хийла салмоқли. Тахтга ўтирганидан бери ўтган сўнгги уч йил уни жуда тез улғайтирган, кўз қарашлари кўпни кўрган одамларникидай вазмин. Фақат хипча қомати ва ҳали унча тўлишмаган елкалари энди ўн беш ёшга кирганини эслатиб турарди.
Аммо тоққа чиқишда Бобурнинг ўсмирлиги жуда иш берди. У ҳаммадан олдинда тошдан-тошга енгил кўтарилиб борар, гоҳ онасига, гоҳ опасига юқоридан қўл чўзиб ёрдамлашиб қўярди. Беклар ва мулозимларнинг кўпчилиги пастда қолишди. Йўл тор, ҳужра кичкина бўлганлиги учун ҳозир биринчи навбатда подшоҳ оиласи ва Бобурга энг яқин киши бўлган эшик оға Қосимбек чиқишмоқда эди. Қавчин уруғидан чиққан Қосимбек тўладан келган барваста киши эди, тоғнинг ярмига чиққунча нафаси бўғилиб, қийналиб қолди. Бобур буни кўриб, текисроқ бир тош устида тўхтади. Қосимбек ҳам тўхтаб, орқада келаётган мулла Фазлиддинга юзланди:
— Жаноби меъмор, бу тошлардан зинапоя тарашлаш хотираларига келмабдир-да.
Мулла Фазлиддин пастроқда тўхтаб қўл қовуштирди-ю, енгил бир таъзим билан жавоб берди:
— Агар зоти олий амр берсалар, зинапоя тарашлаш имкони бор.
Қосимбек юқорига юз ўгириб, Бобурга савол назари билан қаради. Бобур кулимсираб:
— Ажабо! — деди энди йўғонлаша бошлаган ўсмир овози билан. — Тоғ чўққисига ҳам зинапоя билан чиқурларми?
Соддароқ одам бўлган Қосимбек таклифи ўринсиз чиққанини сезди-ю, иззат-нафсга бормай, гапни кулгига бурди:
— Амирзодам, лутф қилдилар. Каминани бу терлаб-ҳансирашлардан зинапоя ҳам қутқаролмас эди.
Eнди Қутлуғ Нигор хоним ҳам кулди:
— Қосимбек жаноблари ҳақдир. От-улов ўтолмайдиган бу чўққиларга шоҳ ҳам пиёда чиқур, малика ҳам!
— Ҳатто, хонзодалар ҳам! — деб Бобур опасига қараб шўх кулимсиради.
Шунақа ҳазил-ҳузуллар билан ҳужрага етиб бордилар. Нилий гумбазли жажжи бино кўклам қуёшида шундай нафис жилоланиб кўриндики, Бобурнинг дили бирдан равшан тортиб кетди. Атрофдаги табиатнинг гўзаллиги, баҳор ва тоғлар айвонга ишлатилган нақшларни, гумбаздаги кошинлар рангини алланечук жуда очиб кўрсатар эди. Қосимбек Бобурни, унинг онаси ва опасини тавозе билан ичкарига кузатиб қўйди-ю, ўзи мармар зинапоя олдида қўл қовуштирганича қолди. У аёллар бор жойга подшоҳдан ишора бўлмагунча кирмас эди.
Мулла Фазлиддин Қосимбекдан берироққа — айвон тагига келиб турди.
Ҳужра эшиги ёнғоқ ёғочидан ўймакор қилиб, зар билан ишланган эди. Бобур гўзал ўймакорликларга, девор ва шифт безакларига бир-бир кўз ташлаб чиқди-да, ҳужранинг эшигини очди. Онаси билан опасига йўл бериб кейин ўзи ичкарига кирди.
Ҳужранинг ичи қоронғи бўлмаса ҳам қоидага биноан ғарб томонидаги меҳробга шам ёқиб қўйилган эди. Кундузги ёруғлик қаршисида кўзга зўрға ташланаётган шам ёғдуси ён-веридаги гулгун нақшларга тушиб, элас-елас жилваланарди.
Бу ҳаммаси Бобурда ғалати бир завқ уйғотди. У шам ёнидаги тўқ-қизил нақшларни Хонзода бегимга кўрсатиб:
— Ислими гулхан шуми? — деб сўради.
Хонзода бегим бир укасига, бир нақшга қаради-ю, шўх жилмайди:
— Бир қошиқ қонимдан кечсангиз, айтурмен.
Бобур ҳам кулимсираб:
— Кечдим, айтингиз, — деди.
Хонзода бегим ўнгга қайрилиб, эшик тепасидаги қип-қизил нақшларни кўрсатди.
— Ислими гулхан мана бу. Сиз нақши лолани бунга ўхшатмишсиз, амирзодам.
Хонзода бегим кўрсатган нақшлар ҳақиқатан қип-қизил олов тилларини эслатар, унинг эшик тепасига нақшланиши ҳам бежиз эмас эди. «Келувчига эргашган бало-қазони олов олиб қолади», деган қадимий эътиқод ва келин-куёвни эшик олдига ёқилган оловдан айлантириб олиб ўтиш одатлари Бобурнинг эсига тушди. У опасига тан берган каби қараб:
— Сиз ҳақсиз, мен саҳв қилибмен, — деди.
Шунда Қутлуғ Нигор хоним гап қўшди:
— Бобур мирзонинг саҳвлари узрлик. Чунки бу ҳужрада нақши лола ҳам худди гулхандек ёниб кўринур!
Онасининг лутф қилиб айтган сўзлари Бобурнинг ҳужрадан олган завқини яна бир даражада оширди.
Учовлари айвонга қайтиб чиқар эканлар, пастда турган мулла Фазлиддин Бобурнинг чеҳраси очилиб кетганини кўрди. Бобур зинапоя олдида турган Қосимбекка қараб:
— Буратоққа жуда муносиб! — деб қўйди.
Буратоғни Бобур ёшлигидан яхши кўрар эди. Текис водийнинг ўртасига тушган бу баланд тоғ одамларни ҳайратлантириш учун яратилганга ўхшарди. Гўё у улкан тоғнинг бир парчасини илоҳий бир куч шундай кўтариб олиб келгану томоша учун сайҳон жойга чиройли қилиб ўрнатиб кетган. Мана шундай тоққа муносиб бўлиш ҳужра учун жуда катта шараф эканини сезган Қосимбек бир четда қўл қовуштириб, сукут сақлаб турган меъморни чақирди.
Бобур подшоҳ бўлгандан бери ўз кўнглидан чиқариб қурдирган биринчи иморати жуда кичик бўлса ҳам унга азиз ва ғанимат туюлди. Бу ҳужра тоғ қиррасида шундай жозиба билан узоқ вақт туришини истаб, меъморга савол назари билан қаради:
— Тоғда қор-ёмғирлар кўп бўлур. Ҳужра узоқ вақтга бардош берурмикин?
Айвонда турган Қутлуғ Нигор хоним билан Хонзода бегим ҳам меъморга кўз тикишди. Мулла
Фазлиддин ҳаяжонланганидан тиззалари букилиб-букилиб кетмоқда эди. У қўлини таъзим билан кўксига қўйиб:
— Иншоолло, бардош берур, — деди. Қосимбек унинг гапини тасдиқлаб:
— Ҳа, қирқ-еллик йил яхши турур, — деб қўйди.
«Қирқ-еллик йил» деган сўзлар мулла Фазлиддинга озор бергани унинг Қосимбекка қисқа бир кўз ташлаб қўйганидан сезилди. Шу пайт мулла Фазлиддин ўз юзига кимнингдир майин нигоҳи тушганини ҳис қилди. Бошини кўтарса, Хонзода бегим юзига ёпилган юпқа оқ ҳарир парда орқали мулла Фазлиддинга қараб турибди. Мулла Фазлиддиннинг бутун вужуди олов сели ичида қолгандай бўлди. У ҳозир сири фош бўлиши мумкинлигини сезиб, яна таъзимга бош эгди. Шунда Хонзода бегим Бобурга изоҳ берди:
— Амирзодам, худо хоҳласа, бу ҳужра кўп авлодларни кўргай. Қаранг, қор-ёмғир тегадиган жойлари сангкорлик қилинган. Пойдевори қоятошга маҳкам ўрнатилган. Мулла Фазлиддиннинг маҳоратлари баланд — Ҳирот билан Самарқанд меъморларидан таълим олмишлар.
Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг мақтовини ишга оид оддий гаплардек қабул қилмаса, кўнглидаги нозик ҳисларни сездириб қўйса, ўн жонидан бири ҳам омон қолмаслигини сезди. Ахир жўн бир меъморнинг шоҳ қизига муҳаббати подшоҳ оиласига ҳам, унинг бекларига ҳам ҳақоратдай туюлиши мумкин!
Хайриятки, ҳукмдорлар олдида ҳаяжонга тушиш ва таъзим қилиш одат тусига кириб қолган.
Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг илиқ сўзларига жавобан яна бир таъзим қилди-да, ерга қараб, худди қиличнинг тиғи устидан юриб бораётгандай эҳтиёт бўлиб гапира бошлади:
— Ҳазрати олийга арзим шулки, Самарқандда Улуғбек мадрасасининг деворлари учун қандай ганчу гилмоя, ғишту кошин ишлатилган бўлса, бу ҳужранинг деворларига ҳам фақир шуларни ишлатмишмен. Худодан умидим бор. Бобур мирзонинг муборак номларига мансуб бу ҳужра
асрлар давомида мустаҳкам турур*.
Бобур бу сўзлардан таъсирланиб:
— Айтганингиз келсин, — деди. — Ҳужра биз истаганимиздан ҳам яхши!
Қосимбек «қирқ-еллик йил турар», деб ҳужранинг умрини қисқа қилиб қўйганидан энди хижолат бўлди. Ҳужрадан нарида харсангтош ортида буйруқ кутиб турган савдарбошига бир қараб олдида, кейин меъморга ўгирилди:
— Офарин сизга, мулла Фазлиддин!
Бобур Қосимбекнинг гапини тўғрилаб:
— Мавлоно Фазлиддин! — деди.
Шу билан меъморга мўътабар мавлонолик унвони берилгандай бўлди. Қосимбек подшоҳнинг олдида бир неча марта устма-уст саҳв қилганини бир ҳаракат билан тўғрилагиси келди-ю, савдарбошига буюрди:
— Мавлонога тўн келтирилсин!
Савдарбоши саросима бўлиб пастга қаради. Мукофот учун олиб юриладиган тўнлар тоғ этагидаги чодирларда қолган эди. Қосимбек буни сезди-ю, ўзининг эгнидаги янги кимхоб тўнни ечмоқчи бўлиб:
— Мирзо ҳазратлари, ижозат беринг! — деди. Бобур унинг жўмардлигига тан бергандек, жилмайиб бош ирғади.
Қосимбек зар ёқали кимхоб тўнини ечиб, мулла Фазлиддиннинг елкасига ташлади.
— Мавлонога биздан битта от анжоми билан инъом қилинсин, — қўшимча қилди Бобур.
Мулла Фазлиддин таъзимга эгилиб миннатдорчилик билдирар экан, бир неча кишининг.
— Муборак! Муборак! — деган сўзларини эшитди.
Бу сўзларнинг орасида энг ёқимлиси — Хонзода бегимнинг муборакбоди бўлди. Мавлоно Фазлиддин унга иккинчи марта қарашга журъат этолмай ерга кўз тикиб турган бўлса ҳам, шу дақиқаларда ўзини бахтиёр сезар эди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

________________
* Чиндан ҳам, Ўшдаги бу ҳужра тўрт юз йилдан ортиқ мустаҳкам турди. Тоғ тепасида оқариб кўрингани учун халқ уни «Оқ уй» деб атайдиган бўлди.
Асрлар ўтиши билан таъмагир шайхлар бу бинони «Сулаймон пайғамбар томонидан қурилган қадимжой» деб эълон қилдилар, тарихдан бехабар
одамларни бунга ишонтириб, назр-ниёз ундириш воситасига айлантирдилар.
Йигирманчи асрнинг ўрталарида академик Иброҳим Мўминов Қирғизистон олимлари билан ҳамкорликда тарихий ҳақиқатни тиклаб, бу ҳужрани Бобур
мирзо қурдирганини илмий жиҳатдан асослаб бердилар. Оқ уйнинг пештоқига буни билдирадиган мармар ёдгорлик ўрнатилди.
Аммо Бобур номининг бундай улуғланиши мустабид шўро мафкурачиларининг қаҳрини келтирди. Улар ҳужранинг зиёратгоҳ бўлганини баҳона қилишиб,
динга қарши кураш шиори остида 1963 йилда Оқ уйни аскарий қисмлар ёрдамида портлатиб бузиб ташладилар.
Лекин ҳужранинг мустаҳкам қоятошга ўрнатилган пойдевори бутун қолган эди. Унинг тасвири туширилган суратлар бор эди. Адолатпарвар одамларимиз
орасида Бобур мирзо қурдирган бу ажойиб обидани қайта тиклаш нияти йиллар ўтган сари кучайиб борди.
Саксонинчи йилларнинг охирида миллий уйғониш шабадалари эса бошлаган даврда Ўш шаҳрининг ўзбек, қирғиз ва бошқа миллатларга мансуб
вакиллари Оқ уйни қайта тиклаш учун махсус жамғарма ташкил қилдилар. Бу жамғармага Бобур мирзонинг барча мухлислари томонидан тўпланган
маблағлар ҳисобига Оқ уй тарихий аслига мос гўзал шаклда қайта тикланди. (Муаллиф)
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 22-қисм

22 Бойсунлик чавандозлар улоқ ололмаслигини билди. Энди қинғирлик йўлига ўтди. Улоққа чилвир солди! Чилвир ярим қулочча келадиган арқон бўлади. Йўғонлиги бошмалдоқдай ...

Юлдузли тунлар-82

СEКРИ ҚАЙТА КЎЗ ОЧГАН БУЛОҚ 1 Бобурнинг махсус таклифи билан Ҳиротдан Аграга келаётган мавлоно Хондамир, шоир Шиҳоб Муаммий ва мударрис Иброҳим Қонуний уч ойга яқин йўл ...

Юлдузли тунлар-25

ХЎЖАНД, МАРҒИЛОН, АНДИЖОН АМИР ТEМУР САБОҚЛАРИ 1 Бобур минган ёлдор саман от эгасининг изтиробларини сезгандай юган сувлиғини асабий чайнайди, жиловни тортиб, олдинга учмоқчи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400