Ўзбекистонда автомобиллар нархи яна ошади

Ўзбекистонда автомобиллар нархи яна ошадиОта-боболаримиздан келаётган “Бўзчи белбоққа ёлчимас”, “Темирчи тақага ёлчимас” ва шунга ўхшаш бошқа мақоллар бугунги кунга келиб ҳам ўз моҳиятини йўқотмаган, десак адашмаган бўламиз. Юртимиз мустақилликка эришгандан кейин мамлакатимизда автомобиль саноати вужудга келди ва фаолият юрита бошлади. Қарийб 10 йилдан бери ўзимизда ҳар хил русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбек уловлари МДҲдаги айрим давлатлар бозорларида ҳам баҳоли қудрат ўз нуфузига эга бўлмоқда. Бу, албатта, бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир. Бироқ ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобилларни ўзимизда сотиб олиш ҳамиша осон эмас. Бунга иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволда яшашимиз ҳамда юртимизда ўзимизнинг машиналаримиз ўзимизга ниҳоятда қиммат сотилиши жиддий тарзда тўсқинлик қилади. Бир сўз билан айтганда, ғуруримиз ва фахримиз ҳисобланмиш ўз машиналаримизга эгалик қилиш истагида бўлган юртдошларимизнинг мана шундай тўсиқларни енгишга ҳар доим   бардошлари етавермайди.           

Куни кеча Тошкентда ташкил этилган Ўзбек-корейс бизнес форумидаги “Ўзавтосаноат” компанияси томонидан ўтказилган тақдимот ва унда илгари сурилган фикрлардан воқиф бўлган ҳамда машина миниш  истагида пул тўплаб юрган фуқароларимизу автомобилсевар юртдошларимизнинг кўнглини яна бир карра тушириб юборди, десак муболаға бўлмас.

“Ўзавтосаноат” компаниясининг ташқи иқтисодий фаолият бошқармаси бошлиғи Тимур Юнусовнинг жорий йилда ички бозорда GM-Uzbekistan автомобилларининг нархи камида 7-12 фоизга ошишига оид тарқатган маълумоти, албатта, кўпчиликнинг кўнглидан қўним топмади.

 Uzmetronom ушбу хабарларни Т. Юнусовнинг маълумотларига таянган ҳолда тарқатмоқда. Бошқарма бошлиғининг билдиришича, автомобиллар сотуви ҳажми 2011 йилда 2,6 миллиард долларни, 2012 йилда 3 миллиард долларни, 2013 йилда эса, 3,7 миллиард долларни ташкил этган. Жорий йилда бу кўрсаткични 3,7 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Сир эмас, бугунги кунда ташқи бозорда GM-Uzbekistan автомобиллари сотуви тобора тушиб бормоқда. Ана шу жараённи инобатга олган ҳолда,   “Ўзавтосаноат” МДҲдаги талабнинг камайишини ички бозорда нархни сезиларли равишда ошириш орқали қоплашга интилаётганини тахмин қилиш мумкин. Кейинги пайтларда МДҲдаги айрим давлатлар, жумладан, Россия, Украина, Қозоғистон томон автомобилларимизни сотиб олишни тўхтатиш ва сотиб олиш ҳажмини камайтиришга оид фикрларини тез-тез ўзгартирмоқда ва баъзан ўз ташаббусларини амалиётга жорий этмоқда. Мазкур давлатларнинг бу каби хатти-ҳаракатлари ички бозоримизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг натижасида шундоғам автомобиль бизнесига оид ички бозор ўйинларидан азият чекаётган халқ озурда чекмоқда. Бир сўз билан айтганда, таёқ алал-оқибат айбсиз айбдор халқимизнинг бошига келиб тушмоқда.

Мавриди келганда шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистонда GM-Uzbekistan автомобиллари учун сунъий тақчиллик яратилган. Ўзимизда ишлаб чиқарилган машиналарни сотиб олиш учун ёзилмаган қонунга биноан йиллаб навбат кутишга тўғри келади. Кутишни истамаганлар эса, қандайдир алчоқларга катта миқдорда пора бериши керак. Боз устига, юқорида айтганимиздек, GM-Uzbekistan автомобиллари ташқи бозорга нисбатан қиммат. Масалан, супер салонли Nexia автомобили қўшни Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳридаги “Вираж” автомобиль бозорида 9-10 минг АҚШ доллар, ишлаб чиқарилган Ўзбекистонда эса, 35 750 830 сўм, яъни 16 200 доллардир. Шунингдек, Kaptiva 92 973 600 сўм, Nexia 31 307 500, 34 909 500, 35 750 830, Damas 26 213 100, 26 782 800, Spark 27 937 400, 30 867 310,  Kobаlt 43 300 000 дан 54 200 000 гача, Matiz ва Lacetti автомобиллари эса айни пайтда чикарилишдан тўхтатилган. Агар Т. Юнусов таъкидлаганидек автомобиллар нархи 7-12 фоизга оширилса, бу рақамлар ортга қайтмас бўлиб, автомобиль тарихи саҳифаларида муҳрланади. Чунки Ўзбекистонда ҳеч қачон вазиятдан чиқиш мақсадида оширилган нарх кейинчалик туширилмаган. Хуллас, автомобилларимиз ўзимизга нисбатан хорижда анча арзон сотилади. Бу эса, ҳукуматимизнинг иқтисодий оғир аҳволда яшаётган халқига нисбатан ҳурматсизликдан, кимларнингдир улар ҳисобидан бойиши учун йўл очиб берганлигидан далолатдир. Ўз халқини ёрлақамаган давлатнинг, ўзгаларни ёрлақашга интилиши замирида нелар ётгани эса, фақат Яратганга аён! Бироқ бу жараён ватанпарварлик эмас, аксинча, хиёнат. Ўз халқи кўнглидан жой топмаган, жой топишга интилмаган ва тополмаётган ҳукумат алал-оқибат уларнинг уволига қолиши, қаҳрига учраши шубҳасиз, аниқ.

Асил ЭЛЎҒЛИ      

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хитойда сўнгги 40 йилда 375 миллионта янги иш ўрни очилган

Хитойда ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати юритила бошланган 1978 йилдан бери 375 миллиондан зиёд янги иш ўрни очилган. Бу ҳақда «Синьхуа» агентлиги мамлакат давлат статистика ...

Ўзбекистонда доллар қимматлади, қирғизистонда эса арзонлади

Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 241,61 сўмга кўтарилди. Ўзбекистон Марказий банки хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 18 мартда амалда бўладиган қийматини ...

Энди артистлар тўйдан топган даромадидан солиқ тўлайди

2020 йил 1 январдан қўшиқчилар, ҳа, ўша бирровга бориб, кўкида оладиганлар даромадидан солиқ тўлайди. Холис фикр каналининг манбасига кўра, ҳукумат даражасида бўлиб ўтган ...