ЗИМНАН АДОВАТ

8. ЗИМНАН АДОВАТ

Шундан кейин Ўзбек ойим олдинға тушиб, қудаси билан Кумушни уйга бошлади. Уларнинг кетидан бошқа меҳмонлар юрдилар. Ўзбек ойим йўл устидан Ойбо-доққа:
— Тезроқ чойингга қара, бечораларнинг аравада ичаги узулғандир,— деди ва Офтоб ойим билан Кумушка,— мен сизлардан жуда хафаман,— деб қўйди.
Офтоб ойим Кумушка қараниб жавоб берди:
— Айтсангиз, айтмасангиз биз жуда уятлик бўлған-миз.
Уйнинг даҳлизига кирдилар. Ўзбек ойим уларни тўрга таклиф қилди:
— Қани, юқориға! — деди.
Офтоб ойим тўрга ҳаракат қилса ҳам, Кумуш бошқа меҳмонлардан уялиб тўхтади, Ўзбек ойим уни қистаб тушди:
— Ийманма, Кумуш отин, бу кун-ерта бизга янги келинсан, учунчи кундан бошлаб сен муғомбирнинг бошингда тегирмон юргизишни ўзим яхши биламан! — деди. Офтоб ойим ва кейиндагилар кулишдилар. — Яна ҳали сен маним собунимга кир ювиб кўрганинг йўқ! — деб қўйди. Бу гал Кумуш ҳам кулимсираб олди. Тўрга Офтоб ойим ва Моҳира қудачалар ўлтурдилар. Офтоб ойимнинг сўлига Кумуш, Кумушнинг ёниға Хушрўй, Моҳира ойимнинг ўнгига Ҳанифа, ундан кейин Карима отин, Шарофат чевар ва Маҳинабонулар қатор чизилишдилар. Энг оёғда Ўзбек ойимнинг ўзи ўлтурди. Карима отин қўл очиб дуо қилғандан кейин, Ўзбек ойим «Хуш келибсиз» қилди. Мундан сўнг ҳамманинг кўзи иттифоқ қилғандек Кумушка тушди.
Кумуш уялиб ерга қаради. Бир неча вақт жим қолишиб Моҳира ойим Офтоб ойимдан сўради:
— Марғилондан етиб келгунча ҳам жуда бир ерга еткандирсизлар?
— Унча чарчағанимиз йўқ, — деди Офтоб ойим,— ўзи Марғилондан Тошкандгача арава йўли ўн кунлик экан, биз чарчамайлиқ, деб секин-секин ўн икки кунда келдик.
— Йўл лойдир? — деб сўради Маҳинабону.
— Лой эмас, — деди Офтоб ойим, — йўл жуда яхши экан — икки ёқда кўм-кўк майса, қирларда лолалар, йўлнинг жуда ҳам томоша вақти экан.
Сўз навбати Ўзбек ойимға келди:
— Келмаганларингизда Отабекни энди сира ҳам юбормаслиққа қарор қўйған эдим, — деди, — бооо худо, ўғлим, уч йилдан бери ой сайин Марғилонға қатнаб зерикмадингми, энди улар ҳам келсин ахир, деб йўлдан тўхтатқан эдим.
Кумуш Отабек исмини эшиткач, секингина кўтари-либ қўйди. Офтоб ойим Ҳасаналидан ҳамма сирни ўрганиб олған, шунинг учун Ўзбек ойимнинг довдирашига тушунди:
— Юзимизга солмасангиз ҳам жуда уятлик бўл-ғанмиз, — деди.
Зайнаб дастурхон кўтариб кирди ва меҳмонларга «Хуш келибсиз» айткандан сўнг дастурхонни ёзди. Даҳлиздан — Ойбодоқ қўлидан ясалған баркашларни олар экан, бир-икки қайта ер остидан Кумушка кўз юборди ва Кумушнинг кўзи ҳам унинг кейинги қарашида тўқнашиб олди. Баркашлар қўйилиб бўлди. Ойбодоқ тўрт чойдиш чойни мис теклиги билан киргу-зиб берди. Зайнаб чойдишлар ёнига меҳмонларга чой қуйиш учун ўлтирди. Ўзбек ойим чиқиб борған Ойбодоқни тўхтатиб сўради:
— Қассоб келганмикин?
— Боя келган эди. Ойимлардин фотиҳа олиб берсангиз, қўйни чиқариб берар эдим.
Ўзбек ойим қудачасиға қаради:
— Фотиҳа берасизми, қуда!
Офтоб ойим Моҳира ойимға қаради.
— Фотиҳа берингиз, ойи!
— Қўй сизга аталған, — деди Моҳира ойим. — Фотиҳа бериш сизнинг ҳаққингиз, биз бўлсақ фотиҳани кўб берганмиз…
Ўзбек ойим ҳам «сиз беринг» дегандек қилиб Офтоб ойимға имлади. Офтоб ойим уялинқираб фотиҳа берди. Ойбодоқ чиқғандан кейин дастурхонга қарадилар ва «олинг-олинг» билан бир-бирларини қисташа бошладилар. Бояғидек кўбчиликнинг кўзи Кумушда эди. Айниқса Ўзбек ойим суқланиб унга қарар ва томоққа қистар эди:
— Ол болам, ол! Мен томоқдан уялатурған кишини ёмон кўраман. Ёки эшикдан киришингданоқ санси-рай бошлағаним учун хафа бўлдингми?
— Хафа бўлиш эмас, сўйиндим, — деди Кумуш ва дастурхондан чўқинди.
Офтоб ойим:
— Сансирашингиз уч йилдан бери Кумушни болам, деб юрганингизни бизга очиқ онглатди. Айниқса мен бунинг учун сиздан миннатдорман.
Карима отин:
— Киши ўз боласини сансирайдир, бегонани ҳам сансирасин-чи.
Зайнаб:
— Мени ҳам чимилдиқдан чиқишим биланоқ санси-раган эдилар…
Ўзбек ойим:
— Мен яқин кўрган кишимни сизсирай олмайман.— деб махтанған сумол бўлиб олди, — ҳой Кумуш, ол, жилла қуриса анув варақидан бир-иккита е, юрагинг узилғандир.
Кумуш узр айтди:
— Чарчадим шекиллик, — деди, — иштиҳом бўғил-ғанға ўхшайдир…
Ўзбек ойим кулди:
— Иштиҳонг бўғилған бўлса чарчағанингники эмас эрингни соғинганингники, — деди. Бирдан ҳамма кулиб юбордилар. Зайнаб ҳам кулгуга иштирок қилди… Аммо Кумуш юзини четка ўгирган эди. Эҳтимолки, қайин онасининг заковатига ичидан таҳсин ўқур эди.
Ўзбек ойим Офтоб ва Моҳира қудаларни дастур-хонға қистади:
— Олинг қуда, сиз ёшларни қўяберинг, буларни йигит асраса, сиз билан мени томоқ асрайдир.
Яна кулги бошланди. Офтоб ойим ўзини тутолмай кулар эди. Кумуш ҳам очиқ кулиб, кулги орасида Зай-набка қараб олди — Зайнаб ҳам кулар эди…
Кулги босилиб тушкандан кейин, Зайнабнинг янгаси Кумушдан сўради:
— Бегингиз билан кўришмаганингизга қанча бўл-ди?
Кумуш даҳшатланиб онасиға қаради. Офтоб ойим жавоб берди:
— Уч ой шекиллик.
Хушрўй ўзининг золим кўзини ўйнатди:
— Ҳа, бўлмаса холам айтканларидек иштиҳонгиз бўғилғани ўшаники.
— Тўғри, тўғри! — дейишди хотинлар.
— Мен ўзим биламан, — деди Ўзбек ойим, — жўрттага Отабекни уч ой тўхтатиб қўйдим-ку, ахир!
Кумушнинг кўнглидан кечди: «Аниқ биласиз, жўрт-тага тўхтатдингиз!»
Офтоб ойим кулиб жавоб берди:
— Жилла уники бўлмаса керак. Маним ҳам иштиҳом бўғилғандек…
Ўзбек ойимнинг эсига Отабек тушкан эди.
— Ҳой, айткандек, Отабекни кўрдингизми? — деб Офтоб ойимдан сўради:
— Йўқ.
Ўзбек ойим Зайнабка қаради:
— Ташқаридамикин?
— Йўқ эмишлар… — деди Зайнаб.
Ўзбек ойим ажабланди:
— Боя отанг ҳам сўраған эдилар… — деди, — қа-ёққа кеткан экан, ақлсиз… Эрталаб сенга ҳеч нарса демабмиди?
Кумуш Зайнабнинг оғзига тикилди, Зайнаб ҳам унга қараб олди:
— Эрталаб мендан уст тўнларини сўраған эдилар,— деди, — мен тўнни бериб қаёққа боришларини сўрағанимда, бир жойда ишим бор, деган эдилар…
Зайнаб зимнан Кумушни чақиб олди. Кумуш лой каби бўшашиб, Офтоб ойим ҳам оғир тортди. Зайнабнинг қариндошлари кулган сумол бир-бирларига қарашиб олдилар. Ўзбек ойим орадан ўткан сирни пайқади: «Бирарта зарур иши чиқғандир», деди. Шу вақт даричадан Ҳасанали кўринди, қўлида бир меш қимиз кўтарган эди, даричадан туриб меҳмонларни «Хуш келибсиз» қилди» ва қимизни уза-тиб Офтоб ойимға қараб кулди:
— Қимизни куявингиз сизга киргизди.
Офтоб ойимнинг ҳуши ўзига келиб, Кумушнинг юзига қон югирди. Ановилар бўлса, энди буларнинг ҳолига тушиб бўзрайишдилар.
Қимиз билан енгиллашкан Ўзбек ойим Ҳасаналидан сўради:
— Қачон келди?
— Ҳозир.
— Қаёққа йўқолған экан, аҳмоқ?
Ҳасанали изоҳ берди:
— Кеча ҳожи унга иш буюрған эканлар. Билмадим, кеча нима билан овора бўлиб хизматни унуткан ва бу кун эрталаб эсига тушиб меҳмонлар келгунча бориб келарман, деб шунга кеткан экан. Борадирған жойи узоғроқда бўлиб, кечиккан ва йўлдан келатуриб бу гуноҳига икки меш қимиз олған… Ҳали қимизни менга бериб: «Кириб айтинг, жуда уятлик бўлдим кечирсинлар», дейдир, — деди ва кулди.
Карима отин:
— Кечирилмайдир, қимиз ўзи нима деган гап, — деди.
Офтоб ойим меҳмонларга қараб чиқғандан кейин Ҳасаналига кулиб жавоб берди.
— Ўзимиз жуда чўллаб келган эдик, шунинг учун кечирдик.
— Балли-балли! — деди Ҳасанали, — мен кечирганингизни чиқиб айтаман.
— Чиқиб айтинг, — деди Офтоб ойим.
— Сиз-чи? — деб сўради Ҳасанали Кумушдан.
Кумуш бақадек қотиб ўлтурган Зайнабка қаради ва уялинқираб жавоб берди:
— Мен ҳам кечирдим…
— Сизнинг икки бошдан кечиришингизни ўзим ҳам билар эдим, — деди Ҳасанали. Бўғоз-қисир уй ичини кулги босди.
Кулгидан сўнг Ўзбек ойим:
— Нега ўзи кирмади? — деб сўради.
— Қайин отаси билан сўзлашиб ўлтурибдир…
Ҳасанали кеткандан кейин Ўзбек ойим Ойбодоққа, қимизни мис тоғораға бўшатишка буюрди. Қўй сўйилиб тайёр бўлған эди. Ўзбек ойим қудачасининг раъйини сўради:
— Нима буюрасиз?
— Мендан сўраб ўлтурманг, меҳмонлар нимани хоҳласалар биз ҳам ўшанга ёрмиз.
Ўзбек ойим томоқ буюриш учун ҳавлига тушди. Зайнаб мис тоғороға ағдарилған қимизни чўмичлаб косаларга қуйиб меҳмонларга тутди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 61-қисм

61 Йўл четидан юрдим. Шу гап бўлган ердан ўтдим. Бир маҳал оқ халатлик бир одам йўлимни тўсди. Бу ўша балиқпаз бўлди. Балиқпаз тирсагимдан ушлаб, мени балиқхонасига етаклади. ...

Ғамгин қўшиқ (шеър)

Аям Офтоб Мамажон карвон қизига Гўзаллашиб кетарди борлиқ Шаҳрихондан ўтганда Офтоб, тўкиларди кулган чоғи дур, нур уйнарди кўзларида соф. Уни кўриб тўхтарди сувлар, ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-15

Саккизинчи боб Кечга бориб у Онатой билан ярашмаган бўлсада, бироқ орадаги умумий ишлар уларни бир-бирига мурожаат этишга мажбур қилди. Барибир кўнгилда доғ қолди, воқеанинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400