ДХХ ВА ИИВ ХАЛҚ НАФРАТИНИ ЖУНБУШГА КЕЛТИРАЁТИР, БУНДАН МИРЗИЁЕВ БЕХАБАР

Ўзбекистонда эскича усулда, яъни биринчи президент ИАК даврида кенг қулоч ёзган сансоларлик, фуқароларни, халқни сарсону саргардон қилиш, алдаш ва ҳаракатсизлик усулида иш юритиш ҳамон давом этаётир. Бундай усул, айниқса, ИИВ, ДХХнинг бошқарма ва бўлимларида устун. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳалигача “девор орқасида туриб” иш юритадиган Давлат хавфсизлик хизмати мутасаддилари ҳамда жавобгар шахслари учун амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорлари, фармонлари, топшириқлари, буйруқлари бир тийинга қиммат. ДХХ ҳамон эски МХХ пайтидаги зўравонлигини, эскича иш усулини сақлаб қолиш ҳаракатида.

Ушбу органларда ишлайдиган айрим раҳбарларнинг гап-сўзларидан, фуқароларга, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахсларга муносабатларидан уларнинг президентнинг қарорларини  менсимасликлари яққол сезилади. Мен бундай иллат ҳақида илгари ҳам ёзганман ва албатта, бу гапларим замирида президент билан куч ишлатар тизими органи ходимлари ўртасига совуқчилик тушуриш ёки ҳар икки томонни обрўсизлантириш ниятим йўқ. Бу реал ҳаётда бор гап! Ростдан ҳам ушбу идоралар президентнинг гап-сўзларига парво қилмаяпди. Буни иши тушганлар жуда яхши билишади. Шу боисдан кўпчилик юртдошларимиз мамлакатда қўшҳокимият пайдо бўлганини ноўрин эътироф этмаяпди.

Ўтган 2018 йилнинг октябрь ойи бошларида Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бошлиғи подполковник Баҳриддин Шариксиев қабулида бўлганимда у менинг фуқароликка қабул қилиш бўйича Президент Ш. Мирзиёв номига 2 йил олдин ёзган Илтимосномамни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасидан олиб, менинг ишим билан шахсан ўзи шуғулланишга ва тез орада аниқ жавоб айтишга ваъда берганди ва бир ҳафтадан кейин қабулига келиб, ҳужжатларимга доир жавобни билишим мумкинлигини билдирганди. Лекин афсуски, орада бир ҳафта ўтгандан кейин, аниқроғи, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўзи белгилаган санада мени қабул қилишдан бош тортди. Бош бошқарма бошлиғи Б. Шариксиев қабулига кириш учун кейинги бир неча мартали уринишларим ҳам зоё кетди. Бошқарманинг навбатчи қўриқчилари Б. Шариксиев ишда бўлишига қарамасдан, уни мажлисда, иш сафарида деб ёлғон жавоб бериш билан алдаб келди. Шу тариқа, Бош бошқармага боришдан ҳам кўнглим қолиб кетди. Ўтган йилнинг 28-декабрида яна ноилож Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига бордим ва бино ичига киришга эришдим. Лекин навбатчи қўриқчи тепадагилар билан телефон орқали гаплашгач мени Б. Шариксиевнинг ўрнига унинг ўринбосари Нодир Зияевга рўпара қилишини айтди. Сидқидилдан рози бўлдим. Н. Зияев ҳужжатларим Тошкент шаҳар ИИББнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан ўзларига келганини, эндиликда ҳужжатларим тартиб бўйича республика давлат хавфсизлик хизматига текшириш учун юборилганини ва 2019-йилнинг 5-январида қабулига келишимни айтиб хайрлашди. Шу тариқа Зияев-Азимий мушук-сичқон ўйини бошланди. 5-январь кунига белгиланган қабул 7-январга кўчди. 7-январь 15-январга. 15-январь куни Зияев жаноблари касаллиги туфайли ишга келмади. Навбатдаги учрашув 18-январь кунига белгиланди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармасига такрор бордим. Зияев Илтимосномамга доир Республика ДХХдан ҳали жавоб келмаганини, ўзларининг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини, ижрочи орган эканликларини, ДХХ жавобини олмасдан ҳеч қандай чора кўра олмаслигини айтиб мени эшикдан ҳайдаб чиқаргандай бўлди. Мен ундан жавобни, яъни 2017 йил 9-январда президент номига ёзган илтимосномам айни пайтда республика ДХХда текширилаётганлиги ҳақидаги оғзаки жавобини ёзма равишда беришини илтимос қилдим. Н. Зияев илтимосимни кескин турда рад этди. У бошқарма бошлиғи Б. Шариксиев қабулига киришимга ҳам рухсат бермади. 22-январь куни қабулга келишимни ва шу куни бошқарма бошлиғи қабулига олиб киражагини ҳамда Президент номига ёзган Илтимосномамга доир ёзма жавоб беражагини айтиб, яна одатдагидек қуюқ ваъда бериб хайрлашди. Унинг ваъдасига ишониб, 22-январь куни аллақачон одамлар қаҳрига учраган  ўша истараси совуқдан совуқ ташкилотга яна бордим. Бу сафар мажлисдалигини билдирган Нодир Зияев энди 25-январь куни учрашажагини лоқайдсизларча билдириш билан чекланди холос. Лафз ва қуюқ ваъда эса ҳатто эсидан ҳам чиқиб кетди.  Зияевнинг эрталабдан кечгача мажлисда бўлгани эса фақат Аллоҳга аён. Кутилган 25-январь ҳам келди. Шу куни мени нафақат Б. Шариксиев қабулига, ҳатто Н. Зияев қабулига ҳам киритишмади. Навбатчи қўриқчи гарчи бошлиқ ҳам, ўринбосари ҳам ишхонасида бўлган ҳолда (боравериб-боравериб пешана тери билан топган қимматбаҳо автомобилларини ҳам таниб қоларкан киши) ҳамма раҳбарлар мажлисга кетганини айтиб, алдаб ичкарига киришимга рухсат бермади. Шу тариқа биргина январь ойининг ўзида зулмкор ташкилот ДХХнинг менга доир сўнгги жавобини билиш илинжида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига нақ 6 марта борибман. Натижа 0! Шу пайтгача порахўрликка муккасидан берилган мазкур ташкилотлар, яъни ДХХ ва ИИВ яна пора олиш йўллари очилиб қолишини кутиб одамларни сарсон-саргардон қилаётирми билмадиму, лекин одамларнинг нафратини том маънода уйғотаётгани, ўзларига қарши минг ланъатлар ёғишига сабаб бўлаётгани шубҳасиз, аниқ…

Рости, ДХХ ва ИИВ Мирзиёев сиёсатини соботаж қилаётганини ҳам, мазкур органлардаги ишлардан Мирзиёев хабардор ёки хабардор эмаслигини ҳам  билмайман, лекин бу Мирзиёевнинг обрўсига жиддий путур етказаётгани ҳақиқат. Афсуски, Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат эмас. Агар шундай давлат бўлганда эди Мирзиёев жаноблари бундай компания орқасида атиги бир йил ҳам тахтда ўтиролмаган бўларди. Англашимча, Мирзиёев даврида ушбу органларнинг иши тўла-тўкис ўнгланмайди, чунки Мирзиёев буни эплай олмайди, халқ ҳали кўп марта куч ишлатар тизими қурбони бўлиши, айбсиз айбдорга айланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Менимча, куч ишлатар тизими жиловини қўлга олганлар ўзларининг ёғ босган кўзларини вақти келиб халқ мошдай очиб қўя олишини теран англайдиган вақт келди. Зеро, ўзбегимнинг сабр косаси тўлиб, халқ денгизга, халқ тўлқинга ва кучга айланиб бораётир! Буни унутмаслик керак. Мазкур ташкилотлар халқ дарди билан яшашни ўзларига ор деб билса, халқнинг оғирини енгил қилишга хайрихоҳ бўлмаса, зудлик билан ўзларига мос бошқа иш топиши лозим. Бу борада ҳатто халқ сайлаган Мирзиёев ҳам қон ютаётган халқи томонга довюраклик билан ўтмаса у ҳам мардларча лавозимини тарк этиши лозим. Халқ билан ўйнашадиган замоннинг, халқни алдаб амал эгаллайдиган даврнинг куни битмоқда.

Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Санкт-петурбургда тунда уйига қайтаётган сотувчи қизни зўрлаган ўзбекистонлик қўлга олинди

Санкт-Петербургнинг Киров туманида полиция 27 ёшли дўкон ходимасини зўрлаган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда «Аргументи и факти» хабарига таяниб “Дарё” ёзмоқда. Жиноят 18 ...

Актобе фожиасининг асл сабаби расман эълон қилинди

АКТОБЕ, Қозоғистон — Қозоғистонда бўлиб ўтаётган суд мажлисида Ўзбекистоннинг 52 фуқароси ўлимига сабаб бўлган Актобе фожиасининг асл сабаби расман эълон қилинди. Бу ҳақда ...

Истеъмолчидан қарздор газ идораси истеъмолчига қарз ёзди

Наманган вилояти Нишон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати томонидан Нуристон МФЙ, Кимёгар маҳалласи, Лолазор кўчаси, 2-уйда яшовчи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400