Муқобиллаштириш кимга керак, ёхуд фермернинг ер миқдори муҳимми?

Барчамизга маълумки, 2019 йил 9 январ куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг “ Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги 14-сон қарори қабул қилинди. Айтиш керакки, ушбу навбатдаги мақбуллаштириш билан боғлиқ қарор, фермерлар томонидан турлича қарши олинмоқда. Айнан шу боис биз ушбу қарорнинг моҳиятини жойларда қандай тушунилаётгани, унинг ижроси қай тариқада бажарилаётганини ўрганишга киришдик. Дастлабки манзилимиз, Ҳонқа тумани, хусусан Томадургадик қишлоғидан бошладик. Негаки айнан ушбу қишлоқ ҳудудида фаолият кўрсатган бир нечта ёш фермерлар ушбу қарор ижроси ортидан ўтказилаётган танловлар натижасидан норозилик билдириб бизга мурожаат қилгани бўлди.

Авваламбор таъкидлаш лозимки ушбу қарорнинг асосий мақсади давлат мулки бўлган экин ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, фермерларнинг ўз меҳнати натижасидан манфаатдорлигини таъминлаш ҳамда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг молиявий ва иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга қаратилган. Бунга эса ер ажратиш ва экинларни жойлаштиришда шаффофликни таъминлаш, ернинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган замонавий инновацион ва ресурстежамкор технологияларни кенг жорий этиш, фаолият турларини кенгайтириш эвазига янги иш ўринларини яратиш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини ва турларини кўпайтириш эвазига эришиш мумкин. Шу боисдан мазкур қарорда ҳам навбатдаги мақбуллаштириш сиёсатини жойларда ўтказишда, ҳудуднинг ҳар бир туманнинг аҳоли зичлиги ва иш билан таъминланганлик даражаси, хўжаликларнинг ихтисослашуви ва ўзига хос хусусиятлари ҳамда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятида қўшимча тармоқлар ташкил этилганлигини, талаб этиладиган зарур қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатлар билан таъминланганлик даражасини, моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобга олиб алоҳида ёндашиш лозимлиги кўрсатилган.

Амалда эса жойлардан келаётган хабарларга кўра, айрим туманларда барча фермерлардан турли тазйиқлар остида туман ҳақими номига фермер томонидан узоқ мудддатли ижарага олинган ерни заҳирига олиб, ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризалар ёздирилгани маълум бўлмоқда.

Бу ҳақда ҳонқалик фермер хўжалиги раҳбари Аҳмедов Ғайрат шундай дейди:

-Биз икки ака ука 2016 йили “Аҳмаджон, Аҳроржон, Мустафо” фермер хўжалигига асос солдик. 38.4 гектар экин майдонимиз бор. Ўтган уч йил давомида давлатга пахта ва ғалла топшириш режаларини ошиғи билан бажариб келмоқдамиз. Бунга эришиш ортида заҳматли меҳнатимиз ётади. Бунинг учун биз ўзимизга қарашли ерларнинг мелератив ҳолатини яхшилаш, ерни ҳосилдорлигини ошириш билан боғлик ишларга 120 миллион сўм, ишчи хизматчиларимизни яхши дам олишларини таъминлаш мақсадида дала шийпони қуришга 110 миллион сўм маблағларни шахсий жамғармаларимиз ҳисобидан сарфладик. Бундан ташқари 2018 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида фермер хўжалигини фаолиятини кенгайтириш мақсадида 120 дона “Янги Зенландия” қуёнларини, 13 бош йирик шохли чорва молларини жумладан 3 бош соғин сигир, 4 бош ҳўқиз, ва 6 бош ғунажин сотиб олдик. Биз янада каттароқ мақсадларни кўзлаб фермер хўжалигимиз томонидан 750 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш эвазига 3 гектар ер майдонида замонавий иссиқхона (лимонарий) ташкил қилишни режалаштирган эдик. Бу лойиҳамиз 2019 йилнинг туман инвестицион дастурига ҳам киритилган. Энг муҳими биз ўз ишчи ходимларимизнинг фарзандлари учун фермер хўжалигимиз қошида ўзимга тегишли уй жойда давлат билан шерикчилик асосида оилавий мактабгача таълим муассасасини яқин кунларда ишга тушуриш ишларини амалга ошираёттган эдик. Энди эса танловдаги баъзи нохолисликлар сабаб биз ерсиз қолмоқдамиз. Бу дегани сарфланган шунча маблағларимиз осмонга учгани, режалаштирган лойиҳаларимиз тамом дегани. Бу ҳам майли фермер хўжалигимиздаги меҳнати эвазига ўз хўжалигини боқаётган 7 нафар ишчимиз ҳам бир кунда ишсиз қолди дегани. Менимча ВМ муқобиллаштириш хусусидаги қарори самарали ишлаётган фермерларга қарши ишлаши учун қабул қилинмаган бўлса керак!

Вазиятга ойдинлик киритиш учун биз дастлаб Томадургадик ҳудуди раҳбари Эгамберган Собировга юзландик:

– Ҳақиқатдан ҳам ака ука Ғайрат ва Фурқат Аҳмедовлар исмига яраша ғайратли, юрагида ўти бор ёш фермерларимиздан саналади. Уларнинг катта лойиҳаларни режалаштирганидан хабарим бор. Уларга имкон берса бу лойиҳаларни бемалол амалга оширишлари мумкин. Уларга шахсан менинг ҳеч қандай эътирозим йўқ. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, бизнинг ҳудудимизда жами 31 фермер хўжалиги жами 1150 гектар ер майдонида деҳқончилик қилади. Уларнинг орасида нафақат кейинги уч йилдагина эмас сўнги 5 йил давомида давлат режаларини бажармаган биронта фермер хўжалиги йўқ. 31 фермер хўжалигимизнинг барча иқтисодий жиҳатдан бақувват, моддий техника базасига эга, ердан самарали фойдаланиб келаяпди. Лекин начора муқабиллаштириш хусусидаги қарор бор. Ушбу қарорга кўра ҳудудимизда бор йўғи 14 фермер хўжалиги қолиши керак. Бу менинг ҳоҳишим эмас.

Чиндан ҳам бу ҳудуд раҳбарининг ваколати доирасида эмас, шу боисдан биз Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш бўйича туман ишчи гуруҳининг раҳбари туман ҳокими О. Жуманазаровдан қарорнинг ижроси хусусида изоҳ сўрадик:

-Биз ҳамма ишни Вазирлар маҳкамасидаги қарор доирасида амалга ошираяпмиз. Қарорда пахта ғалла фермер хўжаликларининг энг кам ер майдони 100 гектар бўлиши аниқ кўрсатилган. Танлов натижаларидан норизо фермер бўлса марҳамат ариза билан мурожаат қилса кўриб чиқамиз. 100 гектарни мен уйлаб топганим йўқ. Очиғини айтганимда, туманимиздаги 85-90 фоиз фермерлар муттасил равишда давлат буюртмасини ошиғи билан бажариб келмоқда. Бизни туманимизнинг аксарият фермерлари ернинг тилини, ишнинг кўзини биладиган, фидойи ҳақиқий деҳқонлар. Менинг ихтиёримда бўлганида самарали ишлаётган фермерларга тегмас эдим. Лекин бу менинг қўлимда эмас! Мен туманимиздаги ҳар бир фермерни шахсан танийман ва уларнинг оғир меҳнатини қадрлайман. Яна бир бор такрорлайман, мақбуллаштиришга топшириқ юқоридан берилди. Бу менинг инжиқлигим эмас! Бироқ танлов жараёнида баҳолаш мезонлари бузилган бўлса бунга албатта чора кўрамиз.

Туман ҳокимидан олган бу изоҳимиздан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг муқобиллаштиришга оид 14 сонли қарорига назар соламиз. Мазкур қарорнинг 4 иловасида Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга қўйиладиган талаблар акс эттирилган. Ушбу илованинг 2 бандида Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш жараёнида қишлоқ хўжалиги корхоналари билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилиш шартлари аниқ кўрсатилган. Диққат билан ўқиган одам фермер хўжалиги илованинг 3 бандида фермерларнинг йўналишларидан келиб чиқиб кўрсатилган нг кам ўлчамидан, жумладан пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида 100 гектардан кам бўлишининг ўзигина фермер билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилишга тўғридан тўғри тўлалигича асос бўлмайди. Бунга аниқлик ушбу илованинг 4 бандида аниқлик киритилган. Бу банднинг тўлиқ матнини келтирамиз

“Қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ўлчами мазкур талабларнинг 3-бандида назарда тутилган миқдорлардан кам бўлган тақдирда, уларни мақбуллаштиришга асос бўлади.

Бунда, ер участкаларидан самарали фойдаланаётган, контрактация шартномаси мажбуриятларини бажариб келаётган, моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига, шунингдек, замонавий иссиқхоналар, интенсив усулда ташкил қилинган боғ ва токзорларнинг ер участкаларига мазкур талабларнинг 3-бандида кўзда тутилган миқдорлар қўлланилмайди”

Бундан келиб чиқадики агар муайян пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжалиги ажратилган ер майдонидан самарали фойдаланаётган, давлат буюртмасини доимий равишда бажараётган, фаолият турини кенгайтираётган бўлса ва ўзининг моддий-техника базасига эга бўлган тақдирда ишчи гуруҳнинг хулосасидан келиб чиқиб, муқобиллаштириш жараёнидан холи қолиши мумкин. Буни жойлардаги мутасаддилар инобатга олса фойдадан ҳоли бўлмас эди. Чунки самарали фаолият кўрсатаётган фермерларни мажбурий равишда тугатилиши, бошқа фермерларнинг ҳам эртанги кунга бўлган ишончини сўндириши, ишдан қўлини совушига олиб келиши мумкин. Қолаверса ҳар қандай қарор, фармон ва қонун авваламбор инсон манфаатига хизмат қилиши кераклигини унутмаслик лозим. “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади” деган нақл бор. Демоқчимизки мақбуллаштириш баҳонасида ўз ишига пишиқ, том таънодаги деҳқон фермерлар, ўзгаларнинг касрига қолиб, ерсиз қолмасин.

Шу жойда исмини айтмаслик шарти билан мақбуллаштириш хусусидаги қарорга ўз муносабатини билдирган шу соҳадаги кўп йиллардан бери фаолият юритаётган маъсул мулозимлардан бирини келтириш жоиз деб ўйладим.

-Ушбу қарор очиғини айтганда, сўнги пайтларда чиққан қарорларнинг ичидаги ўта мантиқсиз ва бесамар қарорлардан бири бўлди. Негаки 2010 йилда “оптималлаштириш шиори остида фермерларни йириклаштириш амалга оширилганди. Бу жараён ўз самарасини бермаганидан сўнг 2015 йил охиридан бошлаб “мақбуллаштириш” дея қайтадан фермерларнинг ерларини камайтириш бўлган эди. Энди орадан уч йил ўтиб эса аввалги сафар ўз самарасини бермаган тизимга қайтиш таклиф этилмоқда. Билмадим, бу қарорни муаллифлари балким “кўр ҳассасини бир марта йўқотади” деган мақолни эшитмаган бўлса ажабмас. Энг қизиғи бу ерда ҳар қайси вилоятнинг ўзига хос жиҳатлари умуман инобатга олинмаяпди. “Дўппини олиб кел деса, бошини олиб келишга” ўрганган айрим ҳокимлар ва мутасаддилар томонидан фурсатдан фойдаланиб ўз ваколатларини суистеъмол қилиш ҳолатлари учрамоқда. Аслида гап фермернинг ерини миқдорида эмас. Гап ерни эгасига беришда. Кимдир 10 гектар ерни эплай олади, яна кимдир эса 100 гектарни ҳам қойиллатиб бажариши мумкин. Бунга таъсир қилувчи омиллар жуда кўп. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг ягона йўли фермерга кенгроқ эркинликни, қайси ерга нима экишни ўзи белгилаш имконини бериш, зарур бўлган менерал ўғитларни ва ёнилғи мойлаш материалларини етарли миқдорда ва ўз вақтида етказилишини таъминлашдан иборат. Ернинг миқдорининг фермерни ривожланишга таъсири деярли йўқ.

Эътироз билдириш ўринсиз изоҳ.

Ҳа айтганча, “Аҳмаджон, Аҳроржон, Мустафо” фермер хўжалигининг раҳбари Ғайрат Аҳмедовнинг танлов жараёнидаги баҳолашдаги нохолисликлар хусусидаги иддаоларини ишчи гуруҳ аъзоси Хурсанд Собировнинг иштирокида кўриб чиқдик. Ҳақиқатдан ҳам талабгор Ғайрат Аҳмедевга 8 балл кам қўйилгани аниқланди. Туман ҳокими комиссия хулосасини қайта кўриб чиқишга ваъда берди.

Ана шунақа гаплар!

Давлатназар РЎЗМЕТОВ.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чикаголик ўзбеклар африкаликларни ичимлик суви билан таъминлайдиган қудуқ қазиб беришди

Чикагодаги ўзбек-америка ассоциацияси фаоллари Камерун аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашга ёрдам бердилар. Бу ҳақда Sputnik нашри маълум қилмоқда. Фото: Facebook / ...

Август ойида ўзбекистонда нархлар неча фоизга ошди?

Жорий йилнинг августида истеъмол бозоридаги ўртача нархлар даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 2,9 фоизни ташкил этди. Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, ...

Кимга нақд пул керак бўлса, банкка мурожаат қилсин

Тез орада Ягона умумреспублика процессинг маркази (UzCard) тўлов тизимидаги узилишлар бартараф этилади. Бу ҳақда Марказий банк расмий баёнот билан чиқди, - дея Халқ сўзи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400