Картошка ҳарид қилиш бўйича Қирғизистон билан Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида битимга расмий турда имзо қўйилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматидаги манбалар маълум қилмоқда.

Ўзбекистон томонининг айтишларича, ҳозирда ўзбек тадбиркорлари картошкани Покистондан ҳарид қилишмоқда.
“Қирғизистон картошкани бизга экпорт қилиш истагини билдирган. Бироқ қирғиз картошкаси қиммат бўлгани боис тадбиркорларимиз Покистондан арзонроқ картошкани олиб келишмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон бозорларида картошка етарли миқдорда ”, — деб маълумот берди Ўзбекистондаги манбалар.
Бунгача Қирғизистон ҳукуматининг Иссиқ-Кўл вилоятидаги ваколатхонасининг ҳудудларни ривожлантириш бўлимининг раиси
Максат Мусаев вилоятда 150 минг тонна картошка сотилмаётганини маълум қилган.
Ўтган йили Қирғизистон ҳукуматининг экспорт ҳақидаги ваъдасига ишониб, қирғизистонлик деҳқонлар картошкани кўп экиб олган. Шунинг учун улар ҳукуматдан норози бўлишмоқда ва меҳнати оқланмай қолганини айтишмоқда. Деҳқонларнинг айтишича ўтган йили картошканинг килограммининг улгурча нархи 16 сомни (1919.23 сўм) ташкил қилса, жорий йилда 4,5 сом (539.78 сўм) бўлмоқда.
Мирзоулуғбек Каримов