Ношукр бўлманг!

 (Памфлет)

Одамларга ҳам ҳайронман, индамасанг ўзларича билмадим, нималарни исташади? Мана ижтимоий тармоқларда дейсизми, ёки кўча-кўйда дейсизми, кимга қарама ё иссиқдан ёки электр энергиядаги узилишлардан, ёхуд газнинг йўқлигидан нолишади. Ҳар ҳолда бизда шунақа! Э, барака топгур, ёшуллилар, давлат нима қилмасин, сизнинг фойдангиз учун қилади. Наҳотки шуни тушуниш қийин бўлса?! Жуда тушунмайдиганлар учун оддий қилиб тушунтириб бераман!

 

Мана масалан оддийгина чироқнинг бир соат ёниб, тўрт соат ўчишини олайлик. Бу ишни “катталаримиз” зерикканларидан қилаётгани йўқ!  Бу сизнинг фойдангиз учун амалга ошириляпди. Қора қозонингизни қайнатишга зўрға етадиган маошингизни тежаш мақсадида амалга ошириляпди. Ахир мана шундай иссиқ кунлари чироқни тез-тез узиб турмасалар, кондиционерни, вентиляторни тўхтовсиз ишлатишингиз мумкин, бу эса чўнтагингизга зиён бўлиши билан бирга соғлигингизга ҳам путур етказиши мумкин. Ғамхўрликни қадрига етиш керак!

 

Ёки кимлардир шикоят қилади. Эмишки, бир пайтлар катта ҳўкизини сотиб уйига олиб келган табиий газ қувурини кесиб ташлаб, балонли газга ўтказди, энди қишда уйимизни қандай иситамиз, дея бош оғритасиз. Аслида эса табиий газни узишда ҳикмат кўп. Ёшуллилар   бу борада ҳам фақат сизнинг фойдангиз ҳақида қайғуряпдилар. Қаҳратон қиш кунларида барча оила аъзолар бир хонага “тиқилиб” олиб шам ёруғида дунёнинг муаммоларини муҳокама қилиб ўтиришга нима етсин?! Юртимизга худонинг инояти билан инъом этилган газни, қўшни давлатлар билан баҳам кўрмасак (жарақ-жарақ долларларни айтинг, сизга фойдаси шундаки бу долларлар эвазига кимларнинг болалари Европа ва Америкада ялло қилиб яшаб, “тарбияси бузиляпди”. Шукр қилинг сизнинг болангиз эмаслигига)  беш-олти хонали уйингизни ҳаммасини иситишингизга тўғри келарди. Оқибатда оила аъзоларингиз ҳар бири ўз хонасига кириб, ўз иши билан машғул бўларди. “Меҳр кўзда“ дейдилар, шу боисдан ҳеч бўлмаса аёзли кунларда бутун оила бир хонада жам бўлишга мажбурлаш орқали   оилангизда меҳр- оқибатни кучайтириш хусусида қайғуради ёшуллилар. Қолаверса, бизнинг кончиларимиз қазиб чиқарган кўмирни сиздан бошқа ким сотиб олади? Хориждагилар қум, тупроқ ва қора кукун аралашган кўмирсифат нарсани текинга берсангиз ҳам олмайди. Негаки уларни ақлига бу нарсани таппи билан аралаштириб ёқиш етти марта ухласада, тушигаям кирмайди. Бизнинг халқимиз эса иложини топиб шуниям ёқишни эплайди. Россияга мардикорчиликка бориб келган биттаси гапиряпди, нима эмиш, у ёқларда ўн-ўн беш уй бор хуторда ҳам газ, свет деган муаммо йўқ эмиш.  Билмайдики, шу муаммо йўқлиги учун ҳам ўрислар маишатга берилиб кетган. Меҳнат қилгиси йўқ!  Бу ҳам сизнинг бахтингиз, акс ҳолда, ўғил-қизларингиз ўрисда мардикорчилик қилиб, пул топа олмасди.

 

Африкани қаранг, газсиз ҳам ёмон яшаётгани йўқ.  Ривожланиш борасида биздан ўзса ўздики, аниқ кам эмас.  Демак, точно гап газ, светда эмас экан! Шу боисдан яқин орада халққа табиий газ беришни бутунлай тўхтатишар экан, ўзим  бир “каттакон”нинг шахсан айтганини ўз қулоғим билан эшитдим.

 

Ёзнинг иссиғида светсиз, қишнинг совуғида  газсиз касалчилик кўпайди эмиш. Нима бўпди, ахир ҳар қадамда очилган дорихоналар банкрот бўлсинми,  касалчилик бўлмай? Илгари бир туманда бир дорихона бўлса, ҳозир 100 таси бор, дорихоначининг ҳам оиласи бор.

Анавини қаранг, биттасини айтадики, “катталар” оромкурсида ястаниб ўтирган кабинетларда газ, свет муаммоси йўқда дейсиз, бўлмаганига шукр қилинг! Ахир ёшуллилар, улар бетоб бўлиб қолсалар, сизга ким қайғуради? Нима ҳавонинг иссиқ ва совуқ бўлишига ёшуллилар айбдорми?

 

Президентимиз қишлоқларда ҳам газ, светдан муаммо бўлмасин, деб топшириқ берди, дейсизми?  Бўлмайди ҳам,   президент вилоятимизга келиб кетган чоғда умуман муаммо бўлмайди. Бошқа пайтда ёшуллилар сизнинг “фойда”нгизни, чўнтагингиздаги пулни тежашни ўйлайди, халос!  Шунинг учун ношукрлик қилманг, нолиманг ҳаммаси сиз учун ахир!

 

Давлат Назар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қорақалпоғистондан 6 метрлик одам сурати топилди

Сидней университети профессори, Қорақалпоғистон-Австралия экспедицияси ко-директори, археолог Алисон Беттснинг мамлакатда Ўзбекистон Қаҳрамони, археолог Ғ.Хожаниязов билан ...

Отанг — бозор, онанг — бозор, телевидение ҳам бозор!

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ОАВ соҳасида тараққиёт тезлашгандек. Хусусий ОАВнинг ривожланиши соҳани бошдан оёқ ўзгартиргандек тасаввур қолдиради. (more…)

Наманганлик блогер бош вазирни “ҳақорат” қилганликда айбланиб, иши судга оширилди

Аббос Асад Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизлари ва мамлакат Бош вазири ҳақида Faсebook тармоғида “ножоиз” гап айтгани боис ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегменти фаоли¸ ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400