Ўзбекистон Сингапурчалик бўлолмайдими?

Ўзбекистонда ҳалигача газ ва чироқ муаммоси бор, кўчаларимиз сувга тўлган ёки чиқиндихонага айланган. Бир пайтлар Сингапур шундай хароб аҳволда эди. Аммо ҳозир у дунёнинг энг илғор давлати. Журналист Шуҳрат Сатторов Сингапурнинг муваффақият сирини ўрганиб чиққан.

“Кичик ва камсонли аҳолига эга, табиий бойликлар тугул, тайинли ўтмиши мавжуд бўлмаган Сингапурнинг тақдири, гарчи мустақилликдан сўнг мавҳум кўринган эса-да, мамлакат тезда оёққа тура бошлайди. Буни жамиятшунослар қуйидаги омиллар билан боғлашади: қулай географик жойлашув, ҳалол ҳукумат (!!!) ҳамда хорижий тадбиркорлар билан яқин ҳамкорлик.

Бугунги кунга келиб, Сингапурнинг йиллик даромади ҳар бир фуқарога 55000 АҚШ долларини ташкил қилади. Буни иқтисодчилар «иқтисодий мўъжиза» деб аташади. Бугун сингапурликларнинг 90 фоизи шахсий уй-жойига эга. Даромади 20 фоиздан кам бўлган оилаларнинг ҳам 80 фоизи шахсий уйларига эгалик қилиши уларнинг юқори турмуш тарзидан дарак беради.

Сингапур 1965 йилда Малайзия таркибидан ажралиб чиққанида унинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадларининг ўртача миқдори 500 АҚШ долларини ташкил қилган. Ўша даврда Африканинг Гана давлати ҳам Сингапур каби учинчи дунё мамлакати ҳисобланган. Бу ўта паст даража бўлмаса-да, фуқаролар турмуши тўкин-сочинликдан йироқ эди. Ўша йилларда ҳукумат ташаббуси билан озиқ-овқат дастурлари амалга оширилган, жумладан, мактаб ва боғчаларда Сингапур болаларига бепул сут маҳсулотлари улашилган.

Сингапур қандай қилиб иқтисодий муваффақиятларга эришди?

Бунда унинг географик жойлашуви муҳим аҳамият касб этади. Малакка бўғозининг остонасида жойлашган бу ҳудуддан жаҳон денгиз савдо-сотиғининг 40 фоизи кесиб ўтади.

Иккинчидан, Бош вазир Ли Куан Ю хорижий тадбиркор ва сармоядорларга кенг қучоқ очади. Натижада, европалик пулдорлар Сингапур томон ошиқадилар. Бу эса давлат ғазнасига маблағ олиб кела бошлайди, ишчи ўрни яратилишига сабаб бўлади.

Учинчидан, Ли Куан Ю кичик, самарадор ва ҳалол ҳукумат яратишга ҳаракат қилган. Сингапурга қўшни давлатларга айнан ана шу жиҳат етишмас эди. Қолаверса, Бош вазир топшириғига кўра, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ўртасида бизнесни осонлаштиришга оид сўровлар мунтазам ўтказилган, тадбиркорлар дардига қулоқ тутилган. Сингапур бугун ҳам Жаҳон банкининг «Бизнес қилиш» рейтингида етакчи ҳисобланади.

Тўртинчидан, Ли Куан Ю ҳукуматининг жамиятда қонун устуворлигини қатъий ўрнатгани, қонун олдида ҳар бир фуқаронинг тенг жавоб бериши Сингапур муваффақиятининг омили бўлди.

Бешинчидан, Ли Куан Юни «иқтидорларнинг раҳнамоси» дейишар эди. У иқтидорли фуқароларни масъулиятли лавозимларга қўйиш ва уларга яхши маош тайинлашга ҳеч қачон иккиланмаган. Шу билан бирга, Сингапурда мансабни суиистеъмол қилиш ҳам қаттиқ жазоланган.

Олтинчидан, мамлакат топаётган пулларини биринчи навбатда ҳарбий куч-қудратга эмас, саломатлик ва таълимга сарфлай бошлайди. 1965 йилда Сингапурда туғилган 1000 нафар боладан 35 фоизи нобуд бўлган бўлса, 1985 йилга келиб, бу кўрсаткич 10 фоизга тушади.

Еттинчидан, Сингапур болалари жаҳоннинг энг самарали ва яхши таълим тизимлари асосига қурилган мактабларда ўқийдилар. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг «Асосий универсал кўникмалар» рейтингида 15 ёшдаги сингапурлик ўқувчилар математика ва аниқ фанлар бўйича жаҳонда биринчи ўринда туришади. Бу ташкилотнинг ўқувчилар саводхонлигини баҳолайдиган «PISA» тестига кўра, сўнгги 5 йилликда сингапурлик талабалар «муаммоларга ечим топиш» имтиҳонларида мутлақ етакчилик қилишмоқда.

Саккизинчидан, таълим соҳасидаги экспертларнинг фикрича, Сингапур иқтисодий тараққиёт ва турмуш даражасини юксалтиришни таълим билан боғлаган. Хусусан, бу ерда биринчи ўринда таълим бериш стандарти ишлаб чиқилади. Бунинг учун катта маблағ сарф қилинади. Айниқса, энг яхши ўқитувчиларни жалб этиш ва уларнинг нуфузини оширишга аввалбошданоқ алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозир ҳам Сингапурда ўқитувчиларни жаҳоннинг энг нуфузли таълим муассасалари битирувчиларининг орасидан ёллаш анъанаси сақлаб қолинган. Шу билан бирга, бу ўқитувчиларнинг барчаси Миллий таълим институтида қайта тайёрловдан ўтказилади. Бу эса таълим сифатини назорат қилиш ва меҳмон-ўқитувчиларга миллий таълим тизимини ўргатишда муҳим.

Натижада, осиёлик мазкур қашшоқ давлат жаҳоннинг беқиёс қазилма бойликларига эга бўлган Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Осиё минтақасидаги барча давлатларни ривожланишда ортда қолдирди.

Хўш, Сингапур ниманинг ҳисобига ривожланди? Бу саволнинг жавоби битта — уддабурон етакчилик ҳисобига!

Ҳалоллик — давлат тараққиётининг ўзаги. Боиси, коррупуция — «учинчи дунё» мамлакатлари мағлуб бўлаётган ягона ғанимдир. Бугунги Сингапур асосчиларининг халқ олдидаги юксак хизматлари ҳам ана шу хислат билан чамбарчас боғлиқ.

«Сингапур мўъжизаси» — эртак эмас! Улар эришдими, биз ҳам эришамиз. Ўзбекистонда бизнес учун қулай шароит яратилмоқда, коррупция батамом йўқ бўлиш арафасида, таълим сифати ҳукумат эътиборида, халқ саломатлигига катта маблағ сарф этилмоқда, ёш ва иқтидорли, садоқатли кадрлар давлат бошқарувига келмоқда, ҳукумат бошқарувидаги аҳилликни ҳар биримиз ҳис қиляпмиз. Мен ривожланмаслик ва «ўзбек мўъжизаси»ни яратмаслик учун бирор сабаб кўрмаяпман.

Фақат бир ҳақиқатни унутмаслик лозим — ўзгаришларни, фаровон ҳаётни биргина давлат раҳбаридан кутиш, унинг зиммасига юклаб қўйиш — хато. Ҳаётимизни ўзгартириши мумкин бўлган энг қудратли куч — бу биринчи галда биз, ўзимиз. Ҳаётимизни ўзгартиришдан олдин эса ўзимизни ўзгартиришимиз лозим. Зеро, энди кечагидаек ўйлаш, фикрлаш ва яшаш мумкин эмас”, деб ёзади муаллиф.

Манба:Телеграмдаги Zed News канали

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тиббий ниқоб хом ашёси экспортига ва цемент импортига чеклов жорий этилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемияси даврида тиббий буюмлар учун хом ашё экспорти ҳамда цемент маҳсулотлари импортига чекловлар жорий этмоқда. Ўзбекистон Республикаси ...

Гулистонда икки кунлик чақалоқни 2 млн сўмга сотаётганлар ушланди

Гулистон шаҳри, «Бўстон» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар чақалоқ савдоси билан қўлга олинди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар қилмоқда. 2019 йилнинг 15 ...

“лукойл” ўзбекистонга қўшимча 3 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда

Россиянинг “Лукойл” ширкати Ўзбекистонга яна 3 миллиард доллар миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ширкат президенти Вагит Алекперовга маълум қилди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400