Қачонгача журналист айбдор бўлади?

Биз доим маҳаллий журналистларни мавҳум хабар тарқатганликда, бирёқлама маълумотлар берганликда айблаймиз. Ҳамкасбларимни баъзан ўзим ҳам танқид қиламан.  Бундан осони ҳам йўқ аслида.

Лекин маҳаллий журналистлар орасида қилни қирқ ёра оладиган журналистлар йўқ эмас, бор, ҳатто жуда кўп эканини тан олишимиз керак. Бундай журналистларни, мухбирларни, ҳатто Президент админстрациясию бошқа давлат органлари ва ташкилотлари чангалига олган, бўйнига ёпишган, давлат ва ташкилот маблағи билан таъминлаб ўзига бутунлай бўйсундириб олган ЎзАдан, Ўзбекистон24 дан ҳам топиш мумкин.

Гап шундаки, маҳаллий журналистлар мақола ёритишда, хабар тарқатишда фактларни, манбани аниқ бир шахсдан ёзма шаклда олишади ва ана шу манба асосида хабар тарқатишади. Масъул ташкилот ёлғон манба тақдим этса ёлғон хабар тарқатишади, ёлғондан ҳоли манба тақдим этса, сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмасликка интилиб, ўқувчиларга дурустроқ хабар етказади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимида ишлаб келган Ихтиёр Абдуллаевни давлатга қарашли нашрлар  “соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан  лавозимидан озод этилди”, дея хабар тарқатишди. Чунки журналистга ана шундай маълумотни ўзларига муассислик қилаётган ташкилот, яъни матбуотни ана шундай хабар билан бевосита ва билвосита таъминлаш ҳуқуқига эга бўлган жавобгар шахс беради. “Озодлик” ва бошқа нашрлар эса манбани “хавфсизлик туфайли исми-шарифини сир сақлаш шарти билан (эҳтимол, телефон орқали)” айтган ДХХнинг қайсидир ходимининг тўлиқ тасдиқланмаган оғзаки маълумотидан олиб ёритади. Бир масалага оид икки хил ахборотга қарши жанг авж нуқтага чиқиши боис ҳақиқий аҳвол тасдиқлангач ё манбани аниқ шахсдан ёзма равишда олиб ёритган журналист, ёки манбани телефон орқали олган журналист ёлғончига айланади қолади. Бунинг ҳаммаси Ўзбекистонда матбуот эркин эмаслигидан далолат беради. Бу мана шундай долзарб масалага бағишланган йиғилишга давлатга қарашли ва муҳолиф ташкилотлар журналистлари таклиф этилмаслиги, аниқроғи киритилмаслиги боис юзага келади. Шу тариқа янги, долзарб, шов-шувли хабар етказиш илижида елиб-югурган шўрли журналист айбдорга айланади. Менимча, шундай ҳодиса рўй бериши мумкинлигини инобатга олиб журналистлар, айниқса, давлатга қарашли нашрларда фаолият юритаётган журналистлар астойдил хушёрликка таянган ҳолда ўзи ёритаётган хабарга доир позициясини мақола ичига сингдириб кетиши керак. Масалан, “фалончи ташкилотнинг матбуот бўлимидан олинган фактлар нотўғри бўлса журналист айбдор эмас”, деган жумлани эринмасдан мақоласи ичида урғулаб кетиши лозим. Бу ҳолат қанчалик кулгили бўлса ҳам журналист шунга мажбур. Ахир Ўзбекистонда матбуот тўртинчи ҳокимият эмаску. Қачонгача шўрли журналист каттаконларнинг айби туфайли, улар берган ёлғон хабарларни ёритиш орқали айбдор бўлади ва қачонгача саводсиз, маддоҳ деган “ёрлиқ”лар билан сийланади? Каттаконларимиз барибир ҳали-вери асл воқеликни яширишдан тўхтамаслиги кундан-кунга аён бўлиб бораётган бир чоғда журналист ўзини-ўзи ҳимоя қилмаса, алал-оқибат ҳимоясиз, шарманда бўлиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бошидан чириган балиқни йўқ қилиш учун журналистга бундан бошқа йўл йўқ! Гарчи “манба” Ихтиёр Абдуллаевни “кейинги бир йилда бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказганлиги” орқали ҳимоя қилаётган бўлса-да, бу ерда ДХХ кирдикорлари яширилаётганини, Абдуллаев ҳақиқатанан оғир жарроҳлик операцияларини бошдан ўтказишидан қатъий назар асл воқеликни ақли расо одамлар етарлича англаб турибдику?! Қолаверса, Абдуллаевда ана шундай жиддий нуқсонлар бор экан, у ҳолда давлат алғов-далғов бир пайтда, шунингдек, мамлакат салоҳиятини оширадиган энг нуфузли ташкилот бўлмиш ДХХ остин-устун бир паллада турганда нега ўта масъул вазифани ўз зиммасига олди? Мирзиёев нега уни ДХХ раиси қилиб тайинлади? Ахир ДХХ раиси ҳар томонлама соғлом бўлиши керак эмасми? Абдуллаев агар соғлиги бир нави бўлса, нега катта минбарда туриб, хориждаги муҳолифатга қарши кескин чора кўришга бел боғлаганини урғулади, Бишкекда кутилмаган, олдиндан белгиланмаган анжуманда иштирок этди? Нега соғлигига боғлиқ ҳолда биринчи ўринбосари қамоққа олингунга қадар истеъфога чиқмади? Нега? Умуман, бизникилар Ўзбекистонда рўй берган хабарларни рўйи-рост ёритишга қачон эришади? Юқори органлар журналистларни қачон ҳаққоний манбалар билан таъминлайди? Журналистларнинг давлат аҳамиятига молик йиғилишларда қатнашишига қачон изн берилади? Қачонгача журналистлар қоғозда чиройли, ҳаётда хунук бўлган давлат сиёсатидан қўрқиб, “оч қорним — тинч қулоғим” тамойилига амал қилиб яшайди? Биз ҳам ХХI асрда йигирма биринчи асрга мос ҳолда яшармиканмиз?

Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бир миллиондан ортиқ украиналик қочқин ватанига қайтди

Бир миллиондан ортиқ украиналик қочқин уйларига қайтди, деди мамлакатнинг Британиядаги элчиси Вадим Пристаико 19-май куни Британия парламентида. Унинг сўзларига кўра, ...

Ҳиндистонда азон овозига қарши қарор чиқди

Ҳиндистоннинг Махараштра штатидаги масжидларда азон овози ўчирилди. Минтақадаги 900 дан ортиқ масжидда ҳиндуларнинг норозилигидан сўнг азон овозини пасайтиришга қарор қилди. ...

Ўзбекистонда ҳайит намози ўқиганлардан 5 млрд. 990 млн. 217 минг сўмдан зиёд маблағ келиб тушди

Бугун 2019 йилнинг 11август куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Миллий матбуот марказида брифинг ўтказилди. Брифингда бугун юртимиз ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400