Пахта саноатида мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича халқаро кампания – Cotton Campaign Ўзбекистон ҳукумати делегацияси билан музокаралар олиб боргач, ўзбек пахтасининг бойкотини сақлаб қолишга қарор қилди. Бу мажбурий меҳнат буткул йўқ қилинмагунча юз беради, деб ёзмоқда “Кун.уз” сайти.

Жорий йилнинг февраль ойи бошида Cotton Campaign вакиллари Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Танзила Норбоева, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» бошқарув раиси Илҳом Ҳайдаров билан учрашди.
Cotton Campaign сайтида хабар берилишича, музокаралар чоғида ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тугатиш учун қабул қилинган чора-тадбирларни юксак баҳоладилар. Шу билан бирга, мамлакатда мажбурий меҳнат тўлиқ бартараф этилмаганлиги ва бу соҳада кўп ишлар қилиниши лозимлиги айтилган.
Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси 4 февраль куни АҚШга ташриф буюриб, халқаро ташкилотлар билан ўзбек пахтасининг бойкоти бўйича музокаралар ўтказди.
Ўнлаб инсон ҳуқуқлари ташкилотларини қамраб олган Cotton Campaign халқаро коалицияси 2010 йилда Ўзбекистон пахтасини бойкот қилиш бўйича кампанияни бошлади.
Бойкотга Nike, Zara, GAP, Levi’s, H & M, UNIQLO каби жаҳонга машҳур брендлар қўшилди.