Наманганда сохта прокурор суд залидан озод қилинди

Ўзини прокуратура ходими дея таништириб, одамларни алдаб юрган Учқўрғон туманида яшовчи Бекзод Ҳакимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) устидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг раиси Бахтиёр Таваккаловнинг маълумотига асосланиб “Соф.уз” ёзмоқда.

Иллюстратив фото

Нашринг ёзишича, аввалига у Наманган вилоятидаги турли бошқарма ва идораларга бориб, уларнинг бошлиқлари ҳамда туман, шаҳар бўлимлари, филиаллари раҳбарларининг хизмат ва уяли телефон рақамларини аниқлаб олади.

Сўнг телефон орқали ўша идора ва бошқарма бошлиқларига ўзини вилоят прокуратурасининг ходими Бекзод деб таништириб, туман раҳбарлари ўзига қўнғироқ қилишларини тайинлади.

Шунга кўра, Норин туман қурилиш касб-ҳунар коллежи директори М. Реджапов 2018 йил 6 ноябрь куни унга биринчи бўлиб алоқага чиқади.

— Домла, юқоридан меҳмонлар келган. Шуларнинг тушлик харажати учун ёрдамлашиб юбормасангиз бўлмайди, — дейди Б. Ҳакимов баландпарвоз оҳангда. — Сизнинг олдингизга йигитларимиздан бирини жўнатаман.

Кейин эса, у коллеж директорининг олдига ўзи боради ва прокуратура ходими Бекзод юборганини ай¬тади. Фирибгарнинг сўзларига ишонган М. Реджапов 300 000 сўмни беришга мажбур бўлади. Шундан сўнг Б. Ҳакимовнинг «иштаҳаси буткул очилиб кетади.

Оқибатда 2018 йилнинг 7 ноябридан — 13 ноябрига қадар яна ўзини Наманган вилоят прокуратурасининг ходими Бекзод дея таништирган ҳолда, «юқоридан келган меҳмонларнинг тушлиги ва уларни кузатиш учун» деган важ билан:

— «Намангангаз» ҳудудий филиалининг Норин туман газ участкаси бошлиғи А. Мираҳмедовдан 100 000 сўм;

— Мингбулоқ туман газ участкаси бошлиғи А. Мирзаҳмедовдан 400 000 сўм;

— Поп туман газ участкаси бошлиғи И. Ғойибназаровдан 1 500 000 сўм;

— Норин туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори А. Мавлоновдан 300 000 сўм;

— Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Н. Расуловадан 300 000 сўм маблағни қўлга киритади.

У фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган жами 2 900 000 сўм миқдоридаги маблағни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Бундан ташқари бу фирибгар кимса 2018 йил 8 ноябрда Чортоқ туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи А. Рустамовга, Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори З. Мамажоновага, 2018 йил 10 ноябрда Поп туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Шоҳрух Азбековга, 2018 йил 13 ноябрда Учқўрғон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Акрамжон Нажмиддиновга ҳам қўнғироқ қилиб, ўша «таниш» талабни қўяди. Аммо уларни ўз тузоғига илинтиролмайди.

Масалан, Ш. Азбеков телефон орқали гаплашгач, «Майли, хабарлашамиз» дейди-ю, кейин унинг қўнғироқларига жавоб бермай қўяди.

Шунга қарамай, Б. Ҳакимов жиноий хатти-ҳаракатини тўхтатмайди. Бир куни қилмиши фош бўлса, қонун олдида жавоб беришини билса-да, буни тан олишни истамайди. Нафс қутқусидан унинг кўзлари буткул сўқир бўлиб қолганди.

Шунинг таъсирида Бекзод 2018 йил 14 ноябрда яна «ов”га чиқади. Бу сафар у Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Юнусхон Абдупаттаевни нишонга олади. Шу мақсадда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига сим қоқиб, туман бош шифокори ўзига қўнғироқ қилишини тайинлайди.

— Дўхтир, мен вилоят прокуратурасидан Бекзодман, — дейди у Ю. Абдупаттаевга яна бир марта ўзини таништириб. — Шу десангиз, республикадан меҳмонларимиз бор эди. Ўзингиздан қолар гап йўқ, уларни кутиб олиб кузатгунча сиздек акахонларимизга суянмасак, кимга суянамиз. Яхшилигингиз бизда ҳам қолиб кетмайди.

Б. Ҳакимов шундай деб ундан 200 АҚШ доллари беришини сўрайди.

— Хўп бўлади. Ходимларимдан бири омонатни сизга олиб боради, — дейди Ю. Абдупаттаев ўз норозилигини сездирмай.

Шундан сўнг у Наманган вилоят прокуратурасига телефон орқали мурожаат қилади. Оқибатда Б. Ҳакимов Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси шифокорларидан бири Ғуломжон Маҳкамовдан кимёвий ишлов берилган 800 000 сўм пулни олаётган вақтида ушланади.

Шундан сўнг Б. Ҳакимовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б”-банди ва 25,168-моддаси 3-қисми «б”-банди билан жиноят иши қўзғатилади.

— Ўша куни менга «Намангангаз» ҳудудий филиалидан қўнғироқ қилиб, вилоят прокуратурасидан Бекзод исмли ходим сўраётганини айтишди ва унинг телефон рақамини беришди. Аввалига бунга ҳайрон бўлдим. Тинчликмикин, бирор фуқародан шикоят тушдимикин ёки ўзим қандайдир хатоликка йўл қўйдиммикан, деб ўйладим. Шунинг учун Б. Ҳакимовга қўнғироқ қилдим. У эса, юқоридан меҳмонлар келганлигини айтиб, уларнинг тушлиги ва бошқа харажатлари учун бир ярим миллион сўм сўради. Мен рози бўлиб, Наманган шаҳридаги ФҲДЁ биноси олдида сўралган пулни унинг қўлига тутқаздим, — деб суд мажлисида кўрсатма берди жабранувчи, Поп туман газ участкаси бошлиғи Исомиддин Ғойибназаров. — Тергов пайтида пулимни қайтариб олдим, ҳозир унга нисбатан даъвоим йўқ.

 

Сохта прокурор суд мажлисига қадар жабрланувчиларга етказилган 2 900 000 сўмлик зарарни қоплабди. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган экан.

Суд Б. Ҳакимовга нисбатан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаб, уни дарҳол суд залидан озод қилибди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мексикада канопга ўралган ва  дорга осилган 16 кишининг  жасади топилди

Мексиканинг Фреснило шаҳрида 16 кишининг жасади топилди. Жиноятчилар 10 та жасадни канопга ўраб, кўчага улоқтиришган. Қолган олти нафарини эса омбор ичидаги дорга осишган. ...

Николаевда рус ҳарбийларининг ҳужуми оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди

29-июнь куни Украина жанубидаги Николаев шаҳрида Россия кучларининг ҳаво ҳужуми оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди. Шаҳар мэри Александр Сенкевичнинг сўзларига кўра, ...

Иштихонда безорилар беш кишига жароҳат етказди

 2018-йилнинг 3 декабрь куни Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида яшовчилар Т.Р., С.Д. ва унинг укалари Б.Д. ва С.Д.лар “Боғихон” МФЙда яшовчи У.Ю.нинг уйида безорилик ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400