Шавкат Раҳмон-ҲАМАЛ

 

Эриб битди поёнсиз қорлар,
яна кўҳна замин туллади.
Водийдаги улкан ўриклар
бир кечада оппоқ гуллади.

Оқ булутлар ерга қўндими,
мўъжизалар бўлдими содир?
Оҳ, нақадар ажойиб тунда
оқ машъала экилган водий.

Энди сафсар кечаларда оқ
машъалалар тутиб, улуғвор
кенгликларда кезар чиройли
кундузларни ахтариб баҳор.

* * *

Кунлар пиша бошлайди яна,
рангларини бошингда элар,
Хаёлингни чақмоқлар каби
ёритгувчи лаҳзалар келар.
Яна япроқ ёзган дарахтга,
атиргулга дўнарсан нуқул.
Кечалари чап кўкрагингда
қафасини синдирар булбул.
Бор кадарни енгмоққа яна
етиб ортиб қолар бардошинг.
Энди ўзинг истамасанг ҳам
юлдузларга тегади бошинг.

* * *

Ечиб оппоқ кўйлагани вақт,
кийди яшил гулли кўйлагин.
Юрак, уйғон, капалак каби
чечакларга қўниб ўйнагин.

Майсаларин тараб, парвозга
шайланади чексиз далалар.
Ўспиринлар қучоғида маст
Қирда асир тушган лолалар.

Боғларда оқ аланга гурлар,
телба қилар шамоллар иси,
гилос гулин кийган кўчада
оқиб борар қизлар кулгиси.

Гуркираган бу рангин олам
туйғуларни ўйнатиб ташлар
ва ажойиб кунлар умримда
атиргулдай очила бошлар.

* * *

Субҳидамда ям-яшил дарахт
деразамга юзини босди,
керишгандай ойнак сатҳига —
гулларини оҳиста ёзди.

Қирчиллаган шабада келди,
кўпирганча шошиб, қувониб,
Баҳор, жисми очилиб, яшнаб,
босиб кетди атир тумани.

Кўтарилар заминдан қудрат
шаббаларнинг учига қадар,
бирдан яшил шохларда тилло
ғўралар ҳам товланиб кетар.

Гўё қуеш парчалангандай…
Гарқ қилади оламни фараҳ.
Ҳар баҳорда менга эринмай
яшамоқни ўргатар дарахт.

* * *

Ишон, одам, баҳорга ишон,
қара, гўдак каби беғубор —
мингинчи бор оловдай порлоқ
гулларини кўрсатар баҳор.

Баҳор сенга ишонар, қара,
сузиб чиқди кўзига юрак —
қараб турар сенга интизор,
сен баҳорни севишинг керак.

Кўзига боқ, ҳайдама уни —
мингинчи бор қилмагин хато.

Остонангдан кетмайди баҳор,
сен аслингга қайтмагунча то.

Шарқиратар асов сойларин,
нафасидан ранглар уфурар,
ўйнайверар яшил қушларин,
гулларини ёндираверар…


Шавкат Раҳмон

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 65-қисм

65 Самад чавандоз кўпкарининг олган-олганини— охирини олди. Қайтишимизда баримизни уйига айтди. Самад чавандоз уйи олдига келганимизда ўйланиб қолдим. Мендан бўлак ...

Чингиз айтматов:қиёмат 30-қисм

Авдий  Каллистратов  Инга  Фёдоровна  билан  ўрталарида  туғилган  муносабатларни «тақдиримда  янги  давр»  деб  атар  ва  бунда  ростдан  ҳам,  ҳеч  қандай  муболаға  йўқ  ...

Зимнан адоват

8. ЗИМНАН АДОВАТ Шундан кейин Ўзбек ойим олдинға тушиб, қудаси билан Кумушни уйга бошлади. Уларнинг кетидан бошқа меҳмонлар юрдилар. Ўзбек ойим йўл устидан Ойбо-доққа: — ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400