АҚШ Адлия вазирлиги Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев ва унинг ўғли Максим Бакиев иккаласининг четга чиқарган 4,5 млн доллар маблағини Қирғизистонга қайтарганини эълон қилди.

27-февралда Азаттиқнинг Қирғиз хизмати хабар беришича, пуллар Қирғизистоннинг Молия вазирлигига ўтказилган.
Тарқатилган хабардан маълум бўлишича, жами 6 млн АҚШ долларга тааллуқли текширув ишлари Бакиев оиласининг шахсий банкири Евгений Гуревичга қарши қўзғатилган ишни тергов қилиш жараёнида аниқланган.
АҚШнинг Адлия вазирлиги баёнотида Қирғизистон ҳукумати ушбу маблағларни ҳудудлардаги касалхоналарга тиббий асбоб-ускуналар сотиб олишга, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаларига ва порахўрликка қарши дастурларга сарф қилиниши айтилган.
25-февралда Бишкекда Қурманбек Бакиев ҳукмронлиги даврида қўлга киритилган активларни орқага қайтариш тўғрисидаги шартномага АҚШ ва Қирғизистон вакиллари имзо чеккан.
Хабардан маълум бўлишича, ҳозирги кунда қолган пулларни ҳам қайтариш ишлари олиб борилмоқда.
Ажойиб янгилик! Ибратга ва таҳсинга арзигулик хайрли ва эзгу иш! Ажабмас, қўшни қирғизларнинг бу саъй-ҳаракатлари бизга ҳам юқиб, чет элларда сақланаётган миллион-миллион ўғирланган пулларимиз ўзимизга қайтарилса! Бироқ, шу кунгача Ислом Каримовнинг қизлари ўғирлаган пуллар, собиқ МХХ раиси Рустам Иноятов ва унинг ҳамтовоқлари, фарзандлари, қариндош-уруғлари ўмарган пуллар ва элитамизнинг бошқа очофот вакиллари ўзлаштирган пуллар ҳалигача чет элларда сақланмоқда. Амалдаги ҳукумат ҳатто жинояти қонунан фош қилинган Гулнора Каримованинг пулларини ҳам ҳамон ўз эгалари — ўзбек халқига қайтара олмаяпди. Энг ачинарлиси, ўғирлик, товламачилик, порахўрлик, фирибгарлик, коррупция билан шуғулланган шахсларнинг ҳукумат таркибида қолаётгани, давлат бошқаруви ишларида иштирок этаётганидадир. Ана шу “каламуш”лар қонунан жазоланмас, улар ўмарган пуллар давлат ғазнасига қайтарилмас экан, халқ Ўзбекистонда адолат қарор топишига ишонмайди.