Қирқ қиз афсонаси — ҳурлик, эрк ва садоқат тимсоли

Халқ хотирасида ўз орзу-ниятларини акс эттирган ривоят ва афсоналар сақланиб қолади. Шулардан бири «Қирқ қиз» ҳақидаги афсоналардир. Қирқ қизлар халқ орасида ор-номусни ўлимдан устун қўйган, эрк ва Ватан озодлиги учун ўз жонидан кечган қизлар тимсолида гавдалантирилган.

«Қирқ қиз» ривояти номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм, Тошкент вилоятларида мавжуд. Қуйида уларнинг айримларининг тарихи, келиб-чиқиши, бугунги ҳолати тўғрисидаги маълумотлар билан таништириб ўтамиз.

Фото: Mahalladosh

Қирқ қиз зиёратгоҳи

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридан 6 километрча ғарбда Кўл ота қишлоғи бор. Унинг юқори томонидаги тоғ тагида 40 та булоқ қайнаб ётибди. Сувларининг мазаси ҳар хил. Замонавий тиббиёт уларнинг турли дардларга даво эканини тасдиқлаган. Бу ер ҳозирги пайтда зиёратгоҳга айланган. Ҳар куни турли вилоятлардан юзлаб зиёратчилар ташриф буюришади.

Маҳаллий аҳолининг ҳикоя қилишича, VIII асрларда бу жойларда бир подшоҳ ҳукмронлик қилган. Унинг ёлғиз қизи бўлган экан. Азалдан бу ерлар турли қазилма бойликлари, хусусан, олтин конларига бой бўлгани учун бу заминга кўп мамлакатлар кўз тиккан. Бир куни ёв бостириб келади. Подшоҳ лашкарлари билан ёвга қарши чиқади. Бироқ ёв сон-саноқсиз эди. Енгилишини сезган подшоҳ қизига чопар юбориб, яширинишни амр этади. Канизаклари билан қирқ нафар бўлиб тоққа қочиб кетаётган шоҳ қизи душман лашкарларига дуч келади. Ор-номусини сақлаб қолиш учун қизлар ўзларини чуқурликдаги кўлга отиб, ўзларини ҳалок этадилар.

Орадан йиллар ўтиб, кўлнинг қуйи қисмида Кўл ота қишлоғи бунёд бўлади. Қишлоқ аҳолиси кўпайгани сайин сувга бўлган талаб ҳам кучаяди. Бора-бора кўлнинг суви камлик қилиб қолади. Улар кўл кўзини очганига қарамай, сув сатҳи йилдан-йилга пасайиб бораверади. Орадан яна юз йиллар ўтиб, кўлнинг ўрнида булоқлар ҳосил бўлади. Маҳаллий аҳоли бу ерга келиб, булоқларни санаб кўришса, жами қирқта экан. Шунда улар ота-боболари айтган ҳикояни, яъни кўлга ўзларини ташлаб, ҳалок бўлган қирқ қиз ривоятини эслашади ва унга «Қирқ қиз булоқ» дея ном беришади.

Қирқ қиз қалъаси

Қирқ қиз номи билан аталувчи меъморий ёдгорлик Сурхондарё вилоятида ҳам мавжуд. Термиз туманида жойлашган Қирқ қиз қалъаси қайта таъмирланиб, бугунги кунда сайёҳларни жалб этиб келмоқда. Меъморий ёдгорлик IX-X асрларда бунёд этилган бўлиб, ўрта асрларда у қўрғон вазифасини бажарган. Баъзи маълумотларда келтирилишича, ушбу қалъада ўз ерларини талончи кўчманчилардан ҳимоя қилган Гулойим бошчилигидаги 40 нафар қиз яшаган.

Қалъа тўртбурчак тарҳли, икки қаватли бўлиб, хом ғиштдан қурилган, тоқ ва равоқларида пишиқ ғиштлар ишлатилган. Девор бурчаклари ҳажмдор буржлар билан мустаҳкамланган. Иморат дунё томонларига мос равишда қурилган бўлиб, тўрт томонидан бошланувчи йўлаклар марказда туташади. Ўзига хос моҳирона қурилиши орқали гўзаликка ва ҳашамдорликка эга бино орадан гарчи кўп асрлик вақт ўтган бўлса-да, ўз жозибасини йўқотмаган. Ҳозирда мазкур объектда реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Тошга айланган қирқ қиз

Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Нурота тоғ тизмалари таркибига кирувчи Фозилмон тоғида ҳам «Қирқ қиз» номи билан аталувчи жой мавжуд. Бу ерда одам жуссасидек келадиган қирқта тош доира шаклида саф тортган. Балки бу тошлар табиатнинг бир мўъжизасидир, лекин халқ орасида уларни қирқ қизлар билан боғловчи ривоят сақланиб қолган.

Айтишларича, бир пайтлар юртни ёв босади. Юрт мудофаасига отланган эр йигитлар қаторида қизлар ҳам курашга бел боғлашади. Душманлар ҳеч кимга шафқат қилмайди. Каттаю-кичик баробар қаршилик қилишига қарамасдан, кучлар тенг бўлмагани сабабли енгилишади. Мудофаачилар чекинишга мажбур бўлади. Душмандан қочиб кетаётган қирқ нафар қиз бир жойга етганда, ғанимлар уларга етиб олиши аниқ бўлиб қолади. Шунда улар тўпланиб, тангридан душманга асир тушгандан кўра, ўзларини тошга айлантириб қўйишни илтижо қилишади.

Хоразмдаги Қирқ қиз қалъаси

Катта-кичик Қирқ қиз қалъалари Хоразм ҳудудида 1938 йилда ўтказилган археологик қазилма ишлари вақтида аниқланган. Олимларнинг фикрича, қалъа эрамизнинг I-VI асрларига тегишли бўлиб, Марказий Осиёда Қанғ давлати гуллаб-яшнаган даврга тўғри келади. Қазилма ишлари давомида зардўштийлар қабрлари топилган. Афсоналарга кўра, бу қалъада Гулойим исмли малика яшаган бўлиб, у ўзининг қирқ нафар сафдоши билан чегарани мустаҳкам сақлаб, рақиблари ҳужумларидан ҳимояланган. Бугунги кунгача истеҳком туйнуклари бўлган ташқи деворлар сақланиб қолган.

Қирқ қиз номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар билан яқиндан танишар экансиз, юртимизда шунга ўхшаш кўплаб муқаддас қадамжолар, афсоналар мавжудлигига гувоҳ бўласиз. Энг муҳими, уларни битта ғоя бирлаштиради — мардлик, ор-номус, матонат, эрк ва ҳурлик, Ватан учун кураш!

Манба:Маҳалладош газетаси

Муаллиф:Алишер ЁРҚУЛОВ,

 

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбек мухолифатининг яқин ўтмишдаги тарихи – боймирза ҳайит

Буюк ватанпарвар - олим, доктор Боймирза Ҳайитнинг сўнг сўзи Ўзини Туркистон фарзанди деб билган немис олими Боймирза Ҳайит 1917 йил 17 декабрда Намангандаги Ёрқўрғон ...

Муҳиддинхўжа қози

Муҳиддинхўжа қози МУҲИДДИНХЎЖА  ҚОЗИ (1841-Тошкент —1902 й.  март) — ўзбек маърифатпарвари.  Сўнгги  Тошкент қозикалони — Ҳакимхўжа ўғли.  Тошкент,  Бухоро  мадрасаларида  ...

Етмиш икки кунлик озодлик!

Марказий Осиёда демoкратик ва дунёвий давлат сифатида тақдим қилинган Туркистон мухторияти тузилган кунига 100 йил тўлиши муносабати билан, 23 феврал 2018 йил Ўзбекистон ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400