“Обод қишлоқ”  бўладими барбод

Президент ташаббуси билан Жиззах вилояти Дўстлик тумани Манас қишлоғида амалга оширилган ободончилик ишлари хайрли тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги барча қишлоқларни босқичма-босқич обод қилиш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури ишлаб чиқилган эди. 2018 йилнинг 29 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони,  шу куннинг ўзида  Президентнинг «Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам имзоланиб, дастур ижросини таъминлашга  қаратилган муҳим вазифалар ва механизмлар белгиланди, ҳамда  мувофиклаштириш бўйича республика комиссияси тузилади. Дастурга кўра, 2018 йилда  республикадаги ҳар бир туманда 2 тадан қишлоқда, кейинги йилдан бошлаб эса ҳар йили ҳар бир туманда 3 тадан қишлоқда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан Хоразм вилоятида   “Обод қишлоқ” дастури доирасида  10 тумандаги   жами 23 та қишлоқ жойлардаги маҳаллаларда кенг кўламли ободонлаштириш ва қурилиш ишлари амалга ошириш  режалаштирилган эди.

Фото:Мулкдор

Ушбу дастурнинг доирасида қилиниши лозим бўлган ишларнинг тўртта   асосий йўналишга ажратиш мумкин: биринчиси  қишлоқларда яшовчи аҳолини электр энергия, газ ва тоза ичимлик суви билан таъминотини тубдан яхшилашга,  иккинчидан йўлларни  ва кўчаларни обод қилиш, хиёбонлар,  дам олиш  ва хордиқ чиқариш масканларини яратиш, учинчидан  қишлоқлардаги ижтимоий соҳа объектларини  таъмирлаш ва янгидан барпо этиш,  тўртинчидан  аҳолини доимий иш ва даромад манбалари билан таъминлаш мақсадида зарур бозор инфраструктура объектларини ва тадбиркорликни ривожлантиришга зарур шароитларни шакллантириш.   Бироқ  жойлардаги  айрим раҳбарларнинг ушбу дастурнинг асл моҳиятини  тушуниб етмаганиданми, ёки  маъсулиятсизлиги сабабми жуда кўплаб режалаштирилган ишлар  ўтган йилда ниҳоясига етмай қолди.  Гапимизнинг қуруқ бўлмаслиги учун Вилоят ҳокимлигининг расмий маълумотларига назар ташлаймиз.

Фото:Мулкдор
Фото:Мулкдор
Фото:Мулкдор

“Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида Хоразм вилоятида 13.514,2 млн сўм маблағ сарфлаб  ички хўжалик йўлларининг 121 километрини ёки режалаштирилганини 70 фоизида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган.  Қишлоқ кўчаларини ёритиш учун жами 131 кўча чироқлари ёки режалаштирилганининг 37 фоизи ўрнатилган.   Шунингдек,  режалаштирилган пиёдалар йўлакчаларини таъмирлаш ва  барпо этиш бор йўғи 58 фоиз бажарилган.

Фото:Мулкдор

Дастур доирасида аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ишларига 13418 млн сўм сарфланиб 167,8 километр узунликдаги ёки режалаштирилганининг 84  фоизи бўлган сув қувурлари ётқизилган.  Қишлоқларда бозор инфратузилмаларни шакллантириш мақсадида 213 объектни таъмирлаш  ва қкуриш режалаштирилган, бироқ  бу борадаги ишлар 50 фоизга ҳам бажарилмаган.   Бу келтирган рақамларимиз расмий маълумотлар,  очиғини айтиш керакки,  биз жойларда бўлганимизда асл манзарадан кескин фарқ қилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Айнан    шу боисдан ҳам  2018 йил 23 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким ва Олий Мажлис депутатлари, ҳамда вилоятда фаолият юритувчи оммавий ахборот вакилларининг  иштирокидаги  “Обод қишлоқ” дастурининг Хоразм вилоятидаги ижроси хусусидаги анжуманда  кўпчилик журналистлар  томонидан  вилоятда бу борада амалга оширилган ишлар қониқарсиз дея  баҳоланди.     Ушбу анжуманда сўзга чиққан  таниқли журналистлар Рўзимбой Ҳасан, Абдулла Собировлар вилоятда “Обод қишлоқ” дастури доирасида  алоҳида назоратда бўлган Кўшкўпир туманидаги  “Оқдарбанд” ва Янгиариқ туманидаги  “Гулобод”  Шовот туманидаги “Маҳтумқули”  ҳамда Гурлан туманидаги “Гулистон”  ва яна бир қанча  қишлоқлардан бошқа деярли катта кўпчилигида  режалаштирилган ишлар тўлиқ бажарилмасдан ўлда жўлда қолиб кетганини танқид қилдилар. Афсуски Ушбу анжуманда вилоят ҳокимлигидан ушбу дастурга маъсул бўлган биронта ҳам мутасаддининг иштирок этмагани,  вилоят ҳокимлиги вакили сифатида матбуот котиби анжуман иштирокчиларига вилоят  ҳокимининг табригини ўқиб эшиттириши билан тарк этиши вилоят раҳбарларининг жамоатчилик назоратига бўлган муносабатини яққол кўрсатувчи ҳолатлардан биттасидир.

Эзгу мақсадлар билан кабул килинган  давлат дастури ижроси қоғозда  жуда чиройли тасвирланган, бироқ  афсуски қуруқ ҳисоботлар билан халқнинг оғири енгил бўлмайди, қишлоқлар обод бўлмайди.

Фото:Мулкдор

Қўшкўпир туманидаги Хайробод маҳалласида бўлганимизда   “Обод қишлоқ” дастури  бутунлай барбод бўлганини кўриш мумкин. Биргина қишлоқ марказида иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари шарафига ўрнатилган  ёдгорликни аҳволинигина  бу сўзимизни тўла тасдиқлайди.   Ўта қаровсиз ҳолда бўлган ушбу ёдгорлик қўшкўпирлик ёшуллиларнинг  ўтганларнинг хотирасига бу қадар нописандлик билан қарашини тушуниш қийин.

Исмини сир тутишни илтимос қилган маҳалла фаолларидан бири биз билан суҳбатда шундай дейди:

Фото:Мулкдор

–  Очиғи бизнинг маҳалламиз  “обод қишлоқ” дастурига тушди деганда биз жуда хурсанд бўлган эдик.  Бироқ  июнь ойида катта ваҳималар билан бошланган ишлар 10-15 кун ўтиб деярли тўхтаб қолди. Ким нима деса десин бу дастур деярли оғиримизни енгил қилмади, эски ҳаммом, эски тос, ҳаммаси аввалгидай.   Тўғри маҳалламиздаги мактаб, мактабгача таълим муассаси ва оилавий поликника капитал таъмирдан чиқди.  Бир нечта кўчаларга сув қувурлари ётқизилди, лекин тоза ичимлик сувидан ҳамон дарак йўқ. Рости бу  Яна бир муаммо ечимини топмаган, маҳалламизнинг бир қисми табиий газ билан  таъминланган,  катта қисми эса газ тармоғидан узилган. Қизиғи бизнинг устимиздан ўтиб кетадиган газ қувурлари бизнинг қишлоқдан 15 километр  кейин келадидан қишлоққа газ етказиб беради.  Шуниси алам қилади. Майли аҳолига бермасин, бир амаллаб кунимизни кўрармиз, лекин хеч бўлмаса болаларимиз ўқийдиган мактабни ёнгинасидан ўтган газ тармоғига  уланишга руҳсат беришларини сўраб бормаган идорамиз қолмади.  Таъмирдан чиққан мактабга бориб кўринг, хоналар совуқлигидан  болалар тез тез касал бўлади.

Фото:Мулкдор

–  Биз ушбу маҳаллада жойлашган 20-умумталим мактабига бордик.  Ташқаридан қараганда мактаб биноси чирой очиб турибди, ичкарига кирсангиз эса, совуқ синф хоналар, эски жиҳозлар таъмирталаб полларни  қуриб  дастур доирасида ажратилган  салкам икки миллиард пулни қаерга, ва нима мақсадларга ишлатилганига очиғи ақлимиз етмади.   Мактаб директори  Абдушариф  Раҳимовнинг  сўзларига қараганда  мактабнинг фасад қисми  таъмирланган, дераза   ромлари алмаштирилди.   Ғиштдан бўлган   заборлар бузилиб темир панжаралар ўрнатилган.    Бироқ мактаб директорининг гапларига қараганда мактабнинг энг асосий муамммоси синф хоналарининг етишмаслиги очиқлигича қолди. Хозирги кунда 624 ўринга мўлжалланган мактаб биносида 988 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Махсус фан кабинетлариларидан ҳам хоналар етишмаслиги сабаб  синф хонаси сифатида фойдаланилмокда.  Келаси йилдан мактаб уч сменада ўқишни ташкил қилишга мажбур бўлади.   Мана «обод қишлоқ» нинг  Қўшкўпирча варианти.

Фото:Мулкдор

Бундай  мавжуд муаммоларга юзаки ёндашувни  вилоятнинг бошқа туманларида ҳам кузатиш мумкин.

Хоразмда   «Обод қишлоқ» дастурига тушган 23 махаллада 19461 та якка тартибдаги уйларнинг  фасад қисмини бўялгани бу дастурни муваффақиятли ижро қилингани эмаслигини хоразмлик айрим ёшуллилар ё тушунишмайди ёки тушунишни исташмайди.

Салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланган қишлоқ жойларда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми яшаши қайд этилди. Шунга қарамасдан, улар учун барча зарур шароитлар яратиб берилмаган, турмуш даражаси ва сифатини оширишга етарлича эътибор қаратилмаганлигини инобатга олиниб вазиятни тубдан ўзгартириш ҳамда қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ошириш мақсадида қабул қилинган  «Обод қишлоқ» дастури  Хоразмда барбод бўлди. Лекин қишлоқларда яшовчи аҳоли ҳам   эртага ҳаёти нурафшонроқ ва гўзалроқ, маҳаллалари обод ва кўркам бўлишини чин калбдан  исташади, аммо…ёшуллилиларчи буни исташадими?

 

Одил Усмон, Хоразмдан маҳсус  “Мулкдор” учун

Суратларнинг барча Қўшкўпир тумандаги Хайробод  маҳалласидан олинди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда нафақа тайинлашда яшаш жойидан маълумотнома талаб қилинмайдиган бўлди

Фарзанди туғилганлиги муносабати билан бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тайинлашни сўраб ариза билан мурожаат қилган шахслардан яшаш жойидан маълумотнома талаб ...

Хорижда яшашга мажбур бўлган олигарх ғафур раҳимовнинг ўзбекистонга қайтишига ҳуқуқий изн берилди

10 июлда Ўзбекистон Бош прокуратураси йирик тадбиркор ва меценат Ғафур Раҳимовни қидирувдаги шахслар рўйхатидан олиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилди. Қарорга мувофиқ, Халқаро ...

“дилдаги гаплар” туркумига дебоча

“Истибдод деган нусха... ХХ асрнинг қора саҳифаларида даҳшатли хотира бўлиб қолмаган экан...”        МУАЛЛИФ. (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400