Шавкат Мирзиёев «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонунни имзолади, деб ёзади «7news.uz» сайти.

Қонунда соҳа бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат кафолатлари, тегишли органлар ваколатлари, фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқлари белгилаб берилган.
Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- хавфсиз ва самарали репродуктив технологиялардан фойдаланган ҳолда ўз фарзандларининг туғилиши хусусида мустақил равишда қарорлар қабул қилиш;
- ўзининг репродуктив саломатлиги тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олиш;
- туғилишни тартибга солишнинг хавфсиз усулларидан ва контрацепциядан фойдаланиш;
- тиббий-профилактика хизматларидан фойдаланиш ва соғлиққа хавф солувчи воситалардан, шу жумладан илмий тажрибалар қўлланилишидан ҳимояланиш;
- ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш чоғида тиббий-ижтимоий, шунингдек психологик ёрдам ва ахборот олиш;
- ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш.
Юридик ва жисмоний шахслар фуқароларнинг ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириши билан боғлиқ ахборотни сир сақлаши шарт.
Қонунда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш шартлари белгиланди:
- ҳомиладорликнинг 12 ҳафтагача бўлган муддатида, аёлнинг хоҳишига кўра;
- ҳомиладорнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганида ҳомиладорлик муддатидан қатъи назар амалга оширилади.
Тиббиёт муассасалари тиббий кўрсатмаларга кўра ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тўғрисида ёки ҳомиладорликни тўхтатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган аёлни унинг соғлиғи учун ҳар қандай эҳтимол тутилган салбий оқибатлар ҳақида хабардор этиши шарт.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.