2019 йилнинг 11 март куни Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Садда” МФЙ ҳудудида жойлашган “Кўмакай орзуси” МЧЖга қарашли лоқ-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЁХББ матбуот ҳизмати маълум қилди.

Ёнғин оқибатида 150 кв.метр майдонда бостирма, унинг остида бўлган турли сиғимлардаги енгил алангаланувчи суюқликлар (хомашё) ва тайёр лоқ-бўёқ маҳсулотлари ҳамда цех ҳудудида турган МАN русумли юк ва ДАМАС русумли автомобиллар ёнган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Воқеа жойига 12 та ёнғин ўчириш экипажи ва 1 автонарвон жалб этилган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғиндан цехнинг 350 кв.метр майдони сақлаб қолинган. Ёнғиннинг таҳминий сабаби, лоқ-бўёқ маҳсулотини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган “Нефрас” енгил алангаланувчи суюқликни MAN русумли юк автомобили сиғимидан 20 тонналик сиғимга тўкиш вақтида ҳосил бўлган статик электр токи натижасида. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.