Юлдузли тунлар-34

5

Тоҳир кечаси билан ухламай югуриб-елиб юрган бўлса ҳам ғалабанинг шодлигидан чарчаганини сезмас, фақат қорни очқаб, Самарқанднинг новвойлик ва ошпазлик расталари дам-бадам эсига тушар эди. Эрталаб ҳамма дарвозаларга қоровуллар тайин бўлгандан кейин Қосимбек Тоҳирга жавоб берди. Тоҳир отига миниб, яна иккита отлиқ ўртоғи билан новвойлик растасига келди.

Бу ерда ҳам бир неча юз кишилик издиҳом беш-олтита хон навкарларини ўраб олиб, тошбўрон қилмоқда эди. Навкарларнинг баъзилари йиқилиб, тош-кесаклар остида жон берган, бир-иккитаси қўли билан юзини тўсиб дод солар, инграр эди. Яланг бошидан қон оқаётган, йиртилган кўйлаги орасидан моматалоқ бадани кўриниб турган, ўзи чўкка тушиб, одамлардан шафқат сўраётган йигирма ёшлардаги йигитга Тоҳирнинг раҳми келди. У оломон орасига от солиб:
— Халойиқ Бобур мирзо фармон бердилар! — деб қичқирди. — Таслим бўлганларни асир олмоқ керак! Булар ҳам мусулмон! Халойиқ, бас қилинг! Биз ҳам навкармиз! Навкар айбдор бўлмаслиги мумкин! Ҳамма айб буларнинг хонларида! Халойиқ тўхтанг! Бобур мирзонинг фармонини бажаринг!
Одамлар Бобурнинг номини эшитиб отлиқ йигитнинг гапига қулоқ сола бошладилар. Шунда нариги икки отлиқ ҳам оломон орасига ёриб кирди. Учовлашиб, тошбўронни тўхтатдилар. Тоҳир бу ерга нега келганини ҳам унутди. Чала тирик йигитлардан учтасининг қўлини орқасига боғлатиб, асир қилиб олиб кетмоқчи бўлди.
Шунда оломон орасида турган сарғиш мўйловли, баланд бўйли бир киши:
— Тўхта, йигит, сен… Тоҳир эмасмидинг? — деб қолди.
Тоҳир йўғон сўйил кўтариб олган бу одамга тикилиб қаради-ю, бундан уч йил олдин мана шу кўчада очларга нон улашган пайтини эслади.
— Мамат оға! Сиз нега сўйил кўтариб юрибсиз? Ўзингиз ҳам ўзбек уруғидан эмасми-сиз?
— Э, ука, булар ўзбекка кўп жаманлиқ қилди. Менинг бечора хотиним шуларнинг дастидан ўлиб кетди!
Маматнинг кўзларида ёш йилтиради. Тоҳир бу одам билан Робия ҳақида гаплашганини эслади-ю, унутилган аламлари бирдан янгиланди. У асирларни нариги икки шеригига ҳайдатиб юборгач, ўзи отини етаклаб, Маматни четга бошлаб чиқди.
— Мамат оға, мен тайинлаб кетган гап эсингиздами?
— Қайси?.. Ҳа, ҳа… Айтмоқчи, бечора хотиним тириклигида бир гап эшитиб келган экан… Сиз айтган қиз андижонликмиди?
— Қувалик.
— Билмадим, ишқилиб, ўша томондан обқочиб келишган экан. Кейин туркистонлик бир савдогар тархон сотиб олиб кетган экан.
— Туркистонгами?
— Ҳа, кейин шу тархон Шайбонийхон билан бирга Самарқандга кўчиб келипти.
— Қиз биланми? Қиз тирикми, йўқми?
— Тирик!
Тоҳир Маматнинг сўйил тутган қўлларидан маҳкам ушлади-ю, шошилиб сўради.
— Оти Робиями, а, Робиями?
— Раҳматлик хотиним отини билмас эди.
— Ўзини кўриптими? Қаерда кўрипти?
— Фозил тархоннинг уйида.
— Қайси Фозил тархон?
— Бугун кечаси уни ўзларинг ўлдирибсизлар-ку?
— Уйи қаерда, уйи?

— Журинг, мен кўрсатиб қўяйин!
Тоҳир бир сакраб отига минди-ю, Маматни орқасига мингаштирди. Мамат сўйилини ташлади, Тоҳирнинг қўлтиғи тагидан ушлаб, уни қинғир-қийшиқ кўчалардан бошлаб бора бошлади.
Отини йўрттириб бораётган Тоҳир: «Илоҳим ноумид қилмагин-да парвардигор! — дерди ичида.
— Илоҳим Робия бўлсин-да!» У олти йилдан бери Робияни қидира-қидира, ахири, энди топилмайди, деган фикрга келган ва бу фикрга кўника бошлаган эди. Ҳозир чақмоқдай чақнаган умид унинг важоҳатига момақалдироқ ларзасини соляпти. Бу умиднинг чақиндай тез сўниши мумкинлиги юрагини така-пука қиларди, аъзойи баданини зир титратарди.
— Ана ўша уй! — деб Мамат орқасида катта боғи бор икки қаватлик ғиштин иморатни кўрсатди.
Дарвоза ланг очиқ, қуролли йигитлар ичкаридан жимжимали сандиқлар ва чўғдай гиламлар кўтариб чиқмоқда эдилар. Яқинроқ бориб, Тоҳир Қосимбекнинг навкарларини таниди. Уларга катта савдогар бой ва Шайбонийхоннинг яқин кишиси Фозил тархоннинг мол-мулкини мусодара қилиш топширилган эди.
Тоҳир дарвоза олдида отдан тушди-ю, таниш нав-карларнинг ҳайҳайлашларига эътибор бермай, тўғри ичкари ҳовлига йўналди. Равонда Фозил тархоннинг қонга беланган мурдаси ётипти. Юқориги қаватдан аёлларнинг йиғи-сиғиси эшитилди. Фозил тархоннинг хотинлари эрлари учун аза очган, баъзилари бойлик тўла сандиқлардан ажралаётганлари учун ҳам додлашар, баъзилари эса ёвдан қўрқиб йиғлашар эди.
Тоҳир пастки қаватдаги очиқ эшикларга бош тиқиб қаради. Ҳеч ким йўқ. Фақат аёлларнинг кийимларию безаклари турибди. Бу тархоннинг нечта хотини бўлганикин? Робия шунга тушган бўлса, уни ҳам хотин қилиб олганмикин? Тоҳирнинг хаёлига тўсатдан келган бу фикр қалбини ўртаб ўтди. У айвондан пастга сакраб тушиб, ҳовлининг ўртасига келди-ю, юқорида йиғлаётган аёлларга қарата қичқирди:
— Ҳей, Робия борми? Роби-я! Қувалик Робия шу ерда борми?
Хотинларнинг йиғиси бирдан тинди. Юқоридаги қаватнинг айвонидан яшил дуррали бир жувоннинг боши кўринди. Унинг қош-кўзи Робияникига ўхшарди. Тоҳир юқорига талпиниб, қалтираб:
— Робия! — деди. — Робия!
Яшил дуррали жувон уни кўрди-ю, ўзини орқага олди, сўнг яна айвон четига чопиб келди. Тоҳир энди унинг бахмал нимчасини, бўйнидаги маржонларини ҳам кўрди. Жувонга йигитнинг товуши таниш туюлар, аммо қилич ва ханжар таққан, юзида катта чандиғи бор, соқол-мўйлови ўсиқ баҳайбат навкар унинг ваҳмини келтирарди. Жувон алданишдан қўрқиб, яна орқага қочди. Тоҳир юқориги қаватга қараб чопди, аммо саросима бўлганидан, айвон четидаги зинапояни тополмади. Негадир ўпкаси тўлиб кўзига ёш келди:
— Робия, мен Тоҳирмен! Тоҳир!
Юқоридан жувоннинг чинқириғи эшитилди:
— Тоҳир оға!
Сўнг яшил дуррали жувон чочпопугини шилдиратиб, зинапоядан ўзи чопиб туша бошлади. Юз-кўзи Робияники, аммо маржонлари, кийимлари, яна нимасидир бегона. Тоҳир уни кўриб жойида қотиб қолди. Робия ҳам зинапоя олдида тўхтади, кўзларини чақчайтириб, қўрқув аралаш шивирлади:
— Сиз Тоҳир оғамнинг арвоҳисиз!
Робия Тоҳирни ўша найза зарбидан ўлиб кетган деб ўйлар, унинг арвоҳига бағишлаб дуолар ўқир эди. «Eнди тирик кўрмаймен, арвоҳини кўрсам ҳам рози эдим», деб худодан астойдил сўраган пайтлари кўп бўлур эди. Унинг шу илтимосига фаришталар омин деган эканми?
— Арвоҳингиз ҳам жонимдан азиз, Тоҳир оға!
— Мен тирикмен, Робия! Сени олти йилдан бери излаб юрибмен!
— Тириксиз?! — деб, Робия Тоҳирга яқин келди. Унинг чакмонини, қиличини, қўлларини бир-бир ушлаб кўрди. Тоҳир уни елкасидан қучиб бағрига босган эди, Робия унинг арвоҳ эмаслигига энди ишониб, йиғлаб юборди: — Тирик! Тирик! Худога шукр, тирик!
Тоҳир унинг сариқ атлас кўйлаги устидан елкасини силаб:
— Робиям, жоним! — деди. — Хайрият, ўзинг ҳам тирик экансен! Мен сени олти йил изладим, қаерларда юрдинг? Нима бўлди?
Робия Фозил тархоннинг еттинчи хотини бўлиб ўтказган йилларини эслади-ю, бирдан орқага силтаниб, Тоҳирнинг қўлларидан юлқиниб чиқди:
— Мени қучманг, Тоҳир оға! Мен сизга муносиб эмасмен!
Робия аламли кўзлари билан айвонда ётган ўликка қараб қўйди. Фозил тархон уни ўша босқинчилардан бир ҳамён олтинга сотиб олган эди. Робия элликдан ошган бу чолдан ҳазар қилар эди. Фозил тархон Туркистоннинг Ясси шаҳрида уни никоҳлаб олгандан кейин беш-ўн кун турар-турмас, савдо иши билан Бухорога жўнади, у ердан бошқа бир кўҳлик қизни олиб, кейин ўша билан бўлиб кетди. Робия олти йилдан бери унинг ҳарамида бевадай яшайди. Лекин буни энди Тоҳирга қандай тушунтиради? Тоҳирга фотиҳа қилинган Робия кейин бировга хотин бўлган, бунинг доғини қандай ювиш мумкин?
Робия юзини қўллари билан тўсиб юм-юм йиғлай бошлади. Унинг бўйнидаги маржонлари, сочига тақилган чиройли кумуш чочпопуклари, эгнидаги атлас кўйлаги— ҳаммаси ўша бой савдогарнинг пулига келган. Тоҳир шуни ўйлади-ю, унинг назарида, Робия ўлган эрига куюниб йиғлаётгандай кўринди.
— Робия, ростини айт, сен эрингга… содиқмисен?!
— Мени пулга сотдилар! Зўрлаб никоҳладилар!
— Бўлмаса нечун мунча куюниб йиғлайсен!
— Мен сизга вафо қилолмаганимга куюнамен! Сизни унутганим йўқ эди, Тоҳиржон оға! Мана, тепамизда худо турипти! Бу савдогар сизнинг тирноғингизга ҳам арзимас эди! Лекин мени унга қул қилиб бердилар.
Тоҳир тишини-тишига босиб сўради:
— Боланг борми?
Робия йиғи аралаш бош чайқади:
— Мен номига хотин эдим… Аслида бева…
Бир вақтлар гулдай қиз бўлган Робиянинг ўзини «хотин», «бева», деб аташи Тоҳирнинг борлиғини қақшатиб юборди. Робиядай қизга олти йилдан бери «ит тегмай» юриши мумкин эмаслигини у илгари ҳам хаёлида кўп ўтказарди. «Фақат тирик топсам бас!» деб қидирарди. Бироқ Робияни топгани билан ёшликдаги беғубор, содда бахти энди абадий топилмаслигини у илгари билмас эди. Бадандаги оғир жароҳат тузалганда ҳам чандиғи умрбод қолганидай, бошларига тушган савдонинг даҳшатли изи кўнгилларидан осонликча кетмаслигини Тоҳир энди сезмоқда эди. Робия ҳам абадий йўқолган беғубор ёшлигига куюниб йиғламоқда эди.
— Робия, бас! Омон қолганимизга шукр қил, қани, юр!
Тоҳир Робиянинг билагидан олиб ташқарига бошлади. Қиз йиғидан тўхтаб:
— Қаёққа? — деди.
— Сен ҳали ҳам менинг қаллиғимсен. Юр, тезроқ!
— Ахир мен… мен нарсаларимни олай!
— Ҳеч нарса олмайсен. Ҳаммасини унут. Иккинчи ёдимга солма!
Ташқи ҳовлига чиққанларида Робия юк ташиётган навкарларни кўрди-ю:
— Кўчада… уяламен! — деди. — Ёпинчиғим йўқ.
Тоҳир чакмонини ечиб берди. Робия товонига тушадиган узун симоби чакмонни бошига ёпинди-ю, Тоҳирнинг отига мингашиб чиқиб кетди.
Кейин Тоҳир Қосимбекка арз қилиб, Фақиҳ Абуллайс маҳалласидан Шайбонийхоннинг одамлари ташлаб кетган дурустгина бир ҳовлини олди. Робиянинг иддаси ўтгач, маҳалла имоми уни Тоҳирга никоҳлаб берди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-80

* * * Агра қалъасидаги хилватхона девони хос билан подшоҳ ошхонасининг оралиғида эди. Бир ойдан бери давом этаётган ёмғир фасли ҳали-бери тугайдиганга ўхшамас, баъзи кунлари ...

От кишнаган оқшом (қисса) 52-53-қисм

52 Беқасам чопонликни беморхонага олиб жўнадим. Беморхона беқасам чопонликни олмади. Оппоқ кийимлик бир аёл: — Бу судебний иш! — деди. Милитсияга сим қоқди. Бир милитсионер ...

От кишнаган оқшом (қисса) 21-қисм

21 Бойсунга тўйга жўнадим. Ер билч-билч лойлигидан, от думини тугиб қўйдим. Биродарлар, бойсунликлар қитмир эл, бахил эл, ичиқора эл! Бировга бир нима қиймайди! Ўзлари ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400