Юлдузли тунлар-35

6

Кечаси ёққан қалин қор ҳар бир томни, деворни, ҳар бир дарахт ва гумбазни майин оқ ҳошия билан безаб чиққан.
Бобур Бўстонсаройнинг юқориги қаватидан шаҳарга қараб турибди. Тоза қор орасидан жимжима бўлиб кўринаётган дарахт шохлари ҳозир унинг назарида худди оқ қоғозга битилган настаълиқ* хатига ўхшаб кетади. Бугун Ҳиротдан, Алишер Навоийдан келган хат ҳам настаълиқ билан ёзилгани эсига тушди-ю, қалбидаги қувонч ва фахр туйғуси янги бир куч билан мавжлана бошлади.


Бобур Самарқандни Шайбонийхондан тортиб олгандан бери унинг жасоратига тан бериб шеър ёзганлар, сатрлардан абжад ҳисоби билан ғалабанинг аниқ санасини чиқарган тарихнавислар кўп эди. Алишер Навоийдан Бобурга келган табрик эса ҳаммасининг гултожи бўлди. Ҳирот Самарқанддан қанчалик узоқ, Навоийнинг диққат-еътиборини банд қиладиган машҳур одамлару муҳим ишлар қанчалик кўп! Шунга қарамай, Навоий Бобурни ҳам билар экан, унинг тақдирига узоқдан қизиқиб қарар экан, Самарқандни аввал бир марта олганидан хабардор экан. «Бу дафъа Самарқандни ўз номингизга муносиб ҳамла билан олмишсиз», дебди.
Бобурнинг ўтган дафъа Самарқандни етти ой қамал қилганда, шаҳар халқи очликдан нечоғлиқ азоб тортганини Навоий ҳам эшитган бўлса керак. Бундай қамалларни у Бобурга муносиб кўрмагани учун шундай деб ёзганмикин?
Бобур қимматбаҳо жавонларига китоблар териб қўйилган хонаи хоснинг тўрига ўтди. Хушбўй сандал дарахтидан ишланган миз устида Навоийдан келган олтин боғичли хат турипти. Бобур миз олдига тўшалган зарбоф кўрпачага ўлтириб, хатни бошқатдан ўқишга тушди.
Ҳар бир сатр туркий тилнинг гўзал жилвалари билан тўлган. Бобур биринчи ўқишда унча эътибор бермай ўтказиб юборган бир неча жумлага бу гал қайта-қайта тикилди. Навоий Бобурнинг шоирлик орзуси борлигини андижонлик бир меъмордан эшитиб, уни дадилроқ ёзишга ундаган эди. Бу меъмор мавлоно Фазлиддин бўлса керак. Агар мавлоно Ҳиротга етиб бориб, Навоийнинг ҳузурига кирган бўлса, бошқа кўп нарсаларни ҳам айтиб берган бўлиши керак. Бобур Навоийга йўлламоқчи бўлган жавоб мактубига яхши бир шеърини ҳам қўшиб юбормоқчи бўлди-ю, машқлари ёзилган қалин дафтарни олиб варақлай бошлади.
Кўпчилиги йўлда, от устида хаёлига келган, жангу жадаллар орасида дафтарга узуқ-юлуқ ёзиб қўйилган, аммо ҳали тугалланмаган шеърлар. Хиёнат устига хиё-нат бўлган, Бобур хонумонидан айрилган, атрофида биронта сирдош дўст тополмай ўзини ниҳоятда ёлғиз сезган оғир кунларда бир ғазал бошлаган эди:

«Жонимдан ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглимдан ўзга маҳрами асрор топмадим».

Аммо бу ғазал чала ётипти. Балки шуни битириб юбориш керакдир? Алишер Навоий ҳам атрофидаги кишилардан кўп бевафолик кўрганини, ҳатто яқин дўсти Ҳусайн Бойқаро ҳам унинг сиру асрорига маҳрам бўлолмаётганини Бобур ишончли бир одамдан эшитган эди. Қани энди Бобур Навоийнинг кўнглидагини ҳам топиб айтолса!
Бу ғазал Навоийга ёқиши мумкин. Уни тезроқ тугаллаш керак. Бобур қоғоз-қалам олди.
Шу пайт савдарбоши эшикдан ҳовлиқиб кириб, таъзим қилди:
— Мирзо ҳазратлари, қўлингизни маъзур тутинг.
— Хўш? — деди Бобур норози бўлиб.
— Хоним ҳазратлари қабулингизга мунтазирлар.
— Онаммилар? — деб Бобур сакраб ўрнидан турди.— Келдиларми?
— Бегимлар ҳам келдилар!

— Воажаб! — деб Бобур қувониб эшикка томон шошилди.

* * *

Улар салкам олти ойдан бери кўришмаган эдилар. Қутлуғ Нигор хоним Ойиша бегим ва Хонзода бегимлар билан Ўратепада қолган эдилар. Кейин Самарқанд-дан Бобур юборган ишончли одамлар уларни Ўратепадан бу ерга кўчиртириб келдилар.
Бобур улар билан Бўстонсаройнинг биринчи қаватидаги катта танобий уйда кўришди. Онаси уни бағрига босганда, Бобур онасининг озиб, қўллари енгиллашиб қолганини сезди. Опаси Хонзода бегим эса совуқдан киргани учунми, юзлари чўғдай ёниб, кўзлари чақнаб турипти. Узоқ йўл уни ҳеч қанча қийнамагандек қувноқ. Аввалгидан ҳам чиройли. Бобур унга ўнг елкасини тутиб сўрашар экан:
— Нечун бу қадар ҳаял қилдиларинг? — деди. — Неча ҳафтадан буён мунтазирмиз!
— Э, сўраманг, амирзодам, узрли сабабларимиз бор,— деб Хонзода бегим Ойиша бегимга кўз ташлаб қўйди.
Бир вақтлар Ойиша бегимни кўрмасдан севиб юрган пайтларида унинг оёғига бош қўйгиси келиб ғазал ёзганлари энди Бобурга таъбири хато чиққан бир тушдай туюларди… У Ойиша бегимни ойлар давомида кўрмаса ҳам соғинмасди… шундай бўлса ҳам у Ойиша бегимга иложи борича яхши муомала қилар эди. Ҳозир ҳам кичик жуссали қотма келинчакка яқинлашиб:
— Хуш кўрдик, бегим! — деди-да, унга ўнг елкасини тутди.
Ойиша бегим озғин қўлини унинг елкасига қўйиб кўришар экан:
— Ҳазратим, ғалабангиз муборак! — деди.
Ҳамма Бобурни «амирзодам», деса Ойиша бегим уни яна ҳам улуғлаб «ҳазратим», дерди.
— Сизга она шаҳрингиз муборак, бегим!
— Қуллуқ, — деб Ойиша бегим таъзимга бош эгди.
— Келинимиз йўлда кўп азоб тортдилар, — деди Хонзода бегим.
Бобур хотинининг бели йўғонлашиб, қорни дўппайиб қолганини кўрди. Ажабо, Бобур ота бўладиганми? Кўришмаганларига олти ой бўлди. Демак, камида олти ойлик… Ойиша бегимнинг озғин юзида ҳомиладор хотинларда бўладиган доғлар пайдо бўлган эди.
Илгари ҳам отда юролмайдиган, маҳофада боши айланадиган бегим энди оғриоёқлигида қанчалик қийналганини, унга қараб қанчалик секин йўл босганларини Бобур ўзича тасаввур этди.
— Худо хоҳласа, энди барча машаққатлардан халос бўлдиларингиз, — деди. — Ҳаммаларингиз учун махсус жойлару жиҳозлар тайёрланмишдир. Яна неки даркор бўлса буюрурсиз.
Бўстонсаройда кимки бор, ҳаммамиз хизматларингизда бўлурмиз!
Хонзода бегим қувноқ кулиб:
— Миннатдормиз! — деди. — Амирзодам билан дийдор кўришиб, бошимиз осмонга етди. Энди шу осмонда суҳбатингиздан баҳраманд қилсангиз бас.
— Камина ҳам суҳбатларингизни соғинганмен. Сизлар жойлашгунларингизча осмонда дастурхон ҳозирланур, — деб, Бобур қўли билан юқориги қаватга ишора қилди.
Унинг осмонни пайров қилиб ҳазиллашганидан ҳаммалари кулиб олдилар.
Бобур юқориги қаватга чиқар экан, қалбини тўлдирган шодликлар орасида сурнай навосидек жарангли ва ёқимли бир туйғу янграб эшитилаётганини сезди. Бу унинг дилида бирдан уйғониб кетган оталик туйғуси эди. Унинг бўлажак фарзандини бағрида кўтариб юрган Ойиша бегим юзидаги қўнғир доғлари билан Бобурга аввалгидан қадирдонроқ туюларди.
Буни сезган Ойиша бегим аввалгидан дадилроқ муомала қилар эди. Эр-хотин хобгоҳда чироқни ўчириб ётганларида бегим кўрпани юзига тортиб:
— Мен фахрланамен, — деб шивирлади.
Бобур ўз сўзининг устидан чиққанлиги учун, «енди Самарқандда учрашамиз», деб кетиб, ахири шу айтганини қилгани учун хотини ундан ифтихор қилмоқда эди.
У Бобурнинг бўлажак фарзандига она бўлиш билан фахрланишини ҳам айтмоқчи эди. Бобур буни тушунди-ю, ҳомиланинг неча ойлик бўлганини билгиси келди, аммо рўйирост сўрашга тили бормай гапни айлантирди:
— Энди… шодиёнаси қачон?
— Салкам уч ой бор. Ўйласам, ваҳмим келур.
— Ваҳмни қўя туринг. Ҳозир фахрдан гап очдингиз-ку.
— Ҳа, агар худо ўғил берса, исмини Фахриддин қўюрмизми?
Ойиша бегим Бобурнинг номи Заҳириддин эканини ўйлаб, шунга оҳангдош ном топган эди.
Бобур мамнун товуш билан:
— Хўп, ўғил бўлса, Фахриддин, — деди. — Агар қиз бўлса, Фахринисоми?
Ойиша бегим қиз бўлишини истамас эди, чунки ўғил туғиб, тахт ворисига она бўлишни орзу қиларди. Шундай бўлса ҳам Бобурга:
— Майли, — деди. — Лекин мен худодан ўғил тилаганмен.
— Айтганингиз келсин!
Фахриддин… Фахринисо… Шу кунларда Бобурнинг кўнглини тўлдириб-тоширган ифтихор туйғусига бу номлар жуда мос эди.

* * *

Омад ҳам бир келса, қўша-қўша бўлиб келишини Бобур энди билмоқда эди. Самарқанд унинг қўлига ўтгандан кейин бу ёғи Ургут, у ёғи Суғд ва Дабусия қалъаси бирин-кетин Шайбонийхоннинг ихтиёридан чиқиб, Бобурнинг ҳокимиятини тан олди. Мана бугун Қарши ва Ғузордан хушхабар келди — бу шаҳарлар Шайбонийхон қўйган доруғаларни қувибди. Бобурга совға-саломлар юбориб, унинг ихтиёрига бир неча юз навкар ҳам йўллабди. Бобур бу навкарларни бошлаб келган бекларни девони хосда қабул қилиб, ҳаммасига сарпо кийдирди ва улуфа тайинлади.
Сўнг кеча тамомланмай қолган мактубининг давомини ёзиш учун иккинчи қаватга кўтарилар экан, кенг мармар зинапояда опаси Хонзода бегимга дуч келди.
— Амирзодам, Ҳиротдан китобат келгани ростми?
Бобур тўхтаб, опасининг юзига синовчан кўз билан қаради-ю:
— Рост, ҳазрат Алишербекдан, — деди.
— Муборак бўлсин!
— Қуллуқ.
Хонзода бегим инисидан яна қандайдир мураккаб бир хабар кутиб, унинг юзига термилиб қаради. Бобур опасининг кўнглидаги дардни сезиб бир лаҳза тараддудланди. Сўнг рост гапни яширса ёлғон гапиргандай бўлишини ўйлади-ю:
— Юринг: китобатни кўрсатай, — деди.
Хонзода бегим хонаи хосда Бобурнинг қаршисида ўтириб, Алишер Навоийнинг мактубини ўқир экан, андижонлик меъмор тилга олинган жойига етганда кўзида ёш йилтиради.
— Нечун кўзингиз ёшланди, бегим? Мен сизни суюнтирмоқчи эдим-ку!
— Қандоқ қилай, толеим паст экан.
— Инингиз подшоҳ бўла туриб, наҳотки сизга ёрдам беролмаса?
— Сиз ҳали ҳам мени деб кўп жафо чекдингиз. Агар ўша йили… Ўшда мен рози бўлсам, эҳтимол кейин Аҳмад Танбал сизга бунча ёғийлик қилмас эди.
Опасининг бунчалик тантилик билан айтган сўзлари гўё Бобурни яна танти бўлишга ундар эди. Кўнгли яхши туйғуларга тўлиб юрган шу кунларда наҳотки туғишган эгачисига катта бир яхшилик қилолмаса?
Мана, ҳозир улар Самарқанднинг муҳташам бир кошонасига кўчиб келишди. Бу ерда қанча асилзодаю шаҳзодалар яшаган. Аммо кўпчилиги из қолдирмай кетган. Фақат меъморлар яратган гўзалликлар ҳали ҳам кўрган кўзни қувонтириб, ял-ял ёниб турибди. Яхши бир меъмор — ҳунарсиз асилзоданинг юзтасидан афзал эмасми?
— Бегим, сиз Танбалнинг ёғийлиги учун хижолат чекманг. Илон барибир илонлигини қилур эди.
— Миннатдормен, амирзодам.
— Ҳазрати Алишербек ҳам биздан улуғ ишлар кутиб китобат юбормишлар. Насиб қилса, биз ҳам умрбоқий обидалар қурурмиз, ҳунарпешалар яна йиғилиб келурлар. Мен бу муборак китобатнинг жавобини махсус элчидан бериб юборурмен. Агар Ҳиротга борган ўша андижонлик меъмор — мавлоно Фазлиддин бўлсалар, элчи топиб, Самарқандга таклиф қилур.
Хонзода бегимнинг ҳали ёши қуримаган кўзларида энди шодлик учқунлади. У инисига завқ билан тикилиб шивирлади:
— Сиз Мовароуннаҳр осмонида бизнинг ягона умид юлдузимизсиз!
— Энди парвардигор Шайбонийхонни тезроқ даф қилсину юрт тинчисин, денг. Ўшанда нафасни ростлаб, Ўшда қилган орзуларимизнинг ижросига киришурмиз.
Мавлоно Фазлиддин Андижонда қурмоқчи бўлган меъморлик обидаларининг тарҳларини, лойиҳаларини Хонзода бегим онасидан олиб, ҳамон асраб юрар эди. Ҳозир буни Бобурга айтишдан ийманди-ю:
— Амирзодам, мен энди кечаю кундуз худога илтижо қилурмен — деди, — илоҳим шу орзуларимиз рўёбга чиқсин!
Хонзода бегим руҳи кўтарилиб чиқиб кетганидан кейин Бобур сандиқчадан шеър дафтарини олди-ю, кечаги машқини давом эттирмоқчи бўлди. Дафтардаги бир матлаъ унинг ҳозирги руҳига мосроқ эди:

«Ҳар кимки вафо қилса вафо топқусидир,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидир…»

Алишер Навоийга шу шеърни битириб юборса яхшироқ бўлармиди? У яна бир сатр ёзди, ўзига ёқмагандан кейин ўчириб, яна ёзди, яна ўчирди, ниҳоят учинчи уринишда:

«Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз»

деган сатрни топди-ю, уни ич-ичидан ёқтириб, илҳом ҳаяжонидан нафасида титроқ пайдо бўлди. Назарида, Навоий унинг елкаси оша бу янги сатрни ўқиётгандек эди. У одамларга Навоийдек кўп яхшилик қилган сиймонинг ҳеч қачон ёмонлик кўрмаслигини истар, энди шу истагини шеърига ҳам сингдирмоқчи бўларди.
Бобур тўртинчи сатрни бошлаганда савдарбоши эшикдан бош эгиб, қўрқа-писа:
— Мирзо ҳазратлари, — деди.
— Мени тинч қўйинг демабмидим?
— Қулингизни афв этинг…
— Яна не ташвиш?
— Амирзодам буюрган эдилар. Агар мулла Биноийни келтирсалар, дарҳол хабар беринг, деган эдингиз.
— Шоир Биноий Шаҳрисабздан келибдирми?
— Қосимбек жаноблари келтирмишлар.
Бобур бу хабарни эшитди-ю, ёзишдан тўхтаб, қаламни миз четига қўйди. Пастдаги қабулхонага тушиб бораётганда Биноийнинг тақдирига оид мураккаб воқеалар хаёлидан такрор ўта бошлади.

* * *

Бобур ҳиротлик машҳур шоир Камолиддин Биноий билан бундан уч йил олдин Самарқандга биринчи гал келган пайтларида танишган эди. Биноийнинг санъаткор хаттотлар томонидан кўчирилган нодир бир қўлёзма китоби бор экан. Китоб йиғишга ҳавасманд Бобур бу китобга жуда ҳаваси келди. Биноий китобини унга совға қилмоқчи бўлди. Бобур Биноийнинг Самарқандда мусофир эканини, танқислик тортиб қийналганини билар эди. Шунинг учун Бобур саҳҳофларни чақириб, бу китобнинг энг баланд нархи қанча бўлишини сўради. Саҳҳофлар «енг баланд баҳоси беш минг дирҳам», дейишди. Бобур бу пулни Биноийга юборишга улгурмай, қаттиқ бетоб бўлиб ётиб қолган эди.
Кейин у касалликдан туриб, Андижонга жўнаш учун йўл ҳозирлигини кўраётганда «Мажмуати Рашиди» деб аталадиган ўша китобни кўрди-ю, Биноийга ҳали ҳақини бермагани эсига тушди. Дарҳол хазиначини чақириб, беш минг дирҳам олтинни санатди, сўнг пулни китобдорга бериб, Биноийга юбортирди.
Бир вақт китобдор Биноийни тополмай қайтиб келди. Мусофир шоирнинг Самарқандда муқим турадиган уйи йўқ, у бугун қаёққадир меҳмонга кетган эди. Бобурнинг одамлари Андижонга тезроқ жўнаш ва куч йиғиш ташвиши билан ниҳоятда банд бўлганликлари учун ҳозир Биноийни қидириб юриш уларга жуда малол келди. Лекин Бобур:
— Шу қиёматлик қарзни узмагунча Самарқанддан қўзғалмаймен! — деб туриб олди.
Шундан кейин савдару навкарлар шаҳарнинг ҳар тарафига от чоптиришиб, ниҳоят Биноийни топдилар, унга бўлган воқеани айтиб, беш минг динор пулини топширдилар.
Киши молига суқ подшоҳларни кўп кўрган Биноий ўн олти ёшли Бобур мирзонинг бунчалик ҳалоллигидан жуда қаттиқ таъсирланди-ю, унга атаб бир шеър ёзди. Бу шеърдан бир нусхасини хаттотга кўчиртириб, Бобур жўнаётганда унга эсдалик қилиб бериб юборди.
Қирқ тўрт йўллик бу шеърда у Бобурни кўп мақтаган:

«Шоҳ султони Заҳириддин Бобур,
Ки жаҳон шуд зи сити адлаш пур!» —

деб, гўё жаҳон Бобурнинг адолат бобидаги шуҳратидан нурга тўлганини айтган эди. Бобур, «Жаҳон, қайда-ю, менинг шуҳратим қайда!» деб, бу сатрлардаги муболағадан кулган бўлса ҳам, лекин замонадан кўп жабр кўрган Биноий учун шу кичик яхшилик туфайли, эҳтимол, бутун жаҳон адолатга тўлиб кўрингандир, деб ўйлади.
Бироқ кейинчалик Самарқандга Шайбонийхон хон бўлди ва шаҳар шоирларини йиғиб бир мушоира ўтказди. Бу мажлисида Биноий ҳам қатнашиб, шеър ўқиди. Хон унинг шеърини ёқтиради-ю, Биноийни ўзига мулозим қилиб олади ва эришган ғалабаларининг тарихини ёзишни топширади. Биноий «Шайбонийнома» деган асарини энди ёза бошлаган пайтда Самарқанд яна қайтадан Бобурнинг қўлига ўтади. Шайбонийхон атроф туманлар-дан ҳам қувилиб, Бухорога қараб чекинган кунларда Биноий унинг қароргоҳидан қочиб, Самарқандга келади. У Бобур билан учрашмоқчи бўлади, лекин Қосимбек уни Шайбонийхон тарафдори деб, Бобурнинг ҳузурига киритмай, Шаҳрисабзга жўнатиб юборади. Бобур бу ҳодисадан яқинда хабар топиб, Қосимбекка:
— Чакки қилибсиз, — деди. Мулла Биноий — катта шоир. Ўзи келган бўлса рухсат бермоқ керак эди.
Қосимбек важ кўрсатди:
— Катта шоирингиз Шайбонийхонни мақтаб шеър ёзган.
Бобур кулди:
— Бизни мақтаб шеър ёзганини билмасмисиз? Тождорлар мақтовни суйсалар, шоир не қилсин!

Қосимбек жиддий туриб эътироз қилмоқда эди:
— Амирзодам, бу одам Шайбонийхоннинг хуфияси бўлиши мумкин.
Бобур ўйлаб туриб:
— Йўқ, — деди. — Ҳиротда Бойқародай шоҳга хуфия бўлмаган киши Шайбонийхонга хуфия бўлмас.
— Аммо бу шоир Хўжа Яҳёнинг ҳовлисида туриб, унинг тузини ичган, кейин Хўжа Яҳёни ноинсофларча ўлдиртирган Шайбонийхонга мулозим бўлган. Шу яхшими?
— Бу яхши бўлмаса, яхшилик қандай бўлишини биз кўрсатмоғимиз керак. Одам юборинг, мулла Биноийни Самарқандга бешикаст олиб келсинлар.
Сўнгги сўз фармойиш тарзида айтилгани учун Қосимбек уни бажаришга мажбур бўлган эди.
…Бобур пастга тушиб, девониомга тўрдаги эшикдан кирди. Кўп ўтмай пойгакдаги эшикдан Қосимбек Биноийни бошлаб кирди.
Биноийни Бобур бундан икки-уч йил олдин ҳам бир кўрган эди. Ўшанда у жуда салобатли эди.
Ҳозир эса жуда озиб, гавдаси алланечук кичрайиб қолган. Тўни ҳам, салласи ҳам эскириб кетган. Фақат йирик-йирик кўзлари аввалгидай мағрур чақнаб турибди. Бобур унга пешвоз чиқиб уй ўртасида қўл бериб кўришди. Ўнг ёнига Қосимбекни, чап ёнига Биноийни ўтқазиб ҳол-аҳвол сўради. Шунда Биноий ёдаки бир рубоий айтиб, егулик ғалласи йўқлигини, кияй деса ғалланинг қопи ҳам топилмаслигини айтди:

Не ғалла мароказ тавонам нўшид,
Не муҳмали ғалла то тавонам пўшид

деган сатрлардаги нозик сўз ўйинини сезиб, Бобур беихтиёр жилмайди. «Муҳмал» аслида ноаниқ деган маънони билдирарди. Бу сўз билан мулла Биноий ўз аҳволининг ноаниқлигига ишора қилмоқчи эди. Айни вақтда, «муҳмали ғалла» — яъни қоп киядиган даражага етганини ҳам айтиб, ўз аҳволига киноя қилмоқда эди. «Хон ҳузурида топган мартабамиз шу бўлди!» демоқчи эди.
Бобур бунинг ҳаммасини тушунган маънода бош ирғади-ю, панжасини пешонасига тираб, бир лаҳза жим қолди. Унинг авзойидан шеърга шеър билан жавоб бермоқчи эканлигини сезган Қосимбек Биноийга «Шошмай туринг!» дегандай ишора қилди. Ниҳоят, Бобур қўлини пешонасидан олди-ю, Биноийга кулимсираб қаради:

Инъому вазифа бори буйрулғусидир,
Муҳмалга бўю ғаллага уй тўлғусидир.

Бобурда бунчалик шеърий истеъдод бор деб ўйламаган Биноий бир лаҳза ҳайратланиб турди-ю, сўнг тожикча талаффуз билан:
— Яна бир такрорланг, амирзодам, фақир радифини уқиб олмоқчиман! — деди.
Бобур шеърни иккинчи айтишда баъзи жойларини силлиқлаб, «ғаллага уй» жумласини «ғалладин уй тўлғусидир», деб тўғрилади. «Бўй» ва «уй» деган ички қофиялар ўзига ҳам ёқимли туюлиб, завқини келтирди.
— Таъби назмингизга тан бердим, амирзодам! — деди Биноий. Сўнг у оқ оралаган қалин соқолининг учларини тутамлаб бирпас жавоб қидирди. Топди шекилли, бошини тез кўтариб, қаддини тиклади:

Бир муҳмал учун мунча иноят бўлди,
Мустаъмал агар десам нелар бўлғусидир!

Биноийнинг туркий шеърга ҳам бунчалик усталиги энди Бобурни ҳайратга солди. Бу ерда «муҳмал» сўзи учинчи бир маънода ишлатилгани — Биноий аввалги рубоийсига камтарона баҳо бериб, уни «муҳмал», яъни «хом» деб атагани ҳам ажойиб эди. «Муҳмал»га «мустаъмал», яъни «пишиқ», «мукаммал» сўзининг ички қофия қилингани ҳам Бобурга жуда ёқди, у муншийни чақириб, мулла Биноий айтган рубоийларни ёзиб олишни буюрди.
Икки орада бўлиб ўтган мушоирадан Қосимбек ҳам хийла таъсирланган эди. У ўша куниёқ Биноийни яхши бир ҳовлига жойлаштирди, Бобурнинг буйруғи билан аравада ун, гуруч, бир қўй, иссиқ барра пўстин бериб юборди. Биноий подшоҳ мулозимлари қаторида улуфа ола бошлади.
Орадан икки кун ўтгач, янги зира беқасам тўн устидан барра пўстин кийган Биноий яна Бўстонсаройга келди. Бобур бу гал уни иккинчи қаватдаги меҳмонхонада қабул қилди. Улар дастурхон атрофида яккама-якка суҳбатлашдилар. Биноий Бобурнинг Шайбонийхон ҳақида савол беришини кутиб, хон саройида кўрганларини киноя билан гапириб беришга тайёрланиб келган эди.
Лекин Бобур Биноийни ўнғайсизлантирмаслик учун ўтган гал ҳам, бугунги суҳбатда ҳам, Шайбонийхонни атайлаб тилга олмади. Сўнгги кунларда Навоийдан келган хатнинг таъсирида юрган Бобур Ҳиротдан гап очди. У Навоий билан Биноийнинг ўзаро муносабатлари ҳақида баъзи бир гаплар эшитган, энди бунинг тафсилотларини билгиси келар эди.
Шайбонийхон тилга олинмаганидан енгил тортган Биноий кулиб гап бошлади:
— Алишербекнинг қулоқлари оғриганда кўк қийиқ боғлаган эканлар. Буни баззоз эшитиб, кўк рўмолга «Нози Алишерий» деб ном қўйиб сотадиган бўлдилар. Алишербек — улуғ сиймо, номларига ярашадиган улуғ ихтиролар қилганлар. Бачкана кишилар арзимаган нарсаларга ҳам «Алишерий» деб ном қўйиб, пул ишлашлари фақирнинг ғашига тегди. Эшагимга ғаройиб бир эгар ясатдиму бунга ҳам «Алишерий» деб от қўйдим. Кейин шу эгар ҳам машҳур бўлди! Мен бу билан савдогарларнинг бачкана гапларига киноя қилган эдим. Аммо иғвогарлар буни «Алишербекка беҳурматлик» деб овоза қилдилар, икки орага ғубор солдилар.
Мулла Биноий ҳазиломуз бошлаган гапини ҳасратли товуш билан тугатди:
— Амирзодам, менинг Алишер Навоийга эҳтиромим чексиз! Фақир у зотнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган пайтларимни эсласам, юрагим эзилур.
— Ёмон одамлар солган ғуборни орадан олиб ташлаш мумкин эмасмикин?
— Мен ҳозир шу ғуборни тарқатиш ҳаракатидамен. Мусофиротда юриб, Алишер Навоийга атаб бир қасида ёздим. Жоиз бўлса, баъзи жойларини амирзодамга ўқиб берай.
— Марҳамат!
Мулла Биноий ўзи ёзган шеърий асарларнинг ҳаммасини ёддан билар эди. Ҳозир ҳам бир бурчакка тикилиб, «Мажмаъул ғаройиб» деган қасидасини ёдаки айта бошлади. Мулла Биноий Навоийдан узоқда унинг суҳбатини соғиниб:

Бе ту чун оби Дарғамам дар ғам,
Бе ту чун руди Кўҳакам гирён*, —

деганда Бобур завқдан бош ирғаб:
— Ўҳ! — деб қўйди.
Қасида ўқиб тугатилганда Бобур таъсирланганидан қасрда ўтирганини ҳам унутган эди. У атрофига қараб, гўё меҳмонхонага узоқлардан қайтиб келгандай бўлди.
— Мавлоно, бу қасидани Алишербекка нега юбормайсиз?
— Ҳиротга борадиган тайинлик одам йўқ, амирзодам.
— Биз яқинда Ҳиротга элчи юбормоқчимиз. Каминага Алишербекдан китобат келган эди.
Жавобини ёзиб юбормоқчимен.
— Амирзодам, қани эди, қулингизнинг бу қасидасини ҳам…
— Марҳамат, хаттотга бериб кўчиртирмоқ зарур бўлса, мен буюрурмен. Сўнг элчидан бериб юборурмиз.
Гап шунга қарор топди-ю, мулла Биноий хурсанд бўлиб чиқиб кетди.
Бобур яна хонаи хосга кириб, чала қолган шеърини қўлига олди. Бироқ энди катта шоир билан бўлган узоқ суҳбатдан сўнг, аввалги шеърлари Навоийга юборишга муносиб эмасдек туюлди. Унга илгари жўн туюладиган нарсалар ҳам аслида жуда мураккаб экани ҳозир жуда аниқ сезилаётгандай бўларди. Ҳамма нарсани муҳит, аҳли жаҳон мураккаблаштиради. Ҳиротда яшаётган Алишер Навоий ҳам, ҳозир Бобурга кўп нарсаларни куюниб айтиб берган Биноий ҳам муҳитдан, замона аҳлидан норози бўлганларича бор эди. Бобурнинг ўзи бу замонадан озмунча жабр кўрдими?
Ким кўрибдир, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилик!
Бу ҳароратли сатр қоғозга тез ва равон тушди. Бобур ўз зеҳнининг гўё қайралиб, ўткирлашиб қолганини сезиб турарди. У ҳозир хаёл кўзи билан Ҳиротдаги Алишер Навоийни аниқ кўраётганга ўхшарди. Бобур муҳитдан, замонадан, фақат ўз манфаатини кўзлайдиган жаҳон аҳлидан яхшилик кутган одам алданиши муқаррарлигини Навоийга айтиб дардлашгиси келарди:

Кимки андин яхши йўқ, кўз тутма андин яхшилик.

Яъни, ўз муҳитидан баланд туролмайдиган одам бировга яхшилик қилолмайди. Алишер Навоийнинг одамларга шунча кўп яхшилик қилаётгани — Бобурга унинг жаҳон аҳлидан беқиёс даражада юксак эканини яққол кўрсатаётгандай бўларди. У ўз кўнглини ҳам мана шу юксакликка ундаб яна бир байт ёзди.

Бори элга яхшилик қилғилки, мундин яхши йўқ,
Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондан яхшилик.

Шу куни кечаси Бобур Навоийга аталган мактубини ҳам, шеърини ҳам ёзиб тугатди. Орадан икки кун ўтгач, бу мактуб махсус элчи билан Самарқанддан Ҳиротга жўнатилди. Бобур Навоийдан қиш чиққунча жавоб олиш умидида эди. Бироқ қиш чиқиб, энди бойче-чак очилган кунларда Ҳиротдан мусибатли хабар келди: қиш чилласи пайтида ҳали Бобур юборган элчи йўлда эканида Алишер Навоий вафот этган эди. Бобур ўзига улуғ бир мураббий топдим, деб суюниб юрганда, ўгай тақдир уни бу мададкоридан ҳам жудо қилган эди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

____________
* Н а с т а ъ л и қ — араб ёзувидаги ҳуснихатнинг кенг тарқалган бир тури.

* Сенсиз Дарғам сувидек дарду ғамдамен,
Сенсиз Кўҳак (Зарафшон) дарёсидек гирёнман.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 29-қисм

29 Жўра бобонинг тўриғига қораликни кўрсатиб келдим, қораликни искатиб келдим. Хиёл ўтди, тўда гувиллаб қўзғолди. Улоқни бир Чил от олиб чиқди. Биродарлар, Чил отнинг бир ...

Унутмайсизми?..

2. УНУТМАЙСИЗМИ?.. Унинг бу галги Марғилон йўлига қўзғалиши ортиқча бир оғирлиқ билан, иккиланиш билан ўралған эди. Кумушбиби учун дунёга сиғмаслиқ бир шодлиқнинг, кўргучи ...

Қувланиш

7. ҚУВЛАНИШ Учинчи кундан буёққа қутидорнинг эшиги теварагидан Содиқ айрилмас эди... ҳозир кечки соат еттилар бўлиб қолғани учун бу кун ҳам унинг келмаслигига қарор берган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400