Инсоннинг ҳайвончалик қадри қолмаётирми?

Ҳукумат шу кунгача ярим миллиондан кўп фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон фуқароси паспортини қачонгача бериб тугатиши ҳақида ҳеч қандай билдирги бермади. Аммо фуқаролиги бўлмаган шахслар тақдирига беписанд муносабатда бўлаётган ҳукуматимиз ҳайвонларга келганда анча дадил ва инсонпарвар.

Иллюстратив фото

Юртдошларимиз 2017 йил 27-сентябрда  Ўзбекистонда 2020 йил 1-июлга қадар жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ҳайвонларнинг ягона идентификация тизими жорий этилиши тўғрисида махсус қарор эълон қилганидан хабардор бўлса керак. Ушбу хабарда барча жониворлар (қўй, қорамол, чўчқа, от, эшак ва туя, шунингдек, ит ва мушуклар) босқичма-босқич идентификация қилиниб, ягона электрон ахборот тизимига киритилиши айтилган. Бу тушунарлироқ тилда айтилганда уй ҳайвонларининг “паспорт” билан таъминланишини англатади. То-есть, ҳайвонларга индивидуал рақам берилади. Ҳужжатда, шунингдек, барча турдаги ҳайвонларга электрон чиплар ўрнатилиши, идентификация жараёни пулли бўлиши таъкидланган. Шунингдек, маълумотлар базасида жониворнинг рақами, тури, жинси, лақаби, туғилган жойи ва вақти, эгасининг исм-шарифи, юридик шахснинг исми ва манзили, сақлаш жойи, ветеринар паспорти ҳақидаги маълумотлар, эҳтимол ҳайвоннинг расми кабилар ўрин олиши уқтирилган.

Жорий ҳафтада эса Қуйи палатанинг ялпи мажлисида

Ўзбекистонда ҳайвонларга озор берганлик учун жавобгарликни қатъийлаштириш масалалари депутатлар томонидан кўриб чиқилганлиги билдирилди.

Депутат Расул Кушербаевнинг хабар беришича, бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган. Хулласи калом, қонун лойиҳасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганларга турли хил жавобгарликлар белгиланиши таклиф қилинган  ва ҳ.к… Шунингдек, Ҳукумат қарори (214-сон, 12.03.2019 й.) билан Наслли ва спорт отларига “От паспорти”ни бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Ҳужжатда айтилишича, От паспорти 10 иш кунида тайёр бўлади ва от эгасига берилади.

Хўш, бунинг нимаси ёмон? Ҳаммаси яхши, ҳатто аъло!

Бироқ кишига алам қиладиган жиҳатлари жуда кўп. Масалан, ўтган 27 йил давомида сон-саноқсиз одамлар ҳар хил туҳмат ва бўҳтонлар билан қамоққа маҳкум этилди, чет элларга кетишга мажбур бўлди. Қамоқхонадагилар шафқатсиз калтакланди, хўрланди, азоблар исканжасида яшади, қамалмай қолганларига ҳам осон бўлгани йўқ. “Қора рўйхат” деган балога маҳкум бўлганлар ҳам қамоқхонадагилардек азобли умр кечирди…

Ҳукуматимиз, депутатларимиз нега ана шундай жабрдийдаларни реабилитация қилиш, улардан расман кечирим сўраш, ҳавога совурилган ҳаётлари учун бадал тўлаш ҳақида қайғурмасдан калтакланган ҳайвонлар тақдирига бетиним қайғуради?

Ўйланиб қоласан киши, бу нимадан далолат, Ўзбекистонда инсон тақдири, шаъни-шавкати, шахсидан кўра уй ҳайвонлари тақдири, шахси устунми? Ҳукуматимиз қачонгача инсон ҳуқуқларига беписанд муносабатда бўлишади?

 

Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Дунё бўйлаб муҳожирлар сони 272 миллион нафарга етди

БМТ маълумотида келтирилишича, ҳозирда жаҳондаги муҳожирлар миқдори 272 миллион нафарга етган.  Энг кўп – 82 миллион нафар муҳожир Европада, Шимолий Америкада – 59 миллион, ...

Туркистон вилоятида ўзбекистон фуқаросини автобус уриб кетди

«Туркистон—Чимкент» трассасининг Қозоғистоннинг Туркистон вилоятининг Епкенди посёлкасидан ўтган қисмида 23 августга ўтар кечаси Ўзбекистон фуқароси Э.А.ни автобус уриб ...

Эрдўғанга “суиқаст” уюштирилиши ҳақидаги фильм режиссёри ҳибсга олинди 

7 сентябрда туркиялик кинорежиссёр Али Авчи “Уйғониш” бадиий фильмида террорчиликни тарғиб қилгани учун жазоланди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлигига асосланиб Кун.Уз. ...