Ўйламай, фикр қилмай,
Кулса ҳеч тўхтов билмай,
Шуям эркак бўлдими?
Куни ўтса туйғусиз,
Бутун умри қайғусиз,
Шуям эркак бўлдими?
Ҳаттоки тилак чоғи,
Очилмаса қовоғи,
Шуям эркак бўлдими?
Ўтса ёниб суймасдан,
Ўпич таъмин туймасдан,
Шуям эркак бўлдими?
Ишқ, розда бўлиб суюқ,
Билмаса ўлчов, тийиқ,
Шуям эркак бўлдими?
Хушомад-ла ийдириб,
Кетса сотиб, кийдириб,
Шуям эркак бўлдими?
Келса-ю мағрур, пўрим,
Қадаҳи қолса ярим,
Шуям эркак бўлдими?
Одамлар кўп жойда ҳам
Ичса билмасдан тўхтам,
Шуям эркак бўлдими?
Юртидан бадар кетса,
Ота уйин унутса,
Шуям эркак бўлдими?
Бировларнинг меҳнатин
Билмаса қадр-қимматин,
Шуям эркак бўлдими?
Ваъда бериб, сўз айтиб,
Олаверса сўнг қайтиб,
Шуям эркак бўлдими?
Расул ҲАМЗАТОВ
Рус тилидан Ориф Толиб таржимаси