Артистпарастлик. У барча жамиятларда бор, аммо…

Куни кеча шоу-бизнесимиз «қиролича»ларидан бирининг чекка туманда, тумонат одам қаршисида қўшиқ куйлагани видеоси тарқалди. Одамнинг кўплигидан танга отсангиз ерга тушмайди. Аксига олиб, мухлислар нуқул йигитлар…

Фото:«Xabar.uz»

Мазкур видео ортидан ижтимоий тармоқда яна қарама-қаршиликлар авж олди: «мана бизнинг аҳволимиз, битта артистга шунчалик талотўп» дея мухлисларни ёмон кўрганлар ҳам бўлди, «байрам қилишга ҳамманинг ҳуқуқи бор. Хурсандчилик қилаётган одамларга ғайирлик қилмайлик» деганлар ҳам бўлди.

Аслида юқоридаги ҳолатга ўхшашларини Ғарбда ҳам кузатиш мумкин: бир неча йил аввал канадалик Жастин Бибернинг Париж, Лондон, Рим ва Европанинг бошқа шаҳарлардаги гастролларида хонанданинг машинаси ортидан югурган юзлаб қизалоқлар, Россиядаги «Crocus city hall»га келган бир инглиз рок гуруҳини «нафас олиш»га қўймаган минглаб томошабинлар. Бироқ…

Чироқчи туманидаги байрамда қатнашганлардан бири билан суҳбатлашдим. Унинг айтишича, машҳур хонандаларнинг ташрифи ҳудудда кўп кузатилади. Эътиборли томони, мушук текинга офтобга чиқмаганидек, шоу-бизнес вакиллари бу ерларга шунчаки раҳмат эшитиш учун келишмайди…

«Бизнинг қишлоқда Наврўз байрамини синфдошлар қилиб беради. Масалан, бир йил 1981 йили туғилганлар  қилиб берса, кейинги йил 1982 йили туғилганлар… Улар байрамга қўшиқчи олиб келиш, палов дамлаш ва бошқа харажатларни ўз бўйнига олади. Бу йил 4 миллион сўмдан йиғилди. 10 та қозонда палов дамланди. Россияда, Тошкентда ишлаб юрган борми, қўшни туманларда мардикорчилик қилганлар борми, ҳаммаси пул берди. Тополмаганлар уйидаги молини сотди. Хуллас, байрам учун пул ернинг тагидан бўлса ҳам топилди. Тўғри, бу халқнинг пули, уни нимага сарфлаш ҳамманинг ўзига ҳавола. Аммо… қишлоғимиздаги йўлларнинг аксарияти дабдала. Мактабдаги шароитлар ҳам ҳаминқадар. Касал ётган бева-бечораларни-ку айтмай. Хуллас, артистга, ўйин-кулгига топиладиган пул буларга келганда чиқмайди», – дейди байрам қатнашчиси Р.Темиров.

Эсингизда бўлса, худди шу туманда жойлашган мактаблардан бирининг хароб аҳволи барчани таъсирлантирганди.

Шу ерда озгина мулоҳаза: бугун ўйин-кулгига сарфлаган шунча пулимизни мактабларга, турмушимиз фаровонлиги учун сарфласак, эрта унинг роҳатини ўзимиз кўрмаймизми? Хонанда ярим соат келиб қўшиқ айтиб кетади, шунинг ўрнига битта мактабга 10 та компютер совға қилсак, ўқувчилар бир неча йил фойдаланмайдими? Нега артист учун қўллаб-қувватланган ва амалга оширилган ташаббус таълим ва турмушга келганда «оқсайдир»?!

Байрам видеосига ёзилган изоҳларда бир фойдаланувчининг фикри эътиборимни тортди. «Қишлоқда клуб, маданий муассаса бўлмаганидан кейин кишилар шундай тўпланиб, қўшиқчига пешвоз чиқса бундан ёмонлик изламаслик керак. Ҳамма ўзидан келиб чиққан ҳолда яшайди. Хурсандчилик қилишибди, барака топишсин. Ҳар бир воқеадан иллат излаш яхшимас». Бу фикрда ҳам жон бор. Байрам бу байрам, ҳар ким хурсандчилик қилиш ҳуқуқига эга. Аммо энг асосий фактор – аҳоли турмуши яхши бўлмаган шароитда «Сичқон сиғмас инига – ғалвир боғлар думига» қабилида иш қилишнинг нима кераги бор? Фуқаро пешона тери билан топган пулини умрида кўрмаган хонанданинг ташрифидан кўра фарзандининг таълим олиши учун сарфлагани маъқулроқ эмасми? Келажакда қайси бири мева беради?

Ўйлайлик, мулоҳаза қилайлик, ўзгарайлик.


Манба:Хабар.уз

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тошкент шаҳрида совуқ сувнинг ҳам нархи оширилади

2018 йил 22 ноябрдан Тошкент шаҳри бўйича янги тарифлар амалга киритилади. Бу ҳақда “Халқ сўзи” нашри “Сувсоз” давлат унитар корхонаси маълумумотига асосланиб ёзмоқда. ...

«ўнг қўлимиз билан меҳмонхоналар қуриб, визаларни бекор қиляпмиз, чап қўлимиз билан эса реставрация ниқоби остида тарихий ёдгорликларни яксон қиляпмиз»

​​ Қорақалпоғистон ўлкаси ўрта асрларга мансуб ноёб ёдгорликдан маҳрум бўлди. Реставрация ниқоби остида XII асрда қурилган Шамун-набий мақбараси мутлақ бузиб ташланиб, ўрнига ...

Сиз бунга нима дейсиз?!

 Болалик йилларим, Оламни илк англаш даврларимда хаёлот дунёйим шу қадар чексиз, ҳайрат ва ҳаяжонларга тўлиқ бўлар эдики, ўзим учун муҳим бўлган, муҳимларнинг муҳими бўлган ...