Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда

(ўзгартиш ва тузатишлар  мамлакатимизда демократия ва  ижтимоий адолат қарор топиши  учун хизмат қилса, инсонпарвар  демократик ҳуқуқий давлат барпо  этишни кўзласа, албатта, нур устига  аъло нур бўларди)

Конституциямиз2013 йил 7 декабрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда юртбошимиз мамлакат аҳлини Конституция байрами билан табриклабгина қолмасдан, Бош Қомусимизни ҳар галгидан кўра янада чуқурроқ таҳлил қилишга киришди. Президент Каримов ушбу тантанали маросимда мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларни сезиларли даражада чуқурлаштириш кераклигини алоҳида таъкидлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ҳуқуқлари ва ваколатларини янада кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамасининг, умуман ижро этувчи органларнинг масъулиятини, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтиришга доир устувор вазифалар хусусида гапирди. Юртбошининг ушбу нутқидан нафақат анжуман иштирокчилари, балки кенг халқ оммаси ҳам яқин кунлар ичида Конституциямизга ўзгартиш ва қўшичалар киритилиши мумкинлигини яққол сезишди. Дарҳақиқат шундай бўлди. Орада уч ярим ой ўтар ўтмас Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига, жумладан, 32-, 78-, 93-, 98-, 103- ва 107-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси бошланди.

Бундай муҳокамалар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг мажлисларида кечаётганлигини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот хизматига асосланган ҳолда “Халқ сўзи” газетаси тарқатмоқда.

Мазкур хабарда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари (сайловлар), Олий Мажлис, Президент, Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ҳокимликлари ваколатлари, шунингдек, сайлов тизимига оид моддаларни ўз ичига қамраб олган бўлажак ўзгартириш ва тузатишларга доир қонун лойиҳаси Президентнинг Конституция байрамига бағишланган маърузасида баён этилган қоидалар ва ғояларга мувофиқ тайёрланганлиги таъкидлаган.

Шунингдек, хабарда тузатишларнинг бир қисми Президент ваколатларининг бир қисмини Бош вазирга ўтказиш, умуман олганда, Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари ва ҳуқуқларини ошириш, бундан ташқари, бу тузатишлар жамоатчилик, фуқаролик назорати институтини конституциявий йўл билан мустаҳкамлашни назарда тутган ҳолда киритилаётгани тилга олинган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизматида “Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётган ва тасдиқланаётганида Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этиши ҳақидаги норманинг конституциявий мустаҳкамлаб қўйилиши сиёсий партияларга ҳукуматнинг тутган йўли ёки дастурининг айрим қоидаларига нисбатан ўз нуқтаи назарини аниқ белгилаб олиш имконини беради”, – дейилади.

Шунингдек, хабарда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ушбу қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш учун масъул бўлган Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтганлиги ҳақида ҳам маълумот берилади. Қўшма мажлис якунларига кўра “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддалари)”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддалари)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги таъкидланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддаси “Сиёсий ҳуқуқлар” деб номланган VIII бобга мансуб бўлиб, унда шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз ваколатлари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади”.

78-модда Конституциямиздаги “Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши” деб аталган бешинчи бўлимнинг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси” деб номланган XVIII бобидан ўрин олган. 78-моддада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари баён қилинган бўлиб, у 21 бандга бўлинган. Жумладан, 1) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, уни ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш; 2) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш; 3) Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш; 4) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш; 5) Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизимини ва ваколатларини белгилаш ва ҳакозо.

93-модда “Ўзбекистон Республикасининг  Президенти” деб номланган XIX бобдан ўрин олган. Мазкур моддада Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари 25 бан орқали ифодаланган. Биз ўқувчиларимизга Президентнинг ваколатларини батафсил кўрсатиш мақсадида мазкур моддани тўлиқ баён этишга қарор қилдик.

93-модда. Ўзбекистон Республикасининг  Президенти:

1) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир;

2) Ўзбекистон Республикасининг  суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий  яхлитлигини муҳофаза этиш, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради;

3) мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;

4) мунозаралар олиб боради ҳамда  Ўзбекистон Республикасининг шартнома  ва битимларини имзолайди, республика  томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва унинг қабул  қилинган мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди;

5) ўз ҳузурида аккредитациядан  ўтган дипломатик ҳамда бошқа  вакилларнинг ишонч ва чақирув  ёрлиқларини қабул қилади;

6) Ўзбекистон Республикасининг  чет давлатлардаги дипломатик  ва бошқа вакилларини тайинлаш  учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

7) Ўзбекистон Республикаси Олий  Мажлисига ҳар йили мамлакат  ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалари юзасидан маърузалар тақдим этади;

8) республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди; вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини тузади ва тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади;

9)Сенат Раиси лавозимига сайлаш  учун номзодни Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

10) Ўзбекистон Республикаси Олий  Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдим этади ва лавозимидан озод қилади;

11) Ўзбекистон Республикаси Бош  вазирининг тақдимига биноан  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар  Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади;

12) Ўзбекистон Республикаси Бош  прокурори ва Ҳисоб палатаси  раисини тайинлайди ва уларни  лавозимидан озод қилади, кейинчалик  бу масалаларни Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига  киритади;

13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Конституциявий суд раиси ва судьялари, Олий суд раиси ва судьялари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозмиларига номзодларни тақдим этади;

14) вилоят, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий ва хўжалик судларининг  судьяларини тайинлайди ва лавозимларидан  озод қилади;

15) Ўзбекистон Республикаси Бош  вазирининг тақдимига биноан  вилоятлар ҳокимларини ҳамда  Тошкент шаҳар ҳокимини қонунга мувофиқ тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади. Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Президент ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли;

16) республика давлат бошқарув органларининг, шунингдек, ҳокимларнинг қабул қилган ҳужжатларини тўхтатади, бекор қилади; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга ҳақли;

17) Ўзбекистон Республикасининг  қонунларини имзолайди ва эълон қилади; қонунга ўз эътирозларини илова этиб, уни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли;

18) Ўзбекистон Республикасига ҳужум  қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини  мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тасдиғига киритади;

19) фавқулодда вазиятлар (реал ташқи  хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади. Фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади;

20) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, олий ҳарбий унвонлар беради;

21) Ўзбекистон Республикасининг  орденлари, медаллари ва ёрлиғи  билан мукофотлайди, Ўзбекистон  Республикасининг малакавий ва  фахрий унвонларини беради;

22) Ўзбекистон Республикасининг  фуқаролигига ва сиёсий бошпана беришга оид масалаларни ҳал этади;

23) амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни  қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлисининг  Сенатига тақдимнома киритади  ва Ўзбекистон Республикасининг  судлари томонидан ҳукм қилинган  шахсларни афв этади;

24) Ўзбекистон Республикаси Миллий  хавфсизлик хизматини тузади. Миллий  хавфсизлик хизмати раисини тайинлайди  ва лавозимидан озод этади, кейинчалик  шу масалаларга доир фармонларни  Ўзбекистон Республикаси Олий  Мажлисининг Сенати тасдиғига  киритади;

25) ушбу Конституция ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Президент ўз ваколатларини  бажаришни давлат идораларига ёки мансабдор шахсларга топширига ҳақли эмас.

Тузатиш, ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши кутилаётган “Вазирлар Маҳкамаси” деб номланган 98-модда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XX бобида ифодаланган. Мазкур моддада ижро этувчи ҳокимият сифатида Вазирлар Маҳкамасининг амалга оширадиган ишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раисларидан иборат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари баён этилган.

Шу кунгача Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари” деб номланган XXI бобидан ўрин олган 103-моддаси қуйидагича кўринишга эга эди: “Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ваколатларини яккабошчилик асосларида амалга оширадилар ва ўзлари раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва фаолияти учун шахсан жавобгардирлар.

Ҳокимларнинг ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини ташкил қилиш, уларнинг ваколат доираси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини сайлаш тартиби қонун билан белгиланади”.

Ва ниҳоят, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутилаётган навбатдаги модда “Сайлов тизими” деб номланган ва XXIII боб остига киритилган 117-моддадир. Ўз номига мос ҳолда мазкур моддада сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши ҳақида, кимларнинг сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги хусусидаги манбалар мавжуд. Юқорида тилга олинган моддаларнинг келгусидаги янги матни қандай кўринишга эга бўлиши ҳозирча фақат Яратганга аён. Сайлов арафасида киритилаётган бу каби муҳим ўзгартиш ва тузатишлар мамлакатимизда демократия ва ижтимоий адолат қарор топиши учун хизмат қилса, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзласа, албатта, нур устига аъло нур бўларди. Борди-ю бундан айрим шахслар манфаати кўзланган бўлса, у ҳолда киритилажак тузатиш ва қўшимчалар халққа ҳеч нарса бермаслиги, шубҳасиз аниқ.

Эслатиб ўтамиз, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси шу кунга қадар бир неча марта ўзгаришларга учраган.

2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ  референдуми натижаларига кўра  ҳамда унинг асосида Ўзбекистон  Республикасининг 2003 йил 24 апрелда  қабул қилинган Қонунига мувофиқ  Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси XVIII, XIX, XX, XXIII бобларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 апрелда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига тузатишлар киритилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 25 декабрда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 77-моддасининг биринчи қисмига ўзгартириш киритилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 18 апрелда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 78-, 80-, 93-, 96- ва 98-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 декабрда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 90-моддасининг иккинчи қисмига тузатиш киритилган.

Асил ЭЛЎҒЛИ           

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бангладешдаги сув тошқинлари оқибатида 42 киши ҳалок бўлди

Бангладешда денгиз сатҳига яқин ҳудудларда содир бўлган кучли сув тошқини оқибатида камида 42 киши ҳалок бўлди. Соғлиқни сақлаш хизмати бош бошқармаси маълумотларига кўра, ...

“сариқ девона” ғорининг сири

Зомин –Ўратепа йўлининг устида Култепа отлиғ қишлоқ бор. Каттагина қишлоқ ўртасида бир-бирига мингашиб ётган қирлар қачонлардир қабристон бўлган, неча-неча аждодлар жисми ...

“фақат ўзбекнинг бошида борми хору зор бўлиш?”

Бир икки кун олдин “Фейсбук”да 25 йил Америкада юриб, АҚШ фуқаролигини олган бир одамнинг Ўзбекистонга қайтаётганини ёзишганди. АҚШдаги консуллик визасини қилиб беришган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400