Чинозда 350 кишидан 3 млрд сўмдан ошиқ пул тўплашга улгурган янги Аҳмадбой пайдо бўлди

2015-2016 йилларда юртимизда чинозлик «Аҳмадбой»нинг довруғи достон бўлган эди. Халқ орасида «Аҳмадбой»нинг пулни икки баравар қилиб қайтариб бериши ҳақидаги хабар яшин тезлигида тарқалгач, унинг молиявий пирамидаси ўз атрофига минглаб фуқароларни тўплаганидан барчамиз хабардормиз.

Ўша пайтда жуда кўпчилик фуқароларимиз унинг «кўпайтириш амали»дан фойда олишга умид қилган эди. Аммо одамларнинг бу орзуси ушалмади. Негаки, 2016 йилнинг ёзида «Аҳмадбой» номи билан танилган чинозлик молиявий пирамида асосчиси Аҳмаджон Турсунбоевнинг ноқонуний фаолияти фош этилган эди.

Жорий йилнинг 4 апрель куни эса жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони — 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бўлиб ўтди.

Ҳали «Аҳмадбой иши» якунига етмай туриб, жиноятга жазо муқаррар экани кундек равшан бўлиб турган бир вақтда Чинозда «Янги Аҳмадбой» пайдо бўлди. У ким, нега янги Аҳмадбой дерсиз? Қуйида унинг қилмишларини баён қиламиз.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Чиноз туман бўлими томонидан яна бир молиявий пирамида ташкил этган шахс қўлга олинди. Босит Хўжаев (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳам пул топишнинг осон ва ноқонуний йўлини танлаб, фуқароларнинг ишончига киради.

У «Аҳмадбой сценарийси» асосида фуқаролардан пул, автомашина, қорамол ва бошқа қимматли буюмларни икки баробар қилиб қайтариш эвазига қабул қилиб олаверади. Вақт ўтгани сайин унинг «мижоз»лари ҳам кў­пайиб бораверади. Айнан шунинг ҳисобига Б.Хўжаевнинг фаолияти кенгаяверади.

Ишни шу тариқа давом эттирган Аҳмадбойнинг издоши қисқа вақт ичида 3 миллиард 42 миллион 302 минг сўм пул йиғишга эришади. Мазкур маблағларни легаллаштириш мақсадида даст­лаб «Samara Group» масъулияти чекланган жамияти ташкил қилади ва банк­дан ҳисоб рақам очиб, жиноий фаолиятдан олинган 402 миллион 472 минг сўм маблағни «молиявий ёрдам» сифатида киритади. Ташкил этилган МЧЖга 8 дона «Нексия» русумли автомашина сотиб олади.

Йиғилган маблағнинг 248 миллион 996 минг сўмини эса «Elegant Stroy» акциядорлик жамияти ташкил қилиб, унинг низом жамғармасини шакллантириш учун банкдаги ҳисоб рақамига киритади. Мазкур маблағ ҳисобидан яна республикамизда ишлаб чиқарилган 12 та турли русумдаги автомобилларни харид қилади.

Қолганини нима қилган дейсизми? Жамиятларга киритилган улушлардан ортганига ўзи учун турли кўчмас мулк объектлари, яъни турли бўш бинолар, қум олиш карьерлари харид қилади.

Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, бу шахсга пул берганлар сони салкам 350 нафарни ташкил этган. Б.Хўжаевга нисбатан фирибгарлик, жуда кўп миқдорда валюта қимматликларини олиш, ўтказиш, ноқонуний тадбиркорлик, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жиноятларини қасддан содир этиш каби айбловлар билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.

Шу ўринда, ақли расо кишиларни бир савол ўйлантириши табиий. Нега одамлар халқ орасида катта шов-шувга сабаб бўлган «Аҳмадбой иши»дан хабардор бўлиб туриб ҳам, яна у каби кимсаларнинг тегирмонига сув қуйишмоқда? Нега улар осонгина бир сўмни 2 сўмга айлантираман, деб боридан ҳам айрилиб қолишдан қўрқишмаяпти?..

Азаматхон САЙДАВУТОВ,

Департаментнинг Чиноз туман

бўлими бошлиғи


Манба:Ҳуқуқ нашри

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Урганч ҳокими битай деб қолган иморатни бузиб ташлади

Урганчда битай деб қолган меҳмонхонани бузиб ташлашибди. Тадбиркор бузиш шаҳар ҳокимининг оғзаки буйруғи билан бўлганини айтмоқда, шаҳар ҳокими эса «мен буйруқ бермадим, ...

Қозоғистон бензинини ўзбекистонга экспорт қилмоқчи

Қозоғистон бензин маҳсулотини Ўзбекистонга экспорт қилиш учун барча шароитлар яратилди, мамлакатга импорт бензин кириб келиши эса келаси ҳафтадан бошланиши мумкин. Бу ҳақда ...

Самарқанду бухоро ва душанбе орасида самолётлар қатнайди

Тожикистон Транспорт вазирлиги "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатининг Душанбе ва Самарқанду Бухоро шаҳарлари орасида самолётлар қатновини йўлга қўйиш ҳаиқдаги таклифини қабул ...