Урганч деҳқон бозорида ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорлар адолат талаб қилишмоқда

2018 йил 19 июнь куни тунда Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридаги «Урганч марказий деҳқон бозори»нинг 2-ёпиқ павильонида кучли ёнғин содир бўлган эди

Натижада, юзлаб кв.м ҳудудда жойлашган ўнлаб расталар ва дўконлар ёнғиндан зарар кўрган, кўплаб тадбиркорларнинг мол-мулки, маҳсулотлари куйиб кетган, фақат бахтли тасодиф туфайли жисмонан жабрланганлар бўлмаганди.

«Урганч марказий деҳқон бозори» АЖ томонидан тузилган махсус комиссиянинг маълумотномасига кўра, ёнғин натижасида етказилган зарар миқдори 1 миллиард 811 миллион сўмдан ошган.

Урганч шаҳар ИИБ ҳузуридаги 1-сон тергов гуруҳи томонидан ўтказилган суриштирув натижасида, павильон ҳудудидаги тадбиркорлар ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмагани, ўз навбатида бозор маъмурияти буни таъминлай олмагани аниқланган.

Хусусан, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига кўра, иш вақти тугаганидан сўнг, павильон ҳудудидаги барча совутгич ва музлатгичлар электр тармоғидан ажратилиши лозим. Бу қоидага амал қилиш учун тадбиркорлар павильонга фақат бир кунлик сотиладиган маҳсулотларни олиб кириши шарт. Меъёрдан ортиқ маҳсулотларни бозор ҳудудига киритиб, сотиш учун уни совутгич ва музлатгичларда сақлаб қўйиш мумкин эмас. Аммо тадбиркорлар бу қоидага амал қилишмаган. Бозор маъмурияти эса буни талаб қилмоқчи бўлганида, зиддият ва жанжаллар келиб чиққан.

Урганч шаҳар Давлат санитария эпидемиология назорат маркази (ДСЭНМ) маълумотига кўра, ёз ойларида тез бузилувчи маҳсулотлар фақат совутгичларда сақланиши лозим. Агар бунга амал қилинмаса, гўшт ва гўшт маҳсулотлари 6 соат, сут ва сут маҳсулотлари 2 соат, колбаса ва колбаса маҳсулотлари ўрами бузилмаган бўлса 6 соат, агар бузилган бўлса 2 соатдан кейин истеъмолга яроқсиз бўлиб қолади. Шу туфайли, бу маҳсулотлар доимий равишда совутгич ва музлатгичларда сақланиши лозим. 2-ёпиқ павильонда асосан озиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши инобатга олинса, ёзнинг жазирамасида бу ер совутгич ва музлатгичларга тўла бўлган.

Ёнғин сабабини аниқлаш мақсадида, Х.Сулаймонова номидаги Суд экспертизаси маркази томонидан экспертиза ўтказилган. Унинг хулосасига кўра, ёнғин ўчоғи 2-ёпиқ павильоннинг музлатгичлар зич жойлаштирилган нуқтасида бўлгани, экспертизага ашёвий далил сифатида тақдим этилган электр симлари ва розетка қолдиқларида қисқа туташув аломатлари мавжуд эмаслиги аниқланган. Ёнғин электр тармоғида вужудга келган авария ҳолати, яъни ортиқча юкламадан келиб чиққан бўлиши мумкинлиги кўрсатилган. Яъни сутканинг 24 соати давомида электр тармоғидан ажратилмай ишлатилган совутгич ва музлатгичларнинг юкламасини электр симлари кўтара олмаган ва катта эҳтимол билан қизиб, эриб кетган.

Тергов гуруҳининг 2019 йил 25 январь кунги хулосасига кўра, содир бўлган ёнғинда бирор шахснинг ҳаракатида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли, жиноят иши қўзғатиш рад қилинган. Шунингдек, тадбиркорлар етказилган зарар бўйича бозор маъмурияти устидан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани қайд этилган.

Бугунги кунда 2-ёпиқ павильондаги ёнғиндан моддий жабрланган тадбиркорлар сони 30дан ортиқ экани маълум.

Хусусан, ёпиқ павильонда 2009 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланувчи, канцтоварлар, кир ювиш воситалари, парфюмерия билан савдо қилувчи Шоҳсанам Сапаева, 2015 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланувчи, парфюмерия билан савдо қилувчи Шоҳруҳ Яқубов, 2015 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланувчи, озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи Ойбек Мадримов, 2009 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланувчи, озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи Мирзабек Панаев, 2015 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланувчи, парфюмерия билан савдо қилувчи Зубайда Ишмуратова ва кўплаб тадбиркорлар жуда катта миқдорда моддий зарар кўришган. Уларнинг маҳсулотлари, савдо расталари, совутгич ва музлатгичлари ёниб кул бўлган, йиллар давомида тўпланган маблағларидан ажралган.

Тадбиркорлар орасида катта миқдорда қарзга ботиб, ночор аҳволда қолганлари, уй-жойини сотиб, қарзларини тўлашга мажбур бўлаётганлари ҳам бор. Улар Kun.uz таҳририятига бозор маъмуриятидан компенсация ундириб олиш бўйича ёрдам сўраб, мурожаат қилишди. Тадбиркорларнинг фикрига кўра, юзага келган ёнғинда бозор маъмурияти ҳам айбдор. Раҳбарият тадбиркорларнинг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига сўзсиз амал қилишини таъминламаган, баъзан эса ўзи бунга йўл қўйиб берган. Хусусан, ёз пайтида ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган одамларнинг совутгич ва музлатгичлари электр тармоқларига ноқонуний улаб берилган. Жуда катта ортиқча юкламанинг келиб чиқиши сабаби ҳам шунда, деб ҳисоблашмоқда тадбиркорлар. Ёнғиндан сўнг, воқеа жойини кўздан кечирганимизда, хавфсизлик қоидаларига панжа остидан қаралганини, дўконлардаги симлар очиқ ҳолатда экани, исталган жойидан кесиб, бир-бирига уланганини, электр ҳисоблагичлар устига эса қумрилар ин қуриб, бола очаётганини кўрган эдик.

Биз бундай вазиятда тадбиркорларга «Урганч марказий деҳқон бозори» АЖ маъмурияти билан компенсация масаласида келишувга эришишни, агар бунинг имкони бўлмаса, фуқаролик ва иқтисодий судларга мурожаат қилишни тавсия қила оламиз, холос. Бозор маъмуриятини эса ночор аҳволда қолган тадбиркорларга ёрдам беришга чақирамиз.

Урганч марказий деҳқон бозорида юз берган ёнғиндан барча тўғри хулоса чиқариб олиши шарт. Ёнғин ва хавфсиз техникаси қоидаларига ҳамма сўзсиз амал қилиши, бозор маъмурияти ва тегишли идоралар буни мажбурий тарзда таъминлаши, қаттиқ назорат остига олиши лозим. Акс ҳолда, юқорида кўрсатилганидек оқибати жуда ёмон бўлиши мумкин. Бугун биз фақат моддий зарарни ҳисобламоқдамиз, агар ўз вақтида бу муаммолар бартараф қилинмаса, бундан ҳам даҳшатли фожиа бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.


Нурмуҳаммад Саид

Манба:Кун.уз

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Америкага юборишни ваъда берган паст дарғомлик 35 800 ақш долларини ўзлаштириб юборди

18 август куни Самарқанд шаҳар ИИБга тушган ҳужжатларга кўра, 2018 йил сентябрь-ноябрь ойларида Паст Дарғом туманида яшовчи 33 ёшли Ш.Т. Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек ...

Нукусда уюштирилган намойишни ўрганиш учун элмира боситхонова қорақалпоғистонга кетди

Шу йил 5 август куни www.asiaterra.info сайтининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 1 август куни Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида — Иван Савицкий ...

«андижонча фонограмма». ногиронларга уй бериб, қайтариб олиш томошаси

Ўтган 2017 йил бошида давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган юксак инсоний лойиҳалардан бири — меҳнатга лаёқати чекланган, ногиронлиги бўлган юртдошларимизга имтиёзли ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400