БИЗ БАХТЛИ БЎЛАМИЗ

Н. га

Майли-да, кимгадир
Ёқса,
Ёқмаса,
Уларга қўшилиб
Йиғлашармидик.
Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса
Учрашармидик…

Райҳон ҳидларингни
Йўлларимга сеп,
Кут мени,
Ҳар оқшом,
Кўкка ой чиққан.
Фақат,
Йиғламагин,
Гуноҳим не деб,
Айбинг —
Онанг сени
Чиройли туққан!..

Менга
Бир табассум
Ҳадя эт, эй ёр,
Нур томсин
Лабларинг
Соҳилларидан.
Ўзинг айт,
Сендай қиз
Яна қайда бор,
Киприклари узун —
Кокилларидан?..

Ийманиб яшама
Хаёл пинжида,
Ёйил,
Яйра жоним,
Ўртанма ғамда.
Ғийбатларга чида,
Туҳматга чида,
Сен биттасан, ахир,
Ёруғ оламда.

Мен эса
Ошиғинг сенинг —
Энг ғариб.
Тундан сўз
Қарз олиб,
Тонгга тутгувчи.
Сенинг ёнингда ҳам
Сени ахтариб,
Сенинг ёнингда ҳам
Сени кутгувчи.

Иста,
Тиз чўкаман
Ҳозир олдингда,
Севдим,
Севганимдан
Уялмоқ нечун.
Барча фаришталар
Сенинг қалбингда
Ижарада турган
Қизлар мен учун!..

Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса,
Учрашармидик?!


Муҳаммад Юсуф

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-шоирнинг сирри

Ўн  беш  куннинг  ичида  махдумнинг  меҳмонхонаси  расмий  бир  маҳкамага  айланаёзди. Ўрдаға ариза билан мурожаат қиладирған ҳар ким, ҳатто расмий кишилар ҳам аввал маслаҳат ...

Чингиз айтматов:қиёмат 35-қисм

Мўйинқумнинг интиҳосиз чўлида тун бўйи тўлин ой саксовулга осиб кетилган, энди совуб, қотиб қолган одам танасига кўзни қамаштирадиган ярқироқ шуълаларини тўкиб чиқди. ...

Юлдузли тунлар-38

ТОШКEНТ, ЎРАТEПА, СЎХ КЎЧКИ БОСГАН БУЛОҚ 1 Тошкент... Ўн беш-йигирма йилдан бери урушнинг совуқ нафаси тегмаган бу шаҳар Самарқандга нисбатан осуда ҳаёт кечирмоқда эди. ...