Мамлакатни ким бошқараяпти? (19)

                     

                                                (ўн тўққизинчи мақола)

                                          МУЛОҚОТМИ  ЁКИ  ҲИСОБОТ ?

 

        Meeting       Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раҳбари билан учрашувга ҳар бир каналда ўзига хос тарзда “тайёргарлик” ишлари олиб борилди. Яъниким, бош муҳаррирлар бир кун олдин ўз ходимларини йиғиб, улар эртага раис билан бўладиган учрашувга бориши шарт эмаслиги борасида алоҳида огоҳлантирилган. Фақат бир-икки нафарига боришига рухсат этилган. Улар ҳам борганида жимгина савол бермасдан кузатиб ўтириши мумкинлиги тушунтириб ўтилган. Шунда ҳам энг ишонарли бўлганларигагина ана шу йўсиндаги кўрсатма берилган.

                Мен ишлаётган “Янги жамият”  сиёсий ва ҳуқуқий-маърифий эшиттиришлар студияси бўлимида бор-йўғи уч киши ишлаганмиз. Бунинг учун бизга бунақанги мажлис олдидан “мажлис” ўтказиш эҳтиёжи ҳам йўқ эди. Чунки биз боришга қарор қилганмиз. Юзма-юз кўришишни узоқ йиллар кутгандик. Шунинг учун ҳам бошқа қатор муҳарририятлардаги баъзи бир ходимлар “Сизлар эртага бўладиган мулоқотга борасизларми” дея ажабланиб, ҳайрон бўлиб, ҳаттоки, ҳадиксирашиб ҳам сўрашган. “Ҳа, албатта борамиз. Агар борилмайдиган бўлса, унда бу учрашув нега ўтказилаяпти. Нимага унда бу ҳақда олдиндан эълон осиб қўйилаяпти” деган жавобни олганганларидан кейин улар жим бўлишиб, елкалари қисилиб, бир-бирларига ажабланиб қараб, пичирлашиб қолишган.

               Ҳали бу раҳбар билан бўлиши керак бўлган учрашувдан олдинги ваҳима-ю ҳангомалар кўлами шу қадар кенгайиб бораётганлигининг ўзи тегишли махсус хизмат томонидан қўйилган мансабдар кимсадан ходимларнинг нечоғлик чўчишликлари, қанчалик юрак олдириб қўйганликларидан далолатлигига жиддий ишора эканлигини кўрсатади. Чунки бундан олдин компаниядан ҳеч бир жиддий сабабсиз бир неча ходимларнинг ишдан ҳайдалганлиги боис, албатта, бундайин ноҳақлик ҳолати уларни жуда ҳам қўрқитиб қўйганлиги рост. Буни ҳам тушунса бўлади. Лекин қачонгача жимгина қўл қовуштириб ўтириш мумкин? Қачонгача ҳадик билан яшаб, олабўжидан қўрқитишгандай қалтираб ўтирамиз? Умуман, бундай узундан-узоқ чўзилаётган сукунатнинг чеки-чегараси, адоғи борми-йўқми? Худди шу каби саволларга жавоб топишнинг вақти келмадимикин? Ана шу хусусдаги ўй-хаёллар мени қийнар, тинчлик бермас эди. Энг қизиғи шундаки, биз билан ёнма-ён хонада ўтирадиган бошқа бир муҳарририятдаги ходимларнинг икки нафари менинг ушбу мажлисга бормаслигимни маслаҳат ҳам беришганди. Ҳа, уларнинг бу чақириқлари мен учун жиддий огоҳлантирув ҳам эди, деса бўлади. Қолаверса, бу борада уларга алоҳида топшириқ ҳам берилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас, дейиш мумкин.

                2013 йил 10 июль куни соат 10.00да узоқ йиллардан буён интиқлик билан кутилаётган ва бошланиши керак бўлган йиғилиш олдидан телерадиокомпаниянинг асосий ва марказий мажлислар зали ёнида кўпроқ МТРК раҳбарияти таркибидан иборат гуруҳ тўпланишганди. Чамамда улар “муҳтарам зот”ини кутишаётганди. Аста-секинлик билан зал ҳам тўлиб бўлди. Бу орада  компания раиси ва унинг муовинлари президиумни келиб эгаллашди. Ҳамманинг қулоғи унда. Даставвал у қандай қилиб бу мажлисни бошлашини тўпланганлардан сўрагандай бўлди. Бироз ўтгандан сўнг ўзи дастлаб керакли бўлган гапларини айтиб олиб, кейинига очиқ мулоқотга ўтсак бўладими, деган таклифни ўртага ташлагандай бўлди, гўё. Худди шу гапидан сўнг у компьютерда ёзиб келиниб, чўзилгандан-чўзилган маърузасини ўқий бошлади. Бундан кўпчиликнинг энсаси қота бошлаганлигини сезди ҳамки, у дарҳол миллий телерадиокаомпанияга қанчадир фалон миллиард сўм олиб келганлиги-ю, бу борада банкирлар билан қандай қилиб тортишганлиги, бу даргоҳ учун жуда кўп ишларни амалга ошираётганлигини иддао қилишга ўтиб кетди. Аммо бирон бир кишининг ижодий муҳитни яхшилаш билан боғлиқ қандай амалий ишлар қилинди, ўзи деб айтишга ҳадди ҳам сиғмади, журъати ҳам етмади. Ана шу тариқа давом этган маъруза қарийб икки соатга бориб, резинкадай чўзилиб кетди. Бу йиғинни ходимлар билан учрашув ёки мулоқот эмас, балки ҳисобот йиғилишига айланиб кетди, дейиш мумкин эди.

                                                                         Нарзулло  ОХУНЖОНОВ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ақшда юк машинадан 42 кишининг жасади топилди

Америка Қўшма Штатларидаги Техас штатининг Сан-Антонио шаҳрида юк машинасидан 42 кишининг жасади топилгани маълум қилинди. АҚШ оммавий ахборот воситаларидан ўрин олган ...

Ўзбекистонда корея республикасининг уч университети филиали очилиши мумкин

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича вазир вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов, олий ва ўрта-махсус таълим вазири Ином Мажидов ҳамда Тошкент ...