Ўзбекнинг жони шунчалик арзонми?

Кеча Россиянинг Тула областида ўзбекистонлик аёлнинг барчанинг кўз олдида пичоқлаб ўлдирилишини кўрдим. Юрагим ачишиб кетди. Қўлингизга нина санчиб кўринг, тиғ азобини ҳис этиш учун. У аёлни – бола-чақасини боқаман деб минглаб километрда муҳожирликда юрган нозик жинс вакиласини ҳамманинг кўз ўнгида ваҳшийларча пичоқлашди. Ҳеч ким ёрдамга шошилмади.

Аёлнинг ўрнига кавказлик бирор-бир миллат вакиласининг ўлдирилишини тасаввур эта оласизми? Мен тасаввур этолмадим. Ватандошлари қотилни тутиб самосуд қилишини осонгина тасаввур қилдим. Ўзбекистонликларни эса гаров ўйнаб ҳам ўлдира оладиган халққа айландик. Нега? Чунки ҳеч кимнинг иши йўқ? Суриштирмайди, даъво қилмайди. Депутатлари муҳокама қилмайди, муносабат билдирмайди. Ҳукумати “бизнинг ихтиёримизга топшир, ўзимиз жазолаймиз” дея талаб қилиб чиқмайди. Одамлар… Одамлар эса нари борса, Худо жазосини берсин, дея ожизгина қарғаб қўяди. Кучи шунга етгач, нима қилсин..

Бу ваҳшийлик pikabu.ru сайтида муҳокама қилинди. Фойдаланувчилар “ужас” деб муносабат билдирди. “7 йилга кесилади, 3,5 йилда чиқади” дейишди киноя қилиб. Уч болани боқаётган онани куппа-кундуз куни пичоқлаган ваҳший саноқли йил ўтириб қайтади. “Адолат ҳимоячилари”нинг наздида шу жазо етарли.

Муҳожирларимизнинг айтишича, Россия Федерациясидан Ўзбекистонга деярли ҳар бир самолёт бортида тобут билан учади. Ўзбекистонликларнинг ўлиги келяпти, тушуняпсизми? Афғон уруши ҳалок бўлганлар сонидан бир неча карра ошиб кетди меҳнат муҳожирларининг ўлими. Бизнинг кўзимиз қачон очилади?

Туладан ҳам бир самолёт бортида 34 яшар аёлнинг жасади билан учиб келяпти. Унга эса 3 нафар норасида бола бўзлаганча, қараб қолди. “Аяжон” деб алюмин тобутга эргашиб йиғлаганча чопгандир, эҳтимол. Уларнинг кўз ёши бизни уйғотмайдими? Бегона бир юртда ноҳақ ўлдирилган бир ватандошига жони ачишиб намойиш ўтказадиган ажнабийларга ҳавас қиламан мен. Узр.. видеони кўриб кўнглимга келганлари булар.

Шоир ёзганди: “Ўзбекнинг жонидан арзон нарса йўқ”.


Алишер Азиз

Манба:Соф.уз

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Давлатни алдасанг, «жигоку»га тушасан дeган гапи жуда ўйга солди одамни

Бугун эрталаб ишга кeтаётган эдим. Мeтрода бир болакайга кўзим тушди. Бошини китобдан кўтармай кeтди, анча жойгача. Ҳавасингиз кeлади-вeй. Чидаб туролмадим. Ёнида жой бўш ...

Савияси паст ҳокимлар билан қаергача борарканмиз?

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев  2018 йил февралда Қозоғистоннинг Оқтўбе вилоятида автобус ичида ёниб кетган 52 нафар юртдошларимиз билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар пайтида ...

Туркманистонда оқ либос кийиш тақиқланди ва лабларига ботокс қўйган 50 га яқин стюардесса ишдан бўшатилди

Туркманистонда аёллар ва қизларнинг шахсий ҳаёти устидан назорат кучайтирилиб, уларнинг ташқи кўриниши ва хатти-ҳаракатларига қўйилаётган талаблар рўйхати кундан-кунга ...