Уйингиз йўқ бўлишидан олдин бормиди?

Рамазон ойи арафасида «ЎзА» сайтида берилган «Масжид кимники?» сарлавҳали видеорепортаж кўпчиликни беэътибор қолдирмагани аниқ. Унда журналистнинг Андижон шаҳри, Тахтакўприк маҳалласи фуқаролари шикояти бўйича Андижонда бўлгани ва мурожаатчилар шикоятларини ўрганиб чиқиш учун ўтказган журналистик суриштируви акс этган.

Шикоятда қарор асосида 1991 йили Тахта кўприк маҳалласида масжид қурилиши бошлангани ва у шу маҳалла аҳли ва ҳомийлар кўмаги асосида ҳашар йўли билан 1997 йили битказилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилгани, аммо 2009 йилда ҳеч бир сабабсиз ва изоҳлару тушунтиришларсиз ибодатхона ёпиб қўйилгани битилган.

Маҳалла аҳлининг талаби битта: масжидни қайтариб олиш. Лекин бу ерда яна бир муаммо пайдо бўлган. Гап шундаки, шаҳар ҳокимининг буйруғига кўра, бир неча уйсиз оила масжид ҳужраларига кўчириб келтирилган. Натижада масжид-мадраса ўзига хос «дом»га айлантирилган. Ҳовлида болаларнинг шовқин-сурони, «балкон»ларга ташланган кўрпа-тўшаклар, дорларга осилган кирлар… Ҳеч бир жиҳат журналист назаридан четда қолмаган.

Айниқса, бирма-бир барча ҳужраларга кириб, тор хоналарда яшаётган оилалар аҳволи билан қизиққан. Ҳаммада бир муаммо: ота-она, ўғил-келин, неваралар… тағин ака-сингил бир хонада тиқилиб яшашяпти. Нафақат мусулмончилик, ўзбекчиликка, оддий инсонийликка-да тўғри келмайди. Ҳаммом йўқ, ҳожатхона эркагу аёлга биттагина. Бир сўз билан айтганда, рисоладагидек яшаш учун ҳеч қандай шароит йўқ. Барибир одамлар яшаяпти, яшашга мажбур, чунки улар УЙСИЗ! Жуда ачинарли ҳолат-а? Бироқ… хулосага шошилмайлик.

Уйсиз сўзини бежиз бош ҳарфлар билан ёзмадим. Журналист саволларига барча шу тахлит жавоб берди: УЙСИЗМАН! Журналист вазиятни жуда яхши таҳлил қилган, аммо мен ундан шу биргина саволни кутдим: Уйингиз йўқ бўлишидан олдин бормиди, аввал қаерда яшагансиз? Лекин тасвир якунигача бу савол берилмади. Ва айнан шу савол мақола ёзишимга туртки берди.

– Чолим, мен, ўғлим, келиним ва невараларим билан шу битта хонада турамиз. Олти киши, – дейди етмишни қоралаб қолган онахон кўзлари ёшланиб. – Уйимиз йўқ. Чолим касал, шундай ҳолда ўтирамиз… Йиғлаб боргандим, шу жойни беришди вақтинча яшаб туришга…

– Демак, Андижон шаҳар ҳокимияти шу жойни сизларга берди. Тор хонада шунча жон. Яна ўғлингиз, келинингиз, узр-ку, эр-хотин муносабатлари дегандай… қаерда ювинасизлар?..

– Энди иложимиз йўқ, уйимиз бўлмаса нима қиламиз…

– Устачилик қиламан, – дейди ўзини Охунжон деб таништирган барвастагина йигит. – Уйимиз йўқ яшашга. Бу хонани ҳокимият берди…

– Икки нафар фарзандим бор, – йиғлайди бошқа бир аёл.

– Турмуш ўртоғингиз йўқми?

– Бор, хотинининг олдига кетиб қолди…

– Иккинчи хотинмидингиз?

– Ҳа. Биринчи рўзғоримдан ажрашиб кетганман… – аёл баттар йиғига зўр беради. – Катта ўғлим ўн беш ёшда, «черепний давленaси» бор, бу ерда яшамайман, уруш-жанжаллардан зерикдим, бошқа квартирага чиқиб кетайлик деяпти…

– Қизим икковимиз яшаймиз, кичик ўғлим ичкуёв бўлиб қайнонасиникида туради. Қизим 28 ёшда, турмушидан ажраган… Битта боласи бор, уч яшар. Катта ўғлим ҳам бор, ёшлик қилиб турмага тушиб қолган, яқинда чиқади, у ҳам шу ерга келади, бошқа қаерга келарди…

«Опам билан яшайман, битта фарзандим бор, эрим Россияда…», «Шароитимиз қийин, битта палос ҳам ололмаяпман, ҳеч вақоим йўқ, телевизорим ҳам йўқ, пулларимиз ҳам йўқ…», «Иккита қизим бор, мен яқинда «болниса»дан чиқдим… касби корим йўқ… отаси қамалиб кетган…», «Икки фарзандим бор, хўжайиним ўлиб қолган, ҳокимият жойлади бизни, бир йил бўлиб қолди…», «Қайнонам чиқарворган уйдан иккита болам билан…»

Хуллас, «дом» аҳли ҳасратидан чанг чиқади. Журналист эса ҳайрон, очиғи бу ҳолни ҳазм қилолмаяпти. «Астағфируллоҳ» деб қўяди баъзан. Мен ҳам ҳазм қилолмадим. Ҳокимиятнинг масжид ҳужраларини уйсизларга тақсимлаб берганини ҳазм қилолмадим. Шу таклифга рози бўлган одамлар тушунчасини ҳазм қилолмадим. Уйсизман, деб мўлтираб туришларини, ўзларини бечораҳол кўрсатишларини ҳазм қилолмадим.

Кўпчилик, ўзларини бечораҳол кўрсатишларини ҳазм қилолмадим, деган жумламга эътироз билдириши ҳам мумкин. Ростдан бечораҳол-ку, яшашга уйлари бўлмаса, нима қилишсин, дейдиганлар топилади. Аслида шундаймикин? Шундай бўлганда ҳам бунга ким айбор? Негадир шу саволлар ҳеч кетмаяпти миямдан. Уйсизлик ёмон албатта. Айниқса, бола-чақали бўлганингда. Бироқ…

Икки йилдирки, барча соҳаларда ислоҳотлар жараёни кетяпти. Чорак аср йиғилиб қолган муаммолар рўй-рост тан олиниб, уларни кечиктирмай ҳал этиш чоралари олиб борилмоқда. Хусусан, уйсизлик муаммосини ҳам. Лекин кейинги пайтларда айрим юртдошларимизнинг бу ислоҳотларни суиистеъмол қилишга ўтиб олгани одамни ранжитяпти, тўғриси. Ҳаракат қилиб, ҳаёт тарзини ўзгартириш ўрнига, тайёр уй-жой илинжида давлат муассасалари остонасига ётиб олишяпти йиғи-сиғи қилишиб. Қани, туман ҳокими ҳал қилмасин-чи, вилоят ҳокими бор, у ҳам иш бермаса, портал бор. Мутасаддилар ҳақиқий ёрдамга муҳтожлар бу ёқда қолиб, улар билан андармон бўлишга мажбур.

Айни мавзудаги видеотасвирдан, одамлар гап-сўзларидан яна шу суиистеъмолчиликни сезгандай бўлдим. Нега дейсизми? Ўзингиз ўйлаб кўринг, уйим йўқ, деб иддао қилаётганлар нега бу аҳволга тушиб қолган? Кўринишидан ногирон бир йигитнинг, отам билан шу ерга кўчиб келдик, алоҳида-алоҳида ҳужраларда яшаяпмиз ҳозир. Худо берган пенсияга қаноат қилиб яшаймизда бу ёғига, деганини тушуниш мумкин. Чунки ногирон у, оғир иш қилолмайди ва бундай инсонларга ҳар қанча моддий ва маънавий кўмак бериш ҳам қарз, ҳам фарз. Лекин хотинию бола-чақасидан ташқари, яна онаси ва бўйига етган синглиси билан битта ҳужрада яшаётган ва бу ҳолдан таажжубланган журналистга «Иложимиз йўқ, уйсизмиз» деб ўзини оқлаётган, ҳали ўттизга ҳам кирмаган тўрт мучаси соғ эркакни қандай тушуниш мумкин?!

Хўш, у шу ҳужрага келгунича қаерда яшаган? Асли уй-жойи бўлгандир унинг. Кўчада туғилмагандир ҳойнаҳой. Ота уйи қаерда? Бу ҳолга кўниб яшашга нима мажбур қиляпти уни? Уйи бузилганми? Бузилган бўлса, давлат ўрнига уй-жой беришга мажбурку ёки товон пули тўлашга. Ёки қиморга тикворганмикин уйини?.. Саволлар кўп, жавобларга эса ожизмиз. Чунки ҳеч ким уйсизлигининг жўяли сабабини айтмади ёки сўралмади.

Ўша йигит устачилик қилишини айтди. Қўлида гулдек ҳунари бор экан, ҳокимликдан ҳеч бўлмаса шаҳар четроғидан бўлса ҳам беш-тўрт сотих ер сўраса берарди назаримда. Тиклаб олиш учун ҳашар ҳам уюштириб бериши мумкин эди. Шаҳар марказида яшаш шартмаску одамга. Муҳими, ўз уйинг, ўлан тўшагинг бўлади. Афсуски, йигитда бу режа йўқ. Ҳайтовур, журналистнинг, бу ҳолда яшаш яхшимас, бошқа уй-жой қилишга ҳаракат қиляпсизми, деган саволига елка қисиб қўяқолди.

Бир келини бола-чақаси билан бир ҳужрада, ўзи эса чоли, ўғли, келинию неваралари билан бошқа ҳужрада яшаётган онахон тақдири ҳам мунозарали. Ҳай майли, уйсиз ёш оилани тушунса бўлади. Қайнона-қайнота билан муроса қилолмайдиган ёшлар ҳам борда, деймиз уларни кўрганда. Лекин кексайганда бу тахлит яшаш сал ғалатироқмасми? Уларнинг қачонлардир уй-жойи бўлганку ахир. Ёки шу ёшга етгунча бир умр ижарама-ижара яшашдимикин улар ҳам. Аввало, кексайганда ҳеч банданинг бошига бу кунлар тушмасин. Аммо улар ёлғиз эмас, икки келини бор, демак, икки ўғли ҳам. Ўғиллар нега жим бу ҳолга? Ёки ногиронмикин улар ҳам…

Ҳаётда қанча-қанча ёрдамга муҳтожлар бор, уч-тўртталаб боласини ёлғиз катта қилаётган оналар бисёр, ногирон боласини минг машаққат билан парваришлаётган ота-оналар кўп, лекин аксарияти кўмак сўраб қўл чўзишга истиҳола қилади. Кўпчилиги бу масалада кимга мурожаат қилишни ҳам билишмайди. Мурожаат қилишса ҳам айбдордек бош эгиб туришади, унсиз йиғлашади. Сабаби уларда орият кучли, ҳамият кучли. Афсуски, «дом»да яшовчиларда шу орият деган хислатни кўрмадим. Аслида журналист масжидни маҳалла аҳли ихтиёрига қайтаришга кўмак бериш учун борган. Аммо одамлар бири қўйиб, бири ўз дардини дастурхон қилишди. Ҳеч ким, тўғри, бу ерда яшашимиз ножоиз, демади. Ҳеч кимнинг чиқиб кетиш мақсади ҳам йўқ назаримда. Чиқишади, қачонки, ҳокимлик уларга гиламлари, телевизорларию кондиционерлари бор алоҳида уй-жой берганида.

Нега ҳокимлик уларга айнан шу ерни макон қилиб берди? Менимча, шаҳар ҳокими ҳам уларнинг жанжалидан зада бўлган кўринади, уларнинг арз-додидан қутулишнинг йўлини шу тарзда топган. Яшаб туришсин-чи, бир гап бўлар, чоллар намозини бошқа масжидда ҳам ўқишлари мумкин, дейишгандир-да. Майли, шундай ҳам дейлик, лекин «уйсизлар» шунга шукр қилишяптими, ҳамма гап шунда.

– Тахтакўприк маҳалласида посбонман, – дея интервю берибди бир инсон. – Шаҳар ҳокимининг раҳмини келтиришиб, шу ерга киришиб олди, бу ерда яшаётган инсонлар соғмас, деразадан сигарет чекишади, ароқ ичишади, аёллари ҳам… Бу ердан зерикканмиз, ҳар хил инсонлар келишади. Ҳар куни уруш-жанжал. Масжид қайтариб берилса, маҳалла ҳам тинчиб қоларди.

Посбоннинг эътирозларини Андижон шаҳар ИИБнинг фуқаролар билан ишлаш бўйича инспектори Муроджон Ҳасанов ҳам тасдиқлади: «Бир нечта мурожаатларни кўриб чиққанман. Асосан, уруш-жанжаллар, уларни қонуний ҳал қилиш учун судга ҳам олиб чиққанмиз, жарималар солинган… Аксарият аёллар, эрим йўқ, деб кириб олган, кейинчалик «эрлари» пайдо бўлиб қоляпти, ҳар хил одамлар қатновини ҳам рад қилмайман».

Мана сизга аҳвол. Аксарияти ишга яроқли, лекин ишламасликка баҳоналар бисёр. Иш билганга бир танга, гап билганга минг танга, деган замон келдимикин ё. Ҳозир ойлик маошга уй-жой қилиб бўлармиди, дерсиз. Тўғри, бу қийин. Лекин мақоладаги одамлар азалдан ҳам ҳеч қаерда ишламаган бўлса керак. Вақтида бирор касб-корнинг бошини тутганда балки бугун шу даражага тушиб қолишмасмиди.

Бу ерда ҳеч кимни айблаш ниятим йўқ. Айтмоқчи бўлганим, ҳар бир муаммога давлатни балогардон қилавермайлик. Тўғри, фуқароларининг ҳеч кимдан кам бўлмай яшашлари учун давлат, ҳукумат масъул. Бироқ, бу масъулликни, юқорида айтганимдек, жуда суиистеъмол қилиб юбормайлик. Имкон қадар ҳаракат қилиб, ўз ҳаётини яхшилашга уринмасдан, берсанг ейман, урсанг ўламан, қабилида давлатдан тама қилавериш Худога ҳам хуш келмаса керак. Тағин билмадим.

Яна бир гап: журналист суриштирувни бошлаб то якунлагунга қадар «масжид-дом» ҳовлисидан ҳам, ташқарисидан ҳам бола-чақанинг шовқин-сурони тинмади. Ҳеч ким, болам, бирпас жим тур, секинроқ гапир, мухбир келган, демади. Хулоса ўзингиздан: олманинг тагига олма тушади…ми?

Усмонжон Йўлдошев

Манба:Хабар.уз

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда қурбон ҳайити санаси маълум бўлди

Фото: © Sputnik / Илья Питалев Муфтий Усмонхон Алимов Макка шаҳрида зиёратчилар билан учрашув пайтида Қурбон ҳайити санасини маълум қилган Ўзбекистонда жорий йилда "Қурбон ...

Мулкдор сайти қурбон ҳайитингиз билан табриклайди!

  Ассалому алайкум, муҳтарам юртдошлар! Аллоҳ таоло инсонлар учун инъом қилган байрамдан бири – Қурбон ҳайити кириб келди.  Халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва ...

Жасур акромов ва нуриймон абулҳасан ишдан олинди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти ишдан кетди. Бу ҳақда Kun.uz ахборот манбаси хабар бермоқда.   Қайд этилишича, қўмита раиси Жасур ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400