Юлдузли тунлар-36

7

Тепаликка учиб чиқаётган чопқир отнинг туёғи ердан бош кўтариб, бугун-ерта очилай деб турган лола ғунчасини эзиб-янчиб ўтди. Бу от устида ўтирган Шайбонийхоннинг кўзлари эса пастдаги кенг текисликда чуғурчуқдай ёпирилиб пойга ўтказаётган отлиқларда эди.


Тиниқ баҳор осмонининг бир четида Самарқанд билан Бухоро оралиғининг энг машҳур қўрғони бўлган Дабусия* қалъаси савлат тўкиб турибди. Кеч кузда бу қалъа ҳам Шайбонийхоннинг қўлидан чиқиб, Бобурга ўтиб кетганда, қўшини Бухорога чекиниб, оғир аҳволга тушиб қолган эди. Руҳи тушган баъзи саркардалар: «Eсимиз борида этак ёпиб, Туркистонга қайта қолайлик!» дейишган эди. Аммо Шайбонийхоннинг Самарқанддаги хуфиялари Бобурнинг шоирлар ва олимлар суҳбатига берилиб, янги жангларга суст тайёрланаётганини билдириб турар эдилар. Қўлдан-қўлга ўтиб, жуда кўп таланган Самарқанд баҳорга чиқиб яна очлик ва қаҳатчилик балосига йўлиққан эди. Бунинг ҳаммаси Шайбонийхонни дадиллаштирди. Яқинда у Бухородан Дабусияга қўшин тортиб келди. Қалъанинг баланд деворларига улардан ҳам баланд шотилар қўйдирди. Қалъа ҳимоячилари тепадан ўқ ва тош ёғдиришаётган бўлса ҳам хон ўз аскарларига тап тортмай чиқаверишни буюрди. Одамлар ўлган-қолганига қарамай чиқиб келаётганини кўрган ҳимоячилар тепадан катта ёғоч болорлар отишди, ёниб турган ёғларни чиқаётганларнинг бошидан қуйишди. Девор таглари ўликларга тўлиб кетди. Хон навкарлари қўрқиб чекина бошладилар. Шунда Шайбонийхон ўзининг туғишган укаси Маҳмудхонни ва суюкли ўғли Темурхонни бутун навкарлари билан жангга солди. Хон укаси ва ўғлини ҳам аямаётганини кўрган жангчилар яна шотиларга ёпишдилар. Юқоридан ёғилаётган ажал шотига чиққанларни тутдай тўкаётган бўлса ҳам, бир неча юз киши шовқин-сурон билан девор тепасига чиқиб борди. Девор тепасидаги жангда икки томондан ҳам жуда кўп одам қирилди, ўликлар туйнукларни бекитиб қўйганидан пастга ўқ отиш мумкин бўлмай қолди. Хон қўшини сон жиҳатдан бир неча баробар кўп бўлиб, шотилардан орқама-орқа чиқиб бормоқда эди.
Бобурдан ёрдам сўраб кетган чопар Самарқандга етиб боргунча бўлмай Шайбонийхон Дабусияни қонга белаб ахири олди-ю, ҳимоячиларни битта қолдирмай қиличдан ўтказди. Бу зафар хон қўшинининг руҳини кўтарди.
Энди Шайбонийхон Дабусияни тоғдай бир таянчга айлантириб, ундан Самарқанд устига сакраш тайёрлигини кўряпти.
Ҳозир пастда ўтказилаётган пойга ҳам — шунчаки кўнгил очиш учун эмас, Бобур билан бўладиган ҳал қилувчи жангларда Шайбонийхонга энг зўр, энг чопқир отлар танлаш учун керак.
Куни кеча Самарқанддан келган дарвиш кийимидаги бир махфий Бобурнинг хотини қиз туққанини, отини Фахринисо қўйганларини айтиб берган эди.
Шайбонийхон пойгада бир-биридан ўзиб, сор бургутлардай учиб бораётган йигитларига завқ билан тикилди-ю, ўзича деди, «Майли, Бобур куздаги ғалабасидан фахрланиб, қизига Фахринисо деб от қўйсин, керилиб, шеърини ёзиб ётаверсин! Унгача мен бургутларимнинг ҳаммасини овга ўргатаман».
Шайбонийхон ҳали ҳеч қайси жангга бунчалик жон-жаҳди билан тайёрланган эмас. У Бобурни енгиш осон эмаслигини сезарди. Бобур энди ўн тўққизга кирган ёш йигит бўлса ҳам ниҳоятда истеъдодли, ниҳоятда довюрак саркарда эканини Шайбонийхон амалда кўрди. Ҳозир бу атрофдаги шаҳару қишлоқларнинг кўпчилиги Бобурга ён босади. Шайбонийхоннинг душманлари эса беҳисоб. Султон Али мирзонинг кўпчилик бек ва навкарлари бултур Шайбонийхонга қўшилган эди, Бобур Самарқандни олгандан кейин ҳаммаси унинг томонига қочиб ўтиб кетди. Бобурнинг қўшини кун сайин кўпайиб боряпти. Ҳатто Андижондаги Аҳмад Танбал ҳам укаси Султон Халилни икки юз навкари билан Бобурнинг ихтиёрига юборипти.
Шайбонийхон шуни эшитгандан кейин, ҳозир Бобурнинг обрўси жуда баланд эканини, ундан ҳатто Аҳмад Танбал ҳам қўрқиб қолганини сезди. Бу кетишда ёзга бориб Бобурнинг қўшини яна ҳам кўпаяди. Шайбонийхон ҳал қилувчи жангни тезлатмаса, кейин ютқизади.

* * *

Шайбонийхон султонлари билан кенгашиб, эрта баҳорда Бухоро ва Дабусия қалъасини ишончли одамларига қолдирди-ю, ўзи Самарқанд томонга қўшин тортиб кела бошлади. Шундан сал олдин Шайбонийхон Бобурга мактуб йўллаб, уни масоф урушга* чақирган, «Мардлар майдонда синалгай, қалъада бекиниб ётиш ёш боланинг ҳам қўлидан келур!» деган мазмунда аччиқ киноялар қилган эди.
Ниҳоят, Бобур ҳам Самарқанддан қўшин билан келди-ю, Сарипулда* Шайбонийхон аскарларидан бир тош берида тўхтаб, жангга тайёрлана бошлади. Бобур Зарафшон дарёси кўриниб турган бир жойни ўрда қилиб, атрофига чуқур хандақлар қазитди, шох-шаббалардан ўқ ўтмайдиган иҳоталар ясатди.
Шунга қараганда Бобур масоф урушга унча тез киришмоқчи эмас эди, орқадан яна янги кучлар етиб келишини кутмоқчи эди.
Бироқ Шайбонийхоннинг йиғиладиган аскарлари йиғилиб бўлган, энди узоқ Туркистондан янги кучлар етиб келолмаслиги аниқ. Шаҳрисабздан келган махфий хабар хонни изтиробга солиб қўйди. Ўша ёқда Боқи тархон икки минг қўшин тўплаб, яна мингта аскар йиғиб кейин ҳаммасини Бобурга ёрдам бергани олиб келмоқчи эмиш. Агар бу қўшин ҳам Бобурга келиб қўшилса, Шайбонийхон енгилиши мумкин. Хон урушни тезроқ бошлашнинг чорасини излаб, Бобур қароргоҳида мунажжимлик қилиб юрган яширин кишисига хабар юборди. «Осмондаги юлдузларга қараб, Бобурни тезроқ жанг қилишга кўндирсин, агар ишни чўзса, жосуслигини фош қилиб, бошини кестиргаймен!» деб мунажжимга таҳдид қилди.
Бу мунажжим ҳам шоир Биноийга ўхшаб, хон қароргоҳидан Бобур ҳузурига қочиб борган эди. Хон Бобурнинг раҳмини келтириш учун мунажжимни Бобур ҳузурига қочиришдан олдин калтаклатиб, оғиз-бурнини қон қилган, кийимларини йирттирган эди. Мавлоно Шаҳобиддин исмли бу мунажжим ҳозир Бобур саройида иззат-икромда экани ҳам Шайбонийхонга маълум эди. Хоннинг яширин топшириғи қаландар кийимидаги киши орқали мунажжимга етказилган куни кечаси Шайбонийхон ўн минг қўшини билан Бобур ўрдасига бостириб борди, нақоралар, карнайлар чалдириб, истеҳком деворлари орқали ўқлар ёғдирди.
Отлар хандақлардан ўтолмас, аммо хон аскарларининг ҳақоратомуз қичқириқлари ўрдада ўтирган Бобурга ва унинг одамларига баралла эшитиларди:
— Жонинг бўлса майдонга чиқ!
— Қўрқоқлар, курк товуқдай мояк босиб ўтира берасанми?!
— Бобурингда юрак бўлса улуғ хонга ўзини кўрсатсин!
— Мард бўлса чиқсин майдонга!
Ҳимояда ётган одамларга тунги ҳужум ва шовқин-сурон оғир таъсир қилишини Шайбонийхон яхши билар эди. Бобурнинг ўрдаси атрофида унинг юзлаб отлиқлари урра-ур қилишиб, борлиқни ларзага келтиришди, иҳота қилинган шох-шаббаларга ёниб турган ёй ўқларини отишиб, бир-икки жойини ёндириб юборишди. Ичкаридан ҳам ўқлар отилди, аччиқланган навкарларнинг ҳақоратлари эшитилди, аммо хон қўшини билан олишиш учун ҳеч ким юрак ютиб чиқолмади.
Шайбонийхон Бобурнинг кеча қўққисдан майдонга қўшин тортиб чиқолмаслигини олдиндан биларди, чунки ҳеч бир ақлли-ҳушли саркарда бу қоронғи тунда селдай ёпирилиб келган лашкар қаршисига тайёргарликсиз бетартиб отилиб чиқмаслиги ўз-ўзидан аён эди. Бу тунги шовқин-сурон Шайбонийхонга ўз лашкарининг руҳини кўтариш учун керак эди. У ўзининг ҳеч нарсадан қўрқмаслигини, Бобур эса гўё тиззаси қалтираб, истеҳкомдан берига чиқолмаётганини ҳар икки томонга намойиш қилмоқчи, шу билан ёш душманининг из-зат-нафсини қўзғатмоқчи эди. Айни вақтда, бу тунги ҳужум — Бобур қароргоҳида иш олиб бораётган мунажжимни ҳам дадиллаштиришга қаратилган эди.
Чиндан ҳам бу тунги ҳужум Бобурнинг иззат-нафсига қаттиқ тегди. Мунажжим эса осмондаги юлдузлар тартибини мураккаб бир тарзда унга тушунтириб: «Ҳозир саккиз юлдуз сиз томонда рост турур, — деди.— Яна икки кун ўтгач, бу саккиз юлдуз ғанимингиз томо-нига оғиб кетгай. Агар эрта-индин жангга киришсангиз, ғалаба сизники бўлишидан бутун фалакиёт далолат бермоқда!»
Ахири шу сабаблар бир бўлиб, Бобур Шаҳрисабз ва Тошкентдан келадиган катта кўмакни кутиб ўлтирмасдан, индин чоршанба куни жанг майдонига чиқишга қарор берди. Мунажжим буни ўша алоқачи қаландар орқали Шайбонийхонга етказдирди.
Шайбонийхон чоршанба куни ҳаёт-мамоти ҳал бўлишини сезиб, бор истеъдодини, бутун тажрибасини ишга сола бошлади. Куни бўйи бўлажак жанг майдонининг ҳар бир пасту баланд жойини кўздан кечириб чиқди, офтоб қаёқдан чиқиб, шамол қаёқдан эсишигача эътибор берди. Кечаси эса отларни эгарлатиб, ҳамма нарсани тахт қилиб ётишни буюрди, ёв майдонга чиққан заҳоти дарҳол қулай томонни эгаллашнинг режасини тузиб қўйди. Икки кеча деярли ухламади. Ярим тунда ҳам, саҳар паллада ҳам унинг оқ ўтовидан кучли овоз ва катта ихлос билан ёдаки қироат қилинаётган қуръон товуши эшитилиб турди. Шайбонийхон жойнамоз устида саждага бош қўйиб, худога муножот қилар, кўзларига ёш олиб «Шарманда қилма парвардигор!» деб пичирларди.
Жангдовуллар азон палла Бобур қўшинининг шошилинч сафланаётганини ва туғ тикаётганини айтиб келган заҳоти Шайбонийхон ҳам бор аскарларини оёққа турғизди. Чавкар отда сафларни айланиб чиқди.
— Шунқорларим! — деб жарангли овоз билан қўшинга мурожаат қилди. — Бу атрофда бизнинг худодан бўлак суянчиғимиз йўқ. Ота юртимиз узоқ, енгилсак етолмаймиз. Бирдан-бир нажот — енгиш! Менинг парвардигордан умидим катта. Тушимда аён бўлди— насиб қилса, ғалаба бизники!
— Иншоолло! — деди ўнлаб овоз бирдан.
Шайбонийхон қуръондан қисқа бир сурани оҳангдор товуш билан таъсирли қилиб ўқиди-ю, диний раҳбарларга хос сирли ва салобатли тарзда фатво берди:
— Омин, оллоҳу акбар!
Минглаб одам бирдан:
— Оллоҳу акбар! — деб такбир туширганда осмон титраб кетгандай бўлди. Шайбонийхоннинг валийлигига ишонадиган, унинг фатвосидан руҳланган қўшин аввалдан ўйланган аниқ режа билан ёв томонга йўналди.
Узоқ машқлар бекор кетмаган эди. Хоннинг қўшини гўё бир тан-бир жон бўлиб ҳаракат қилар, худди таранг тортилган ёйдай ўртаси хиёл олдинга чиқиб борар эди.
Чап томон дарё. Шайбонийхон қўшинини ўнг томондаги кенгликлардан дарё томонга қиялатиб йўналтирди. Чунки дарё томон нишаброқ эди, бугун шамол ҳам жанубдан эсмоқда эди. Йўл нишаб бўлса-ю, шамол орқадан эсса, чопқир отлар янада тезроқ учиши мумкин. Шайбонийхон бугун қўлламоқчи бўлган тўлғама усули — яшин тезлигида ҳаракатланишни талаб қилади.
Шунинг учун у отларнинг чопқирини аввалдан танлаб қўйган, бугун эса шамолнинг йўналишию ернинг нишаблигини ҳам ҳисобга олган эди.
Шайбонийхон қўшинининг жанубдан қиялаб яқинлашаётганини кўрган Бобур қўшини ёв билан юзма-юз тўқнашиш учун ўнг қанотини олдинроқ чиқариб, дарёга орқа ўгирдию, жанубга томон бурила бошлади. Орада икки-уч чақиримча масофа қолганда Шайбонийхон хос навкалари, ичкилари ва туғбардори билан бирга баланд бир тепаликда тўхтади. Бобур ҳам шунақа бир тепаликда отлиқ турар, унинг орқасидаги дарёнинг суви эрталабки қуёш нуридан товланиб кўринарди. Бобурнинг қўшинлари орасида тўра* кўтарган, дас-таси узун найзалар ва ойболталар билан қуролланган пиёдалар ҳам кўп эди. Агар отлиқлар уларга тўғридан рўпара бўлса узун найзалар отга ёки отлиққа санчилади. Шайбонийхон пиёдаларнинг марказда келаётганини кўриб, ўзининг қўшинига ёв марказини очиқ қолдиришни, ёвнинг икки қанотини айланиб ўтиб, икки биқинидан ва орқадан зарба беришни буюрган эди.
Ўнг қанотдаги Маҳмуд Султон, Жонибек Султон ва Темур Султон хоннинг буйруғига амал қилишиб, ёвга бир чақирим қолганда отларини тўсатдан ўнг томонга буришди ва Бобур қўшинининг чап қанотини айланиб ўта бошлашди. Шайбонийхон қўшинининг чап қанотидаги машҳур лашкарбошилар Ҳамза Султон ва Мадҳи Султон ҳам марказга тегмай, Бобурнинг ўнг қанотини айланиб ўтмоқда эдилар.
Eнг зўр кучларини марказга қўйган Бобур аввал тузган режасини шошилинч равишда ўзгартира бошлади. Бобур марказга қўйган қўшиннинг бир қисми ўнг қанотга қўшилиб, Шайбонийхоннинг чап қанотига ташланди.
Тўлғаманинг бир қалтис жойи шунда эдики, марказга тегмай ўтган икки қанот бир-биридан ажралиб қолиши мумкин эди. Ёв уларни иккига бўлиб ташлаши, сўнг орқадан ҳужум қилиб тўлғама ишлатмоқчи бўлганларнинг ўзларини тўлғаб, қуршаб олиши мумкин эди. Ҳозир Шайбонийхон қўшинининг чап қаноти худди мана шу аҳволга туша бошлади.
Аммо ана шу ерда энг югурик отларнинг танлангани иш берди. Бобурнинг отлиқлари олдиндан қирқиб чиқишга улгурмадилар. Маҳмуд Султон бошлиқ уч-тўрт юз чавандоз ёв қўшинининг орқасига ўтиб олишга муваффақ бўлди. Ўнг қанотдан Ҳамза Султоннинг икки юз отлиғи ҳам чопқир отларда ёвни айланиб ўтиб келиб, Маҳмуд Султоннинг йигитларига қўшилди. Бобур қўшини кутилмаганда ҳам икки ёндан, ҳам орқадан зарба еб, эсанкираб қолди. Жон аччиғида бақираётган, қилич ва ўқ зарбидан йиқилаётган, оёқ остида мажақланиб чинқирган ваҳимали овозлар, тиғ, найза зарбалари, «Урҳо, ур!» деган нидолар отларни ҳам қутуртириб юборган эди. Бобур қўшинининг дастлабки ясоғи бузилиб кетди, икки томоннинг отлиқлари аралаш-қуралаш бўлиб, пиёдаларнинг устига отда бостириб келди. Пиёдаларни энди ўз қўшинининг отлиқлари ҳам босиб-янчиб кета бошлади.
Очиқ қолган марказдан Бобур аскарларининг бир қисми аланга тилидай отилиб чиқди-ю, Шайбонийхон турган тепаликка ҳамла қилиб кела бошлади. Ўнг қанотдаги Темур Султон билан Жонибек Султоннинг йигитлари ҳали ҳам қуршовдан чиқолмас эди. Шайбонийхон томонга бостириб келаётган икки юздан кўпроқ отлиқнинг рафтори жуда ваҳимали эди. Кўпакбийнинг уч-тўрт юз йигити қирғин бўлаётган жойдан чиқиб, ёв отлиқларининг кети-дан тушди. Аммо орадаги масофа анча узоқ, Кўпакбий етиб келгунча беригилар Шайбонийхонни бутун ичкилари билан янчиб ўтиши мумкин эди. Буни сезган хоннинг ичкилари саросимага тушиб қолишди. Ювошгина от миниб чиққан мулла Абдураҳим:
— Ҳазрати имоми замон, вақт ўтди, бехатар жойга чекинайлик! — деди.
Шайбонийхоннинг рангида қон қолмаган. У ҳам бехатар жойга кетишни истарди. Аммо бу тепаликда у туғлар билан турибди. Агар пастга тушиб кетса-ю, аскарлари ўгирилиб қараб, уни ва туғларни кўрмаса, «Енгилибмиз!» — деб ўйлашади. Хоннинг чекиниши— енгилиш аломати бўлади. Шунинг учун Шайбонийхон титраб-қақшаб:
— Ўлим бор, чекиниш йўқ! — деб қичқирди. Сўнг у юз қадамча нарида турган хос навкарларига буюрди:
— Чиқ ҳамманг! Ана у келаётган отлиқларнинг йўлини тўс!
Бу хос навкарлар хоннинг энг сўнгги таянчи ҳисобланар, улар одатда енгилиб қочиш керак бўлганда хонни қўриқлаб олиб кетиш учун сақланар эди. Хон буйруқ бергандан кейин ёпирилиб келаётган нариги ёвнинг қаршисидан чиқиб, ёйлардан ўқ ота-ота уларга яқинлашдилар. Хос навкарлар наригиларга қараганда икки баробар оз бўлсалар ҳам дадил саваша бошладилар. Нарёқдан Кўпакбий ҳам уч-тўрт юз отлиғи билан етиб келди. Энди ёв илғорлари қуршовда қолди. Бир вақт шу қуршовни ўнтача отлиқ ёриб чиқди. Худди кўпкари пайтида улоқ талашиб тўсатдан томошабин устига бостириб келиб қоладиган улоқчиларга ўхшаб, Шайбонийхон турган тепаликка чиқиб борди. Мулозимлардан бир нечаси «гур» этиб орқага қочди. Аммо Шайбонийхон ўз навкарларининг қўли баланд келаётганини кўриб турар эди. Камонга ўқ ўрнатиб, тепани қиялаб қочиб ўтаётган ёв отлиқларига қараб отди. Ўқ ҳеч кимга тегмаган бўлса ҳам хон шахсан ўзи жангга қўл урганини кўрган навкарлар аввалгидан ҳам қаттиқроқ қичқиришиб, ёв илғорини битта қўймай қириб ташладилар.
Нарёқда ёв қўшинини ўраб, чулғаб, тўлғама усулини хон айтгандай амалга ошираётган султонлар мингга яқин йигитлари билан Бобур турган тепаликка етиб бордилар. Пиёдалар Бобурга иш бермай қўйди. Яқинда Тошкентдан келиб қўшилган мўғул отлиқлари Бобур-нинг жангни бой бераётганини сезишди-ю, ўлжасиз кетмаслик учун эгасиз қолган отларни жиловидан тутиб, етаклаб, жанг майдонидан чиқиб кета бошладилар. Баъзи мўғуллар эса ўзлари билан бир сафда жанг қилаётган андижонлик ва самарқандлик йигитларни эгарларидан ағдариб ташлаб, отларини ўлжа қилиб олиб қочишга тушдилар.
Бир вақт Шайбонийхон Бобурнинг ўн-ўн бешта ичкилари билан тепаликдан тушиб, дарё томонга қараб чекинаётганини кўриб қолди. Бу бир ҳийла эмасмикин, деб тикилиб қараса, Бобур тўлиб-тошиб оқаётган дарёга от солиб кирди. Қирғоқда қолган унинг бир неча юз навкарлари Бобур кетидан интилган ёвнинг йўлини девордай тўсиб олди. Бобур Самарқандга қараб қочаётганига энди астойдил ишонган Шайбонийхон қўлларини осмонга чўзиб, ҳаяжон билан:
— Худоё ўзингга шукр, ўзингга шукр! — деди. Аммо ёви енгилиб қочаётгани энди унга озлик қиладиган туюлди. Шу топда у ўз ғалабасининг яна бир даража баланд бўлишини истарди.
Шунинг учун ортда турган чопар томонга ўгирилди:

— Тез бориб шунқорларимга айт. Бобурнинг бошини кесиб келган одамга боши баробарлик
олтин бераман!
Чопар энди отининг жиловини бўшатиб жойидан силтаниб қўзғалганда Шайбонийхон:
— Тўхта! — деди. У мағлуб бўлган Бобурни асир олиб, тавбасига таянтирса, ғалабасининг шуҳрати яна бир даража ошишини сезди: — Шунқорларимга яна бир буй-руғимизни еткиз! Бобурни тирик тутиб келганга бўйи баробарлик олтин бераман! Ё тирик, ё ўлик, албатта, олиб келинглар!
Чопар тепаликдан от чоптириб тушиб кетаётганда Шайбонийхон кўзларининг нам эканини сезди. Ғалаба завқидан кўзига ёш келганини у энди пайқади-ю, кулимсираб, кафти билан кўз ёшини секин артиб қўйди.

___________________

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_____________
* Д а б у с и я — «Темир қўрғон» демакдир. Зиёвиддин деган жойда ҳозир бу қалъанинг харобалари бор.

* М а с о ф у р у ш — очиқ жойда юзма-юз олишиш.
* С а р и п у л — ҳозирги Каттақўрғон шаҳри яқинидаги бир қишлоқ.
* Т ў р а — қалқоннинг бир тури. Отлиқларнинг қалқонидан каттароқ бўлади.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“мусулмон” давлатлари халқлари—мусулмонларга       

МУРОЖААТНОМА!!       “Бисмиллоху рахмону рахим”, Деб бошлайман МУРОЖААТИМНИ.. Фарғонадан ёзяпман хатим, Нотинч қалбим бермай рохатни.. Азизларим, биродарларим, Мен ҳам Сиздай ...

Ой этак билан ёпилмас

4. ОЙ ЭТАК БИЛАН ЁПИЛМАС Чой тугалган эди. Отабек фотиҳа ўқуб, ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди. — Турма! Юсуфбек ҳожи тарафидан берилган амирона буйруғ Отабекни қайтадан ўлтуриб ...

«наво» куйи

11. «НАВО» КУЙИ Халқимиз таъбирича, бу замонлар «мусулмонобод» бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўя-турған ишлар ҳам йўқ эмас эди. Хон мусулмон, бек мусулмон, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400