От кишнаган оқшом (қисса) 14-қисм

14

Eрталаб таътилланиб, отландим. Лалми даштга йўл олдим.
Дашт бир-бирига улашиб кетган адирлар оралиғида бўлди. Кунботар қўнғир тусли қирлар бўлди. Дашт четлари йўғон-йўғон тутлар бўлди.
Кўпкари томошага келганлар шу тут шохларида, деворларда чумчуқдайин тизилиб ўтирди.
Теваракдаги адирларда тўда-тўда бўлиб ёнбошлаб ётди.
Адир бетларида чавандозлар отларини яланғочлади, отларини кўпкарига шайлади.
Мен ҳам адирнинг бир четини олдим. Тарлонни яланғочладим, ерга юмалатдим. Кейин эгар босдим.
Оёғимга пайтава ўрадим. Хуржундан кўпкари этигимни олиб кийдим. Этик баланд пошнали этик, таканинг терисидан бўлади. Тери тескариси ичига қаратиб тикилади. Тескариси ялтироқ, сирпанчиқ бўлади. Юзаси терининг ўнг тарафидир. Этикни мол чарвиси билан мойлаб тураман.
Шунда сув, қор, совуқ ўтмайди, йиртилмайди.
Бутлари бир қаричча йиртиқ чолворимни кийдим. Чолворимни атайин йиртиб қўйибман.
Бўлмаса, кўпкарида бутимга бирон нима илашади, чолворимни оғигача айириб юборади.
Телпагим қулоғини туширдим. Узангига оёқ илиб, эгар қошидан олдим. Даштга қараб эндим.
Чавандозлар теваракни айланиб чопди. Чавандозлар отларини пишитди.
Одамлар қишлоқ тарафга қаради.
— Ана, улоқ келаяпти! — деди.
Қишлоқдан икки отлиқ келди. Бирови олдида қора улоқ. Ўнгариб олди. Отлиқ улоқни олдимизга олиб келиб ташлади.
Чавандозлар улоқни отларига искатди. Улоқ ёнверини, теварагини айлантириб кўрсатди.
Отлар тўп бўлди.
Юзлари тандирдан энди узилган нондай қизил, мўйловли бир одам улоқ бошига келди.
Ана шу мўйлов баковул бўлди. Қамчи сопини боши узра кўтарди. Жарангдор овозда айтди.
— Чавандозлар-ов! Гапимни ўнг қулоғинг билан-да, чап қулоғинг билан-да, эшитиб ол! Чилвир солма — бир! Бир-бировингни ёмон гап билан сўкма — икки! Қамчи солма — уч! Йиқилган чавандоз устига от солма — тўрт! От қочганда ушлашга ёрдам бер — беш! Ол, ҳа-ол!

Баковул шундай деди-да, ўзи тўдадан четга чопиб чиқди. Тўдани айланиб чопиб, жар солди:
— Биринчи зотига бир рўмол, ўн сўм пули бор! Эшитмадим деманглар!
Чавандозлар тўдага от солди. Отларини қимти-ди, отларини тиззалари билан ниқтади, отларини қамчилади, отларини улоққа ҳайдади.
Улоқ сонсиз от туёқлари орасида қолди.
Қўллар улоққа талпинди, аммо ололмади.
— Ҳа-ҳа-ҳа!
— Чу-чу-чу!
— Бос-бос-бос!
Талпинишлар самара бермади. Улоқ ердан қўзғолмади. Ўзини улоққа ураётганлар ўзи-да, отлари-да ғарқ терга ботди. Чавандозлар дастлабки шаштидан қайтди, отлар шаштидан қайтди. Айрим чавандозлар тўда четига чиқди, пешоналарини артди, томошагўй бўлди.
Eнди, тўда теварагида юрган чавандозлар ўзини улоққа урди.
Мен Тарлон боши узра қамчи ҳаволатдим. Тарлонни қимтиб-қимтиб, тўдага ҳайдадим. Тарлон отлар сиқувида туртиниб-буртиниб улоққа етиб келди. Улоқни бир айланиб тўхтади.
Мен қамчини сопидан тишлаб олдим. Ўзим улоққа узалдим. Энди кўтариб эдим, бир от туёғи босиб қолиб, улоқ қўлимдан тушиб кетди.
Тарлонни отлар тўдаси сурди. Тарлон қалқиб-қалқиб, улоқ нарёғига гандираклаб ўтди. Четга чиқиб қолди.
Тарлон шашти қайтмасин, руҳи тушмасин, дея бир чақиримча ерга чопиб бориб, чопиб келдим.
Гўё улоқни олиб чиқдим!


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-26

2 Аммо бу маъсуд дамлардан кейин келган кунлар, ойлар, ҳатто йиллар ломаконлик ва саргардонликда ўта бошлади. Соҳибқирон бобокалонидан сабоқ олиб яшашга аҳд қилган Бобур ...

Юлдузли тунлар-60

* * * Бўстонсаройнинг тиллакори қабулхонасида Амударё бўйидаги Урганч ва Қоракўл шаҳарларидан хушхабарлар билан келган бек ва аъёнлар шарафига зиёфат берилмоқда эди. ...

Дилмурод саййид шеърларидан намуналар

Баҳор гўзаллик билан бир қаторда шеърият фасли ҳамдир! Шеъриятга эътибор хамиша барқарор бўлган!!! Дунёнинг ташвишларидан толиққан дамда айнан ШЕЪРИЯТ руҳиятга қувват ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400