Юлдузли тунлар-37

8

Саратон ўтиб, асад ойи кирди. Самарқанд атрофидаги боғларда мевали дарахтларнинг шохлари етилган ҳосилдан эгилиб, ерга салом бера бошлади. Шаҳар ичида ҳам мевали дарахтлар, токлар жуда кўп, аммо улар ҳаммаси ҳозирданоқ шип-шийдам бўлиб қолган. Ҳали сарғаймаган кўм-кўк барглар орасида бирорта олма, бирорта шафтоли, бирор шингил узум қолмаган. Беш ойдан бери қамал азобини тортаётган шаҳар халқи бор меваларни пишар-пишмас еб тугатган. Қўрғоннинг ҳамма дарвозалари ёпиқ, шаҳар атрофини Шайбонийхоннинг қўшини қуршаб ётибди. Ичкаридан ҳам ҳеч кимни чиқармайди, ташқаридан ёрдам бермоқчи бўлганларнинг ҳам йўлини тўсади.


Улуғбек мадрасасининг баланд томи устидаги текис саҳнга Бобурнинг оқ ўтови ўрнатилган, бу ердан қўрғон деворлари, атроф маҳаллалар, шаҳар дарвозалари яхши кўринади. Бобур гоҳо оч одамларнинг том бўғотларига ин қурган мусичаларни овлаб юрганини кўради. Қанотли қушлар силласи қуриган очларга тутқич бермайди. Шаҳар ичида қушлар ейдиган дон-дун, овқат қолдиқлари ҳам топилмайди. Шунинг учун бу ердан қушлар ҳам ўзини олиб қочади. Гоҳо атроф кўчаларда бирор киши ит ёки мушук тутиб олса, очлар шуни ҳам талашиб, ғижиллашиб қолишади.
Мадрасанинг орқа томонида подшоҳнинг катта отхонаси бор. Илгари бу ерда саройнинг етмиш-саксонта оти боқилар эди. Ҳозир шулардан тўрттагинаси қолган. Бир қисми Сарипулда қўлдан кетди. Кўпчилиги сўйиб ейилди. Бироқ шу тўртта отга ҳам емиш топилмайди. Дон юзини кўрмаганларига бир ойдан ошди. Пичану бедалар аллақачон тугаган. Атрофдаги дарахтларнинг баргларини ҳам юлиб, қоқиб, от ва туяларга едиришган. Ҳозир баргсиз дарахтлар ёзда ҳам худди қишдагидай яланғочланиб, кўзга жуда хунук кўринади.
От-уловларга барг ҳам топилмай қолгандан кейин дарахтларнинг қуриган ёғочларини рандалаб берадиган бўлишган.
Бобур отхона ҳовлисида ёғоч рандалаётган Тоҳирни кўрди. Сарипулда бу йигит Бобурнинг хос навкарлари орасида эди, дарёдан ўтишда ҳам, кейин ҳам жонбозлик кўрсатган эди. Бобур яқинда унинг уйланиш тарихини эшитди. Шунча азоблар билан қайта топиб олган хотини очарчиликда нобуд бўлиб кетмасин деб, Робияни онаси Қутлуғ Нигор хонимга каниз қилиб қўйди.
Тоҳир майда қилиб рандалаган ёғочни сарғиш мўйловли Мамат сувга ивитиб юмшатмоқда эди. Шундай қилинмаса уни от еёлмас эди.
Сарипул жангига Мамат ҳам навкар бўлиб қатнашган эди. Ўша қирғиндан эсон-омон қайтган бу йигит ўтган ҳафта қўрғон ташқарисига мева ўғирлашга чиқиб, бир қулоғидан ажралиб қайтди. Қўрғон деворидан бўй чўзиб, ташқарига қараган очлар ташқи боғларда пишиб, шохларда тиралиб турган, ерларга тўкилиб ётган олмалар, ноклар, шафтолиларни кўриб чидаб туролмас эди. Кечаси эл ухлаганда Мамат уч-тўртта эски косиб ошналари билан қалъа девори тагидаги обмўридан ташқарига чиқади. Чоҳдан ҳам бир амаллаб ўтиб пишган мевалардан тўйганича ейишади. Кейин қўлларидаги халта ва хуржунларни ҳам мевага тўлдиришади, аммо қўрғонга томон қайтаётганларида шафқатсиз Кўпакбийнинг йигитлари уларни тутиб олишади. Мамат ҳам ўзини косиб деб танитди. Агар «Бобурнинг навкариман» деса тирик қолмас эди. Кўпакбий «мева ўғирлагиси келганларга ибрат бўлсин», деб тутилганлардан учтасининг бурнини, иккитасини қулоғини кестиради-ю, қўйиб юборади. Бир сиқим мева учун қилинган бу ваҳшийлик туфайли Мамат энди ёзда ҳам телпагини кесик қулоғидан пастгача бостириб киядиган бўлган. Баъзида у ўзига-ўзи тасалли беради:
— Қўлоқни-ку, жаширса бўлади, бурним кесилса нима қилар эдим?
Бобур кўчадан ўтаётиб гоҳо бурни кесилган бечораларни ҳам кўриб қолади.
У бир вақтлар ўзи Самарқандни етти ой қамал қилиб ётганда одамларнинг бошига қанчалик оғир кулфатлар тушганини мана энди чинакам биляпти. Ўша очарчиликда саҳҳофлик растасига борганларида ўғли кунжара еб шишиб ўлган, ўзи жинни бўлиб қолган бир кампир худони қарғаб, «Илоҳим ўзи ҳам шу кўйга тушсин!» — деганини Бобур энди қасоскор тақдирнинг ҳукмидек эслайди…
Камбағаллар кулбасидан бошланган очлик аста-секин навкарлар, беклар қароргоҳига ҳам, подшоҳ саройига ҳам ўрмалаб келди. Мана, ўн кундирки, Бобур нон юзини кўрмайди. Ун аллақачон тугаган, унга олтин-кумуш идишларда эрталаб бир сиқим майиз билан чой, кечқурун туя гўштидан пиширилган бир коса шўрва ёки уч-тўрт туюр кабоб берадилар. Бобур олтинлари ялтираган шоҳона идиш-товоқларга термилиб қарайди-ю, ҳозир шуларнинг ҳаммасидан бир парча нонни афзал кўради. Лекин нон олтинга ҳам топилмайди.
Ойиша бегимнинг олти ойлик эмизикли қизчаси биғиллаб йиғлайди. Чунки озиб, мадордан кетиб қолган Ойиша бегимнинг сийнасидан сут келмайди. Яқинда бола кўрган бошқа бир онани топиб, Фахринисони беш-ўн кун эмиздирган эдилар, фалокат юз берди, у она вабога учраган хонадондан экан. Даҳшатли касаллик Фахринисога юқди-ю, икки кун ичида бола мумдай эриб жон берди.
Бобур кафанга ўралган гўдакни янги қазилган қабр олдигача кўтариб борар экан, унинг буришган юзчасига юзини босиб йиғлаб юборди: «Майли, шу вабо менга ҳам юқсину бу азоблардан биратўла халос бўлай!» — деган аламли ўй билан гўдакнинг совуқ лабларидан ўпди.
Ғалаба кунлари дунёга келиб Фахринисо номини олган қизчани қабрга қўйиб, устига тупроқ тортганларида Бобур бир лаҳза ўзини унинг ўрнида кўрди, ҳали тирик бўлса ҳам ҳаётининг бир бўлаги, аввалги зафарларию қувончлари билан бирга умрбод тупроқ тагида қолганини бутун вужуди билан ҳис қилди.
Ичкарида Бобур кулфат чекиб ғам-ғуссага ботган сари ташқарида унинг душманлари тантана қилишмоқда эди. Бобур Ҳиротдаги амакиси Ҳусайн Бойқародан, Тошкентдаги тоғаси Маҳмудхондан беш ой давомида ёрдам кутди, келмади. Энди келмаслиги аниқ. Шуни пайқаган Шайбонийхон ҳар куни кечаси дарвозалар ташқарисида нақора чалдиради, карнай-сурнайлар билан шаҳар аҳлини уйғотади. Сўнг хон жарчилари қўрғон ташқарисидаги кўтармаларга чиқиб, шаҳардагиларни хон томонига ўтишга чорлайди, оч одамларга турли ноз-неъматлар ваъда қилади. Бобур энди урушни бой берганини сезган бек ва навкарлар деворлардан ошиб тушиб, сув мўриларидан ўтиб, қамал балосидан қочади.
Бир кун кечаси Бобурни қўриқлаб юрадиган қўрчи беги ҳам қалъадан яширинча чиқиб қочди.
Хос қўриқчилар орасида Тоҳир бор эди. Эртаси куни кечаси Бобур уни ўз ҳузурига чақириб олди.
Тоҳир озиб кетганидан елкалари пучайиб қолган, кўзлари ичига ўприлиб тушган. Юзидаги чандиғи эса бўртиб, гўё аввалгидан хийла катта бўлиб кетган.
— Тоҳирбек, — деди Бобур, — Амир Темур мақбарасининг ҳошиясига араб тилида бир ҳикмат битилмишдир. Бу ҳикматда «Жаҳон сендан юз ўгирмасдан олдин сен жаҳондан кўнгил уза билгин» дейилмишдир. Мен энди жаҳондан кўнгил узмоқчимен. Вабо мени олиб кетса, балки тез қутулар эдим. Лекин мени вабо ҳам четлаб ўтди…
— Худо сақласин, амирзодам! Бизнинг суянган тоғимиз ўзингизсиз!
— Суянган тоғингиз ҳозир ер билан яксон бўлмишдир, Тоҳирбек! Кеча бир байт битмишмен:

Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,
Тангри учун де, бу оламнинг сафоси қолдиму?!

Тоҳир шеърдан таъсирланиб:
— Рост, ҳозирги кунларимизда сафо қолмади, амирзодам! — деди. — Лекин ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Шукр, ҳали танда жон, белда шамширимиз бор!
Бобур ўйланиб турди-ю:
— Энди сўнгги илинж ёғий илкига тирик тушмаслик! — деди. — Бор кучларни тўплаб, қулай бир пайтда қалъадан чиқайлигу ёғий ҳалқасига ҳамла қилайлик! Кунимиз битмаган бўлса ёриб ўтурмиз, битган бўлса қилич билан жон берурмиз!..
— Худо хоҳласа ёриб ўтурмиз, амирзодам!
— Бу сирни ҳозирча фақат Қосимбек билур, сиз ҳам сир сақланг, тайёрлик кўринг!
— Жоним билан!
Тоҳир ўша куни кечаси Қосимбекка учрашди. Икковлари қалъа деворининг хокрезлари орқали ташқарини кузатиб, ёвнинг асосий кучлари Оҳанин, Феруза ва Чорраҳа дарвозалари томонда жойлашганини, Шайх-зода дарвозасининг атрофларида эса ёв ҳалқаси заифроқ эканини аниқладилар. Навкарлар ва отлиқларнинг энг бақувватларини танлаб, уларни ҳамлага тайёрлай бошладилар.
Бобур Бўстонсаройда хонайи хосда китоблари ва қоғозларини кўздан кечириб, уларнинг энг кераклиларини олиб кетмоқчи бўлиб саралаётганда эшикдан Қутлуғ Нигор хоним, Эсон давлат бегим ва Қосимбек кириб келишди. Важоҳатларидан фавқулодда бир гап бўлган.

* * *

— Амирзодам, — деб Бобурнинг бувиси, сўнгги йилларда анча букчайиб қолган Эсон Давлат бегим гап бошлади: — Шайбонийхон сулҳ таклиф қилиб одам юбормиш!
Сулҳ сўзи Бобурнинг қулоғига нажот оҳангидай эшитилди. Аммо нажотни ҳеч қачон Шайбонийхондан кутмаганлиги учун қулоқларига ишонмай, кўзларини бувиси билан онаси-га тикди. Қутлуғ Нигор хоним негадир қаттиқ изтиробга тушган. Эсон Давлат бегимнинг қўлида зарҳал ҳошияли қоғоз. Кампир алланарсадан хижолат чеккандай бўлиб:
— Хоннинг номаси, — деди-да, қўлидаги қоғозга истар-истамас қараб қўйди.
Хоннинг номаси нега энг аввал бувисининг қўлига келиб тушганидан Бобурнинг таажжуби ошди:
— Номани ким келтирди?
— Нуфузли бир дарвиш. Нақшбандийлардан. Раҳматлик Хўжа Яҳёга қўл берган мўйсафид экан.
Бобур онасига қаради:
— Сизга келтириб бердими?
— Йўқ, — деб Қутлуғ Нигор хоним маъюс бош чайқади.
Эсон Давлат бегим номани Бобурга узатар экан, уялинқираб қўшиб қўйди:
— Аслида бу нома Хонзода бегимнинг номларига келмишдир.
— Ажабо! — деб Бобур хатни жирканиброқ қўлига олди.
— Амирзодам, — деди бувиси, — сизга айтишга ҳам уялурмен… Шайбонийхон Хонзода бегимнинг таърифларини эшитиб ғойибона дард чекармиш. Номасида бир пора шеър ҳам бор. Бобур Шайбонийхоннинг бу йил эллик ёшга кирганини, ўғилларини аллақачон уйлантириб, неваралик ҳам бўлганини билар эди. Заҳарханда билан номани очар экан, энг аввал шеърий сатрларга кўзи тушди:

«Сифатингни эшитиб зор ўлдим,
Ишқинг илкига гирифтор ўлдим».

Бобурнинг ғаши келиб, номани гилам устига отди:
— Бу хон бултур Султон Али мирзонинг онаси Зуҳра бегимга ғойибона ошиқ бўлиб нома юборганини нечун унутдиларингиз? Наҳотки, ишониб бўлса?!
Қутлуғ Нигор хоним уҳ тортди. Эсон Давлат бегим эса иложи борича совуққонлик билан гапира бошлади:
— Амирзодам, бошқа вақт бўлса душманингизнинг бу номасини ўқишга ҳам ҳазар қилур эдик.
Лекин ҳозир жонимиз қил устида. Мен-ку, ёшимни яшаб, ошимни ошаганмен, беш кун олдинми, кейинми, бари бир кетурмен. Лекин сиз фарзандимнинг ёлғиз ўғли, кўзимизнинг оқу қораси…
— Мен ҳам тақдиримда борини кўрурмен. Насиб қилса ёв ҳалқасини ёриб чиқурмиз!
Бобурнинг қалтис қарорини Қутлуғ Нигор хоним Қосимбекдан эшитган экан шекилли, таҳлика тўла товуш билан гапирди:
— Тақдир деб ўзингизни ўтга ташламанг, амирзодам! Бизни ҳам ўйланг! Сиз ёв тиғига ўзингизни урсангиз, биз не қилурмиз? Умр йўлдошингиз Ойиша бегим не қилур?
Бобур бундай хатарли жангга аёлларни олиб чиқиб бўлмаслигини энди ўйлади-ю, онасининг сўзларига жавоб тополмай қолди. Бир лаҳзалик сукутдан сўнг Эсон Давлат бегим гилам устида ётган номага ишора қилиб, истеҳзоли кулимсиради:
— Бунинг келганига икки кун бўлди. Мени билурсиз, амирзодам. Кўп балоларни кўриб пишган тадбиркор кампирмен. Нома келтирган дарвишни гапга солдим. Шубҳаларимизни айтдим. Дарвиш қасам ичди. «Хон астойдил сулҳ тузмоқчи», деб бир талай далил келтирди. Бари-бир ишонмадим. «Бўлмаса вакил юборинг, хон ўз ниятини қўлида қуръон билан тасдиқласин!» — деди. Биз буни сизга айтишдан олдин ўзимиз тафтиш қилмоқчи бўлдик. Раҳматлик Хўжа Яҳёга қўл берган ҳалолу покиза бир мўйсафид бор эди. Ўшани дарвиш билан бирга хон ўрдусига чиқардик. Бугун эрталаб қайтиб келди. Хон барча султонларнинг олдида қўлига қуръон олиб айтибдир: «Шунча қон тўкилгани етар, энди Хонзода бегим ро-зи бўлсинлар, иниларига, оналарига, бошқа одамларига тегмаймиз, қалъадан бехавотир чиқиб кетсунлар», дебди. Катта тўй-томоша билан уйланмоқчи эмиш. Самарқанд халқига ҳам авфи умумий бермоқчи эмиш! Бир қанча мўйсафидлар буни эшитиб, биздан илтимос қилдилар. Начора?
Бобур чаккаларини икки қўли билан қисиб, бир лаҳза жим турди-ю, сўнг бирдан алами келиб гапирди.
— Гулдай Хонзода бегим неваралик хоннинг ҳарамида… Йўқ, йўқ! Бу инсофсизлик!
— Амирзодам, — деб энди Қосимбек гапга аралашди. — Шу кетишда Шайбонийхон Самарқандни барибир олур. Ўшанда зўрлик билан бўлса ҳам ўз ниятига етур.
Бобур онасидан ҳимоя кутиб, Қутлуғ Нигор хонимга юзланди:
— Онажон, Хонзода бегим ҳам сизнинг суюкли фарзандингиз-ку. Шундай жигарбандимизни қайси виждон билан ўтга солурмиз?!
Ўзи зўрға турган Қутлуғ Нигор хоним ўғлининг бу гапидан куюниб йиғлай бошлади:
— Худо менинг бошимга бу қора кунларни солгунча жонимни олса бўлмасмиди?! Хонзода бегим — менинг тўнғичим! Ёлғизлигимни билдирмай юрган сирдошим, меҳрибоним! Мен ундан қандоқ айрилгаймен, э, парвардигор? Мен шундай қизимни ёғий панжасига қандай топширурмен?!
Eсон Давлат бегим қизининг елкасидан силаб, унинг изтиробини босишга тиришар экан:
— Ўзингизни босинг, болам! — деди. — Сиздан кўра қизингиз ақллироқ. Хонзода бегим ҳамма нарсани тушунди. Мушкилотларга фаҳми етди. Йиғлаб-сиқтаб, ахири кўнди.
Бобур ҳанг-манг бўлиб Қосимбекка юзланди:

— Наҳотки шу гап рост? Хонзода бегим рози бўлдиларми?
— Ҳа, амирзодам!
— Ишонмаймен! — деди Бобур. Сўнг кафтини кафтига асабий уриб савдарбошини чақирди-ю:
— Хонзода бегимни чорланг! — деб буюрди. Кейин онаси, бувиси ва Қосимбекка қарата деди:
— Мени маъзур тутингиз, бегим билан яккама-якка сўзлашмоқчимен.
Учовлари индамай чиқиб кетишди. Анчадан кейин яшил кабо кийган Хонзода бегим эшикдан мотамсаро бир алфозда секин кириб келди.
Бобур уни қаршисига ўтқазиб, бир лаҳза юзига тикилиб турди. Илгариги гулгун ёноқлар энди сарғайиб ичига ботган. Лаблар сўлғин. Фақат йирик-йирик кўзларида қандайдир қатъият аломати бор.
— Бегим, сиз… Шайбонийхон таклифига ризолик берган эмишсиз. Шу ростми?
— Ризо бўлмай не иложим бор?
— Менинг мағлубиятим сизни иложсиз қолдиргани рост. Лекин инингиз ҳали тирик. Мен асир тушмоқчи эмасмен. Бир ўлим бўлса, ҳаммавақт бор. Ажал етмаган бўлса, сизларни олиб чиқиб кетурмиз. Куним битган бўлса, илкимда қилич билан жон берурмен. Ана ундан кейин ризолик берсангиз майли. Унда ҳеч ким: «Ўзи омон қолиб эгачисини қурбон қилди», деёлмас. Менга бундай маломатдан ўлим афзал. Ризо бўлманг!
Хонзода бегимнинг кўзига ёш қуюлиб келди. У Бобурни ёв ҳалқасини жанг билан ёриб чиқиб кетолмаслигини биларди. Бобур бир ўлимни астойдил бўйнига олиб шундай деганини сезарди. У Бобурни мана шу мардлиги ва довюраклиги учун ҳам жонидан ортиқ кўрар, ўзини ёв қўлига тутқазиб, укасини нақд ўлимдан олиб қолишни истарди.
Лекин у ўзининг бу ниятини Бобурдан яширишга мажбур эди. Чунки Бобур, ҳозир ўзи айтгандай, опасини қурбон қилиб қутулиб кетиш маломатидан ўлимни афзал кўрарди. Агар у Хонзода бегимнинг асл ниятини билиб қолса, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам опасини ниятидан қайтаради. Ундан кейин нажот йўли бутунлай бекилади!
— Бобуржон, сиз мени деб бевақт ўлимни бўйнингизга олманг. Мен сизнинг улуғ истиқболингизга ишонурмен. Сиздек нодир истеъдодлар дунёга кам келишини бошқалар билмаса ҳам мен билурмен. Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Тақдирингизни толеи паст эгачингизнинг тақдири билан тенглаштирманг!
— Нечун бундай дейсиз? Ҳаммамиз ҳам бу ўткинчи дунёга меҳмонмиз! Сиз билан мен бир онанинг фарзандларимиз!
— Лекин мен қиз туғилганмен, фарқимиз шунда! Ёшим йигирма бешга кирди-ю, ҳамон ёлғизмен. Мен кўнгил қўйган одамни тақдир менга раво кўрмади! Омадингиз келиб, Шайбонийхонни енгганингизда, балки менинг орзуларим ҳам рўёбга чиқур эди! Ўшанда балки менинг ҳам бахтим очилармиди? Йўқ ҳамма умидларим тарихнинг ғилдираги тагида янчилди!
Қачонгача даргоҳингизда қари қиз бўлиб юргаймен, иззатимни билишим керак!
— Наҳотки, сиз неваралик чолни ўзингизга муносиб кўрсангиз?
— Муносибимни топишдан умидим узилган! Энди кексами, ёшми менга барибир!
— Бир вақтлар Ўшда сиз менга нелар деган эдингиз? «Кўнглингизга ишонинг», демаган эдингизми? Наҳотки, сизнинг кўнглингиз шу бераҳм хонга мойил бўлса? Бултур бу одам Зуҳра бегимга қанчалик ноинсофлик қилганини бир эсланг. Наҳотки, сиз шундай одам туфайли биздан ажралиб кетмоқчи бўлсангиз?!
Хонзода бегим ўкириб йиғлаб юборди:
— Не қилай?! Бошқа нажот йўқ! Йўқ!!!
— Бир онадан туғилганмиз, энди тақдиримизда неки бўлса бирга кўрурмиз! Биздан ажралманг! Тунда ёв ҳалқасига ҳамла қилурмиз! Тайёр туринг!
Хонзода бегим ҳам яна эркакча кийиниб, укаси билан жангга киришни бутун вужуди билан истарди. Ҳозир унга ҳам душман асоратидан кўра қўлида қурол билан ўлиш афзал туюларди.
Хонзода бегим тўсатдан шу туйғуга берилиб:

— Қачон? — деб сўради.
Бобур овозини пасайтириб:
— Шу бугун кечаси! — деди.
Хонзода бегим бугун кечаси суюкли укасининг ёв қуршовида ҳалок бўлиши муқаррарлигини гўё олдиндан сезди-ю, сесканиб ўрнидан турди:
— Бугун эмас! Йўқ, йўқ!
Бобур ҳам ўрнидан турди:
— Бегим, менинг иниларча айтган сўзим инобатга ўтмаса, буни подшоҳлик фармони деб билинг!
Хонзода бегим индамай Бобурга яқинлашди. Юзини укасининг кўкрагига босиб, елкалари силкина-силкина ўртаниб йиғлади. Шу тарзда у Бобур билан сўзсиз видолашди-ю, кейин гўё унинг фармонига бўйсунгандай бош эгиб, чиқиб кетди.

* * *

Ярим тунда Бобур, Қосимбек, Қутлуғ Нигор хоним, Ойиша бегим, Тоҳир хотини Робия билан бирга, яна ўттиз-қирқта бек ва навкарлар Шайхзода дарвозасига йиғилдилар. Бироқ уларнинг орасида Хонзода бегим йўқ. Бобур Хонзода бегимни бирга олиб чиқишни онаси-га топширган эди.
Қутлуғ Нигор хоним йиғлайвериб овозини олдириб қўйган. Унинг ҳазин товуш билан берган узуқ-юлуқ изоҳидан Бобур шуни билдики, Хонзода бегим бувиси билан бирга Чорраҳа дарвозасига қараб кетган. Шайбонийхоннинг қароргоҳи ўша томонда. Наҳотки Хонзода бегим ўша ниятидан қайтмаган?
Бобур орқароқда турган навкарларига ўгирилди-ю, кўзи Тоҳирга тушди:
— Тез чорраҳа дарвозасига боринг! Хонзода бегимни топиб, менинг буйруғимни етказинг! Дарҳол бу ёққа етиб келсинлар! Бегим келмагунларича биз қўзғолмаймиз! Шуни бориб айтинг!
— Амирзодам!.. — деб Қосимбек Бобурга эътироз қилмоқчи бўлган эди. Бобур унга қулоқ солмай яна Тоҳирга буюрди:
— Тезроқ боринг!
Шиддат билан чопаётган отнинг тақалари тошларга қарсиллаб урилиб, кўчаларнинг тунги сукутини бузиб ўтди. Тоҳир Чорраҳа дарвозасига етиб борганда Хонзода бегим тушган маҳофа машъал кўтарган отлиқлар қуршовида қўрғондан чиқиб кетмоқда эди.
Кўпдан бери давом этаётган қамал ёв қўшинини ҳам толиқтирган, ҳамма уруш тугашини сабрсизлик билан кутар, агар Бобурнинг опаси хоннинг шартини қабул қилса, сулҳ тузилишини кўп одам билар эди. Энди шаҳардан машъалалар ёқиб, дарвозани очиб чиққан шоҳона маҳофа ва унинг ичида ўтирган Хонзода бегим хон қўшинига тинчлик аломати бўлиб кўринди-ю, ҳаммани уйғотиб юборди. Сулҳ келтираётган малика шарафига нақоралар ва карнай-сурнайлар чалинди.
Маҳофа атрофига мўри-малаҳдай қўшин тўпланиб бораётганини Тоҳир очиқ дарвоза орқали кўрди-ю, отини тез орқага бурди. Шайхзода дарвозаси олдига учиб бориб, ҳамма кўрганларини Бобурга айтиб берди.
Шодликка тўлиб янграётган нақора садолари, карнайнинг «ваҳ-ваҳа-ҳу-у»си, сурнай навоси бу ерларга ҳам эшитилмоқда эди. Бобурнинг назарида, Хонзода бегим қари қиз бўлишдан қўрқиб ва укаси даргоҳида тортган кулфатларидан безиб, Шайбонийхон ҳузурига роҳат-фароғат излаб кетган эди.
— Дунёда садоқат йўқ экан! — деди у алам билан ва отининг жиловини силтади: — Дарвозани очинг!
Дарвоза секин очилди. Чоҳ кўприги туширилди. Олти ойдан бери қўрғондан чиқмаган бир даста отлиғу пиёда одамлар қоронғи тунда юракларини ҳовучлаб, чоҳ кўпригидан ўтдилар.

Атроф таҳликага тўла. Гўё ҳар дарахт ортида бир ўлим кутиб турибди. Йўлларда ёв жангдовуллари учраб қолишидан хавотирланиб, йўлсиз жойлардан юрдилар, чуқур ариқлардан ўтдилар. Лекин бирор жойда ёвга дуч келмадилар.
Самарқанд қўрғонига ўралиб, унинг олти дарвозасини олти бошли аждарҳодай қўриқлаб ётган ёв қўшинининг бутун диққат-еътибори хон қароргоҳидан келаётган карнай-сурнай товушига ва қалъадан гўё сулҳ тимсоли бўлиб чиққан маликага жалб бўлган эди. Хонзода бегим хоннинг шартини қабул қилгандан сўнг Бобурни таъқиб этмаслик ҳақида бутун қўшинга фармон берилган эди.
Хонзода бегим ҳамма балоларга ўзини тутиб бериб укасини ёв қуршовидан халос қилганини Бобур билмаса ҳам Қутлуғ Нигор хоним яхши билар эди. Узоқдаги нақора ва карнай-сурнайлар тўй шодиёнасини эслатувчи қувноқ куйлар чалган сари Қутлуғ Нигор хонимнинг юраги қон бўлиб, кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ҳукмнома

19. ҲУКМНОМА Ўткир, қонсираған ханжарини белига осиб, ойболтасини кўтарган жаллод қушбегининг ҳукмига мунтазир эди. Қушбегининг ўнг томонида қўрбошидан тортиб шаҳар ...

Мeҳробдан чаён-қизиқлар

Зокир-гов хонға қуллиқ қилди ва икки-уч қадам бордон томонға юриб, бутун товши билан чақирди: — Баҳромбой! Ҳов, Баҳромбой!!! Бордон  ичидан  бир  оёғида  кафш,  иккинчиси  ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-18

Ўн биринчи боб Улар югуриб боришар, шафқатсиз бир нигоҳ эса милтиқнинг мўлжал нуқтасидан мушкани уларнинг биридан иккинчиси, учинчисига тўғрилаб таъқиб этарди. Бу нигоҳ ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400