Юлдузли тунлар-41

4

Тоғдан тушиб келаётган Сўх сойи тошларга бош уриб шовуллайди. Бобур арчазор сўқмоқдан Ойнатоғ томонга кўтарилиб боради. Тоғларда кўп юриб ҳар қанча чиниққан бўлса ҳам, тик сўқмоқ йўлда ҳансираб қолади. Ойнатоққа етгунча икки-уч марта тўхтаб нафас ростлайди.


Табиат мўъжизаси бўлган бу тоғнинг силлиқ тошларида атроф худди ойнадаги каби аксланиб туради. Бобур бу тоққа чиққанда унинг сеҳрли ойнасида ўз тақдирини кўришга интилади.
Қачонгача тоғдан-тоққа ўтиб, чет қишлоқларда Шайбонийхон қиличидан жон сақларкан? Ана, яшил боғларга бурканган Сўх, Ҳушёр қишлоқлари. Булар ҳам чингизийлар ҳуружидан ҳимоя истаб, Бобурни уч юзтача навкари билан йил бўйи меҳмондай эъзозлаб юришибди. Босқинчиларнинг шум қадамлари ҳали бу ерларга етиб келган эмас. Улар Сирдарё бўйларида ва Андижон томонларида ўзаро урушлар билан банд. Бобур қуёшли кунда Ойнатоғ тепасига чиқиб, Қўқон томонларга оқиб кетаётган Сўх сойига тикилади. Бу сойнинг сувида тилларанг шуълалар ўйнайди. Айтишларича, Сўх сувининг таркибида олтин бор экан, шунинг учун бу сувни ичган одамнинг вужуди яйрайди. Наҳотки шу Ойнатоғ ҳам, шу тиллоли сой ҳам — ҳаммаси яна чингизийлар истилосига гирифтор бўлса?
Бобурнинг ортидаги қорли тоғлардан совуқ шамол эсади. Узоқдаги яшил водийларга осмондаги оқиш булутларнинг сояси тўшалиб ётади.
Ҳозир авжи баҳор, Фарғона водийси яшил либосда.
Уфқнинг ҳарир пардаси ортида — кўз илғамас узоқликларда Чотқол тоғларию Тошкент воҳаси бор. Жиззах ва Самарқандни, Марғилон ва Андижонни Бобур ҳозир гўё хаёл кўзи билан кўрди-ю, бир вақтлар шундай кенг дунёда бехавотир, эркин юрган пайтларини эслаб, юрагини армон тимдалади.
Ҳозир мана шу улкан ватанда унинг осуда яшайдиган макони, тайинли бир уйи йўқ. Ҳаммаси Танбал билан Шайбонийхоннинг қўлига ўтиб кетган. Эшик оға Шерим тоғойи Бобурни Хуросонга кетишга ундайди.
Бироқ Бобур кетса, ватанидан умрбод айрилиши мумкинлигини гўё олдиндан сезади. Илгари туғилган юртида бемалол юрганда унчалик билинмайдиган ватан туйғуси энди ватанидан айрилиш хавфи туғилганда унинг бутун вужудини қамраб олган. У мана шу ўлкани неча қайта у четидан-бу четигача кезиб чиққан, унинг ҳар бир чақиримига кўз нурини тўкиб, ёшлигини уруғдай сочиб ўтган. Унинг бутун умри, бутун борлиғи мана шу муаззам заминга илдиз отган. Энди бу илдизларнинг ҳаммасини қандай юлиб олиб кетади? Бунинг оғриғига қандай чидаш мумкин?
Аҳмад Танбал билан Шайбонийхон аввал бир-бири билан иттифоқ тузиб, ҳозир бир-бирининг пайини қирқишга тушган. Шу кунларда улар жанг қилаётганини Бобур аниқ билади. Зора бу иккаласи бир-бирининг бошини еса-ю, Бобурнинг бекилган йўллари очил-са…
Бобур шу умид билан Андижон томонга махсус одамлар юборган. У эртаю кеч шу одамларнинг хушхабар билан қайтишини кутади.
Лекин юборилган одамлар бир ярим ойдан бери қайтмаяпти. Нима бўлдийкин? Кутиш оғир. Кунлар бениҳоя секин ўтади. Бобур нима қилишини билмай тоғ ёналарини ёлғиз кезгани-кезган. Тадбиркор Қосимбек кетиб қолмаганда, балки ундан яхши бир маслаҳат чиқармиди? Жонкуяр сафдоши Нўён Кўкалдош ҳам йўқ — бултур Тошкентнинг жанубидаги Оҳангаронда бир номард уни баланд жардан ташлаб ўлдирган. Бир-биридан машъум хотиралар Бобурнинг хаёлида муттасил чарх уради. У интиҳосиз ғам-ғуссалар қуршовидан чиқиб кетишга интилиб, хаёлида шеър машқ қилиб кўрди. Аммо уни бу кўйларга солган даҳшатли воқеаларни қофияга солиб, оҳангдор қилиб айтишга хуши келмади.

* * *

Кечки пайт тоғларга туман тушди. Арчазор ёнида хаёл суриб юрган Бобур пастдаги водий йўлларини ҳам туман тўсиб қўйганини кўрди-ю, сой бўйига келди.
Қуюқ туман дунёни алланечук тор ва совуқ қилиб қўйди. Сўх сойининг юқори-пастлари ҳам кўздан йўқолди. Тезоқар тоғ дарёчасининг қаёқдан келиб, қаёққа кетаётгани энди фақат унинг тошларга урилиб шовуллашидан билинар эди, холос.
Бобурнинг ҳозирги қароргоҳи мана шу сойнинг яқинида — кенг бир сайҳонликда эди. Баландроқ бир жойда унинг қизил мовут чодири бор. Чодирнинг ўнг ёнида Қутлуғ Нигор хонимнинг саккиз бурчакли оқ ўтови турипти. Қолган йигирма-ўттизта ўтов ва чодирлар уларнинг нари-берисига ўрнатилган. Совуқ туман ичида чодир ва ўтовлар гўё бир-бирларидан узоқлашиб кетгандай ва ҳаммасини моғор босаётгандай кўринарди.
Бобур йўлида учраган одамларнинг таъзимларига индамай бош ирғаб ўтди-ю, Мамадали китобдорнинг ўтови томонга бурилди. Бу ерда Бобур доим ўз кўчи билан бирга олиб юрадиган китоблари сақланар эди. Беш-олти туяга юк бўладиган нодир китоблар қалин чарм қопланган махсус сандиқ ва қутиларга ёғин-сочин ўтмайдиган қилиб жойланган эди. Кексайиб қолган бўлса ҳам ҳамма сафарларда Бобур билан бирга юрадиган захил юзли эллик беш яшар Мамадали китобдор китобларни худди чақалоғини авайлайдиган онадай авайлаб-асрар эди. У Бобурга таъзим қилиб:
— Буюринг, амирзодам! — деди.
Бобур тарихий китоблардан бир-иккитасининг номини айтди.
Мамадали китобдор китобларга қўл уришдан олдин қўлини яхшилаб ювадиган одати бор эди.
— Сиз мунтазир бўлманг, қулингиз элтурмен!
Бобур ўтовдан чиқиб ўз чодирига кирди. Орадан анча вақт ўтганидан кейин Мамадали китобдор айтилган китобларни ипак матога ўраган ҳолда икки қўллаб кўтариб кирди-ю, тўрдаги миз устига секин қўйиб, орқаси билан юриб чиқиб кетди.
Бобур машҳур саркардалар ва шоҳларнинг ҳаётлари ҳақидаги тарихий китобларни варақлар экан, мураккаб жумлалар, жимжимадор ўхшатишлар, афсона ва ривоятлар орасидан чинакам бўлган ва одамни ишонтирадиган воқеаларни изларди. Лекин кўпчилик китобларда нуқул ғалабалар дабдабали услуб билан куйланарди.
Eҳтимол, ҳозир Шайбонийхон ҳақида ҳам мана шундай дабдабали китоблар ёзилаётгандир.
Бобур Биноийнинг яна Шайбонийхон томонига ўтиб кетганидан, Муҳаммад Солиҳ эса «Шайбонийнома» деган шеърий китоб ёзаётганидан хабардор эди. Улар Шайбонийхоннинг Бобур билан олишувларини қандай ёзишаркин? Мана бу китоблардаги каби ғолибни кўкларга кўтариб мақташса, Бобурга бўлмаган айбларни тақиб, уни ёмонлашса, кейин одамлар ҳақиқатни қаердан билади?
Бобур нуқул зафар тантаналарини куйлаган жангомаларни бир четга суриб қўйди. Сўнг ўрнидан туриб, ўзининг «Вақоиъ» деб аталган хотира дафтарларини сандиқдан олди.
Қизиқ: сўнгги марта дафтарга Бобур ўзининг Самарқандни Шайбонийхондан қандай тортиб олганини ёзгану кейин унга қўл урмаган эди. Демак, кейинги мағлубият ва саргардонликларни унинг ўзи ҳам ёзишни истамаган экан! Аммо булар дафтарга ёзилмагани би-лан Бобурнинг хотирасида муттасил такрорланиб юрибди-ку. «Иситмани яширсанг, ичга урар», дейдилар. Бобур қилган хатоларини дафтаридан яширгани билан улар ҳар куни не-ча қайта янги-янги тафсилотлари билан хаёлидан ўтиб, қалб ярасини тирнагани-тирнаган. Бундан кўра ҳамма воқеаларни ростгўйлик билан мана бу дафтарга ёзса, балки ўшанда иситма ташига чиқиб, дили хиёл енгиллашар?
Бобур дафтарига Сарипулда қандай мағлуб бўлганини, кейин қандай хўрликлар кўрганини ёза бошлади.
У бу ишни гўё ўзи учун, ўз виждони олдида ҳисоб бергиси келиб қиларди. Шунинг учун боя ўқиган китобларидаги жимжимадор, баландпарвоз услуб бу ёзувларга мутлақо ярашмаслигини сезарди. Шу сезги таъсирида китоблари орасида турган Шомийнинг «Зафарнома»сини қўлига олиб варақлади.
Бу китобнинг муқаддимасида Шомийнинг Амир Темурдан қандай топшириқ олгани ҳикоя қилинган эди. Соҳибқирон жангномалар ва тарих китобларида кўп учрайдиган ҳашамдор такаллуфларни суймас эканлар, ортиқча лоф уришлар, муболағалар ичида ҳақиқат йўқолиб кетишини, дабдабали услуб чиндан содир бўлган воқеаларнинг маъно ва моҳиятини одамлардан тўсиб қўйишини айтган эканлар. «Шунинг учун сиз бор ҳақиқатни аниқ равон қилиб ёзинг, токи унинг маъносини авом халқ ҳам англагай, хос кишилар ҳам мақбул кўргай», — деб соҳибқирон Шомийга махсус тайинлаган эканлар.
Афсуски, Шомий бу топшириқни тўлиқ уддалай олмаган экан. Амир Темур унинг «Зафарнома»сини ўқиганда қаноатланмаганини Бобур онаси инъом қилган сандиқдаги бошқа қўлёзма манбалардан билди. Эҳтимол, шундан сўнг Амир Темурнинг кўрган-кечирганлари ва яратган тузуклари унинг ўз тилидан аниқ, илиқ ва равон услубда баён этилгандир?
Ҳозир Бобурнинг дилига энг яқин услуб мана шу эди. У хотира ёзишда ҳам соҳибқирон бобокалонидан сабоқлар олар, бошидан кечирган барча ҳодисаларни, ютуқ ва хатоларини энг ишонган сирдошига айтиб дардлашган каби самимият билан қалам тебратарди. Фақат унинг эндиги сирдоши — ўзию мана шу дафтари эди. «Кўнглимдан ўзга маҳрами асрор топмадим!» деб ғазал битган Бобур энди барча кўрган-кечирганларини мана шу маҳрамига роз айтганга ўхшаб хотира ёзарди.
Бу розлар орасида фақат жабру жафолар эмас, ёдга тушганда кўнгилни кўтарадиган воқеалар ҳам йўқ эмас эди. Бошига тушган кўргуликлар Бобурни ниҳоятда чиниқтирган, гоҳо яланг оёқ қор кечиб юрар, аммо шамоллаш нималигини билмас эди. Шу ҳақдаги бир лавҳани дафтарига ёзиб қўйди:
«Хаштияк кенти яқинида маҳкам зарб совуқ эдиким, икки-уч киши совуқнинг шиддатидан ўлуб эди. Манга ғуслга эҳтиёж бўлди. Бир ариқ сувидаким чеккалари қалин муз тўнғиб эди, ўртаси сувнинг тезлигидан ях боғламайдур эди, бу сувга кириб ғусл қилдим, ўн олти қатла сувга чўмдим».
Ўшандаги совуқнинг таъсири ёдига тушиб, эти яна бир жунжикди, лекин ўн олти марта муз орасига чўмган бўлса ҳам, соғ-саломат қолгани — вужудида қанчалик паҳлавонона куч-қувват йиғилганидан далолат беришини ўйлаб суюниб қўйди.
Аммо шундан кейинги воқеаларни қаламга олганда Аҳмад Танбалга инъом қилган бағдодий қиличи айланиб келиб Бобурнинг жонига қасд қилгани кўз олдида таҳликали тарзда гавдаланди.
Ўша йили Бобур Аҳмад Танбал билан қайтадан жангга киришиб, Ўш ва Ўзганни қўлга киритган, Андижон яқинида унинг аскарларига шикаст етказиб, қўрғон ичига чекинишга мажбур қилган эди.
Бироқ кечаси Бобур қоровулликка тайин этган нав-карлар бепарволик қилиб ухлаб қолганми ёки тунда Танбал билан яшириқча тил бириктирганми, ҳар қалай, тонг қоронғисида кимдир «Ёғий босди!» деб қичқирди-да, ура қочди. Хакан ариғи яқинида очиқ жойда ухлаб ётган одамлар чўчиб уйғонишди-ю, ваҳима ичида тум-тарақай бўлиб кетишди. Бобур тез отга миниб, ёни-верига қараса, ўнтача одами қолибди. Нарироқда ёвнинг жангдовуллари қочганларнинг кетидан ўқ отяпти:
— Тўхта! Қайтинглар! — деб қичқирди Бобур ўз одамларига. Аммо ҳеч ким қайтмади.
Ёв жангдовуллари оздек кўринди. Бобур ёйдан уларга қараб ўқ отди. Жангдовуллар қочди.
Бобур уларни қувиш билан бўлиб, дарахтлар орасидан чиқиб келган юзга яқин отлиқларни анча кеч кўрди.
Тонг ёришиб қолган эди. Ҳаммадан олдинда қўлида қалқон тутган, қилич яланғочлаган Аҳмад Танбал келмоқда эди.
Бобур уни танигач, отининг жиловини тортиб, ён-верига қаради. У билан фақат Тоҳир ва яна иккита йигит — учтагина жангчи қолган эди. «Тўрт киши буларга бас келолмайсен, қоч!» деди ички бир овоз.
Аммо шунча хиёнатлар қилган, доим қочиб қутулиб юрган Аҳмад Танбал энди биринчи марта юзма-юз келганда ундан қўрқиб қочишга орият йўл бермади. Орият ўлимдан ёмон деб, бежиз айтмаган эканлар. Бобур дарҳол жиловини қўйиб юбориб, камонига ўқ ўрнатди. Аҳмад Танбал қиличини суғураётганда Бобур унинг қисиқ кўзларини мўлжалга олиб ўқ отди. Ўқ Танбал бошига кийган зирҳли дубулғага қарсиллаб урилди, уни тешиб ўтолмаган бўлса ҳам, Бобур хиёнаткор душманининг бошига мушт туширгандай бўлди. Бобур чапдастлик билан ёйга яна ўқ ўрнатиб, унинг безрайган юзига тўғрилаб отди. Танбал юзини қалқони билан тўсишга улгурди. Бобур отган иккинчи ўқ қалқон орқали Танбалнинг юзига урилган тарсакидек овоз чиқарди. Бу орада Танбалнинг ёнидаги кишилар Бобурга ҳам ёйдан ўқ ёғдирдилар. Бир ўқ унинг тиззасидан пастроқ болдирига қадалди. Аҳмад Танбалнинг ўзи отини «чу-чулаб» қўлида қиличи билан Бобурга бақамти келди. Бобур ярадор оёғининг «жизиллаб» куйиб оғриганини ва Аҳмад Танбалнинг қўлидаги қилич алланечук таниш эканини бир вақтда ҳис қилди. Бу — Бобурнинг номидан Аҳмад Танбалга инъом қилинган эгик бағдодий қилич эди. Бу қилични ўпиб, Бобурга садоқатли бўлиш ҳақида қасамёд қилган Аҳмад Танбал наҳотки энди уни эгасига қарши кўтарса? Бобур буни ўйлашга ҳам улгурмасдан қилич унинг бошидаги дубулғага келиб тушди. Бобурнинг кўзларидан гўё оловли учқунлар сочилиб кетди, боши бировнинг бошидек ҳиссиз бўлиб қолди. Қиличнинг тиғи дубулға кийгизини кесиб ўтолмаган бўлса ҳам бош яраланган эди. Бобурнинг бўйнига дубулға четидан қон сирқиб тушди. Болдиридаги ярадан этиги иссиқ қонга тўлмоқда эди.
Аҳмад Танбал ғолибона ҳайқириб қиличини яна кўтарди. У энди ўткир қиличини Бобурнинг зирҳли кийимлари орасидан сал-пал кўриниб турган бўйнига урмоқчи ва бошини кесиб туширмоқчи эди. Шу пайт ортдан Тоҳир етиб келди-ю, Бобур минган бўз отнинг жиловини силтаб тортди. Бедов от ўрнидан сакраб қўзғолар экан. Аҳмад Танбал бўйнини мўлжаллаб урган қилич Бобурнинг ёй-ўқлари солинган сақдоғига тегиб, уни шарт кесиб тушди.
— Амирзодам! Жиловни олинг! — қичқирди Тоҳир.
Ўзи эса Бобурнинг отига қамчи босди.
Қамчи еб ўрганмаган учқур бедов олдинга ўқдай отилиб, эгасини бало-қазодан олиб чиқиб кетди.
Ярадор Бобур Ўшга қайтди, анча кунгача боши ғувиллаб, оёғи чўлоқланиб юрди.
Лекин уни яра оғриғидан ҳам ортиқ қийнаган дард— Қосимбекнинг таклифи билан Танбалга инъом этилган бағдодий қиличнинг айланиб келиб ўз бошига тушганлиги эди. Қотилга ким қилич берса ўзи унинг тиғига дучор бўларканми? Бироқ дунёда адолат бўлса, шунча қотилликлар, шунча хиёнатлар қилган Аҳмад Танбалга нега қасос қайтмайди?
Бобур шу ўйлар билан хотира ёзишга берилиб кетиб, қоронғи туша бошлаганини ҳам сезмади.
Савдарлар олтин қандилдаги шамларни ёқдилар. Бобурга кечки овқат келтирдилар. У ёлғиз ўтириб овқатланди. Хотира ёзганда унга ўз ҳаёти аввалгидан илиқроқ ва маънолироқ туюлган эди. Бекор ўтирганда эса яна ўша оғир ўйлар, совуқ пушаймонлар хаёлига босиб кела бошлади. Бобур улардан тезроқ қутилгиси келиб, яна қаламини қўлига олди.
Кейин ярим тунгача дафтаридан бош кўтармай сўнгги йилнинг воқеаларини ёзди.

* * *

Атрофдаги ўтовлар жим, ҳамма уйқуда.
Тун сукунатида отнинг дупури, итларнинг ҳуриши эшитилди. Қароргоҳнинг четига қўйилган қоровул зарда қилиб:
— Тўхта! Кимсен? — деди. Ўронни* айт!
— Ўрон — Андижон.
Қоровулнинг овози юмшади:
— Андижон бўлса келавер. Овозингдан Тоҳир чопуққа ўхшайсенми?
— Ҳа, Тоҳирмен.
— Бемаҳалда ёлғиз юрибсен?
— Мени гапга тутма. Мирзо ҳазратларига шошилинч хабар келтирдим.
Тоҳир қоронғида Бобурнинг чодирини тусмоллаб топди-ю, отини берироқдаги қозиққа боғлади.
У аввал соқчиларни ёки мулозимларни уйғотмоқчи бўлиб, чодирнинг рўпарасидаги ўтовга қараб ўта бошлади. Шунда чодирнинг ичи ёруғ эканини, эшик ўрнига тутилган парда очилиб, Бобур чиқиб келганини кўрди. Тоҳир Бобурнинг қаршисига келиб юкунди. Паст товуш билан:
— Амирзодам, мунтазир қилганим учун афв этинг,— деди. — Ёғийларингизнинг уруши энди тугади.
Бобур сабрсизланиб сўради:
— Хушхабар борми? Нечун ёлғиз қайтдингиз?
Тоҳир бошини қуйи солиб, ҳазин товуш билан деди:

— Бир қошиқ қонимдан кечинг, амирзодам!..
Бобур совуқ хабарлар изғиринини олдиндан сезгандай эти увушди:
— Қани ичкари киринг.
Савдарлар ухлаб қолган. Бобур ҳеч кимни уйғотгиси келмади. Баланд, кенг чодирнинг тўрида тўрт-бешта шам липиллаб ёниб турибди.
Бобур шам ёруғида Тоҳирга энди зеҳн солиб қаради. Чакмонининг этакларига лой сачраган.
Озиб кетганидан елкалари пучайиб қолган, кўзлари ичига ўпирилиб тушган. Юзидаги чандиғи эса бўртиб, гўё аввалгидан хийла катта бўлиб кетган. Лаблари пирпираб, ўпкаси тўлиб гапирди:
— Амирзодам, Андижон ҳам Шайбонийхоннинг илкига ўтди. Беҳисоб кўп одам қирилди.
Ҳамроҳим қирғинда ҳалок бўлди.
Тоҳир шунчалик чарчаган эдики, гавдаси чайқалиб, оёқ устида зўрға турар эди. Сўнгги умидидан ҳам айрилиб бўшашган Бобур кўрпача устига ўтиб ўтирди-ю, Тоҳирни ҳам ўтиришга таклиф қилди.
Тоҳир гилам устига чўккалаб ўтиргач, Бобур ундан воқеанинг тафсилотини ва Аҳмад Танбал нима бўлганини сўради.
Тоҳир Андижон яқинидаги Хўжа Катта деган қишлоқда бой бир одамга аравакаш бўлиб ёлланган, ўзининг кимлигини билдирмай бутун ҳодисаларни одамлардан сўраб билган, бойнинг шаҳардаги дўконига мол олиб борганда кўп нарсани ўзи ҳам кўрган эди.
Аҳмад Танбал Андижон этагида бўлган жангда шикаст егандан кейин қўрғонга кириб бекинади. Қамал бошланади. Қўрғон ичида очлик, касаллик ва нифоқ кучаяди. Бир вақтлар Самарқандда Бобурни ташлаб, Аҳмад Танбалга эргашиб қочган бек ва навкарлар энди унинг ўзини ташлаб, Шайбонийхон томонига қочиб ўтадилар. Хоннинг қўшини деворга шоти қўйиб чиқиб, қўрғонни босиб олади. Аҳмад Танбал акаси Бек Тилба, укалари ва бошқа одамлари билан аркка кириб бекинишади. Бироқ аркнинг атрофида уйлар кўп, уларга орқадан шоти қўйиб томига чиқиш осон. Аҳмад Танбал аркда жон сақлаёлмаслигини сезади-ю, Шайбонийхондан шафқат сўрашга қарор беради. «Йиққан барча олтинларимни ҳазрати хонга моли амон тариқасида тўламоқ-чимен, умрбод хизматларида бўлмоқчимен, қонимдан кечсинлар!» деб аркдан бир мўйсафидни вакил қилиб чиқаради. Аммо мўйсафид аркка қайтиб келмай йўқ бўлади. Хон аскарлари аркнинг томлари устига шоти қўйиб чиқа бошлайдилар. Талвасага тушган Аҳмад Танбал ака-укалари билан бирга аркнинг дарвозахонасига боради. Таслим бўлганларини кўрсатиш учун қиличларини бўйинларига осиб, дарвозадан ташқарига шафқат сўраб чиқадилар.
Арк дарвозаси олдида Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султон турган экан. Навкарларига: «Асир олма, арзимайди, қир ҳаммасини!» — деб буйруқ беради. Аҳмад Танбални ака-укаларига қўшиб, қилич билан чопиб, бурдалаб ташлайдилар. Кейин бошларини кесиб бир қопга тиқадилару Шайбонийхонга кўрсатгани олиб кетадилар.
Тоҳирнинг ҳикояси шу ерга келганда Бобур:
— Ё худоё тавба! — деб беихтиёр ёқасини ушлади.
Сўнгги пайтларда Бобурни эзиб юрган жавобсиз саволлардан бирига ҳозир гўё
момақалдироқдай ваҳимали жавоб келган эди. Хўжа Абдулладай мард, фидокор одамни қўрғон дарвозасига осиб ўлдирган Аҳмад Танбалнинг ўзи энди ўша қўрғондаги арк дарвозаси олдида итдай хор бўлиб ўлган эди! Бобур инъом қилган қилични унинг бошига разилона урган Танбал энди бошқа қиличлар зарбидан бурдаланган эди!
Тоғдаги чагракларнинг бошини ваҳшийларча кесиб, хуржунга солиб келган Танбалнинг ўз бошини янада ваҳшийроқ бир тарзда кесиб, қопга солиб кетган бўлсалар, уни, албатта хонга элтиб кўрсатганлар.
Бобур қопдан Шайбонийхоннинг оёғи тагига юмалаб тушган таниш каллаларни кўз олдига келтирди. Маҳмудхонда эшик оға бўлиб юрган Тилба Султоннинг йўғон бўйинли семиз бошини Шайбонийхон таниган бўлса керак. Аммо хон Аҳмад Танбалнинг калласини танимайди. Шайбонийхон ўзини шунча овора қилган Аҳмад Танбалнинг башарасини кўриб қўйгиси келади, аммо юзтубан тушган қонли каллага қўл ургиси келмайди. Аҳмад Танбалнинг қонли калласини оёғининг учи билан юмалатиб ўнглаб, сийрак соқолига, суяги бўртган кенг юзига қарайди.

Бобур ўзича тасаввур этган бу ҳодисадан ақли шошиб:
— Оббо! Оббо! — деб бир неча марта такрорлаб қўйди.
Бу ҳодисаларда қандайдир ўзгача бир адолат борлигини сезган Бобур бошқа воқеаларни ақлига сиғдиролмай лол бўлиб қолди. Шайбонийхон бераҳмликда Аҳмад Тан-балдан ҳам ўтиб тушган-ку. Наҳотки фалак интиқом қиличини шундай шафқатсиз хоннинг қўлига бериб қўйса? Бир вақтлар Бобур орзу қилган, аммо етишолмаган улкан мақсадга — Мовароуннаҳрдаги пароканда вилоятларни бирлаштириб, ягона кучли давлат барпо этиш мақсадига — энди Шайбонийхон етишмоқдами? Наҳотки бунинг учун Шайбонийхондай маккор, золим ва шафқатсиз бўлиш керак эди? Тоҳир Андижонда хоннинг буйруғи билан бўлган қирғиннинг тафсилотини айтиб берганда Бобурнинг сочлари тикка бўлиб кетди. Мингларча аёллар, ўсмирлар, чоллар Аҳмад Танбалнинг одамлари қаторида бекордан-бекорга нобуд қилинган эди. Наҳотки ҳозирги зўрлар замонасида енгиб чиқиш учун Шайбонийхондай зўравонликлар қилиш шарт бўлса?!
Бобур маърифатли шоҳ бўлишга уриниб, шеъру санъатга кўп вақт бериб, инсофу диёнатни ўйлаб, наҳотки шу туфайли Шайбонийхонга ютқизган бўлса?!
— Амирзодам, хон кишилари сизни сўроқлаб юрганларини эшитдим. Айғоқчилари ҳид олиб Сўхга келиб қолсалар ҳам ажаб эмас!
Бобур ота юртидан батамом ажралганини энди астойдил ҳис қилди. Аҳмад Танбалнинг мағлубияти булоқнинг кўзига тушган янги бир кўчки эди. Тоғнинг бу томонида булоқ қайтадан кўз очиши мумкин бўлган йўлларнинг ҳаммаси бекилди. Агар Бобур тезроқ тоғ ошиб Хуросонга кетмаса, Шайбонийхон айланиб ўтиб, унинг сўнгги йўлини ҳам бекитади!
Бобур изтироб ичида Тоҳирнинг оддий бир навкар эканлигини ҳам унутди-ю, унга ҳасрат қилиб
гапирди:
— Хонумондин айрилганимиз озмиди? Энди ватандин ҳам жудо бўлурмизми?! Бобурнинг кўзи ёшланганини кўрган Тоҳирнинг ҳам кўнгли бузилиб, лаблари пирпира-ди:
— Амирзодам, мусофирлик ғами менинг ҳам юрак-бағримни ўртайди. Бизнинг Қувалар ҳам хоннинг пош-наси тагида мажақланди. Агар борсам мендан Фозил тархоннинг қасдини олишлари аниқ. Биз ҳам киндик қони томган жойдан айрилдик, амирзодам. Мусофирлик тақдиримизда бор экан. Сўхда ҳам мусофирмиз. Ҳисорга борсак ҳам, ундан нарига кетсак ҳам шу мусофирлик… Йўлда келаётиб ўйланиб келдим. Мен сиздан ажралмайман, амирзодам!
Тоҳир бутун нажотни одил подшоҳдан излайдиган деҳқонтабиат йигит эканини Бобур биларди.
— Лекин мен сиз кутгандек одил подшоҳ бўлолмадим! — деди Бобур. — Келгусида бўламенми, йўқми, ҳали номаълум…
Орага бир лаҳза сукунат чўмди. Ташқарида Сўх сойи гўё тун сукунатидан фиғони чиқиб шовулларди.
Чодир ичида қувғиндаги шоҳ билан унинг оддий навкари юзма-юз ўлтирибди. Ватандан ажралиш мусибати олдида уларнинг ораларидаги катта фарқ гўё кичрайиб, аҳамиятсиз бўлиб қолган. Бошларига тушган кўргиликлар уларнинг тақдирларини бир-бирига ўхшаш қилиб қўйган. Шунча йил жангу жадалларда бирга юриб, қанчадан-қанча ўлим хавфларини бирга кечирган бу икки йигит бугун биринчи марта сирдошларча очиқ сўзлашмоқда эдилар. Тоҳир бошқа вақтда Бобурга айтолмайдиган сўзларини ҳозир кўнгли юмшаб, эриб турган пайтда айтди:
— Амирзодам, мен бир навкарингиз бўлсам ҳам сизга туғушқонимдек меҳр қўйганмен. Ботирлигингизгами, шоирлигингизгами, одамгарчилигингизгами, ишқилиб, менинг… сизга ихлосим зўр! Сизнинг шунча хавфу хатарлардан омон қолганингиз ҳам катта давлат!
Шу топда Тоҳир суюкли инисига меҳри тобланиб, оғир пайтда унинг кўнглини кўтараётган жонкуяр акага ўхшар эди. Дарҳақиқат, у Бобурдан етти ёш катта эди. Бобур ҳам бир лаҳза шоҳлигини унутиб, Тоҳирга худди акасига қарагандай қаради:
— Мени жуда кўп хатарлардан сиз олиб қолгансиз. Мен сиздан кўрган яхшиликларимнинг ўндан бирини ҳам қайтарган эмасмен. Сиз менга оғамдек қадрдонсиз.
— Раҳмат сизга.
— Лекин ҳозир менинг кўнглим ер билан яксон. Тақдир менга истеъдод берган, куч берган, ғайрат берган, аммо нечун бахт бермаган?!
— Бу замонда бахт ўзи йўқ, амирзодам! Ахир сиздек нодир истеъдодлар дунёга ҳар куни келмайди-ку! Нодон тождорлардан қон йиғлаган элюртимиз сиздек маърифатли саркардага муштоқ. Лекин бахил замона ғалабани золим хонга бериб, бизни, мана ватанимиздан ҳам жудо қилмоқчи. Илоҳим бу бахил замонанинг боғлари қуриб кетсину сизу бизнинг қадримизга етадиган яхши замонлар ҳам келсин! Энди… амирзодам, бу ердан тезроқ кетиш керак. Ҳирот ҳам бизга бегона юрт эмас. Подшоҳ Ҳусайн Бойқаро сизнинг қариндошингиз. Менинг тоғойим мавлоно Фазлиддин ҳам Ҳиротда экан…
Бобур Хуросонга кетмай иложи йўқлигини ўйлади-ю, ошиб ўтиши керак бўлган тоғларни кўз олдига келтирди. Узоқдан мовий тусга кириб беҳад жозибали кўринадиган бу тоғлар тик довонлардан, хатарли учмалардан ўтиши керак бўлган одамга қанчалик тунд ва бераҳм кўринади! Ҳозир Бобурнинг тасаввурида баланд чўққиларнинг асрий қорлари кафандай беҳаракат ва совуқ, ўлимдай абадий бўлиб гавдаланди.
— Хатарли йўлларда мен ўз жонимни аввал худога, сўнг сизга ишониб топширмоқчимен. Бугундан бошлаб сиз менинг қўрчибошимсиз. Ички бекларим қаторида бўлурсиз.
— Иноятингиздан миннатдормен, амирзодам!
— Ҳозир бу иноятнинг шарафидан азоби кўпроқ. Йўлда чарчагансиз. Бориб дам олинг. Эртадан сафар тайёрлиги бошланур.
Тоҳир таъзим қилганича чиқиб кетди.
Бобурнинг уйқуси келмас эди. У яна чодирдан чиқди. Кундузги туман тарқаб кетган, лекин осмонда булут бор. Юлдузлар онда-сонда кўриниб қолади. Сўх сойи осмонни бошига кўтариб шағирлайди. Тунда тоғларнинг қораси кундузгидан ҳайбатлироқ кўринади.
Бобур қоп-қора тоғларга тикилиб турганда яна кўчки босган булоқ эсига тушди. Тоғларнинг бу томонида ҳамма йўллари бекилган булоқ энди тоғларнинг нарёғидан кўз очиб чиқа олармикин? Улуғтоғдан нарида баҳайбат Помир. Ундан нарида Ҳимолай ва Ҳиндикуш…
Булоқ бу тоғларнинг ҳаммасидан ўтиб бориб, нар-ёқларда қайтадан кўз очиши учун қанчалик катта куч-қудрат керак!

________________
* Ў р о н — парол.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-ўпка ва ҳазил

Истиқболнинг ширин хаёллариға кўмилган ҳолда махдум аср намози учун таҳорат олар эди. Таҳоратда тартибни риоя қилиш шуннат, аммо махдум тарки суннат қилмоқда. Ҳатто ...

От кишнаган оқшом (қисса) 8-қисм

8 Тарлонни қора ишларга солмадим. Адирларда ўйноқлатиб миндим. Ўйноқлатиб-ўйноқлатиб қўй боқдим. Шундай бир кунда колхоз раиси шофёри от чоптириб келди. Уни раис юборибди. ...

Ҳар кун бир гап… ўзбек ҳақда бунчалар кўп

Риёларга тўлиб кетди, бутун дунё, Қайга боқсам... Оҳ-воҳлардан тўйиб кетдим. Ҳаёт фақат ўзбекларга тўлган гўё, Ҳар кун бир гап... Юрагимни ўйиб кетди. (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400