Юлдузли тунлар-60

* * *

Бўстонсаройнинг тиллакори қабулхонасида Амударё бўйидаги Урганч ва Қоракўл шаҳарларидан хушхабарлар билан келган бек ва аъёнлар шарафига зиёфат берилмоқда эди. Шайбонийзодалардан кўп жабр кўрган бу шаҳарлар ҳам Бобурни ўзларига олий ҳукмдор деб тан олишган ва қимматбаҳо совғалар бериб юборишган эди. Ўз вақтида Шайбонийхон Қоракўл ва Урганчни забт этиш учун ойлар давомида жанг қилган, беҳад кўп қон тўкиб уларни олган эди. Мана энди бу шаҳарлар жангу жадалсиз элчи юбориб, Бобур томонига ўтганлиги унда зўр бир ифтихор туйғусини уйғотди. Бобур ёшликдан кўнглига туккан орзусига — бутун Мовароуннаҳрни бирлаштириш, Улуғбек давридаги улкан давлатни қайта тиклашга мана энди муяссар бўлаётганидан бениҳоя шод. Қундузда биринчи марта бошланган ичкилик базмлари Самарқандда давом этиб, авжига чиқмоқда. Эришилаётган ғалабалар шарафига бек ва аъёнлар навбатма-навбат зиёфат беришиб, Бобурни деярли ҳар куни таклиф қилишади, унга энг нодир, энг ажойиб майларни ичириб, хурсанд қилишда бир-бирларидан ўзишга интилишади.
Фақат Қосимбек ҳамон ичкиликни оғзига олмас, пайтини топса Бобурни ҳам ҳушёрликка ундар, мамлакат ичида қора кучлар бош кўтараётганини, шимолдаги даштда эса шайбонийзодалар ҳаёт-мамот жангига тайёрланаётганини такрор-такрор эслатар эди.
Лекин Бобур унга жавобан сўнгги пайтда ёзган бир ғазалидан тўрт сатр ўқиб берди:

Ёз фасли, ёр васли, дўстларнинг суҳбати,
Шеър баҳси, ишқ дарди, боданинг кайфияти.
Ёз фаслида чоғир ичмакнинг ўзгача ҳоли бор,
Кимга бу нашъа муяссар бўлса бордир давлати.

Бу ғазалга куй басталаниб, қабул маросимларида ҳам айтиладиган бўлган эди. Ширакайф Бобур:
— Жаноб Қосимбек! — деди. — Эшитдингизми, Самарқанд мактабларида болалар мен ихтиро қилган хат билан жуда тез саводхон бўлмоқда эмишлар. Мана, мударрис жанобларидан сўранг…
Бошида саллаю қўлида май тўла қадаҳ билан таъзим қилиб турган мударрис:
— Жаноб Қосимбек, — деди, — халқимизни жаҳолат панжасидан қутқариб олишда ҳазратим ихтиро қилган Хатти Бобурий ажойиб бир восита бўлиши аниқ! Қуръон хати гар-чи биз учун азиз, аммо зеру забарлари, шикаста усуллари савод чиқаришга беҳад мушкул. Хатти Бобурий эса зеру забарсиз, ўрганишга осон.
Қосимбек Бобурнинг бундан уч йил олдин Кобулда ихтиро қилган хати Сирдарё бўйидаги Сиғноқдан топилган қадимий туркий ёзувга* асосланганини билар эди. Араб ёзувини «Қуръон хати муқаддас», деб ҳисоблайдиган руҳонийлар ислом динидан олдин тарқалган қадимий ёзувларни қаттиқ қоралаб, топилган жойида ўчириб ташлашни буюрар эдилар. Бобур эса буни жаҳолат ҳисоблар, қадим замонда ихтиро қилинган туркий ёзувнинг динга алоқаси йўқлигини айтар, Хатти Бобурийни шунинг учун халқ орасида тарқатмоқчи бўлар эди.
Ичкилик базми пайтида бу мураккаб мавзуларда гапиришни ёқтирмайдиган Қосимбек орадан икки кун ўтгач, девони хосда ўтирган Бобурнинг ҳузурига мавлоно Фазлиддин билан Хатти Бобурийни тарқатиб юрган мударрисни бошлаб кирди.
Уларнинг учови ҳам алланарсадан жуда безовта эканини сезган Бобур:
— Тинчликми, жаноблар? — деди.
— Ҳазратим, — деди мударрис. — Хатти Бобурийни тарғиб қилиб мактаб очган бир мактабдорни авбошлар тошбўрон қилиб ўлдирмишлар.
— Ўлдирмишлар?! — деб Бобур ўрнидан туриб кетди.— Бу не жаҳолат, жаноб Қосимбек? Бизга қарши ғулуми?!
— Ҳазратим, мутаассиб шайхлар билан қаландарлар ҳамма жойда бизга қарши иш олиб бормоқдалар. Расадхонада бир уста ҳавозадан йиқилиб ўлгандан бери таъмир ишларига одам ёллаш мумкин бўлмай қолди. Масжидда ваъз айтган муллалар Хатти Бобурийни «Шоҳ Исмоил юборган шиалар хатти» деб эълон қилган эмишлар. Шу овоза бутун шаҳарга тарқалиб, охири ҳалиги мактабдорнинг тошбўрон бўлишига олиб келмишдир.
— Бу ёлғон овозани тарқатганларни нега ҳибсга олмадингиз? — қаҳр билан сўради Бобур. —Ахир бу хатнинг Шоҳ Исмоилга мутлақо алоқаси йўқ-ку.
— Хўжа Халифа шуни масжиди жомеда минбарга чиқиб айтмоқчи бўлган экан, «Ёлғон! Кофирлар хати ҳаром! Қуръон урсин сен Халифани!» дейишиб, жоҳиллар уни минбардан тортиб туширмишлар. Агар Тоҳирбек бошлиқ соқчиларимиз Хўжа Халифани қутқариб қолмасалар, жоҳиллар уни ҳам ўлдиришлари мумкин экан. Авбошлардан йигирма-ўттизтасини ҳибсга олдик. Аммо Хўжа Халифага қарши ваъз айтган муллалар Хўжа Аҳрори валийнинг авлодларидан экан. Уларни сиздан бемаслаҳат ҳибсга олишга журъат этмадим.
Бобур аҳволнинг нақадар жиддийлашиб кетганини энди сезди. Хўжа Аҳрор авлодини ҳибсга олиш — ёнай деб турган оловни пуфлаб алангалатиш билан баробар эди.
— Қўшиннинг кайфияти ҳам яхши эмас, ҳазратим,— деб давом этди Қосимбек. — Ҳозир ичак узилди пайт, нарх-наво кўтарилган. Шайбонийзодалар чиқарган олтин-кумуш тангаларнинг вазни биз чиқарган тангалар вазнидан ортиқ бўлганлиги учун уларнинг бозори чаққон. Беку навкарлар улуфани оширишни талаб қилмоқдалар. Уларга улуфа оширилса, хазинада пулимиз етмас.
— Ундоқ бўлса таклифингиз недур?
— Таклифим шуки, ҳазратим, бекларни дарҳол машваратга тўплаб, фавқулодда чоралар кўрмоқ лозим.
— Биламен, беклар даштда изғиб юрган шайбонийзодаларга қарши урушмоқ қасдидалар. Янги вилоятлар олинса, беку навкарлар ўлжадор бўлурлар. Беш ойдан бери Самарқандда жангсиз туриб қиличлари қонсираган.
— Уларнинг касблари уруш бўлгандан сўнг бекор тургилари келмайди-да. Ҳозир шайбонийзодалар шимолдан Бухорога яқинлашиб келмоқда эмишлар.
— Аниқ ахборот борми?
— Кўрган одам келиб айтди. Саркардалари Убайдулла Султон эмиш. Ўн минг қўшини бор эмиш. Буни Самарқанддаги шайху қаландарлар ҳам эшитган бўлсалар керак. Шайбонийзодалар ташқарида жонланган сари ичкарида булар бизни «Шиага сотилган рофизийлар!» — деб халққа ёмонлаб, қора кучларни қўзғатмоқдалар.
Бобур мавлоно Фазлиддин билан мударрисга афсусли бир назар ташлади-да:
— Жаноблар, маърифат муаммоларини бу аҳволда ҳал этолмайдиган кўринамиз, — деди. — Хатти Бобурийни мактабда ўқитиш ҳозирча тўхтатилсин. Расадхонани ҳам кейинроқ тиклагаймиз… Биз энди бутун эътиборни ҳарбий ишларга беришга мажбурмиз.
Мударрис билан мавлоно Фазлиддин маъюс қиёфада орқалари билан юриб чиқиб кетдилар. Қосимбек билан Бобур Убайдулла Султонга қарши Бухоро томонга қўшин тортиб боришнинг маслаҳатини қила бошладилар…


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

______________
* Бу ёзув аслида Ўрхун-Енисей руник ёзувининг Бобур даврида Сиғноққа етиб келган бир тури бўлиши керак.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Айвазовскийнинг тақиқланган асари

Буюк рус рассоми, маринист Иван Айвазовский чизган бир асар рус ҳукумати томонидан ҳануз тақиқланган ижод намуналари рўйхатида туради. Асарда зўравонлик, порнография ёки ...

Юлдузли тунлар-87

3 Йигирма уч ёшлик Ҳумоюннинг йигит юраги отаси кўрсатган руҳий мададдан куч олиб, оғир касалликни ахийри енгди. Орадан бир ҳафта ўтгач, у касал кўришга келганларни ўрнидан ...

“мусулмон” давлатлари халқлари—мусулмонларга       

МУРОЖААТНОМА!!       “Бисмиллоху рахмону рахим”, Деб бошлайман МУРОЖААТИМНИ.. Фарғонадан ёзяпман хатим, Нотинч қалбим бермай рохатни.. Азизларим, биродарларим, Мен ҳам Сиздай ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400