Юлдузли тунлар-63

КОБУЛ
ТОШГАН ДАРЁ ЎЗАН ИЗЛАЙДИ

1

Кечки пайт Кобул қалъасининг жанубидаги кўлдан бир тўп ўрдак учди. Кўл бўйидаги бўлиқ ўт-ўланлар орасида писиб ўтирган мирзо Ҳумоюн камондан кетма-кет иккита ўқ отди. Осмонга кўтарилиб бораётган тумшуғи узун ўрдаклардан бири тўпидан айрилиб пастлай бошлади, сўнг қанотларини мажолсиз ёйиб, кўлнинг нариги четига қулаб тушди.
Кўлнинг ўша томонида подшоҳнинг саккиз эшкакли, соябонли кемаси юрган эди. Ҳумоюн бу ёқдан то отланиб, аткаси ва мулозимлари билан кўл соҳилини айланиб ўтиб боргунича кемадагилар ўқ теккан ўрдакни сувдан олиб, қирғоққа чиқдилар.
Уларнинг орасида Бобур ҳам бор эди. Ҳумоюн ўзи отган ўрдакни отаси қўлига олибқараётганини кўрди-ю, отидан сакраб тушди ва анча берида таъзим қилиб тўхтади.
Бобур ўрдакнинг тўшига қадалиб қолган ёй ўқини кескин бир ҳаракат билан суғуриб олди-ю, ўғлига кўзларини сузиб қаради:
— Бу ўқ сеникими?
Ҳумоюн отасинниг кайфи борлигини сезди. Бобур сўнгги пайтларда кўп ичадиган бўлган, бугун ҳам улфат беклари билан кемада чоғир ичиб ўтирган эди. Ҳумоюн кўл ва унинг атрофлари подшоҳнинг дахлсиз, хос ерлари эканини эслади. Отаси олдида одобсизлик қилиб қўйгандай кўзлари жавдираб:
— Ҳазратим, — деди, — афв этинг, бемаврид ўқ отмишмен.
— Аммо ўқни яхши отмишсен, — деб Бобур ўғлига энди кулимсираб гапирди. — Ма, ҳалолинг бўлсин!
Ҳумоюн чап қўлини кўксига қўйганича, ўнг қўли билан овини отасидан олди-ю, мулозимларидан бирига берди.
Бобурдан орқароқда турган кўзлари катта-катта озғин қора йигит — Ҳиндубек тиғиз оқ тишларини очиб кулди:
— Амирзодам мерганликда ҳазрат оталарига тортмишлар.
Ширакайф Хўжа Калонбек бу гапга дарҳол қўшилди:
— Падари бузрукворга муносиб ўғил!
Бобур эса бир четда жим қўл қовуштириб турган Қосимбекка мамнун назар ташлади. Ёши олтмишдан ошиб, эшик оғалиқ лавозимидан кетган Қосимбек ҳозир Ҳумоюнга аткалик қилмоқда эди. Бобурнинг ўзига шунча йил содиқ хизмат қилган бу одам энди бўй етиб келаётган Ҳумоюнни ҳам оталарча меҳр билан тарбиялаётгани билиниб турарди.
— Жаноб Қосимбек Ҳумоюнга мерганликдан яхши таълим бермишлар, — деди Бобур. — Бироқ амирзодам чавандозликда нечуклар?
Қосимбек Ҳумоюнга «жавоб беринг» дегандай қилиб қаради. Ҳумоюн кўзлари гўё илҳом билан ёниб:
— Ҳазратим, ижозат беринг, — деди-да отларни қўли билан кўрсатди. Бобур унинг сўнгги йилларда ўрганган чавандозлик машқларидан бирини кўрсатмоқчи эканини сезди.
— Қани, қани, — деди мароқ билан.
Ҳумоюннинг ёши ўн учга бориб, бўйи отасининг бўйига етай деб қолган. Юриш-туриши ҳам Бобурнинг ўсмирлик пайтини эслатар эди. Қосимбекнинг ишораси билан навкарлар иккита ювошроқ отни бир четга етаклаб чиқдилар-да, ёнма-ён тутиб турдилар. Ҳумоюн ўзининг серёл қора қашқа отига сакраб минди, жиловни кескин буриб, хиёл орқага кетди. Сўнг нариги икки отга шитоб билан яқинлашди-да, жиловини қўйиб юборди. Отлар жипс келганда иккинчи отнинг эгаридан икки қўллаб тутганича, эгардан эгарга сакраб ўтди. Шунда учинчи от жойидан қўзғалиб кетди. Ҳумоюн минган отининг жиловини тез қўлга олаётиб, учинчи отнинг юганидан тутган навкарига:
— Маҳкам ушланг! — деди.
Сўнг тагидаги отни наригисига жипс келтирди-ю, иккинчи эгардан учинчисига сакраб ўтди.
Ширакайф беклар даврасидан:
— Офарин! Тасанно! — деган хитоблар эшитилди.
Ҳумоюн ҳансираб отдан тушди-да, отаси томонга кела бошлади. Бобур ўзининг ўсмирлик пайтида Андижон чорбоғида эгардан-егарга сакраб ўтолмай оёғи ерга тапиллаб тушганини эслади-ю:
— Тангрим Ҳумоюнни ёмон кўздан асрасин, — деди. — Чавандозликда биздан ўтадиган кўринадир.
— Ҳазратим, мирзо Ҳумоюн ҳар ишда сиздан ибрат олишга интилурлар, — деди Қосимбек.
Бобур ўнғайсизланиб бош чайқади:
— Менинг шаҳзодага ибрат бўлгудек ҳолим йўқ.
Ҳумоюн отасининг маъюс юзига таажжуб билан тикилди.
— Нечун, ҳазратим! Аткам менга барча жангларингизни айтиб бердилар. Рустаму Суҳроблар ҳам, Гўрўғлию Алпомишлар ҳам сизчалик кўп жанг кўрган бўлмасалар керак!
— Жанг ҳисоб эмас, амирзодам, жангнинг натижаси ҳисоб, — деди Бобур ўзининг мағлубиятларини эслаб.
Лекин Ҳумоюн учун энг муҳими — отасининг мислсиз даҳшатларга дуч келиб, барча ўлимларни енгиб ўта олгани ва ҳамма қирғинлардан омон чиққани эди. Бобурга астойдил ихлос қўйган Қосимбек: «Ҳазратимга дуо кетган, у кишини ўқ олмайди, тиғ кесмайди», дерди ва бу содда эътиқодини Ҳумоюннинг қалбига ҳам сингдирган эди. Ҳумоюн отасининг Кобул билан Ҳирот оралиғидаги баланд тоғлардан одам зоти ўтолмайдиган қаҳратон қиш кунларида юрак ютиб ўтганини, кўпчилик бек ва навкарлар ҳолдан кетиб, отлар ҳам юролмайдиган бўлиб қолган пайтларда Бобур ўзи олдинга чиқиб, кўкрагигача қорга ботиб, ҳаммага йўл очиб борганини, ўшанда унинг қулоғини совуқ олиб, юзи кўмирдай қорайиб, таниб бўлмас аҳволга келганини Қосимбекдан яқинда эшитган эди.

Ҳумоюн ўша пайтларда бўлган бир ғалати ҳодисани отасидан тасдиқлатиб олгиси келди:
— Ҳазратим, Кобул чорбоғида Дўст деган бир паҳлавон навкар сизни танимай қилич билан чопгани ростми?
— Рост. Кейин таниб қолиб, қиличини ташлаб қочди. Шукрки, ҳеч шикаст етмади. Бўлмаса Дўст паҳлавон тиғ урган одам ҳаргиз тирик қолмагай эди.
— Худонинг қудратини қаранг-а! — деди эшик оға Муҳаммад Дўлдай хушомад оҳанги билан.
Ҳумоюн унинг кайфдан қизариб, кўпчиб турган юзига нохуш назар ташлади-ю, яна отасига юзланди. У фақат отаси билан гаплашишни истарди. Бобур тўғрисида Қосимбекдан ва бошқа одамлардан шунча ғаройиб ҳикоялар эшитиб ўсган бола энди унинг ўзи билан юракдан яқинлашишни истарди.
Лекин Бобур доим давлат ишию ёзиш-чизиш билан банд бўлар, бўш қолганда беклари чоғир мажлисини бошлашар, Ҳумоюнга эса улар ҳали ҳамсуҳбат бўлолмайдиган ёш бола деб қарашар эди. Бироқ Ҳумоюнда отаси билан суҳбатлашиш иштиёқи кун сайин ортиб бормоқда эди.
— Ҳазратим, бултур Синд дарёсининг бўйида йўлбарс билан олишган экансиз…
— Қайдан билдингиз?
— Ҳазратимнинг хонаи хосларида йўлбарс терисини кўрдим.
Бобур орқасида турган бекларга ишора қилди:
— Йўлбарсни биз кўплашиб енгганмиз.
Ҳиндубек кулиб эътироз қилди:
— Ҳазратим бўлмаганларида биз йўлбарсга рўбарў бўлолмас эдик.
Ҳумоюн Ҳиндубекнинг гапини маъқуллаган каби бош ирғади ва отасига болаларча соф бир ифтихор билан қараб қўйди.
Бобур Бухоро атрофларида ва Ҳисорда бошига тушган кулфатларни ҳамон унутолмас, ўшандаги мағлубиятлар алами аввалгиларига қўшилиб, юрагини ҳалигача тимдалар, дунё ғамларини хаёлидан узоқлаштириш учун ҳам у тез-тез чоғир ичар эди. Унинг руҳи тушиб, ўз тақдиридан ихлоси қайтиб юрган мана шу кунларда ўғли отаси қилган яхши ишларни бунчалик эъзозлаб тилга олиши Бобурга ғалати таъсир кўрсатди.
Бир лаҳза у ўзини ўсмир ўғлининг кўзи билан кўргандай бўлди. Ҳумоюн фахр билан тилга олган воқеалар чиндан ҳам бўлган воқеалар эканлиги тўсатдан Бобурнинг кўнглини кўтарди.
Шу дақиқагача унга бутун ҳаёти қоп-қоронғи бир тун бўлиб туюлган бўлса, энди у бу тунга гўё Ҳумоюннинг кўзи билан қаради-ю, қоронғи осмоннинг у ер-бу ерида юлдузлар милтиллаётганини кўрди.
Ҳумоюн отаси билан яккама-якка гаплашгиси келиб, овозини пасайтириб:
— Ҳазратим, — деди, — инъом қилган девонингиздаги барча шеърларни ёд олмишмен. Лозим кўрсангиз имтиҳон қилинг.
Бобур орқароқда жим турган бек ва мулозимларга ўгирилиб қаради. Улар Бобурнинг ўғли билан гапини тезроқ тугатишини ва кемага қайтишини кутмоқда эдилар. Лекин Бобурга энди чоғир мажлисидан кўра ўғли билан бирга бўлиш ёқимлироқ туюла бошлади.
— Жаноблар, — деди у бекларига юзланиб, — бугун бизга кема сайри бас. Энди мирзо Ҳумоюн билан шеър машғулоти ўтказмоқчимен. От келтирилсин!
Бобур отлангандан кейин Ҳумоюн ҳам отига қувонч билан сакраб минди. Ота-бола ёнма-ён Кобул аркига қараб йўл олдилар. Қосимбек ва бошқа мулозимлар орқароқда одоб сақлаб жим бормоқда эдилар.
Бобур кемада ичган чоғирнинг тафти ва карахтлиги унинг ялтираган сузук кўзларидан билинар эди.
— Қани, амирзода, эшитайлик, — деди у Ҳумоюнга кайф аралаш кулимсираб қараркан.
Отаси бирга кетаётганидан ўзида йўқ қувонган Ҳумоюн Бобурнинг девонидан ёд олган бир рубоийни шошилиброқ ўқиди:

Озар ила неча гуфтигў* қилғайсиз,
Озурда бўлурни жустижу* қилғайсиз.
Мунчаки кўнгулларга етишди озор,
Май била магарки шустишў* қилғайсиз.

Ҳумоюн бу шеър билан отасининг май ичиш сабабини тушунишлигини ва ҳозир кайфи борлиги ҳам узрли эканини айтмоқчи эди, Бобур буни фаҳмлади-ю:
— Маъқул, маъқул, — деб кулди. — Фақат аввалги икки сатрнинг вазнини бузиброқ ўқидинг.
Афтидан, сен бу сатрлардаги кинояни яхши фаҳмламагансен.
— Қандоқ… киноя? — деб бу сатрларни камоли жиддият билан ўқиган Ҳумоюн таажжубланди.
— Кинояки, одамлар бир-бирларига озор берадиган гапни кўп гапирурлар. Гоҳо озор берадиган нарсани ўзимиз жустижў қилиб топурмиз. Ундан кейин бу озорни кўнгилдан май билан ювмоқчи бўлиб ичишга ружу қилурмиз.
Отаси ўзининг май ичишига киноя билан қарашини Ҳумоюн энди сезди ва яна ҳайрон бўлди:
— Нечун шундай?
— Сенинг ёшингда бунинг сабабини тушуниб бўлмас. Мен ҳам ўттиз ёшимгача чоғирга эҳтиёж сезган эмасмен. Сен қалайсен?.. Кўнглингда чоғирга иштиёқ борми?
Ҳумоюн уялиб бош чайқади. Сўнг отасининг ичкиликдан шишган қовоқларига жиддий бир қараб олди-да:
— Мен чоғирни ёмон кўрамен, — деди.
Ўн уч ёшида Бобур ўзи ҳам ичкиликдан ҳазар қилишини эслади-ю, ўғлининг жавобини маъқуллаб бош ирғади.
— Хўш, неларни яхши кўрурсен?
— Менми? — деб Ҳумоюн бир лаҳза ўйланиб олди. Унинг яхши кўрган нарсалари кўп эди: —
Сафарда юришни, саёҳатни яхши кўрурмен, яхши китоб бўлса эртаю кеч ўқигим келур…
«Бу жиҳатлари менга ўхшабдир», деди Бобур ичида ва ўғлининг қамчи дастасини тутган қўлларига қаради. Ҳумоюннинг юз-кўзи ҳам, қўллари ҳам Бобурникидан қорароқ эди. Балки жанубда туғилиб ўсаётгани учун шундайдир? Лекин панжасининг шакли отасиникига жуда ўхшаш. Бобур ўғлининг билагидан олиб:
— Қани, кафтингни оч, — деди.
Ҳумоюн қамчини тақимига қистирди-да, кафтини отасига очиб кўрсатди. Бобур унинг кафтидаги чизиқларга қаради-да, кейин ўз панжасини очиб, ўғлининг кафтига кафтини ёнма-ён тутди. Катта ва кичик ҳар икки кафтдаги кўндаланг чизиқлар бир-бирининг айнан такрори эди. Отасига ўхшашни жуда-жуда истайдиган Ҳумоюн мамнун жилмайди. Бобур чуқур тин олди-да:
— Илоҳим, мен кўрган балоларни сен кўрмагин! — деди.
— Лекин мен сизнинг барча ишларингизни ўрганмоқчимен.
Бобурнинг яхши-ёмон ишлари хаёлидан аралаш-қуралаш бўлиб ўта бошлади. Бераҳм муҳит уни ҳам шафқатсиз бўлишга ўргатарди. Мана шу Кобул вилоятининг ўзида хирилчи қабиласига мансуб талай одамлар карвон йўлларида талончилик қилганликлари учун Бобур аскарлари томонидан аёвсиз ўлдирилган, ҳазора қабиласининг ўнлаб жанговар йигитлари чопқин пайтида қириб ташланган эди… Бобур бу қонли лавҳаларни умр китоби бўлмиш «Вақоиъ»га бирма-бир ёзиб борар эди. Аммо ҳали балоғатга етмаган ва оламга болаларча мусаффо бир ишонч билан қараётган Ҳумоюнни бундай шафқатсизликлардан мумкин қадар узоқ тутгиси келарди.
— Сен ҳушёр бўл, — деди Бобур, — менинг ҳавас қилиб бўлмайдиган ишларим ҳам бор!
— Қайси ишларингиз, ҳазратим?
— Қайғули, фожиали ишларим. Бутун тақдирим…
— Буни бир ғазалда ҳам айтмишсиз.
Ҳумоюн яна ёддан отасининг сатрларини айта бошлади:

Ҳар ёнғаки азм этсам, ёнимда борур меҳнат,
Ҳар сорики юзлансам, ўтрумға келур қайғу,
Юз жавру ситам кўрган, минг меҳнату ғам кўрган,
Осойиши кам кўрган мендек яна бир борму?

Шеърнинг ғамгин ва сеҳрли оҳангидан таъсирланган Бобур:
— Яхши ўқидинг, — деди ўғлига. — Истайменки, мен кўрган қайғулару шафқатсизликларни илоҳим сен кўрмагин.
— Хўп, ҳазратим, мен фақат сиз билган ажойиботларни билсам бас!
Ота-бола суҳбатга берилиб аркка қандай етганларини сезмай қолдилар. Кейин улар даричалари Шоҳи Кобул тоғига қараб очиладиган хушҳаво хонаи хосда ўтирганларида Ҳумоюн қўлига қоғоз ва қалам олди-ю, отаси ихтиро қилган Хатти Бобурий ҳарфлари билан бир байт шеър ёзди:

Турклар хатти насибинг бўлмаса, Бобур, не тонг,
Бобурий хатти эмасдур, хатти Сиғноқийдурур*.

Бобур сўнгги дафъа Самарқандда юз берган машъум воқеаларни ва Хатти Бобурийни мактабда болаларга ўргатган муаллимнинг тошбўрон қилиб ўлдирилишини эслаб «уҳ» тортди.
Бир вақтлар Улуғбекни ҳалок этган ёвуз кучлар унинг расадхонасини қайта тикламоқчи бўлган Бобурни ҳам динсизликда ва рофизийликда айблаб, ҳатто қўшиннинг кўп қисмини шунга ишонтиргани Қизилқумдаги мағлубиятга замин яратган эди. Шундан бери Бобур ўзи ихтиро этган хатни жорий этиш фикридан бутунлай қайтган эди.
— Сенга буни қайси муаллиминг ўргатди? — сўради Бобур Ҳумоюннинг ёзувига кўз югуртириб.
— Мирбадал хаттотдан ўргандим… Ҳумоюннинг ёзувида хато бўлмаса ҳам, лекин ҳали бу хатга қўли ўрганмаганлигидан ҳарфлар нотекис чиққан эди.
— Сенга манзурми?
— Жуда! Белгилари оз. Тез ёзиш мумкин. Ўқиши жўн.
— Ундай бўлса кўпроқ машқ қил. Минбаъд менга мактуб ёзсанг, шу хат билан бити. Мен ҳам сенга шу хат билан жавоб ёзурмен. Махфий тутмоқ осон бўлур.
Ҳумоюн подшоҳ отаси билан махфий хатлар ёзишини кўз олдига келтирди-ю, кўнглида яна иссиқ бир ифтихор туйғуси мавж урди. Отасига меҳри тобланиб, унинг кўнглига ёқадиган яна бир иш қилгиси келди.
— Ҳазратим, лозим бўлса, энди мусиқадан бир имтиҳон қилиб кўринг.
— Қани, қани!
Ҳумоюн савдарбошига афғон рубобини келтиришни буюрди. Сўнг дур ва садаф билан безатилган, тоғлар садосини эслатувчи улуғвор товуш берадиган бағри кенг рубобни созлаб, аввал наво йўлида бир куй чалди, кейин савтга ўтди. Бобур қулоғига жуда ёқимли туюлган бу савтни дарҳол таниди.
«Чоргоҳ савти» деб аталган бу куйни бултур Бобурнинг ўзи басталаган эди. Ҳумоюн буни ҳам излаб топибди-да! Ёки мураббийлари унга атайлаб отаси ёзган шеърларни ёдлатиб, отаси басталаган куйни ўргатиб, шу йўл билан подшоҳдан таҳсин эшит-моқчимикинлар?
Мураббийларда шундай бир хушомад бўлганда ҳам Ҳумоюннинг ўзи куйни самимий ихлос билан чалаётгани билиниб турарди. Бола ўзининг бояги сўзини — отасининг ижодидан ибрат олишга ҳаваси зўрлигини ҳозир чиндан исбот қилмоқда эди.
Бобур ўғли чалаётган гўзал куйга қулоқ солиб туриб, кўнгли завқли туйғуларга тўлиб кетди.
Eнди ўзининг ҳаёти ҳам унга энг ёруғ ва тиниқ томонлари билан кўрина бошлади. Ахир у ҳам бир вақтлар Ҳумоюн каби беғубор, мусаффо ёшлик дамларини бошдан кечирмаганмиди? Унинг ҳаёти ҳам тиниқ бир булоқ бўлиб оқмаганмиди? Кейин бу булоқнинг устига жарлар қулаб, уни лойқалатди. Лекин ҳали бу булоқ қуриган эмас, унинг обиҳаёти Ҳумоюннинг қалбини ҳам обод қилгани мана ҳозир билиниб турибди.
Бобур ўзи билан ўғлининг орасида ажиб бир боғланиш борлигини бугун биринчи марта аниқ сезди. Отанинг ҳаёти ўғлининг ҳаётида айнан такрорланмаса ҳам, лекин янги бир тарзда давом этиши мумкинлигига, агар ўғил астойдил отага содиқ бўлса, унга тортса, отанинг умри ўғилнинг умрига уланиб кетишига Бобурнинг энди кўзи етди. Шундай бўлгач, Ҳумоюнни аткаси, онаси ва мураббийлари Бобурга ихлосманд қилиб тарбиялаганлари, унга отасининг фазилатларини саралаб олиб беришга интилаётганлари катта бир неъмат эмасми? Бобурнинг ўзи ҳам ўғлига фақат фазилатларини раво кўрадику. Фақат шундагина ўғил у қилган хатоларни қилмаслиги, у тортган азобларни тортмаслиги мумкин.
Фазилатлар… Бобур ўз фазилатларини бугун ўғли орқали алланечук сараланган ҳолда кўриб, кўнгли кўтарилди, ўзига бирдан ҳурмати ортди.
Кейин у Ҳумоюннинг аткаси Қосимбекни саройга чақиртириб, унга бош-оёқ сарупо ва от инъом қилди. Шаҳзоданинг бошқа мураббийлари ва муаллимлари ҳам катта-катта ҳадялар олдилар.
— Сенга не инъом қилай, айт! — деб Бобур ўғлига кулимсираб тикилди.
Ҳумоюн китоб йиғишни яхши кўрарди. Унинг алоҳида бўлмани эгаллаган хос кутубхонасидан ташқари, хобгоҳида ҳам китоб тўла жавонлар бор эди. Тўшагининг бош томонига хушбўй сандал дарахтидан ишланган жавон қўйилган, отасининг шеърий девони жавоннинг алоҳида токчасида ёлғиз турар эди.
— Яна янги шеърий китоблар ёзсангиз, — деди Ҳумоюн отасига уялинқираб кўз ташларкан, — мана шу алоҳида токча сизнинг асарларингиз билан тўлса… Ўғлингизнинг тилаги шу!
Бобур завқ билан қаҳ-қаҳ уриб:
— Э-ҳа, сенинг бу тилагингни ўринлатмоқ учун мен бир умр меҳнат қилмоғим керак-ку!.. — деди. — Майли, «яхши ният — ярим давлат» дерлар. Бугундан бошлаб сен учун бир шеърий китоб бошлагаймен. Қани, дафтарингни бер…
Ҳумоюн муқоваси олтин суви билан зийнатланган, нафис варақларига ҳали ҳеч нарса ёзилмаган янги дафтарини отасига икки қўллаб тутди.
Бобур хона тўридаги миз ёнига келиб ўлтирди-ю, бирдан ўғлига меҳри тобланиб, ҳаяжон ичида:
«Жигарим билан жонимга пайванд фарзандим!»— деб ёзди.
Ўзидаги оталик меҳри ва Ҳумоюндаги фарзандлик садоқати тождор оталар ва валиаҳд ўғиллар орасида жуда кам учрайдиган нодир туйғулар эканини, Улуғбек билан Абдуллатиф орасида бўлиб ўтган фожиаларга солиштирганда, у ўз ўғлидаги самимий ҳисларни қанчалик қадрлаши, қанчалик асраб-авайлаб, камолга етказиши зарурлигини шу лаҳзада бутун вужуди билан ҳис қилди. Қалбини тўлдирган оталик туйғуси шеърий оҳанг билан қоғозга туша бошлади: «Давлату бахт била Ҳумоюн бўл, комрон бўл, жаҳонда юз туман обрўйи иззат кўр!»
Бобур ёзишдан тўхтаб ўрнидан турди:
— Давомини кейин битгаймен!.. Китобнинг номи сенинг исмингга қофия бўлғусидир!..
Бобур ўша йили ёзиб тугаллаган шеърий китоб — «Мубаййин» — Ҳумоюннинг номига чиндан ҳам қофиядош эди. У ўғлининг дафтарига битган эзгу тилакларини ҳам шу китобга шеърий сатрлар шаклида жойлаб, ҳаммасини санъаткор хаттотга кўчиртирди-да, Ҳумоюнга тақдим қилди.
Ҳумоюн шу вақтгача отасидан олган совғалар орасида энг улкани ва бебаҳоси — мана шу шеърий китоб эканини сезиб, уни қайта-қайта кўзларига сурди…
У араб тилида ёзилган, мураккаб фиқх китобларини тушунолмай қийналиб юрар эди. Отаси тақдим қилган «Мубаййин» фиқхнинг қонун-қоидаларини равон туркий тилда гўзал маснавийларда ифодалаб, Ҳумоюн учун ҳам дарслик вазифасини бажарар, ҳам унга шеърий завқ берарди. Энг муҳими, унинг отасига бўлган меҳри, ихлоси шу китоб туфайли янги бир куч  билан ўсиб борарди.
Ҳумоюн ўн беш ёшга кирганда унинг китоб жавонида отасининг яна бир асари — аруз илмига бағишланган «Мухтасар» пайдо бўлди. Ҳумоюннинг эндиги истаги — отасининг ўсмирлик йилларидан бери ёзиб юрган «Вақоиъ» номли китобини ўқиш эди. У отасининг энг катта, энг мароқли асари мана шу эканини онаси Моҳим бегимдан эшитган эди.
Ҳумоюн ўн олти яшарлигида отаси унга Бадахшон вилоятини бериб, аскар ва савдари билан Кобулдан кузатиб қўйди. Ҳумоюн тоғлар орасида отаси билан хайрлашаётганда оила аъзолари ўзаро «Бобурнома» деб атай бошлаган ўша «Вақоиъ» китобидан бир нусха кўчиртириб юборишни илтимос қилди.
Ўғлининг бошқа кўп илтимосларини сўзсиз қабул қилган Бобур бу гал ерга қараб бош чайқади:
— Ҳали у китоб битган эмас. Ўлда-жўлда ётган асарни кўчиртириб бўлмас.
— Қачон биткурурсиз, ҳазратим? Мен интизормен!
Бобур ўғлининг юзига хомуш назар билан тикилди.
— Кўп интизор бўлма. Чунки у китобнинг битиши учун менинг умрим тугаши керак.
Ҳумоюн сесканиб тушди:
— Нечун бундай дейсиз?
«Бобурнома»нинг давоми анча вақтдан бери ёзилмай юрар эди. Қизилбошлар билан тузилган иттифоқ, Бобур ватанига бегона қўшинни бошлаб бориб, мағлубиятга учраганлари… буни ёзиш у ёқда турсин, ҳатто эслашдан ҳам юраги безиллар эди. Наҳотки умр китобининг сўнгги боби шу бўлса? Бобур энг йирик асарини бу тарзда ёзиб тугатолмаслигини сезарди. Уни кўнгилдагидек тугаллаш учун эса ўша мағлубиятлар заҳрини ювиб кетадиган катта ғалабаларга эришиши керак эди. Мана энди ўғли Ҳумоюн улғайиб, ёнига киряпти.
У Ҳумоюннинг сўнгги гапдан изтиробга тушганини сезиб:
— Менинг сўзимдан ташвишланма, — деди. — Мен «Вақоиъ»ни умрим бўйи ёзмоқчи бўлганим учун шундай дедим. Орзуйим борки, унинг келгуси бобларига сенинг ҳам яхши ишларинг битилгай. Зора ўзим ҳам… бу китобнинг поёнига ёруғ юз билан етсам.
— Ҳазратим, ундоқ бўлса, илоҳим «Бобурнома»ни яна эллик йил ёзинг, юз йил ёзинг!
— Ўшангача кутишга сабр-тоқатинг етурмикин?— деб кулди Бобур.
Ҳумоюн жиддий туриб:
— Тангрим олдида онт ичиб айтаменки, сабр-тоқатим умрим етгунича етур! — деди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

______________
* Г у ф т и г ў — гаплашиш.
* Ж у с т и ж ў — қидириш.
* Ш у с т и ш ў — ювиш, яъни май билан дил ғуборини ювиш.
* С и ғ н о қ — Туркистондан шимолроқда Сирдарё яқинида жойлашган қадимий шаҳар.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-хушёрлиқ

 Ҳозир Абдураҳмон ўзининг яқин мозийсида усти ширнига беланган от тезакдан бошқа бир нарса кўрмаганидек, истиқболида ҳам эпақалиқ бир ҳол тасаввур қилолмас эди. Бир неча ...

Чингиз айтматов хотирасига бағишлаб ўрнатилган барельефнинг очилиш маросими бўлиб ўтди

Фото:Темур Мамадаминов, ЎзА Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов хотирасига бағишлаб ўрнатилган барельефнинг очилиш маросими бўлиб ...

Юлдузли тунлар-11

ЎШ НАЖОТ ҚАЙДА? 1 Баланд қоятошлар билан текис воҳалар бир-бирига ғалати тарзда киришиб кетган Ўш атрофлари бир неча кундан бери жуда серҳаракат. Андижондан туяларга ортиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400