Юлдузли тунлар-64

2

Кобул дарёсининг бўйида Бобур эгачиси Хонзода бегим учун қурдирган Боғи Дилкушонинг кўк мармар кўшкида мавлоно Фазлиддин чўкка тушиб ўлтирибди. Ундан пастроқда мавлононинг соқол-мўйлови кўзга кўриниб қолган ўғли одоб билан қўл қовуштириб, ердан кўзини олмай сукут сақлайди.
Нафармон кабо кийган, юзига оқ ҳарир парда тутган Хонзода бегим синиқ товуш билан тўхтаб-тўхтаб сўзлайди:
— Ҳаммадан кўра.. ўлган одамга қийин экан, мавлоно. Ўлган қайтиб келмас экан… Тириклар… оҳ-воҳ қилиб, минг куйиб-ёнсалар ҳам, ахири бир кун… тасалли топар эканлар. Мана, ўзимдан қиёс…
— Бегим, бу замонда тирикларга ҳам осон эмас. Менинг Андижондан бош олиб чиқиб кетганимга йигирма уч йил бўлди. Шундан бери сизнинг бошингизга қанча кулфатлар тушди! Биз қанча балоларни кўрдик.
Хонзода бегим Андижонда қолиб кетган ёшлик йилларини кўз олдига келтира бошлади. Мавлоно Фазлиддин ўшанда қанчалик кўҳлик йигит бўлганига ҳозир ишониш қийин. Азоб- уқубатларга тўлиб-тошган сўнгги ўн йилликлар унинг бўйинларига ҳам ажинлардан тўр солиб кетган, қўлларини суякдай қотириб, томирларини бўрттирган, елкасини букчайтиб, олтмиш ёшлик мўйсафидга ўхшатиб кетган. Ҳолбуки, у энди эллик уч ёшга киргани Хонзода бегимга маълум эди. «Ўзимчи?» деб бегим ҳар куни кўзгуда кўрадиган аксини хаёлидан ўтказди. Хонзода бегимнинг олд тишларидан уч-тўрттаси тушиб кетиб, лаблари буриша бошлаган, сочи сийраклашиб, кулранг тусга кириб қолган эди.
Гўзал ёшликлари энди ҳеч қачон қайтиб келмаслиги, умрларининг энг яхши йиллари очилмай сўлган гулдай умрбод хазон бўлганлиги Хонзода бегимнинг юрак-бағрини тимдалаб ўтди.
— Мавлоно, ўғлингиз неча ёшдалар?
— Йигирма бирда, бегим.
Хонзода бегим ҳалок бўлган Хуррамшоҳнинг тирик бўлса ҳозир йигирма икки ёшга киришини эслади. Бу йўқотишнинг унутилмас алами кейинги дарди устига қўшилди-ю, кўзига ёш қуйилиб келди:
— Ишқилиб, ўғлингизнинг умри узоқ бўлсин. Мен кўрган мусибат сизнинг бошингизга ҳеч вақт тушмасин, мавлоно. Мен энди тирик қолмайман деган эдим. Ёлғиз ўғлимнинг кетидан кетаман деган эдим. Лекин жоним қаттиқ экан.
Мавлоно бегимнинг йиғисидан саросимага тушиб ўғлига бир қараб олди. Сўнг бегимнинг хаёлини бошқа ёққа буриш учун ўзининг бошига тушган азоб-уқубатлардан сўзлашга тушди:
— Ҳиротлар ҳам жуда нотинч бўлиб кетди, бегим. Шоҳ Исмоил шаҳарни олиб, суннийларни қувғин қилди. Кейин яна шайбонийзодалар шаҳарни босиб олиб, шиа тарафдорларини қатағон қилди. Шиа мозорларини очириб, Марвда Шайбонийхонни ўлдиртирган руҳонийларнинг суякларини тўпларга солиб оттирдилар. Кейин кўп ўтмай, Ҳиротни яна қизилбошлар улардан тортиб олишди. Қасд олиш қайтадан бошланди. Ҳаммаёқ алғов-далғов. Камолиддин Беҳзод Ҳиротдан Табризга шоҳ саройига хизматга олиб кетилди. Мавлоно Хондамир шаҳардаги тўполонлардан безиб, ота юртларидаги узоқ бир қишлоққа чиқиб кетдилар. Бизга ўхшаган мусофирларнинг аҳволи бундан ҳам баттар бўлди… Ўғлимиз Аловиддин Ҳиротда сангтарошлик санъатини ўрганган эди. Лекин санъат билан кимнинг иши бор? Ахири, шоир Муҳаммад Султон билан маслаҳатни бир жойга қўйдигу Бобур мирзодан паноҳ истаб Кобулга келдик.
Бу гаплар давомида Хонзода бегим кўз ёшларини артиб, ўзини анча босиб олди:
— Келиб беҳад яхши қилгансиз, мавлоно… мен сизга бир омонатингизни қандай қайтаришни билмай юрган эдим.
Мавлоно Фазлиддин кўзлари пирпираб:
— Қайси омонатим? — деди.
Хонзода бегим маъюс кулимсираб:
— Ҳозир, — деди-ю, ўрнидан кўтарилди ва тўрдаги ўймакор эшикдан ичкарига кириб кетди.
Кўп ўтмай у бир хизматкорга оқ ипак матога ўралган нарсани кўтартириб қайтиб чиқди. Бегимнинг ишораси билан хизматкор ҳалиги нарсани мавлоно Фазлиддиннинг олдига қўйди-да, таъзим қила-қила орқаси билан юриб чиқиб кетди.
— Мавлоно, очиб кўринг, — деди Хонзода бегим.
Мавлоно Фазлиддин ўрамни секин очди-ю, четлари сарғайиб кетган чизмакашлик қоғозларини кўрди. Сўнг уларни авайлаб варақлар экан, ўзининг Андижонда қурмоқчи бўлиб, Хонзода бегим билан бамаслаҳат чизган лойиҳаларини таниди. Йигитлик орзулари хаёлида қайтадан уйғониб, кўзлари чақнаб кетди. Андижонда қурилмай қолган обидаларнинг лойиҳасини шунча йилдан бери асраб олиб юрган Хонзода бегим унга ҳозир ўша ошиқлик пайтидагидек нафис ва жозибали кўринди. Ўшда, қоятош устида нохосдан бегимнинг белидан олган пайтидаги ширин туйғулари уйғонди-ю, юрагини завққа тўлдирди:

— Ҳазрат бегим, сиз менга жонимни қайтариб бергандек бўлдингиз! Мўъжизани қаранг! Орада шунча йиллар! Шунча йўллар! Шунча тоғу дарёлар!
Мавлоно Фазлиддинни тўлқинлантирган завқ ва қувонч Хонзода бегимга ҳам ўтди. Унинг товушида шодлик жаранги эшитилди:
— Ростдан, бу лойиҳалар менга қўшилиб жуда кўп балоларни бошдан кечирди. Мен қанча жойга борган бўлсам, булар ҳам бисотлариму жавоҳирларим орасида мен билан саргардон бўлиб юрди. Фақат охирги марта Қундуздан Самарқандга жўнаганимизда тоғлару дарёлардан кўп юк олиб ўтиб бўлмади. Сандиқларимдан бир қисми Қундуз қўрғонида қолди. Шуларнинг ичида бу лойиҳа ҳам қолган экан. Самарқандга бориб кўп ачиндим. Ёз келса Қундузга одам юбориб олиб келтирмоқчи эдим… Кейин ҳалиги фалокатлар бўлди… Қундузга қолгани яхши бўлган экан. Бошқа сандиқларимнинг ҳаммаси Ҳисорда фитначи мўғулларнинг илкида қолди… Мавлоно, қаранг-чи, ҳамма варақлари жойидами?
Шундай деб, Хонзода бегим юзидан ҳарир пардасини боши устига кўтариб қўйди-ю, лойиҳаларга тикилиб қаради.
— Ҳаммаси жойида! — деди мавлоно Фазлиддин унинг юзига миннатдорона кўз таш-лаб. —Самарқандда фақир сизнинг ҳузурингизга киришга журъат этолмаган эдим.
— Ўзим сизни чорламоқчи бўлдим. Аммо лойиҳалар Қундузда қолганлиги учун андеша қилдим…
Мавлоно Фазлиддин Андижонда Хонзода бегимнинг суратини ҳам чизганини, ҳозир лойиҳалар орасида ўша сурат йўқлигини бегимга эслатгиси келиб:
— Балки… Суратлар йўқолиб кетгандур? — деди.
Хонзода бегимнинг юзига нафис қизиллик югурди:
— Ҳали ҳам мусаввирлик қилмоқдамисиз, мавлоно?
— Ҳазрат бегим, кўп йил машқ қилинмаса қўл мусаввирликдан чиқиб қолар экан… Ҳозир фақат меъморлик билан машғулмен.
— Андижонда чизган суратларингизни мен алоҳида сақламоқдамен, — деб Хонзода бегим мавлононинг ўғлига ийманиб кўз ташлади.
Бўй етиб қолган бу йигит олдида ўзларининг ёшлик муҳаббатларини эслатувчи суратни Хонзода бегим атайлаб олиб чиқмаганини мавлоно Фазлиддин энди сезди.
— Лутфан сиз ҳақсиз, ҳазрат бегим… Ўша суратлар энди умрбод сизники бўлғай!
Буни жуда истаб турган Хонзода бегим:
— Саховатингиздан тоабад миннатдормен! — деди.
Мавлоно Фазлиддин қўлини кўксига қўйиб, одоб билан бош эгди. Сўнг гапни яна очиқ турган эски лойиҳалари устига бурди:
— Мен энди буларни Ҳиротда ўрганган янгиликларим билан тўлдиргаймен. Ана ундан сўнг бемалол амалга оширсам бўлур… фақат… бу мадрасаю қасрлар қаерга қурулмоғи мумкин? Андижон… узоқда қолди. Кобулгами?
Хонзода бегим маъюс бош чайқади:
— Кобул — биз орзу қилгандек қудратли давлат эмас, мавлоно. «Улуғ меъморлик обидалари қурмоқ учун улкан давлатнинг қудратига суянмоқ керак» деганлар ҳақ эканлар. Начора?..
Мавлоно Фазлиддин олдида очиқ турган тарҳларга ғамгин кўз тикиб:
— Ҳа, тақдир бизни нотавон қилиб яратмишдир, — деди. Овози кексаларникидек ғижирлаб эшитилганини ўзи ҳам сезди-ю, қўшиб қўйди: — Мен энди қариб қолдим. Қирғинлар, тўполонлар, фаторатлар билан умрим ўтди. Лекин наҳотки бу ҳаммаси узлуксиз давом этаверса? Ахир бир мен эмас, ўнлаб заковатли олимлар, ҳунарпешалар, шоирлар жаҳолат довули билан Мовароуннаҳру Хуросондан қувилмишлар. Илгари қора кучлар бизни Андижондан қувсалар, Самарқанддан паноҳ топар эдик. Самарқанд жоҳиллари кун бермасалар Ҳиротдан нажот излар эдик. Энди Андижону Самарқанд ҳам, Бухорою Ҳирот ҳам — барчаси кўчманчи султонлару диний адоватлар довулидан зир титрамоқда. Довул учирган хазондай ватанидан қувилган қанча маърифатлик олиму санъаткорлар, қанча нодир истеъдодлар беҳуда ҳайф бўлиб кетмоқдалар. Бизнинг ватандан айрилишимиз — дарёнинг ўзанини йўқотиб, дашту биёбонга тошиб чиқиб кетишига ўхшайдир. Амударё бир вақтлар шу куйга тушган экану то ўзига янги йўл солиб, бошқа бир денгизга бориб қўйилгунча у ёқдан-бу ёққа бош уриб, тошиб юрган экан. Биз ҳам умр бўйи у ёқдан-бу ёққа бош уриб муносиб ўзанимизни тополмаймиз. Энди бу кажрафтор фалак ҳеч бўлмаса фарзандларимизга раҳм қилсин! Биз бўлмасак, булар
ўзларига муносиб ўзан чопиб, янги бир маданият денгизига бориб қуйилсинлар!
Умр бўйи ўз ижодий режаларини амалга оширолмай куйиб юрган истеъдоднинг бу аламли нидоси Хонзода бегимни титратиб юборди.
— Мавлоно, фақат сиз эмас, Бобур мирзо ҳам ўзанини йўқотган дарёдек безовталар!
— Биламен, тақдир ул ҳазратга ҳам ўгайлик қилмишдир!
— Аммо Бобур мирзо саргардон бўлиб юрган истеъдодлар дарёсини бир жойга йиғмоқчилар, насиб бўлса, илму санъатнинг янги бир денгизини барпо қилмоқчилар.
— Биз учун сўнгги умид ҳали ҳам Бобур мирзодирлар. Шунинг учун ўғлим билан Кобулга келдик.
— Қаерга жойлашдиларингиз, мавлоно?
— Жияним Тоҳирбекникига тушдик. Ўзи сафарда экан…
Ота-бола икковлари ҳам эски кийим кийишган, ранг-ларини жуда олдириб қўйишган. Уларнинг моддий жиҳатдан ҳам қийналиб юрганларини сезган Хонзода бегим яна ўрнидан туриб, ичкари хонага кириб кетди. Қабосининг чўнтагидан калит олиб, токчада турган пўлат сандиқни очди.
Иниси Бобур мирзо Хонзода бегимга энг нуфузли аъёнлари қатори улуфа тайинлаган эди. Ҳар ойда хазинадан чарм ҳамёнга солинган минг динор олтин келиб турар эди. Хизматкорлар бегимга берилган мулкнинг экин-тикини билан тирикчилик ўтказишарди. Бегимнинг бир ўзига кўп пул кетмас, шунинг учун хазинадан келган олтин тўла ҳамёнларнинг анчаси пўлат сандиқда тахланиб турар эди.
Хонзода бегим мавлоно Фазлиддиннинг кичикроқ бир ҳовли ва от сотиб олиши, кийим-кечаги, уч-тўрт ойлик тирикчилиги учун қанча пул кетишини чамалаб кўрди-да, минг динорлик ҳамёнларидан иккитасини олди. Сўнг уларни бояги хизматкорга бериб, олтин баркашда кўтартирганича ота-боланинг олдига қайтиб чиқди.
Мавлоно Фазлиддин ҳамённи кўриб, хижолат чека бошлади. Хонзода бегимдан пул олиш унга оғир эди.
— Мавлоно, бу ҳамёнлар Бобур мирзонинг хазиналаридан келмишдир. Ўзлари бўлмаганликлари учун улуфаларини мен сизга топширмоқчимен. Бири — ўғлингиз Аловиддинга. Марҳамат! Олингиз!
Аловиддин қўлини кўксига қўйиб, энди биринчи марта оғиз очиб гапирди:
— Раҳмат, ҳазрат бегим, биз сиздан беҳад миннатдормиз!
Унинг ёқимли товуши ва сўзларни майин талаффуз қилиши мавлоно Фазлиддиннинг йигитлик пайтини эслатар эди… Шу туфайли ота-бола иккови ҳам бегимга бениҳоя азиз кўринарди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Унутмайсизми?..

2. УНУТМАЙСИЗМИ?.. Унинг бу галги Марғилон йўлига қўзғалиши ортиқча бир оғирлиқ билан, иккиланиш билан ўралған эди. Кумушбиби учун дунёга сиғмаслиқ бир шодлиқнинг, кўргучи ...

Бўтакўз (бешинчи боб)

Қуёш кун сайин қиздираётган эди. Сорокин тез-тез қатнайдиган бўлиб қолди. Суръатни ошириш зарур эди. Вақт қисталанг, тупроқ эса тобора қуриб боряпти. Биз яна беш кунча ер ...

Муҳаббат

Муҳаббат — чиройли капалак, қўрқаман шўрликни тутгани. Капалак қувганим ёнимда, ёдимда йўқ аммо етганим. Юрагим ранжиган боладай на эрмак, таскинга кўнади. Муҳаббат — ...